Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонларда бир подшоҳ бўлиб, унинг Маҳлиё, Муҳаббат, Иқбол номли уч қизи бўлган экан. Маҳлиё йигирма икки ёшга, Муҳаббат йигирма ёшга, Иқбол эса ўн саккиз ёшга тўлган экан, гўзаллик бобида етти иқлимга донғи кетган экан.
Аммо подшоҳ қизларига мамлакатнинг турли вилоятларидан келган совчиларни “У менинг тенгим эмас, мен қизларимни ўзимдан ҳам аълороқ шон-шуҳратга эга бўлган кишиларга бераман”, деб қайтара берар экан.
Кунларнинг бирида бу қизлар отасининг давлатини томоша қилишиб, боғи Эрамда сайрибоғ айлашиб, гулҳовуз бўйига келиб ўтирибдилар. Гул ишқида сайраб турган булбуллар, бутоқлардан бутоқларга сакраб учаётган қушлар, кўкларда парвоз қилаётган каптарлар, уя ғамларини чекаётган майналарни кўришиб, ўзаро суҳбат бошлабдилар. Шунда Маҳлиё гап бошлабди:
— Кўряпсанми, табиат қандай гўзал ясанган, қушлар эркин учадилар; шу ҳаёт кўп афзал. Улар баландпарвоз қилишиб, жаҳон гулзорларини сайр этишади, — дебди. Муҳаббат эса Маҳлиёга жавобан:
— Келинглар, опа-сингил биз ҳам учов —
Бу даргоҳдан чиқайлик,
Ота давлати, тахти-бахтидан
Бизлар кечайлик.
Қафасга солинган тўтидек доим
Ҳасратда ўтмай,
Подшоҳ даргоҳини ташлаб,
Бизлар кетайлик, —
дебди.
Шундан сўнг Иқбол опаларига қараб:
— Опалар, энди биз оқшомда туриб, эгнимизга йигит либосини кийиб, от миниб қочмасак бўлмайди, — дебди. Бу уч қиз олтин қафасга солинган тўтидек, ҳеч нарсани кўрмай ёки севган ёрига етмай юришдан кўра бошларини шу даргоҳдан олиб кетишни афзал кўрибдилар.
Ярим кечада Маҳлиё, Муҳаббат ва Иқбол боғдан чиқиб, секин-аста отхонага киришибди. Қарасалар, отбоқар, пойлоқчилар ухлаб қолибди. Учала қиз йигитлар либосини кийибдилар, ёнларига қилич, совут-қалқон олишиб, бошларига қундуз телпак кийишиб, сочларини бостириб, этик, шимларни таранг тортиб, бедов отларга минишиб, йигит суратида узоқ сафарга кетибдилар.
Қизларнинг саройдан чиқиб кетганини ҳеч ким сезмай қолибди.
Қизлар тонг отиб, қуёш чиққунгача анча йўл босиб, нотаниш ўлкаларга бориб етибдилар. Аммо тўхтамасдан ҳамон йўлда давом этибдилар.
Эрталаб подшоҳ уйғониб ҳарамга кирибди. Сўнгра қизлари масканига борибди. Қараса, ҳеч ким йўқ. Подшоҳ дарғазаб бўлиб, сарой посбонларидан қирқтасини ўлимга буюрибди. Мамлакатнинг барча хон-бекларига нома ёзиб, қизларини излаб топишни буюрибди ва топган кишига бўйи баробар зар тўкиб, подшоҳликнинг ярмини беришга ваъда қилибди, аммо қизларидан дарак тополмабди.
