Ақлли қиз (2)

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир кишининг уч ўғли билан бир қизи бор экан. Ўзи бой ҳам, камбағал ҳам эмас экан. Лекин икки кўзи кўр бўлиб қолган экан. Кунлардан бир куни бошқа бир юртдан ўртоқлари меҳмонга келишибди.
Улар уй эгасининг кўзи ожиз бўлиб қолганини кўриб: “Эй ўртоқ, сизнинг уч ўғил-у бир қизингиз бор экан. Уларга буюринг: Рум вилояти подшосининг хазинасида кўз оғриғи дориси бор, ўша доридан олиб келиб кўзингизга қўйсалар, очилади” дейишибди. Шу сўздан кейин уй эгаси ўғилларини чақириб:
— Болаларим, менинг кўзим кўр бўлиб қолди. Энди мендан сизлар мол-мулк сўрайсизларми ёки дуо сўрайсизларми?— дебди. Ўғиллари эса бир оғиздан:
— Эй ота, пул бўлса, ҳар ишни қиламиз,— деб мол, пул талаб қилибдилар. Чол ўғилларига мол-дунёни бўлиб берибди. Лекин отанинг кўзи билан уларнинг иши бўлмабди. Пиравордида чол қизини чақириб, бундай дебди:
— Қизим, акаларинг мол-дунёни бўлишиб олишди, сен нима сўрайсан?
Қизи оқкўнгил ва одобли экан. У:
— Мен хизматингизга тайёрман. Сиздан дуо сўрайман, — дебди.
Отаси:
— Болам, ундай бўлса, Рум вилояти подшосининг хазинасида кўр кўзни очадиган дори бор эмиш, шу доридан олиб келиб берсанг, дуо қилар эдим,— дебди.
Қиз “Хўп бўлади” дебди. Отаси дарҳол йўлга керакли озиқ-овқатларни тайёрлаб берибди. Қизни бир яхши отга миндириб, Рум вилоятига жўнатибди. Қиз бир неча кун юрганидан кейин унинг йўлини бир аждар тўсибди. Аждар қизнинг отини, озиқ-овқатини ютиб юборибди. Қиз ҳеч нарса демай, орқасига қайрилиб қарамай, йиғлаб кетаверибди.
Шунда аждар:
“Қизнинг отини, шунча озиқ-овқатини есам ҳам индамади. Мен энди унинг ишига ёрдам берай” деб ўйлаб, қизнинг кетидан етиб бориб:
— Эй одамзод, шунча нарсангни едим, бир қайрилиб боқмайсан, ҳожатинг нима? — деб сўраган экан, қиз:
— Эй аждар, отамнинг иккала кўзи ожиз бўлиб қолган, Рум вилояти подшосининг хазинасида дори бор эмиш, шу дорини қўйса, кўзи очилармиш. Отамнинг кўзини очиш учун ўша ёққа кетаётган эдим. Молим кетса кетсин, ўзим омон бўлай,— дебди. Аждар унга қараб:
— Бўлмаса, елкамга мин, ўша Рум вилоятига сени ўзим элтиб қўяй,— дебди.
Қиз аждарнинг елкасига миниб олибди ва бир нафасда Румга етибди. Аждар тоғ бағрини ялаб, пиёзнинг пўстидек қилибди. Сўнгра қизга дебди:
— Мана шу тоғни итариб юборсанг, подшоҳнинг дорихонасига кирасан, шу топда ҳамма соқчилар ухлаган. Дорихонага кирганингда қоғоздаги дорини олсанг, шишадагига тегма, шишадагини олсанг, қоғоздагига тегма.
Қиз дорихонага кирибди. Шишадаги дорига қараса, қоғоздагиси хушбўй туюлибди. Қоғоздаги дорига қараса, шишадагиси хушбўй туюлибди. Сўнг қиз бирдан иккала дорини кўтарган экан, тутилиб қолибди: у жой тилсим экан. Тонг отгандан кейин дорихона хизматкори ичкарига кирса, бир қиз турган эмиш. У дарҳол қизнинг қўл ва оёғини боғлаб, тўппа-тўғри подшоҳ олдига олиб борибди ва подшоҳга таъзим қилиб:
— Эй шоҳим, мана бу одам хазинангизга ўғирликка тушган экан, тутиб келдим, — дебди.
