Ўтган замонда Хундархон деган бир подшо ўтган экан. Унинг Маликахон деган хотини бор экан. Подшо бу хотинидан тўққиз қиз кўргандан кейин, хотини яна ҳомиладор бўлибди. Бир кун подшо хотинига:
— Мен сен билан шунча йил умр қилиб, оҳ-воҳ билан ўтдим. Ҳар сафар ҳомиладор бўлганингда, бу гал ўғил туғар деб юраман, лекин қиз туғасан. Бу сафар ҳам қиз туғсанг, жаҳл устида сени ўлдириб қўймайин деб, овга чиқиб кетяпман. Ўғил туғсанг, менинг орқамдан хабар юбор, борди-ю, қиз туғсанг, келгунимча уйни бўшатиб қўй, — деб отига миниб жўнабди.
Шу куни ярим кечада подшонинг хотини яна қиз туғибди. Малика момо хотинга:
— Отаси: “Қиз туғсанг, келгунимча уйни бўшатиб қўй”, деган эди. Менга болани йўргаклаб беринг, мен бошим оққан томонга кетайин, — дебди.
Кампир:
— Эй, жон болам, шундай салтанат-дабдабани ташлаб, икки кўзингни ёшлаб, қаёққа борасан? Сен менинг гапимга киргин-да, ўн беш тилла пул билан қизингни менга бер. Шу атрофда беш-олтита ҳомиладор хотин: “Момо, биздан хабар олиб туринг”, деб айтган эди. Шулардан биронтаси ўғил туғган бўлса, ўн беш тиллани бериб, қизингни алиштириб келаман, — дебди.
Малика суюниб ўн беш тилла бериб:
— Илоҳим, толеимга бирортаси ўғил туғган бўлсин, — деб кампирни жўнатибди.
Кампир бола билан ўн беш тилла пулни олиб, бир эшик ёнида тўхтаб уни тақиллатибди. Уйдан бир бола чиқиб:
— Эй, эна, нимага чақирдингиз? — деб сўрабди.
— Сенинг онанг иккиқат эди, “Мендан хабар олиб туринг”, деган эди. Онангдан хабар олгани келдим, — дебди. Бола:
— Дадам бир ёққа кетган эди, онам инқиллаб ётибди, яхши келибсиз, ичкарига киринг, — дебди.
Кампир ичкарига кирибди, ҳомиладор хотин қийналиб ётган экан, унга қарашибди. Кейин хотин бир ўғил туғибди. Кампир унга:
— Эй болам, сен ўғил туғдинг. Мана бу қиз подшонинг қизи эди. Сен ўн беш тиллани ол, ўғлингни менга бер. Эринг келса, қиз туғдим дейсан-қўясан. Мен ўғлингни подшонинг хотинига олиб бориб бераман, — дебди.
У хотин ҳам тўртта ўғил туғган экан. Эри: “Битта ҳам қиз туғмадинг”, деб юрар экан. Хотин хурсанд бўлибди, ўн беш тилла билан қизни олиб, ўғлини кампирга бериб юборибди. Кампир ўғилни олиб, қўйнига солиб, маликанинг ёнига борибди. Подшонинг хотини болани қўлига олиб қувонибди, подшога чопар юборибди.
Подшо маликанинг туғганини эшитиб, борган кишига кўп суюнчи берибди, овдан қайтиб: “Мен ҳам ўғил кўрар эканман”, деб хурсанд бўлиб, қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй қилиб берибди. Бола уч яшар бўлганда, подшо хатна тўйи қилибди.
Бола олти яшар бўлганда подшо катта дастурхон қилиб, болани қўлидан етаклаб мактабга олиб борибди. Домлага: “Эти сизники, суяги бизники, яхши ўқитинг”, деб тайинлабди.
Домла, “Болани уриб-сўксам, кўнглига озор берсам, бориб отасига айтади, подшо мени ҳукмикушга буюрса, ҳеч ким мени ажратиб ола олмайди”, деб ўйлабди. Болани етти қават кўрпачанинг устига ўтқазиб, кўп иззат-икром билан ўқитиб юрибди.
Орадан бир ой ўтгандан кейин подшо ўғлидан:
— Ўғлим, домлангиз қалай? —деб сўрабди. Ўғли:
— Эй, ота, домлам мени яхши кўрадилар, етти қават кўрпачага ўтқазиб ўқитадилар, — дебди. Подшо боланинг гапига разм солиб:
— Ўғлим, энди домланинг олдига сира борманг. У сизни ўқита олмас экан, — дебди. Эртасигаёқ ўғлини бошқа мактабга олиб борибди.