Энди икки калима сўзни қизлардан эшитинг:
Уч қиз йўл юрса ҳам мўл юриб, неча шаҳар, дарё, саҳролар ошиб, ниҳоят бир тоғнинг канорасига етиб борибдилар. Тоғ канорасига борганда йўл уч томонга кетган бўлиб, ўртага ўрнатилган бир тошга: “Ўнг томонга юрсанг, борса келмас, ўрта йўлга юрсанг, борса даргумон, чап томонга юрсанг, борса келар”, деб ёзиб қўйилган экан. Шу жойга келганда қизлар тошдаги хатни ўқибдилар ва ўзаро маслаҳат қилибдилар. Шу вақт Иқбол туриб опаларига:
— Мен борса келмас, деган томонга бораман. Бахт-иқболимиз очилса, албатта, дийдор кўришармиз. Аммо ҳар кимнинг эрки ўзида. Ўз ихтиёри билан севганига турмушга чиқсин, — дебди. Муҳаббат эса:
— Майли мен “Борса даргумон”га бораман, опамиз Маҳлиё эса, “Борса келар”га борсин, — дебди. Бунга уч опа-сингил рози бўлибдилар. Ўша куни тоғ канорасига киришиб, ётишибди. Эртасига тонг отганда йўлга равона бўлибдилар. Маҳлиё “Борса келар”га, Муҳаббат “Борса даргумон”га, Иқбол эса, ”Борса келмас” деган йўлга равона бўлибди.
Иқбол йўл юрса ҳам мўл юриб, чўл-у биёбонлар ошиб, неча машаққат-кулфатларни бошдан кечириб, кунларнинг бирида қоронғи тушганда баланд тоғ этагидаги ўрмонзорга етиб борибди. Бир пана жойни топиб уйқуга кетибди.
Эрта тонг отиши билан Иқбол ўрнидан туриб атрофга қараса, баланд тоғлар, қалин ўрмонзорлар, кўм-кўк денгиздан бошқа ҳеч нарса кўзига кўринмабди, ҳатто қайси йўлдан келганини ҳам билмабди. Бир вақт узоқдан бир нарсанинг тебраниб ўзи томонга келаётганини кўрибди. Шу вақт опаларининг ўзаро қилган ваъдаларини ёдига олиб, “Нима бўлсанг ҳам сен биринчи учрадинг, сен меники, мен сеники” деб, келаётган нарсага қараб тураверибди.
Бир вақт ҳалиги нарса Иқбол томонга қараб кела бошлабди. Қараса, бир айиқ экан. Иқбол салом бериб айиқ ҳузурига борибди ва ўзига ҳамсояликка қабул қилишини сўрабди.
Айиқ Иқболни уйига бошлаб олиб борибди. Қиз айиқ билан бирга турмуш кечира бошлабди. Айиқ кечалари овга чиқиб, ён қўшни қишлоқлардан мол-матолар, сигир-қўйлар ўғирлаб келиб, шу билан бир неча йиллар кун кечирибдилар. Айиқ ўз ертўласини зеби-зийнатларга тўлдирган, қимматли бойликлар тўплаган экан. Иқбол бу буюмларнинг қайси юртдан, қандай оилани қақшатиб келтирилганига ачинар экан. Аммо айиққа бу тўғрида сўз очишга ботина олмас экан. Кундан-кун, ойдан-ой, йилдан-йил ўтиб, Айиқ билан Иқбол ўғиллик бўлишибди.
Туғилган боланинг белидан юқори қисми одам, пастки қисми жунли — айиқсимон экан. Бола кунда бир ўсар экан. Боланинг отаси айиқ эса, бу ҳолни кўриб, болага ўзини кўрсатмас, ҳар куни тонг отиши билан она-болани ғорда қолдириб тепасидан тегирмон тош билан бекитиб кетар экан. Иқбол ўз боласининг зерикмаслиги учун тошлар кўтариш, ирғитиш, қилич чопиш, от миниш, кураш каби ўйинларни ўргата бошлабди.