Подшоҳ қизни сўроқ қилиб “Нима учун ўғриликка тушдинг?” дебди. Қиз отасининг кўзи кўр бўлиб қолганини ва шунинг учун дорига келганини ва билмасдан шу жойга кириб қолганини айтибди.
— Билмасдан кирган бўлсанг сен ўғриликка уста экансан-да, — деб, қизга бир шарт қўйиб:
— Агар қутулишни истасанг, Анадир шаҳри подшосининг қизини ўғирлаб келиб берасан, шундагина сени озод қилиб, дорини бераман, бўлмаса, ажалинг менинг қўлимда,— дебди.
Қиз жавоб учун муҳлат сўраб, аждар олдига келибди, бўлган воқеаларни унга баён қилибди. Аждар қизнинг гапини тинглаб туриб кейин:
— Ундай бўлса, йигирмата қорамол, йигирма меш шарбат, йигирма кун муҳлат сўрагин,— дебди.
Аждарнинг маслаҳати билан қиз подшоҳ қошига бориб, ундан сафарга керакли нарсалар беришни сўрабди. Подшоҳ қизнинг айтган ҳамма нарсасини берибди. Қиз озиқ-овқатини ғамлаб бўлгандан кейин аждарнинг елкасига миниб, Анадир шаҳрига учиб борибди.
Аждар қизга яхшилаб тушунтирибди: “Маликанинг ухлаганига бир кам қирқ кун бўлган. У бир варакайига қирқ кеча-қирқ кундуз ухлайди. Эртага эрта билан уйғониши керак. Ҳозир сен унинг олдига бориб, ўзига тегсанг, рўмолига тегма, рўмолига тегсанг, ўзига тегма. Қизнинг аркига чиқаверишда иккита ҳужрада пахта бор, қўйни-қўнжингни пахтага тўлдириб ол. Сўнгра арк зинасининг икки ёғида қўнғироқлар бор, улар ичига ўша пахтадан тиқиб, кейин юқорига чиқавер. Охири аркка етасан,— дебди.
Қиз ҳамма гапни уқиб олиб, аждарнинг айтганларини бажо келтирибди. Бир вақт арк тепасига чиқиб қараса, аждар айтгандай қиз уйқуда эмиш. Унинг қирқта кокилини қирқта канизак босиб пойлаб ётган эмиш. Қизнинг рўмоли бошидан тушиб қолган экан. Қараса, қиздан рўмол чиройли, рўмолдан қиз чиройли эмиш. Икковини баравар кўтарибди. У тилсим экан. Шу заҳоти бандга тушибди. Эрта билан энага хотинлар келиб қарасалар, қизга ўғри келган экан. Дарров подшоҳга хабар беришибди. Шоҳ: “Ўғрини келтиринг!” деб буюрибди. Қизнинг қўлларини орқасига боғлаб, подшоҳга олиб борибдилар. Подшоҳ қизга дўқ қилиб:
— Нега менинг қизимни ўғирламоқчи бўлдинг? — деб сўрабди. Қиз ҳамма воқеани подшоҳга бирма-бир айтиб берибди ва сўз охирида:
— Бу ер ҳам тилсим экан, қўлга тушиб қолдим,— дебди. Подшоҳ қизга ғазаб билан сўз қилибди:
— Агар бу ердан қутулишни истасанг, бир шартим бор, шуни бажарасан. Кунчиқар томонда Кўҳиқоф деган тоғ бор, у ерда бир дев яшайди. Унинг бир қора оти бор, шу отни келтирсанг қизимни бераман. Бўлмаса, бошингни оламан! — дебди.
Қиз: “Жавобини эртага бераман” деган ваъда билан подшоҳ олдидан чиқиб, аждар ёнига келибди ва подшоҳнинг қўйган шартини аждарга сўзлаб берибди.
Аждар тўрт кун муҳлат сўрашни айтибди.