Подшонинг ўғли мактабга бориб юрибди. Орадан беш-олти кун ўтгандан кейин подшо ўғлидан:
— Ўғлим, у домлангиз қалай? — деб сўраган экан. Бола:
— Бу домлам у домладан ҳам яхши экан, — дебди. Подшо:
— Бўлмаса энди бу домлангизникига ҳам борманг, — дебди.
Орадан уч-тўрт кун ўтгандан кейин подшо дастурхон қилдириб, бир пиёла танга олиб, яна бир домланинг дарсхонасига олиб борибди.
Домла подшога:
— Фуқароингизнинг болаларини қандай ўқитсам, сизнинг ўғлингизни ҳам шундай ўқитаман. Илм деган нарса қийинчилик билан эгалланади. Шунга рози бўлиб, қўлингиздан қоғоз берсангиз ўқитаман, бўлмаса йўқ, — дебди.
Подшо рози бўлибди, ўғлини мактабга бериб кетибди. Бола мактабга бормай деса, отасидан қўрқади, мактабга борса, домла зах ерга ўтқазиб қўйиб, “Тез-тез ўқи”, деб қистайди.
Шу аҳволда бола олти йил ўқиб, ўн икки ёшга кирибди. Бир куни бола отасига домладан шикоят қилиб:
— Домланинг қийноғидан зерикдим, мен энди ўқиб бўлдим, шу илм ҳам менга етади, — дебди.
Подшо:
— Э, ўғлим, ҳали ёшсиз, кўп ўқишингиз керак, — деса, ўғли:
— Мен ўзим катта мулла бўлиб қолдим, энди ўлсам ҳам ўқимайман, — дебди.
— Агар мулла бўлиб қолган бўлсангиз, мактабга бориш, бормаслик сизнинг ихтиёрингизда. Дунёда тўрт ёмон нарса бор, шу нарсаларни айтиб берсангиз, сизнинг мулла бўлиб қолганингизни эътиборга оламан, айтиб бера олмасангиз, яна шу домлангизда ўқийверасиз, — дебди подшо.
Бола мактабга бормай: “Шу тўрт ёмон нарсани билиб, отамга айтиб бермасам, домладан қутулмас эканман”, деб далага чиқиб қўш ҳайдаб юрган бир деҳқоннинг ёнига бориб:
— Юр бу ёққа! — дебди. Деҳқон:
— Сен ўзинг кимсан, менга ”Юр бу ёққа”, дейишга нима ҳаққинг бор!? — дебди.
— Мени билмайсанми? Мен подшонинг ўғли бўламан! — дебди.
— Подшонинг ўғли бўлсанг бўлибсан-да, нега менга “Юр бу ёққа”, дейсан, — дебди.
— Отам “Дунёда тўрт ёмон нарса бор, шуни билиб келгин”, деган эди. Шунинг биттасини топдим. Бу — сен. Агар яхши одам бўлсанг, силлиқ ернинг юрагини ёриб, ғадир-будир қилармидинг, юр бу ёққа! — деб дағдаға қилибди.
Шунда деҳқон:
— Сен мени отангнинг олдига олиб бормагин. Тўрт ёмон нарсани ўзим айтиб берай. Аммо отанг менинг айтганимни билмасин. Отанг: “Топиб келдингми, қани айт!” деса, қушларнинг ичида калхат ёмон, ҳайвонларнинг ичида хачир ёмон, тўқайда тўнғиз ёмон, одамлар орасида лақмаси ёмон, дегин, отанг хурсанд бўлади, — дебди.
Бола буларни билиб кетган экан, отасининг олдига етган экан.
— Э, ўғлим, нимага келдинг? — деб отаси сўрабди.
— Сиз айтган тўрт ёмонни топиб келдим: қушларнинг ичида калхат ёмон, ҳайвонларнинг ичида хачир ёмон, тўқайда тўнғиз ёмон, одамнинг ичида лақмаси ёмон, — дебди.
— Ўғлим, бу гапни ўргатганнинг ўзи ёмон. Кимки сенга бу гапни ўргатган бўлса, ёнингда турган навкарни олиб бориб, ўша одамни кўрсат, бу ерга уни олиб келади, — деб ўғлининг ёнига бир одам қўшиб юборибди. Бола навкарни далага олиб чиқиб қўш ҳайдаб турган одамни кўрсатибди:
— Ана шу одам, — дебди. Подшо юборган одам деҳқоннинг ёнига борибди:
— Бу болага гап ўргатганингиз учун подшо сизни чақиряптилар, юринг, — дебди, деҳқон навкар билан подшонинг олдига борибди.
— Бизнинг ўғилга тўрт оғиз гапни сиз ўргатдингизми?
— Ўғлингиз сўраган эди, айтдим.
— Сизнинг отингиз нима?
— Менинг отим Аёз.
