Бир бор экан, бир йўқ экан, бир олмахон бўлган экан. Қаҳратон қиш кунларидан бирида бир каттакон бўри келибди. У уйнинг эшигини тақиллатибди:
Мени уйингга киргиз, олмахон, — дебди.
— Киргизмайман, — деб жавоб берибди олмахон. Олмахон ҳеч кўнмагандан кейин, бўри ялинишга тушибди.
— Жон олмахон, агар ўзимни киритишга қўрқсанг, лоақал олдинги оёғимнинг бирини киргиз, — дебди.
Бўри ялинавергач, олмахон уни олдинги оёғидан бирини уйга киритишга рози бўлибди, лекин шу ондаёқ бир челак сувни ўчоққа қўйиб, битта қоп ҳам тайёрлаб қўйибди. Орадан сал ўтмай, бўри яна ғинғиллабди:
— Фақат бир оёғим уйга кириб, иккинчи оёғим ташқарида қолганидан ачиниб хафа боляпман, — деб олмахонни аврабди. — Иккинчи оёғимни ҳам киритақол, — деб илтимос қилибди бўри. Олмахон бўрининг иккинчи оёғини киритибди. Бироздан кейин бўри тиржайиб гапира бошлабди.
— Олмахон, — дебди у, — ҳеч бўлмаса кейинги оёгимдан биттасини киргиз. Олмахон, кирита қол.
Бўри кейинги оёғини киритишга ҳаракат қилибди. Олмахон бўрининг гапига лаққа тушиб, тўртинчи оёғини ҳам киритишга рози бўлибди. Лекин бўри охирги оёғини уйга киритаётганда олмахон қопнинг оғзини очибди. Бўри қопга кирибди. Олмахон шу заҳотиёқ қопни боғлабди-да, ҳовлидаги қор устига ташлабди. Кейин ўчоқдаги қайнаб турган сувни олиб чиқибди-да:
— Бўрини қайноқ сувда куйдираман. Боплаб адабингни бераман, — деб бўрининг устидан қуйворибди. Нима бўпти-ю, бўри қопни тешиб чиқибди. Қопдан, ҳаммаёғи куйган, юнглари осилган, бошидаги юнги батамом тўкилиб, тап-тақир кал бўлган бир аҳволда шаталоқ уриб қочибди. Шу билан бўри олмахон уйига иккиламчи келмайдиган бўлиб кетибди. Ўша олмахон тирик бўлса, ҳали ҳам ҳаёт кечираётгандир.