Арпа

Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, бир чол-кампир бор экан. Улар жуда камбағал экан. Бир куни кампир чолига:
— Чол, шу, арпа эксангиз, балки бир кунимизга ярармиди, — дебди.
Чол озгина ерига арпа экибди, лекин сал вақт ўтмай касал бўлиб, ўлиб қолибди. Арпа ўсибди. Кампир бир кун қараса, арпани бир эчки еб ётган эмиш.
Шунда кампир:
— Ҳой, эчки, қоч, арпани емагин, — дебди.
— Бир сузаман, ичагинг узилади, — дебди эчки. Кампир хафа бўлиб, йиғлаб кетаётса, бир итга йўлиқибди. Кампир бўлган воқеани итга айтиб берибди. Ит ҳам эчкининг ёнига келиб:
— Ҳой эчки, қоч, арпани емагин, — дебди.
— Бир сузаман, ичагинг узилади, — дебди эчки. Ит ҳам қайтиб кетибди. Кейин кампир ўзига ўхшаган бир кампирга дуч келибди:
— Ҳа, ўртоқжон, нима қилиб юрибсан? — деб сўрабди у.
— Эчки арпамни еб қўйяпти, — дебди хафа бўлиб. Кампир ҳам эчкининг ёнига бориб:
— Ҳой эчки, қоч, арпани емагин, — дебди.
— Бир сузаман, ичагинг узилади, — дебди эчки унга ҳам.
У қочиб кетибди. Кампир йўлда бир арига дуч келибди. Арига ҳам бўлган гапларни айтиб бериб, ундан ёрдам сўрабди. Ари эчки ёнига бориб, бирор оғиз гапирмабди ҳам, фақат чақиб олибди.
Шунда эчки дикирлаб сакраб қочиб кетибди. Кампир эса хурсанд бўлиб, арпани йиғиб олган экан.