— Эй, Аёз, ўзингни бил, ўзгани қўй. Мен ўқишдан қолмасин деб, ундан ҳеч ким билмайдиган гапни талаб қилган эдим. Сен шундай гапни билар экансан. Сендан анча маслаҳат чиқадиганга ўхшайди. Менинг ўнта вазирим бор, сени ҳам вазирликка олдим, — деб ўзига вазир қилиб олибди.
— Ўғлим, сизнинг бировдан ўрганиб олган гапингиз эътиборга олинмайди, энди сиз мактабингиздан қолманг, — деб подшо ўғлини яна мактабга жўнатибди.
Аёз подшога вазир бўлиб қолган экан.
Орадан уч-тўрт кун ўтгандан кейин подшонинг хизматчиси унинг отини суғориш учун етаклаб олиб ўтиб кетаётган экан, подшо ичида “Янги вазирни бир синаб қўяй”, дебди-да:
— Аёз, бу от қалай, сенга ёқадими? — дебди. Аёз:
— Отингиз отжон экан-у, энаси молжон экан-да, — дебди.
— Буни отжон деганинг яхши, энаси молжон экан, деганинг нимаси? — дебди подшо. Шунда Аёз:
— Тақсир, шу отни сизга ким олиб келган бўлса, ўшандан сўранг. Бу отнинг энаси отми, молми эканини кейин биласиз, — дебди.
Подшо дарров отни тортиқ қилган одамни чақиртириб келиб, ундан сўрабди:
— Бу отнинг энаси отми ёки молми?
Отнинг эгаси айтибди:
— Ростини айтсам, бу отнинг отаси ҳам от, онаси ҳам от. Аммо, онаси туғгандан кейин, уч-тўрт кун ўтгач, ўлди. Той энасини эмолмай қолди. Шунда нима қилишимни билмай, сигир сути бериб боқдим. Катта бўлгандан кейин, камбағалчилик асар қилиб, сотмоқчи бўлдим.
Бозорга олиб бориб сотишга кўзим қиймай, сизга тортиқ қилдим. Оздир-кўпдир инъом бердингиз, олдим, — дебди.
Подшо унга жавоб бериб, Аёздан сўрабди:
— Бу отнинг сигир сути ичиб катта бўлганини қандай билдинг?
— Хизматчингиз отни ариққа олиб бориб суғорди. Қараб турсам тумшуғини бу ёққа буриб, кейинги оёғини ариққа қараб силкиди. От боласи бундай қилмас эди-ку, деб тахмин қилдим, — дебди. Подшо бу жавобдан қаноат ҳосил қилиб:
— Хазиначи, хазинадаги иккита гавҳар шамчироқни олиб чиқиб, Аёзнинг олдига қўй! — дебди.
Хазиначи шамчироқни олиб чиқиб, Аёзнинг олдига қўйибди. Подшо:
— Буни сенга инъом қилиб қўйганим йўқ, бунинг қайси бири тоза, қайси бири паст эканини айтиб бер, — дебди.
Аёз гавҳарга қараб туриб, улар паст деб юрганини тоза, тоза деб юрганларини паст деган экан, подшонинг аччиғи келиб:
— Эй, Аёз, сен шунга қолганда айнидинг. Қизил, сариқ бўлиб товланадиган гавҳарни паст деб, нега паст гавҳарни тоза дейсан? — дебди.
— Эй, подшо, аччиғингиз келмасин. Бунинг товланишига сабаб, унинг ичида қурти бор. Қурт у ёққа-бу ёққа ағанаганда, гавҳар товланганга ўхшаб кўринади, у гавҳардан бу гавҳар паст, — дебди.
Подшо вазирларига:
— Шу гавҳарнинг ичида қурти бор дегани учун синдиринглар, кўраман, — дебди.
Вазирлар бир-бирларига қараб, синдиришга юраклари бетлай олмай туришганида, Аёз бир тошни олиб, гавҳарнинг ўртасига уриб, икки бўлибди. Гавҳарнинг ичидан бир қурт чиқиб, ўрмалаб кетаётганини подшо кўрибди, лекин гавҳарнинг синганига ачиниб:
— Гавҳарни нимага синдирдинг?! — дебди.
— Гавҳарни мен синдирганим йўқ, вазирларингиз синдирди, — дебди.
Шунда подшо.
— Ўзинг синдириб, мен синдирганим йўқ, вазирларингиз синдирди, деганинг нима деганинг? — дебди.
Аёз айтибди.
— Тақсир, мен синдирсам ниҳояти бир дона гавҳарни синдирибман. Сизнинг сўзингизни синдирганим йўқ-ку, булар синдирди.