Қиз бориб уни подшоҳга айтган экан, у рози бўлибди. Қиз аждарнинг елкасига миниб олибди. Аждар анчагача учиб, қизни Кўҳиқофга етказибди ва қизга яхшилаб тушунтирибди: “Дев шу вақтда ухлай деяпди. Сен охурнинг тешигидан бошингни чиқар. От сени кўриб кишнайди. Дев “Одам ҳиди келяпти” деб тўрт томонга югуради, сени тополмагандан кейин ётиб ухлайди. Охур тагидан бошингни иккинчи қайта чиқар. От яна кишнайди. Дев яна ҳамма ёқни қидириб чиқади, тополмасдан, отхонага киради ва отга қараб:
— Эй от, мени икки марта овора қилдинг, учинчи марта кишнасанг, ўзингни ейман! — деб, ётгани кетади. Шунда охурдан бошинги чиқариб, отга:
— “Эй жонивор! Сени сув ўрнига сут, ем ўрнига кишмиш бериб боқаман. Нима қиласан золимнинг қўлида?”, десанг от бўйнини солиб туради. Ёнида эгар-жабдуғи бор, устига ташлаб, етаклаб чиқасан. Сўнгра у ёғини ўзим тўғрилайман,— дебди.
Қиз аждарнинг айтганларини беками кўст бажарибди. Отни етаклаб, аждар олдига етказиб келибди. Аждар қиз билан от иккисини елкасига ортиб, Анадир шаҳрига қараб учибди, сал фурсатда манзилга етибди.
Сўнгра аждар қизга:
— Эй қиз, бу отни ўзинг ол, мен бир юмалаб худди шу отга ўхшаб қоламан, мени подшоҳга элтиб берасан. Унинг қизини олиб, йўлга тушаверасан, мен орқангдан етиб оламан,— дебди-да, бир юмалаб от бўлиб қолибди. Қиз уни подшоҳ олдига етаклаб келибди. Подшо отни кўриб, севинганидан дарҳол қизни топширибди. Қизлар отни миниб, қўлларида қуш ўйнатиб, йўлга равона бўлишибди.
Энди гапни Анадир подшосидан эшитинг:
Подшоҳ отни эгарлашга буюрибди. Уни эгарлаб, ясатиб подшоҳга келтирибдилар. Подшоҳ узангига чап оёғини қўйиб, ўнг оёғини ердан кўтариб, энди минай деб турганда, от бир чивин бўлиб учиб кетибди. Подшоҳ йиқилиб тушибди. Подшоҳ ҳайрон бўлиб: бу қандай сеҳргарлик: ҳам отдан ажралдим, ҳам қизимдан, — дебди. Сўнгра: “Дарҳол уларни топинглар!” деб лашкарларига фармон берибди. Лекин лашкарлари ҳеч қаердан отни ҳам, қизни ҳам топиша олмабди.
Кўз юмиб очгунча аждар қизларга етиб, икковини от билан елкасига олиб, Рум вилоятига жўнабди. Румга келгач, аждар бир юмалаб, у қиздан ҳам чиройлироқ бир қиз бўлибди. Буни кўриб Рум подшоси шодланибди ва иккала дорини ҳам бериб юборибди. Қизлар дорини олиб, йўл-йўлакай қуш ўйнатиб кетаверишибди.
Энди гапни Рум подшосидан эшитинг:
Подшоҳ хурсанд бўлганидан халққа катта тўй қилиб берибди. Тўй ўтгандан кейин қиз бир юмалаб чивин бўлиб, кўздан йўқолибди. Кўз очиб юмгунча икки қизга етиб олибди. Уларни қатор қўйиб, иккаласини оти билан елкасига миндириб, қизни ўз юртига етказибди. Қиз бозорларни томоша қилиб юриб, каллапазникига келибди. Каллапазга шогирд бўлиб ишлаётган уч акасини таниб қолибди. Уларнинг уст-бошлари йиртиқ экан. Қиз каллапазга пул бера туриб:
— Учала йигитдан калла бериб юборинг,— дебди. Каллапаз:
— Эй, буларнинг қўли ҳам қурсин, ўзи ҳам. Ҳамма ёғи кир-чир, каллани ўзим олиб бораман, — деган экан. Қиз:
— Йўқ, шу учовидан бериб юбораверинг,— дебди.
