Ҳасадгўйлик

Бир бор экан, бир йўқ экан, битта ака-ука бор экан. Акаси укасини ҳеч кўролмас экан. Икковлари ҳам эгар ясаб сотишар экан. Акаси кунига жуда кўп эгар ясар экан-у, лекин ишлаб топган пулини ҳеч баракаси бўлмас экан. Укаси эса бир кунда битта эгар ясар экан-у, лекин ўзига тўқ яшар экан. Бу эса акасига доим алам қилиб келаркан. Бир куни у укасини бир бопламоқчи бўлибди.
Укаси томга эгарларини ёйиб қўйса, у йўқлигида акаси келиб ҳамма эгарларига ўт қўйиб юборибди. Укаси ҳайрон бўлибди-ю, лекин индамабди. Томдаги эгарларнинг кулини йиғиштириб, қопга солибди ва бозорга олиб борибди. Бозордагилар унинг эгар сотишини билишар экан. Эшакнинг устига қопни юклаб олган экан, битта харидор келиб:
— Қопдаги эгарингни сотасанми? — деб сўрабди.
— Эгарни сотаман-у, лекин қопни ерга қўйсам, кул бўлиб қолса, хунини тўлайсанми? — дебди у.
— Дарров кул бўлиб қолармиди, ерга қўявер, — дебди харидор.
— Энди, билиб бўлмайди-да, — дебди ва қопни эшакнинг устидан олиб ерга қўйибди. Ичини очиб қараса, тўла кул эмиш.
— Энди хунини тўлайсан, — деб туриб олибди.
У киши ноилож пулини тўлашга мажбур бўлибди. Кечқурун уйида ўтирса, акаси келиб қолибди. У акасига кулни ҳам пулга айлантириб келганини айтибди.
Акаси ўйлаб-ўйлаб сигирини ўлдирмоқчи бўлибди. Бир куни укаси уйида йўқлигини пойлаб бориб, сигирини ўлдириб келибди. Укаси қараса, сигири ўлиб ётганмиш. Сигирни эшак аравага солиб, бозорга олиб борибди. Даллол:
— Мол неча пул туради? Пастга туширинг, — дебди.
— Туширмайман. Туширсам, ўлиб қолса, хунини тўлайсизми? — дебди укаси.
— Дарров ўлиб қолармиди, тушираверинг, — дебди даллол. У молни аравадан туширибди, қараса, ўлиб ётган эмиш.
— Молимнинг хунини тўлайсан, — деб туриб олибди. Даллол ноилож молнинг хунини тўлашга мажбур бўлибди. Ўша куни кечки пайт яна акаси келибди. У акасига:
— Мана ака, мен барибир бечора бўлмайман. Ўлик молни ҳам пул қилиб келдим, — дебди.
Акаси буни кўриб ҳайрон бўлибди. Шундай қилиб, акаси укасини кўролмай ўтибди. Укаси эса доим ўзига тўқ, яхши ҳаёт кечираверибди.