Подшо унинг сўзини эътиборга олиб:
— Камол топ, Аёз!— дебди. Шундай қилиб уч-тўрт кун ўтганда вазирларнинг рашки келиб, Аёзни подшога ёмон кўрсатиш учун:
— Кеча келган вазирингизни биздан ортиқ кўрасиз, биз бунинг билимдонлигини синаймиз, — дейишибди. Подшо:
— Қанақасига синаб кўрсаларинг, кўринглар, — дебди.
Шунда вазирлар Аёз ўтирадиган кўрпачанинг тагига бир юпқа қоғозни ташлаб, аския-сафсата қилиб ўтиришганда, Аёз келиб, кўрпачага ўтирибди. У сукутга кетибди. Подшо буни кўриб:
— Нега хаёлинг паришон? — деб сўраган экан, Аёз:
— Билмайман, ер пиёзнинг пўстидек кўтарилдими ёки осмон сал пастга тушдими, деб ўйлаяпман, — дебди.
Шунда вазирлар:
— Тақсир, энди сизнинг олдингизда Аёз турсин, биз турмаймиз, — дейишибди. Подшо:
— Менинг ишим бир Аёз билан битмайди. Сизлар Аёзни ғаш кўрсаларинг, мен ҳам Аёзнинг вазирлигидан кечдим, — деган экан.
Подшо вазирларининг кўнгли учун Аёзни зиндонга солган экан.
Бир кун эрталаб вазирлар подшонинг олдига саломга киришганда подшо чалқанча ётган экан. У вазирларга қарамай:
— Олиб келинг! — дебди.
Вазирларнинг нимани олиб келишга ақллари етмабди. Уч кун ўйлашибди. Охири тўғри Аёз ётган зиндонга бориб Аёзни чақиришибди. Аёз зиндонда туриб:
— Кимсизлар, — дебди.
— Биз вазирлармиз. Подшо бизга “Олиб келинг” деди, аммо нимани олиб келишни айтмади. Биз уч кундан бери нима олиб боришни билмай, унинг рўпарасига бора олмаяпмиз. Подшога нима олиб борсак экан, деб сиздан сўрагани келдик.
— Подшо ерга қараб “Олиб келинг” дедими, осмонга қараб “Олиб келинг” дедими? — деб сўрабди Аёз. Вазирлар:
— Чалқанча ётган вақтларида, уйнинг атрофи, ширига қараб айтдилар, — дебди.
Аёз:
— Чалқанча ётиб, уйнинг атрофи, ширига қараб айтган бўлса, битта дурадгор, битта сирчи, битта сувоқчи, сартарош олиб боринглар. Аммо мен айтганимни билмасин, — дебди.
Вазирлар Аёз айтган тўртта устани подшонинг олдига олиб боришибди. Тўрт уста подшога таъзим қилибди. Подшо:
— Сизлар кимсизлар? — деб сўраган экан.
Улардан бири:
— Тақсир, вазирларингиз олиб келди. Биримиз дурадгор, биримиз сирчи, биримиз сувоқчи, биримиз сартарош, — дебди.
Шунда подшо:
— Сен дурадгор бўлсанг, анави уйнинг тўртта вассаси эгри бўлиб қолган, шу вассаларини олиб ташла, ўрнига тўғри васса қўй. Сен сирчи бўлсанг, дарров ўшани сирла. Сен сувоқчи бўлсанг, анави ғадир-будур бўлиб турган жойни текислаб, у девор билан бу деворни суваб қўй. Сен сартарош бўлсанг, шу учови ишни битиргунча менинг сочимни олиб қўй, — дебди.
Тўртта уста ишни битириб кетганда, нарироққа етганда, подшо вазирларидан сўраган экан:
— Кимнинг ақли билан менинг олдимга бу тўртта устани олиб келдинглар, аниқ айтинглар!
Вазирлар айтибди:
— Тақсир, биз ўз ақлимиз билан уларни олиб келдик.
Подшо:
— Ростини айтинглар, сизлардан бундай маслаҳат чиқишига ҳали кўп қовун пишиғи бор, — дебди, уларга кўп дашном берибди: — Буни сизларга Аёз ўргатган, сизлардан бундай фикр чиқмайди.
Вазирлар:
— Тўғри, шоҳим, Аёз айтди. “Менинг айтганимни подшо билмасин”, дегани учун сизга айтмаган эдик, — дейишибди. Подшо:
— Ундай бўлса, Аёзни зиндондан озод қилинглар, у сизларнинг ейдиганларингни еб, ичадиганларингни ичиб қўйгани йўқ, — дебди.
Подшо Аёзни ўша топда олдириб келиб, яна ўз ўрнига вазир қилиб қўйган экан.
