Арслон билан тулки

Бир тоғда донғи кетган зўр арслон бор экан. Шу тоғ атрофидаги тулкилар арслондан хавотир қилиб турар эканлар.
Кунлардан бир кун арслон қариб қолиб, ўз маконида ётган экан. Тулкилар арслоннинг беш-олти кундан буён жим бўлиб кетганини пайқаб: “Энди биз арслонбойни бир кўришга борайлик. У энди қариб қолди, қўлидан ҳеч иш келмайди”, — деб маслаҳат қилишибди. Икки тулки Арслонбой ётган маконга келиб, узоқроқдан туриб:
— Ҳорманг, Арслонбой, — дебди. Арслонбой:
— Бор бўлинг, — дебди. Тулки:
— Энди қариб қолдингиз, бирор ишга ярамайсиз, қандай кунингиз ўтади? — дебди. Арслонбой:
— Менинг қулоғим оғир. Нима деб вайсаганларингизни эшитмайман. Менга яқинроқ келиб айтинглар, — дебди. Икки тулки: «Эй, энди бунинг қўлидан нима келар эди. У ҳатто, маконидан чиқа олмай қолибди”, — деб айёр тулкилар унга яқинроқ келиб, мазах қилиша бошлабдилар. Арслонбой пайт пойлаб, ўзини таппа ташлабди ва икки қўлига икки тулкини ушлаб олиб, маҳкам сиқибди. “Ҳолларинг қалай, ёмоннинг жазоси шу”, — деб икковини икки қўлида қисиб пачоқ-пачоқ қилиб юборибди. Шундай қилиб, айёр тулкилар гапнинг пишиғини эшитиб, ўлганларидан бехабар қолган эканлар.