Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир айёр билан содда бўлган экан.
Кунлардан бир куни улар сафар қилмоқ учун йўлга чиқишибди. Йўлда кетаётиб, бир хумча олтин топиб олишибди. Олтинни иккови бўлиб олмоқчи бўлишибди. Бироқ айёр соддага олтинларни беришни хоҳламабди-да, соддани алдаш йўлига тушибди. Айёр соддага шундай дебди:
— Агар биз олтинларни шаҳарга олиб кирсак, кишилар билиб қолиб, олтинларни тортиб олишади. Яхшиси уларни кўмайлик-да, керак вақтида, оз-оздан, олиб сарфлайлик.
Шунда содда бунга кўнибди. Олтинни кўмибдилар.
Кунлар ўтиб, соддага олтин керак бўлиб қолибди. Буни айёрга келиб айтган экан, айёр:
— Менга ҳам керак эди, — дебди. Шунда иккиси бирга олтин кўмилган жойга бориб қарасалар, кўмилган олтин йўқмиш. Айёр олтинни ўзи ўғирлаб, беркитиб қўйган экан. Лекин шунга қарамасдан, соддага туҳмат қилибди. Шундан сўнг, иккиси қози олдига боришибди. Бутун воқеани қозига айтиб беришибди. Қози айёрнинг гапига ишонмабди.
— Биз олтинни дарахт остига кўмганмиз, ишонмасангиз ўша дарахт гувоҳлик беради, — дебди айёр, кейин уйига келиб, қари отасига:
— Сиз гувоҳ бўласиз, — дебди. Отаси унга унамабди. Айёр, отасига ялиниб юриб, охири уни ичи пўк дарахт ичига киргизиб қўйибди. Содда қозини етаклаб дарахт тагига борибди. Шунда қози сўраса, дарахт ичидан:
— Олтинни қўйган одам олиб кетган, — деган овоз келибди, Шунда қози, “бу дарахт ичида шайтон борга ўхшайди”, деб дарахт тагига ўт қўйдирибди. Ўт ёқилгач, дарахт ичидаги чол “дод” солиб:
— Мени қутқаринглар, мени ўғлим мажбур қилган, — деб бақирибди, ўтни ўчиришибди чолни олиб чиқсалар, у ўлиб қолган экан.
Қози соддага олтинларнинг ҳаммасини берибди. Шундай қилиб, айёрлик билан “олтинни оламан” деган очкўз айёр, ўз отасидан ҳам, олтинлардан ҳам айрилиб қолган экан.