Аёз вазир бўлиб юрганда, беш-олти кун турганда вазирлардан биттаси: “Аёз кетади, уйига бориб ётади. Буни бир пойлай-чи, уйида нима иш қилар экан”, деб ўйлаб, Аёзни пойлабди.
Аёз уйига боргандан кейин, вазирлик либосини ечиб, сандиққа солиб, шоли похолга чалқанча ётибди, қозиққа илиб қўйган эски чориғига қараб нақл ўқибди:
— Эй, Аёз, вазир бўлдим деб, ўтган кунингни унутма, эски чориғингни қуритма.
Аёз орқасидан пойлаб юрган вазир унинг бу нақлини эшитиб олиб, тўғри подшонинг олдига борибди:
— Эй, тақсир: гўштнинг асли қартадир, асл зотига тортадир. Вазирингиз Аёзнинг эшигини қўйиб, тешигидан пойлаб қараб турсам, ишдан уйига қайтгач, сиз берган кийимларни ечиб, сандиққа солиб, тагига бир боғ шоли похолни солиб, чалқанча ётган жойида қозиққа илиб қўйган эски чориғига қараб: “Эй, Аёз, подшога вазир бўлдим деб, ўтган кунингни унутма, эски чориғингни қуритма”, деб вайсаб ётар экан, — деб чақибди.
Эртасига Аёз подшонинг олдига таъзимга кирибди. Подшо:
— Эй, Аёз, сен қўш ҳайдаб юрганингда киядиган чориғингни уйингнинг қозиғига илиб қўйган экансан, кечқурун ўрдадан уйингга бориб, менинг берган кийимларимни бу ёққа қўйиб, бир боғ похолни тагингга солиб, чориғингга қараб вайсаганинг нимаси? Шу гап ростми? —деб сўрабди.
— Ҳа, тақсир, рост, — дебди Аёз.
Подшо:
— Рост бўлса, сендай вазирнинг менга кераги йўқ, бор кет! — дебди-да, вазирлик кийимларини устидан ечтириб олиб, эски чопонини эгнига солиб жўнатиб юборибди.
Аёз йўлда кетаётганида саксонга кирган бир чол учраб қолибди. Чолнинг ёнидан ўтиб, уни қолдириб кетиш одобдан эмас, деб ўйлабди. У чол билан баробар кетаётиб:
— Ота, йўл бўлсин? — дебди.
Чол:
— Нима бўлса пул бўлсин, — дебди.
— Ота, узоқ йўлни яқин қилиб кетайлик, — деса, чол индамабди.
Яна бироз юриб:
— Ота, от бўлмаса ҳам, той миниб кетайлик, — дебди. Чолнинг ғаши келиб, индамабди. Сал йўл босгач, чол эшикка кириб кетибди.
Аёз йўлида давом этибди.
Чолнинг ўн саккиз яшар бир қизи бор экан, қиз отасидан:
— Ота, қаёққа бориб келдингиз? — деб сўрабди. Отаси:
— Кўчаларни айланиб, томоша қилиб келдим, — дебди. Қиз:
— Хўш, кўчада нима гаплар бор? — деб сўрабди.
— Ҳеч гап йўқ. Йўлда бир бетамиз одам билан ҳамроҳ бўлиб қолган эканман: “Узоқ йўлни яқин қилиб кетайлик; от бўлмаса ҳам, той миниб кетайлик”, деб, то уйга келгунимча гапириб келди, — дебди.
Қизи айтибди:
— Эй, ота, “Узоқ йўлни яқин қилиб кетайлик”, дегани гапиришиб кетайлик, дегани. “От бўлмаса ҳам, той миниб кетайлик”, дегани кекса экансиз, битта-яримта ёғочдан ҳасса қилиб берай, дегани. Сиз ўша йигитни танийсизми?
— Унинг айтган гапига ғашим келиб, афтига ҳам қарамабман, кўрсам ҳам танимайман.
— Бўлмаса сиз мана бу икки пулни олинг, бозорга боринг, “Икки пулга уч хил ейдиган овқат борми?” деб боққолма-боққол юринг.
Ўша йигит бозорда юрган бўлса, икки пулга уч хил ейдиган нарса олиб беради, олиб келинг. Ўша нарсани олиб берган одамга: “Сиз мана бу чойхонада туринг”, деб тайинлаб келинг, — дебди.
Чол икки пулни олиб, бозорга бориб: “Икки пулга уч хил ейдиган овқат борми?” деб сўраса, одамлар чолга дашном бериб. “Нари бор, чол, икки пулингга нима келади”, дебди. Шу вақтда Аёз келиб:
— Ота, менга беринг. Сизнинг айтган нарсангизни мен олиб берай, — деб икки пулга битта ҳандалак олиб, чолга берибди. — Ота, икки пулга уч хил ейдиган овқат мана шу.
