Бир подшо шикордан қайтаётиб, ташна бўлибди ва бир ҳовли олдига келиб сув сўрабди. Гўзал бир қиз сув олиб чиқибди. Подшо у қизга:
— Кимнинг қизисан? — дебди.
— Дадамнинг қизиман.
— Даданг қаерда?
— Ишдалар.
Подшо ҳалиги қизнинг уйига совчи юборибди, “Нима деса ҳам бериб, ўша қизни олиб келинглар”, деб тайинлабди.
Совчилар қизникига боришибди.
Қизнинг дадаси:
— Хўш, хизмат тақсирлар, — дебди.
— Подшо юборди, — деб жавоб берибди совчилар.
— Нимага? — деб сўраса.
— Қизингизни хотинликка олмоқчилар, — дейишибди.
— Мен-ку розиман-а, лекин қизимнинг ўзи нима деркин? — дебди қизнинг отаси.
Дадаси қизига келган меҳмонлар ҳақида айтибди. Қиз дарҳол бир кичик халтача бериб:
— Подшо мана шуни тўлғазиб тилла берса, текканим бўлсин, — дебди.
Совчи халтачани олиб бориб подшога берибди ва қизнинг шартини айтибди. Подшо кулиб:
— Шўринг қурғур камбағал, отда, туяда тилла сўрамайдими? — дебди. Сўнг:
— Ҳа майли, бор тўлғазиб, элта қол! — дебди. Аммо қиз юборган халтачага подшонинг хазинасидаги ҳамма тилла-кумушларни солишса ҳам, халта тўлмас эмиш. Ғазабланган подшо халққа турли-туман солиқларни солибди. Янги-янги солиқ турларини чиқара бошлабди. Ҳатто бир куни:
“Тепаси калга тўрт танга. Мияси калга беш танга”, солиғини солиш керак, деган қарорга ҳам келибди. Лекин барибир, қизнинг халтачасини тўлдириша олмабди.
Подшо охири бир оқсоқолни қизнинг ҳузурига юборибди.
Қиз кулиб, оқсоқолга:
— Ердан тупроқ олиб бир ҳовуч ташланг, халта тўлади-қолади, — дебди.
Қизнинг айтганини қилишса, халта дарров тўлибди.
Шундай қилиб, она ернинг бир қисм тупроғи олтин-кумушлар билан тўлмаган халтани тўлдирган экан. Подшо қизнинг ақлига қойил қолиб, уни хотинликка олган экан.