Ниҳоят ўн тўрт ёшга етганда бола онаси Иқболдан:
— Менинг отам борми? — деб сўрабди. Онаси:
— Отанг бор, бироқ у одам қиёфасида эмас, кечаси юрт талайди, кундузи ўрмонда ётади, — дебди. Бола бунга ғазабланиб, отасининг олдига бормоқчи бўлганда, онаси:
— Ғор оғзида тегирмон тош бор, уни кўтариб оча олмайсан, — дебди. Бола тош кўтариш ишига моҳир бўлганидан, тошни бир ҳамла билан кўтариб ғор оғзидан юз қадам жойга улоқтириб ташлабди-да, ўрмон томонга юра бошлабди. Ўрмонда ётган айиқ бу ҳолни кўриб, ғазабланибди ва болага ҳамла қила бошлабди. Шу вақтда кураш ва чаққонликка моҳир бўлган бола айиқни танимай, унга нисбатан хирс қилиб, курашда айиқни енгибди, натижада айиқни тош билан уриб ўлдирибди. Аммо ўрмонни кўп излаб отасини топа олмабди. Юриб-юриб кун кеч бўлганда онаси олдига келиб, қандайдир бир ҳайвон билан олишиб, уни ўлдиргани, отасини излаб топа олмаганини айтибди.
Бундан хабардор бўлган она боласи билан ўрмонга борибди. Ўлган ҳайвон отаси эканини болага билдирибди. Шундан кейин барча воқеадан Иқбол болани хабардор қилиб, ўз саргузаштини сўзлаб берибди.
— Болам, мен Канъон вилояти подшоҳининг қизи эдим. Менинг Маҳлиё, Муҳаббат номли опаларим бор эди. Отамиз золим, ўз эркимизга қўймаганидан, ота даргоҳидан чиқиб, йигит либосини кийиб, совут-қалқон тақиб, бедов отга миниб, борса келмасга ғозланиб, шу жойларга келганман.
Сенинг отанг — шу айиқ бу томонларга кимки келса ўлдирган, мол-мулкини талаб, ном-нишонини ўчирган. Шунинг учун бу ерларни, “Борса келмас” деб атаган эканлар. Опаларим Маҳлиё билан Муҳаббатлар бошқа йўлдан — “Борса келар”, “Борса даргумон” каби жойларга кетганлар, — дебди.
Шундан сўнг она-бола Канъонга қараб йўл олибдилар. Йўл юрса ҳам мўл юриб, Канъон вилоятига етиб борибдилар.
Она-бола Канъон вилоятидаги мусофирхонага тушибдилар ва ўзларининг Канъон шоҳиникига меҳмон бўлиш учун келаётганларини сўзлабдилар. Шунда бир донишманд қўшчи ҳўкизларини кўланкага боғлаб турган экан, мусофирхонага келиб тушган кимсанинг аёл эканлиги, олдидаги навқирон йигитча унинг ўғли эканлигини пайқаб, бундан бир неча йиллар илгари подшоҳнинг уч қизи ғойиб бўлгани, подшоҳ уларни топган одамга бўйи тенг зар тўкиб, шоҳликнинг ярмини бермоқчи бўлганини хотирлаб, подшоҳга бу хабарни етказибди.
Аммо подшоҳ бунга ишонмай, бу қўшчи ёлғон сўзлаб, подшоҳдан суюнчи оламан деган бўлса керак, деб дарҳол уни зиндонга ташлатибди.
Подшоҳнинг бир доно вазири бор экан. Бу қўшчи йигит ёлғон гапирмаса керак, деб бир амаллаб мусофирхонага бориб, ҳақиқатан подшоҳнинг кичик қизи Иқболнинг ўз ўғли билан ота юртига келганини билибди. Саройга келиб шоҳга бу воқеани айтибди. Подшоҳ севинганидан бутун мамлакатга хабар қилибди. Неча хил иззат-икромлар билан қизини подшоҳ ҳузурига олиб келибдилар. Подшоҳнинг ҳамма қариндошлари, хон-беклари, амир-амалдорлари қозикалон шариат пешволари йиғилишибди. Бу севинч шарафига катта базмлар ўтказишибди: Иқболнинг ўғлига “Холполвон” деб ном қўйибдилар. Иқбол ўз ўғли билан шоҳ саройида бир гўшада ҳаёт кечира бошлабди. Аммо Маҳлиё ва Муҳаббатлардан дарак топилмабди. Подшоҳ айтган ваъдасини вазирга беришга кўзи қиймай: “Қўшчи йигитнинг гапи рост чиқди, шунинг учун унинг бу хабари эвазига зар ва подшоҳликнинг ярмини беришдан ҳам аълороқ, уни зиндондан бўшатишга ижозат бераман”, дебди. Йигитни ўз ҳузурига чақириб, бундан кейин бировлардан эшитган гап учун подшоҳдан инъом оламан, деб ёлғон гапирмагин, сени ўлдирмоқчи эдим, бироқ раҳмим келиб, менинг ҳақимга дуо қилар деб, сени зиндондан бўшатдим, дебди. Йигит “қуллуқ” қилиб ўз юртига жўнаб кетибди.