Чол:
— Бу ҳандалакни бир киши ейди, ҳандалак бир хил нарса, яна икки хили қани? — дебди.
Аёз:
— Эй, ота, шу икки пулга уч хил ейдиган нарса олиб келинг, деган одамга олиб борсангиз! “Менинг айтганим мана шу эди”, деб этини ўзи ейди, пўчоғини эчкига беради, уруғини товуққа беради, — дебди. Чол:
— Хўп, болам, бўлмаса, сиз ҳеч қаёққа кетиб қолманг, мана шу чойхонада туринг, отингиз нима? — дебди. Йигит:
— Отим Аёз, — дебди.
Чол ҳандалакни олиб уйга боргандан кейин қиз ҳандалакни сўйибди, отаси билан еб тўйибди, пўчоғини молга, уруғини товуққа берибди. Шу билан дарров бир тандир патир билан анча чучвара қилиб пишириб, бир лаганга тушириб, зич қилиб териб, устидан мой қуйиб, бетига патирни қоплаб, дастурхонга ўрабди. Бир кампир қўшнисини чақириб:
— Холажон, мана шу дастурхонни олиб, бозор бошига бориб, чойхонадан: “Шу ерда Аёз деган йигит борми?” деб сўранг. “Ҳа, мен” деса, шуни беринг. Қўлингиздан дастурхонни олаётганда сиз унга: ”Ҳаво қоронғи, юлдуз зич, ой бутун”, деб қўлига беринг, деб тайинлабди ва кампирни жўнатибди. Кампир йўлда кетаётиб ўз-ўзича: ”У у ёқда, бу бу ёқда, билиб ўтирибдими”, деб дастурхонни очиб, чучварадан еб, сийраклатиб, мойни ичиб, патирнинг ярмини еб бошқатдан дастурхонни ўраб чойхонага борибди. Аёзни сўрабди:
— Аёз деган йигит ким? — дебди.
— Ҳа, мен, — дебди Аёз. Кампир дастурхонни бераётиб:
— Шу дастурхонни сизга биров бериб юборди. Ҳаво қоронғи, юлдуз зич, ой бутун, — дебди. Аёз ичкарига кириб, дастурхонни очиб қараса, чучвара жуда сийрак, мойи йўқ, патир яримта. Аёз лаганни бўшатиб, кампирнинг қўлига бериб айтибди:
— Бу дастурхонни сизга ким берган бўлса, унга бориб айтинг: “Ҳаво ёруғ, юлдузлар сийрак, ой яримта экан”, денг, — дебди.
Кампир лаганни олиб, қизнинг олдига борибди. Қиз: “Нима деди?” деб сўрабди. Кампир айтибди:
— Йигит лаганни бера туриб: ”Ҳаво ёруғ, юлдуз сийрак, ой яримта”, денг, деди.
— Шу юборган нарсамни йўлда очиб, четроқ жойга қочиб, ёғини ичиб, чучвара, патирнинг ярмисини ебсиз. Шундай ҳам баднафслик бўладими? — деган экан. Кампир ҳайрон бўлиб, уялиб уйига чиқиб кетибди. Қиз Аёзни чақиртирибди, унга тегмоқчи бўлибди, Аёз олмоқчи бўлибди.
Аёз тўй қилиб, чолга куёв бўлган экан. Чолнинг бироз ери бор экан, Аёз яна эски чориғини кийиб, экин экиб, деҳқончилик қилиб юра берсин, индамай тура берсин. Энди икки оғиз гапни подшодан эшитинг.
Подшо отхонага чиқиб, отларига қараб: “Олиб келинглар!” деб, даҳшат билан вазирларига буйруқ берибди. Вазирлар нима олиб келишини билмай, подшонинг олдига бора олмай қўрқиб юришибди. Шунда бир одам вазирларга айтибди:
— Аёзнинг олдига бориб маслаҳат қилинглар. У Иқон деган қишлоқда деҳқончилик қилиб юрибди. Бу буйруқнинг тугунини ҳеч ким еча олмайди, Аёз ечиб беради, — дебди.
Вазирлар шошилганча қишлоққа бориб, Аёзнинг ҳовлисини топиб, эшигини қоқиб чақиришган экан, Аёз чиқиб:
— Хўш хизмат?! — дебди. Вазирлардан бири:
— Подшо бизга даҳшат билан “Олиб келинглар!” деди. Нима олиб боришимизни билмай ҳайронмиз, шунга нима маслаҳат берасиз, сўрагани келдик, — дебди.
Аёз:
— Подшо қаёққа қараб туриб “Олиб келинглар” деди, — деб сўрабди.
Вазирлар:
— Отхонадаги отларга қараб айтди.