Каллапаз каллани уч бўлак қилиб, учала йигитдан бериб юборибди. Улар каллани олиб келишибди. Қиз каллани учала акасининг олдига қўйиб:
— Буни енглар, — деса, акалари:
— Хўжайин уришади, — дейишибди. Шунда қиз:
— Пул меники, сизларни мен меҳмон қилаяпман. Қўрқмасдан еяверинглар,— деб овқатни уларга едирибди. Сўнгра “Идишини бериб, қайтиб келинглар” дебди. Учови яна қайтиб келибди. Қиз уларни бозорга бошлаб бориб, уст-бош олиб берибди. Ҳаммомга тушириб, янги кийимларни кийдирибди. Шундан кейин қиз акаларидан:
— Мени танияпсизларми?— деб сўраса, акалари:
— Йўқ, танимаймиз, — дейишибди.
Қиз:
— Сизлар туппа-тузук одамлар эдингиз-ку, нима бўлди?— деб, сўраган экан, улар:
— Қимор ўйнаб шу аҳволга тушиб қолдик, — дейишибди. Шунда қиз:
— Мен синглингиз бўламан. Мана бу от — Кўҳиқофдаги девнинг оти, бу — ўртоғим. Анадир подшосининг қизи бўлади. Мана Рум подшосидан дорини ҳам олдик,— дебди.
Учала ака уялганидан нима қиларини билмай, сингилдан яширинча маслаҳат қилишибди. “Синглимиз бу дорини олиб бориб отамизнинг кўзига суртади. Бизнинг ўғиллигимиз бекор бўлиб қолади. Ундан кўра, буни қудуққа ташлаш керак”, деб бечора қизнинг қўл-оёғини боғлаб, қудуққа ташлашибди, қизни ва от билан дорини олиб, оталари олдига келишибди. Ичкарига кириб, оталари билан кўришиб-сўрашиб бўлиб:
— Эй ота, қизингиз ёмон бўлиб кетган, сизга дори олиб келармиди, дорини мана биз олиб келдик, — деб дорини унга беришибди.
Чол дорини суртиши билан кўзлари очилиб жуда хурсанд бўлибди. Лекин оти сира овқат емабди. Анадир подшосининг қизи неча кунгача гапирмабди, сайраб турган қуш ҳеч сайрамай қўйибди. Қўйингчи, учаласи ҳам хафачиликдан бош кўтармабди.
Энди гапни Рум подшосидан эшитинг:
Тўй-томошадан кейин подшоҳ қизини қидиртирмоқда экан. Кунларнинг бирида сафардан қайтган савдогарлар тўппа-тўғри подшоҳ ҳузурига келиб:
— Эй подшоҳи олам, сизга арзимиз бор. Бир қошиқ қонимиздан кечсангиз, айтамиз,— дебдилар. Подшоҳ:
— Кечдим, айтинглар! — дебди. Савдогарлар:
— Дорига кетган қиз йўлда бир дугонаси билан қуш ўйнатиб келаётир, — дебдилар.
Подшоҳ дарров қизлар кетидан чолнинг уйига бориб, чолдан унинг дорига юборган боласини сўрабди. Чол учта ўғлини кўрсатган экан, подшоҳ:
— Булар эмас, мен уни танийман, — дебди. Шунда подшоҳнинг қизи:
— Эй подшоҳ, булар бизни олиб келган ўртоғимизнинг қўл-оёқларини боғлаб, эски қудуққа ташладилар,— дебди.
Подшоҳ ўша заҳоти қизни топиб келишга буюрибди. Қизни қудуқдан чиқариб олибдилар. Қарасалар, қиз чалажон бўлиб ётган эмиш. Уни шу аҳволда подшоҳ олдига олиб келибдилар. Сўнгра табиблар уни даволаб тузатибдилар. Отаси ўз қизини кўриб жуда севинибди ва дуо қилибди.
Қиз умрининг охиригача тинч, бахтли яшабди.