Қадим замонларда бир камбағал бир бойдан ўн тилла пул қарз олган экан. Бой:
— Пулимни бер, — деб қистайверибди. Камбағал ҳеч иложини тополмай:
— Пулингни бозордан кейин оласан, агар беролмасам, сонимдан бир қадоқ гўштимни тилиб ола қол, — дебди.
Бозордан кейин бой келибди. Камбағал бечора нима қилишини билмай, сонини тутиб берибди. Бой ҳеч тортинмай, пичоғини чиқариб бечоранинг сонини энди “кесаман” деб терисига пичоқ урган экан, жон ширин-да, қаттиқ оғрибди. Камбағал:
— Дод! — деб қочиб қолибди. Сонидан бир парча гўшти шалвираб осилиб бораверибди. Бой унинг орқасидан қувиб кетибди. Камбағал қочиб кетаверибди. Қочиб бораётган экан, йўлда бошқа бир бойнинг хотини сигир соғиб ўтирган экан, туртиниб бориб камбағал ўзини сигирга урибди, сигир боплаб хотинни тепиб юборибди. Хотин бўғоз экан, бола ташлабди, у бой ҳам камбағалнинг орқасидан қува кетибди. Икки киши бўлиб қувлаб кетишаётган экан, камбағал қочиб бориб, оғиз очиб, қорнини дўппайтириб ўтирган мулланинг қорнини босиб олибди, шунда мулла:
— Вой дод, қорнимни ёрдинг! — деб, у ҳам камбағалнинг орқасидан тушибди. Учаласи қувиб бораверибди. Бечора камбағал уриниб-туртиниб кетаётган экан, йўлда юк ортилган бир эшакка ўзини уриб, юкни ағдариб юборибди. Эшакнинг эгаси:
— Юкни қайта ортиб бер! — дебди. Камбағал юкни ортаман деб эшакни ботқоққа ботириб қўйибди.
— Эшагимни ботқоқдан чиқариб берасан! — деб туриб олибди эгаси. Эшакни ботқоқликдан чиқараман деб, думидан ушлаб тортган экан, эшакнинг думи узилиб кетибди. Қўрққанидан яна ура қочибди. Энди уни тўрт киши бўлиб қувиб кетишибди. Камбағал қочиб бораверибди. Қочиб бораётган экан, олдидан бир катта дарвоза чиқибди. Қоровулларнинг “ҳой-ҳой” деганига қарамай, ўзини дарвозага урибди. Дарвозадан ичкари кирса, уйда шу юртнинг қозиси бир хотин билан ўтирган экан. Қозининг эс-песи чиқиб кетибди.
— Жон биродар, мени бу хотин билан ўтирганимни ҳеч кимга айтмагин, — деб ялинибди. Камбағал:
— Шундай, шундай, менинг орқамдан қувлаб келаётган бало-қазолардан қутқарсанг, ҳеч кимга айтмайман, — дебди.
— Мен сени ҳар қандай балодан қутқариб оламан, — деб ваъда берибди қози.
Бир оздан кейин камбағални қувлаб келаётган одамлар етиб келиб, қозига арз қилишибди. Биринчи даъвогар:
— Мендан бу баччағар ўн тилло қарздор, “қарзингни бермасам, сонимдан бир қадоқ гўшт кесиб ол”, деб айтган эди, “кесиб оламан” десам, қочиб кетди, — дебди. Қози:
— Майли, сонидан ўша ўзинг айтган бир қадоқ гўштни кесиб олақол, бироқ бир қадоқдан ортиқ ками бўлса ўзингнинг сонингни кестираман, — дебди.
— Кесиб олмай туриб, мен қандай ўлчайман? — дебди.
— Бўлмаса, бор кет! — дебди қози. Бойнинг ўн тилласи куйиб, жўнаб қолибди.
Кейин иккинчи даъвогар кирибди ва:
— Бу одам менинг хотинимнинг боласини тушириб қўйди, — дебди. Қози:
— Хотинингни шу кишига берасан, бир бола бўлгунча хотининг шу кишиникида туради, — дебди. Бой унамабди.
— Сен ҳам бор, кет! — деб чиқариб юборибди. Учинчи даъвогар мулла кириб:
— Оғзимни очиб, қорнимни тўйдириб ўтирган эдим, бу ярамас қорнимни босиб ўтиб кетди, — дебди. Қози:
— Сен, бўлмаса бу кишининг қорнини яхшилаб тўйғаз-да, сен ҳам унинг қорнини босиб ўта қол, — дебди.
— Мен бунинг ҳам қорнини тўйдирсам, яна устига боссам, ҳей, бу бўлмайди, — дебди. Қози уни ҳам ҳайдаб чиқариб юборибди.
Тўртинчи даъвогар кирибди. Олдинги учта даъвогарнинг иши нима билан тугаганини кўриб, ўзини билмасга солибди. Қози унинг қўлидаги эшакнинг қуйруғини кўриб:
— Ҳа, сен нимага келдинг? — дебди.
— Йўғ-э, ўзим шундай турибман, — деб жавоб берибди.
— Қўлингдаги нима ўзи? — деб сўрабди қози.
— Эй, елпиғичим, — дебди.
— Бўлмаса, сен ҳам жўна, — дебди қози. Шундай қилиб, бечора камбағал бало-қазоданқутулиб қолган экан.