Подшоҳ уч қизидан бирига эга бўлганига шукрлар қилиб, Холполвонни тарбиялай бошлабди. Хол полвон кундан-кунга, ойдан-ойга етилиб, катта бўлиб, кўча-кўйга чиқиб, ўз тенгқурлари билан ўйнаб юрибди. Кунларнинг бирида Холполвон кўчага чиқса, бир неча ёш йигитлар ошиқ ўйнаётганини кўриб, югурганича Иқбол олдига кириб:
— Менга ҳам ошиқ ясаб берасан, — дебди. Онаси унга ҳар бири бир ботмондан келадиган тўртта чўян ошиқ ясаб берибди. Холполвон ошиқларини кўчага олиб чиқиб ўйнаганида, ошиқ бир неча йигитларга тегиб кетиб кўпларни майиб қилибди. Орада катта жанжаллар чиқибди, Холполвонга ҳеч кимнинг кучи етмабди.
Ота-оналар подшоҳга шикоят қила бошлабдилар. Подшоҳ эса, сарой аъёнларини йиғиб, бу тўғрида кенгаш ўтказибди. Донишмандлардан бири туриб сўз бошлабди:
— Эй шаҳаншоҳи олам, дунёда ҳеч кимса ўз насл-насабини ўлдирган эмас. Кимсан Канъон вилоятининг подшоси арзимаган гуноҳ учун неварасини ўлдирибди, деган гап тарқалса, яхши бўлмайди. Ундан кўра, боланинг қонини тўкмасдан, уни узоқ сафарларга, борса келмас жойларга юбориш керак. У ўша томонларда номсиз-нишонсиз йўқ бўлиб кетсин, — дебди.
Подшоҳ бошқалардан ҳам маслаҳат сўрабди. Шу вақтда мажлисда ўтирган кишилардан бири ўрнидан туриб, подшоҳга қуллуқ қилиб, сўз бошлабди:
— Яхшиси, Холполвонни девлар мамлакатига юбориш керак, уни девлар ҳалок қилсин, онаси ўзини касалликка солиб ётсин. Бола ундан ҳол-аҳвол сўрайди. Шунда онаси, касали қаттиқлигини, девлар мамлакатида ўсадиган ҳаёт дарахтининг илдизи ва япроғини қайнатиб ичмаса, одам бўлмаслигини айтсин, дебди. Шундан кейин бола у ҳаёт дарахтининг илдизини излашга кетади, қайтиб келмайди. Шундагина маҳалла-кўй дод-фарёддан, подшоҳимиз эса арздод тинглашдан қутулади.
Бу маслаҳат подшоҳга маъқул тушибди. Бир вақт бола кўчадан келиб, онасининг қаттиқ касал бўлиб ётганини кўрибди. Бола касаллик сабабини сўраганда, девлар мамлакатидаги ҳаёт дарахтининг илдиз ва япроқларини қайнатиб ичса, тузалишини баён қилибди. Шу кундан бошлаб Холполвон ўша дарахтнинг илдиз ва япроқларини келтириш учун бошига темир дубулға, эгнига совут, оёғига ўттиз ботмон пўстакдан чўқай тикиб, қўлига қалқон олиб, девлар мамлакатига равона бўлибди.