— Гапингизга қараганда подшо овга чиқиб келган. Шунда отнинг узангиси, ё айили, ёки юганининг бирор жойи узилган. Энди сизлар битта саррож олиб борсаларингиз бўлади, — дебди.
Булар подшонинг олдига бир саррожни олиб боришибди.
— Мана, тақсир, бу киши саррож, — дейишибди. Подшо:
— Хўп бўлмаса, узанги узилиб, айиллар тўзиб кетган эди, от абзалининг бутун кам-кўстини тайёрлаб қўйинг, — деб саррожга тайинлабди. Саррож кетгандан кейин подшо вазирларга қараб:
— Сизлар буни ўз ақлларинг билан олиб келганларинг йўқ.
Очиғини айтинглар, буни сизга ким айтди, — дебди.
Шунда вазирлар туриб:
— Тақсир, ростини айтсак, илгариги вазирингиз Аёз Иқон қишлоғига кетиб қолган экан. Дараклаб уни топиб, шунинг ақли билан олиб келдик, — дейишибди.
Подшо:
— Шу бир оғиз гапнинг мазмунини еча олмай, сарсон бўлиб, қишлоққа бориб Аёзнинг гапи билан иш қилибсизлар. У дединглар, бу дединглар, хуллас, Аёзни менинг олдимдан кетказдинглар. Кўпдан кўп ақл чиқади, оздан оз ақл чиқади. Ҳали ҳам бўлса, Аёзни олдириб келишимиз керак, — дебди.
Подшо Аёзни олдириб келгандан кейин, вазирлар яна уни ғаш кўриб, нима қилишларини билмай қолишибди. Кунлардан бир кун вазирлар йиғилиб подшога:
— Тақсир, сизга Аёзнинг ўзи вазир бўлиб тура қолсин. Бизга жавоб беринг! — дейишибди. Подшо:
— Бўлмаса мен Аёзга бир иш буюраман. Аёз у ишнинг уддасидан чиқмай, бу ерга келмайдиган, ҳеч нарса демайдиган бўлиб кетади, — дебди.
Эртаси эрталаб Аёз подшонинг олдига таъзимга кирибди. Подшо:
— Мен сенга бир иш буюраман, агар шу ишнинг уддасидан чиқа олмайдиган бўлсанг, бу ерга келма, биров иш ўргатгин деса, ўргатма, — дебди. Аёз:
— Хўп, —дебди.
Подшо:
— Менга тепаси осмонга етмайдиган, таги ерга тегмайдиган қилиб иморат соладиган уста топиб кел, — дебди.
Аёз подшонинг қилган ишига, айтган гапига хафа бўлиб уйига борганда, хотини:
— Мунча рангингиз олинган, қовоғингиз солинган. Сизга нима бўлди? — деб сўраган экан, Аёз айтибди:
— Эй, хотин, чақимчилар гап чақиштириб, мени подшонинг кўзига кўп ёмон кўрсатиб қўйишди. Подшо мени шунча овора қилиб, яна “Таги ерга тегмайдиган, тепаси осмонга етмайдиган қилиб иморат соладиган уста топиб кел”, — деди.
Хотини:
— Бу гапга хафа бўлсангиз ҳам бўлади, хафа бўлмасангиз ҳам бўлади. Мен сизга ўша подшо айтган устани топиб бераман. Сиз бугун далага чиқиб, иккита жўр тўрғайнинг боласини топиб келинг. Мен шуни ўн беш кунда уста қилиб бераман, — дебди.
Аёз ҳайрон бўлиб: “Қани олиб кела берайчи, нима қилар экан”, деб далага чиқиб иккита жўр тўрғайнинг боласини олиб келибди. Хотини жўр тўрғайни олиб, қафасга солиб, кеча-ю кундуз қафаснинг ёнига ўтириб: “лой, ғишт, лой, ғишт”, деб жўр тўрғайнинг қулоғига айта берган экан, жўр тўрғай ҳам ўн беш кун ичида “лой, ғишт, лой, ғишт” дейдиган бўлиб қолибди. Ўн беш кундан кейин хотини Аёзнинг қўлига жўр тўрғайни бериб:
— Мана, қафас билан подшонинг олдига боринг, жўр тўрғайнинг оёғига ир боғлаб учиринг, у ёғини ўзингиз биласиз, — дебди.
Аёз хотинининг сўзи билан подшонинг олдига бориб, таъзим қилибди. Подшо:
— Нимага келдинг? —деб сўрабди.
Аёз:
— Сиз айтган устани топиб келдим, — деб жўр тўрғайнинг оёғига ир боғлабди-да, қафасдан чиқариб юборибди. Жўр тўрғай осмонга чиқиб: “Лой, ғишт, лой, ғишт” деб сайрай берибди. Аёз подшодан сўрабди:
— Тақсир, бу нима деяпти?
