Бир бор экан, бир йўқ экан, яқин замонда бир қайнона билан келин бўлган экан. Кампирнинг ўғли савдогар экан. Бир куни йигит сафарга кетаётиб, бир нечта кўйларни сўйиб, хотинига “онамга яхши қарагин деб тайинлаб кетибди. Эртаси куниёқ келин қайнонасига кашта олиб келиб тикишни буюрибди. Саксон ёшли кампир кеча-кундуз тиним билмай кашта тикибди. Ўғли савдодан келгунча кампирнинг елкалари букри бўлиб қолибди. Ўғли келгач, онасидан сўрабди:
— Онажон, сизга нима бўлди? Тинчликми?
—Болам, тинчлик. Сени соғиниб шундай бўлиб қолдим, — деб келинининг айбини яширибди.
Лекин қўни-қўшнилар, атрофдагилар бутун воқеани йигитга айтиб қўйишибди. Шундан кейин йигитнинг жаҳли чиқиб, хотинини уйдан ҳайдаб юборибди.
Бир қанча вақтдан кейин у иккинчи марта уйланибди. Яна сафарга жўнаш олдидан хотинига, “онамга яхши қарагин” деб тайинлабди. Аммо йигит савдога кетиши билан хотини қайнонасини уйдан ҳайдаб юборибди. Йигит сафардан уйига қайтиб келса, онаси йўқ эмиш. Хотинидан сўраса, у:
— Онангиз ўзидан ўзи уйдан кетиб қолди, ўзи ёмон хотин экан-да. Сиз бекорга аввалги хотинингизни ҳайдаб юборган экансиз, — дебди.
Лекин йигитнинг яқинлари унинг онасини келин ҳайдаб юборганини, ҳозир кўчама-кўча қийналиб юрганини айтишибди. Йигитнинг жаҳли чиқиб, бу хотинини ҳам ҳайдаб юборибди ва онасини ахтариб йўлга тушибди. Бир ерга борса, одамлар тўпланишиб туришган эмиш. Қараса, ўзининг онаси ўйинга тушиб, ашула айтаётган эмиш. Йигит буни кўриб жуда хафа бўлиб кетибди. Одамлар орасидан ўтиб, онасини олиб чиқибди-да, уйига олиб келибди.
“Агар хотин зоти шунақа бўладиган бўлса, бошқа уйланмаганим бўлсин” деб, савдогар йигит бошқа уйланмай ўтган экан.