Орадан кўп ўтмай, Канъон шоҳининг набираси Холполвон девлар мамлакатига юриш қилганмиш, деган гаплар тарқалиб кетибди.
Бу довруқни эшитган не-не паҳлавонлар ўзларини чоғлаб, белларини боғлаб, курашга ҳозирланиб, Айиқполвонни (Холполвонни) қидиришиб, юра берибдилар…
Айиқполвон йўл юрса ҳам мўл юриб, бир саҳрога чиқибди. Йўлда бир навқирон йигитнинг икки қўлида иккита тегирмон тошни кўтариб, уни олмадек осмонга отиб ўйнаб турганини кўрибди. Бола унга яқинлашиб салом берибди ва ундан бу тегирмон тошларни олмадек ўйнаб машқ қилиш сабабини сўрабди. Тош ўйнамоқда давом этаётган паҳлавон:
— Эшитишимга қараганда, Канъон вилоятидан бир Айиқполвон деган чиқибди. У жуда зўр паҳлавон эмиш. Ўша билан курашиш учун кучимни синагани мана шу тошларни ўйнаб машқ қилаётирман. Жуда катта бўлса, бир тегирмон тошининг оғирлигича бўлар-да, — дебди. Шунда бола:
— Эй, паҳлавон йигит! Мен ўша Канъон вилоятидан келаётирман. Ўша Айиқполвоннинг қўшниси бўламан. Ҳар замон курашга тушганимизда гоҳ у мени, гоҳ мен уни йиқитар эдим. Агар сен мени йиқитсанг, уни ҳам йиқитган бўласан, — дебди.
Шундан сўнг ҳар иккиси очиқ майдонда курашга тушибдилар, Айиқполвон тош ўйнаб юрган паҳлавонни кўтариб туриб ерга бир урганда, у тиззасигача ерга ботиб кетибди. Шунда:
— Ўша сен айтган Айиқполвон мен бўламан, — дебди. Тошчи полвон унга қойил қолибди ва иккови ака-ука бўлиб йўлга равона бўлибдилар.
Булар йўл юрса ҳам мўл юриб, бир тоғ оралиғига етиб борибдилар. Қарасалар, бир паҳлавон йўлларини тўсиб, бир тоғни иккинчи бир тоғ ўрнига ирғитиб, иккинчи тоғни эса кўтариб, ирғитиб, ўйнаб турган экан. Бу аҳвол сабабини сўраганларида, ҳалиги Тоғчи полвон:
— Канъон вилоятида бир Айиқполвон деган чиқибди. Ўша билан курашиш учун кучимни синамоқдаман, — дебди. Шунда Айиқполвон:
— Бўлмаса мен билан кураш туш, чунки ёшликда Айиқполвоннинг неча курашларида бўлганман. Гоҳ у мени, гоҳ мен уни йиқитар эдим. Агар мени енгсанг, албатта, Айиқполвонни ҳам енгасан, — дебди.
Улар кураш тушибдилар, Айиқполвон Тоғчи полвонни кўтариб туриб ерга бир уриб, кўкрагигача ерга ботириб юборибди ва ўзини танитибди.
Учала полвон дўст бўлишиб, яна узоқ йўлга жўнабдилар.
Тун қоронғисида бир қишлоққа етиб борибдилар, шу қишлоқда тунамоқчи бўлишибди. Бир чолга дуч келишиб, ундан бирор кеча ётиб кетиш учун жой сўраганларида, ҳалиги чол:
— Болаларим, мен сизларга жоним билан жой бераман. Бироқ бу жойларда кундузи дев, кечаси эса ўғрилар тинчлик бермайди. Шунинг учун далада қўш ҳайдасак ҳам ҳеч товуш чиқармаймиз, қоронғи тушиши билан уйларимизга кириб, навбатчилик билан тонг оттирамиз. Шунинг учун сизларга ҳам жой тўғрисида аниқ жавоб бера олмайман. Агар таваккал десаларинг, майли, — дебди.