— Лой, ғишт, лой, ғишт, — деяпти.
— Лой, ғишт деяётган бўлса, сиз айтган уста мана шу. Энди лой билан ғишт етказиб берадиган мардикорни топиб берсангиз сиз айтган иморатни солиб беради, — дебди.
Подшо ноилож, нима қилишини билмай, яна Аёзни ўзига вазир қилиб олган экан.
Кунлардан бир кун подшонинг тоби қочиб, халқни сўрашга мадори қолмай, ўрнига кимни қўйишни билмай: “Ёш бўлса ҳам ўғлим-да”, деб, ўз ўғли билан Аёзни чақирибди:
— Аёз, сен вазир, ўғлим, сен подшо. Икковинг мен тузалгунимча халқни сўраб турасан, — дебди. Кейин ўғлини ёнига чақириб олиб: — Аёз жуда билгир одам, битта-яримта чақимчининг сўзига кириб, уни ўлдириб юборма. Агар жуда ғашинг келадиган бир гап гапирадиган бўлса, шу гапни суриштириб, маъносини билиб, шунга қараб ҳукм чиқар, — деб тайинлабди. Беш-олти кундан кейин подшо ўлибди. Кун ўтибди, ой ўтибди. Бир кун шаҳзода Аёздан сўрабди:
— Менинг зарбим қалай, халққа озор беряпманми? — деганда Аёз туриб жавоб берибди.
— Халқни сўрашингиз жуда яхши. Бунга менинг эътирозим йўқ, аммо заршунослигим йўриғидан кўнглингизга қаттиқ олмасангиз бир сўз айтаман.
— Отамнинг қилган насиҳати ҳурмати, ҳар қандай гап гапирсанг ҳам кўнглимга қаттиқ олмайман, — дебди шаҳзода.
— Агар кўнглингизга олмайдиган бўлсангаз, сиз подшонинг ўғлига ўхшамайсиз, асли сизнинг отангиз новвоймикан, деб хаёл қиламан, — дебди Аёз. Аёзнинг бу гапига шаҳзоданинг ғазаби келибди.
Аёзни ўлдирмоқчи бўлибди. Шунда Аёз:
— Тақсир, арзимни айтай, бу гапни айтишга айтдим-у, энди нима қилай. “Ҳар қандай гап гапирсанг ҳам кўнглимга қаттиқ олмайман” деганингиз учун айтган эдим. Сиз ичкарига кириб, онангиздан сўраб чиқинг, онангиз нима дер экан. Ундан кейин билганингизни қилинг, — дебди.
Шаҳзода Аёзнинг бу гапи билан онасининг ёнига кирибди. Аёз билан бўлган воқеани айтиб, ҳақиқатни сўрабди.
— Жон болам, мен отанг билан йигирма йил умр қилиб, тўққизта қиз туғдим. Ўғил кўрмадим. Яна ҳомиладор бўлиб ой-куним яқинлашганда, отанг: “Сен менга ўғил туғиб бермадинг. Бу сафар ҳам ўғил бўлмай қиз бўлса, жаҳл устида сени ўлдириб қўймайин, мен овга чиқмоқчиман, ўғил туғсанг менинг орқамдан хабар юбор, борди-ю, қиз туғсанг, келгунимча уйни бўшатиб қўй”, деган эди. Менинг ой-куним етиб яна қиз туғдим. Мен отанг айтган гапнинг йўриғидан болани йўргаклаб, бошим оққан томонга кетмоқчи бўлганимда, момо-кампир мени қайтарди. Қўлимдан ўн беш тилла билан болани олиб кетиб, бир тўлпондай ўғил бола олиб келиб берди. Момо-кампирдан сўрасам, бу бола Абдусаттор новвойнинг боласи экан. Болам, сен ўша Абдусаттор новвойнинг ўғлисан, унда юрган қиз менинг қизим, — дебди онаси. Шаҳзода онасининг олдидан чиқиб, Аёзни чақириб:
— Заршунослигингга балли, менинг отам новвой экан. Сен буни қаёқдан билдинг? — деб сўрабди.
— Сиз ўрнингиздан турасиз, аста-секин юрасиз, кўпинча, новвойхонага борасиз. Новвойхонага кўп кирганингиз учун, отангиз новвоймикан, деб хаёл қилиб эдим.
Шаҳзода бу гапни эшитиб:
— Бор, подшолигимни ўзингга бердим, мен новвойхонада отамнинг касбини қиламан, — деб подшоликни Аёзга ташлаб кетган экан.
Шу билан Аёз ўзи подшо бўлиб, ўзининг донолигидан халқни одиллик билан сўраб, мамлакатда адолат ўрнатган экан.