Қадим замонда бир одам бор экан. У ёлғиз ўзи иш ахтариб йўлга тушибди. Йўлда бир одам учраб қолибди, унга:
— Йўл бўлсин, ошна, — дебди.
— Худо берса, мўл бўлсин, — деб жавоб берибди у.
— Яхши бўлди, энди иккимиз дўст бўламиз, — дебди.
Йўлда яна бир киши учраб қолибди. У ҳам уларга шерик бўлибди. Йўлда дам олиш учун катта бир дарахт тагида тўхтабдилар. Дам олаётиб кўзлари уйқуга кетибди. Бирдан улардан иккитаси сесканиб уйғониб кетибди. Қарасалар, ёнларидаги шерикларини илон ютаётган экан. Улар тезда у кишини уйғотишибди ва оёғидан бошлаб илон ютаётганини унга айтишибди. Икки дўст ундан сўрашибди:
— Ўртоқ, илонни ўлдирайликми?
— Йўқ ўлдирманглар. Ютаверсин-чи, — дебди у киши.
Илон у кишини ютиб, белбоғигача келибди. Шериклари яна:
— Ахир ўлдирмасак, сени бутунлай ютиб юборади-ку! — дейишибди.
У яна:
— Йўқ, — дебди.
Илон ютиб унинг кўкрагигича келибди. Охирги марта яна бир сўрашса ҳам, у киши индамабди. Шундай қилиб, илон бу кишини бутунлай ютиб юборибди.
Кейин илон аста-секин теракка чиқиб кетибди. Икки шериги ҳайрон бўлиб қараб туришибди. Илон дарахтга икки марта ўралибди, шунда у ютган одамнингсуяклари қирсиллаб синибди.
Дўстлари, “агар бизнинг гапимизга кирганда эди, соғ қолар эди”, деб роса ачинишибди. Ҳа, ортиқча қайсарлик яхшиликка олиб келмас экан.