Бунга йигитлар рози бўлибдилар. Айиқполвон чолга шу қишлоқни хавф-хатардан сақлаб, сўнгра йўлга чиқишини билдирибди. Чолнинг уйида уч кун тунабдилар. Кундуз кунлари овга чиқибдилар. Кунлардан бир куни чол бу уч баҳодир йигитдан қандай мақсад билан, қаердан келаётганларини сўрабди. Айиқполвон девлар мамлакатига ҳаёт дарахтининг илдиз ва япроқларидан олиб келишга кетаётганини айтибди. Шунда чол:
— Сизлар бормоқчи бўлган манзил кўп машаққатли йўлдир. У ерга фақат девларни миниб бориш керак. Ўзларингизга қирқ кунлик оби-овқат ғамлашингиз шарт. Бизнинг жойларни вайрон қилаётган девлар ҳам ўша мамлакатдандир, — дебди. Йигитлар чолнинг уйида уч кун тунаган бўлса ҳам, ҳеч қандай душманни учратмабдилар. Шу кунларда дев ва ўғрилар ён қўшни қишлоқларни хонавайрон қилганлиги ҳақидаги хабар тарқалибди.
Айиқполвон чолдан бу хабарни эшитиб, оби-овқат ғамлаш мақсадида далага чиқиб кетибди. Эрталаб учовлон овга чиқибдилар. Кўп илвасинлар овлабдилар. Ниҳоят қоринлари очганда бир кўприк олдига бориб етибдилар. Қарасалар, бир туп чинор дарахти ўсган, таглари салқин, супалар кўтарилган, ўчоқлар қазилган, қозонлар тўнтарилган жой. Дала туздан ўтин йиғишиб, ов-ўлжаларини қўйишиб, Тошчи полвонни ошпаз қилиб қолдириб, Тоғчи полвон билан Айиқполвонлар овга кетишибди. Тошчи полвон шўрвани пишириб турган пайтида, кўприкнинг тагидан бўйи бир қарич, соқоли қирқ қарич бир нарса “қий-қи-қий” деб чиқиб келибди-да, соқолининг бир мўйи билан ҳалиги Тошчи полвоннинг қўл-оёғини маҳкам боғлаб, қайнаб турган шўрвани ичиб, суякларини пуркиб кетибди.
Айиқполвон билан Тоғчи полвон овдан кўп илвасинлар ушлаб келса, қозонда шўрва йўқ, Тошчи полвон қўл-оёғи боғланган ҳолда ётибди. Тошчи полвон воқеани сўзлаб берибди. Бу гал ошпазликка Тоғчи полвонни қолдириб, Айиқполвон билан Тошчи полвон овга кетибдилар. Бу сафар ҳам илгаригидек ҳол рўй берибди. Тоғчи полвоннинг қўл-оёғини боғлаб, шўрвани бояги махлуқ ичиб кетибди. Аммо унга Тоғчи полвоннинг кучи етмабди. Ниҳоят, учинчи куни навбат Айиқполвонга келибди.
Айиқполвон илвасинларни тозалаб, шўрвага солиб пишириб, тура берибди. Бир вақт қараса, кўприк остидан бўйи бир қарич, соқоли қирқ қарич бир махлуқ чиқиб, тўғри Айиқполвоннинг олдига келиб:
— Йигит, шўрвангиз пишдими?— деб сўрабди.
— Ҳа, пишди, — деб Айиқполвон бир косага шўрва қуйиб берибди. Шўрвани ҳалиги махлуқ бир ҳўплабди. Соқолидан юлишга ҳаракат қилаётганини сезиб қолган Айиқполвон бир тарсаки билан уни ўлдирибди. Шу вақт овдан келаётган Тошчи полвон билан Тоғчи полвон ўзаро сўзлашиб, у махлуқ Айиқполвонни ҳам боғлаб кетади, Айиқполвоннинг ҳам кучи етмайди, агар боғлаб кетса, Айиқполвонни ўлдирамиз, унга қарамликдан қутуламиз, — деган маслаҳат билан келишиб қарашса, шўрва пишган, Айиқполвон кулиб ўтирган эмиш.
Ҳалиги махлуқ эса қозон бошида ўлиб ётган эмиш. Шундан сўнг учовлари шўрвани ичибдилар, қоринларини тўйдирибдилар, кейин овга чиқиб кетибдилар.
Йўлда бир чоҳга учрабдилар. Бу чоҳ ниҳоятда чуқур, аммо тагидан жаранглаган, хўрозлар қичқирган овоз эшитилибди. Бу чоҳнинг сирини билиш учун унинг ичига тушмоқчи бўлибдилар.
Турли ўсимлик ва дарахт қобиқларидан арқон эшиб, энг аввал Тошчи полвонни чоҳга ташлабдилар. Аммо у чоҳнинг ярмига етмасдан, иссиқлик ҳароратига чидай олмасдан додлай бошлабди. Уни чоҳдан тортиб олибдилар. Ундан сўнг Тоғчи полвонни ташлабдилар, у ҳам чоҳнинг иккинчи қисмига борганда иссиқлик ҳароратига чидай олмай додлай бошлабди. Уни ҳам чоҳдан тортиб олишибди. Навбат Айиқполвонга келганда, у:
— Мен қанча дод-фарёд этсам-да, чоҳнинг тубига етмагунимча, бу ёққа тортиб олманглар, — дебди.
Шундан кейин Айиқполвонни чоҳга туширибдилар. Чоҳнинг иссиқлик ҳарорати қанча кўп бўлмасин, Айиқполвон бардош берибди. Ниҳоят чоҳнинг тагига етибди.
Айиқполвон чоҳнинг тагига тушиб қараса, қуёш шуъла сочиб турган бир мамлакатга бориб қолибди. Йигит саёҳат қилиб юриб бир жойга борса, бир бино ичида гўзаллар гўзали бўлган бир қиз олтин сандиққа суянган ҳолда йиғлаб ўтирган эмиш. Йигит уни кўрибди-ю, ошиқ бўлиб қолибди. Қиздан бу мамлакатнинг отини ва нима учун бу ерларда ёлғиз ўтирганини сўраганда, у ўзининг бир подшоҳ қизи бўлганини, бу ерга сеҳр билан бир дев олиб қочиб келганини, бу мамлакат эса, девлар макони эканини сўзлабди.
Йигит қизни ёруғ дунёга чиқариб, сўнгра у билан турмуш қуриш орзусини сўзлаганда, қиз:
— Бу ерлардан одамзод қочиб кетолмайди.— дебди.
Йигит у қизни олтин сандиққа солибди, ғор оғзига келиб сандиқни арқонга боғлаб, шерикларига ишора қилибди. Шериклари сандиқни чоҳдан тортиб олибдилар-у, унинг кетидан чиқаётган Айиқполвон осилган арқонни узиб юборибдилар.
Айиқполвон ер юзига қайтиб чиқиш иложини тополмабди. Ер остидаги мамлакатни кеза бошлабди. У ерда турли-туман нарсаларни кўрса ҳам, инсонни учратмабди. Кунлардан бир кун ғамгин бўлиб ўтирган пайтда бир чол учраб:
— Ҳа бўтам, нимага ғамгин бўлиб бу ерларда адашиб юрибсан? —дебди. Айиқполвон ўзининг бошидан ўтган воқеаларни чолга сўзлаб берибди. Бунга раҳми келган чол:
— Бу ерда яна қирқ кун турсанг, девларга ем бўласан. Чунки бу жойлар девлар мамлакати. Девлар уйқуга кетган. Яна қирқ кунда уйғонадилар. Мана бу баланд тоғ тепасига чиқиб қарасанг, бир туп чинор кўринади. У чинорга семурғ уя солган. Ҳар йили иккита бола очади. Боласини бир аждар еб кетади. Яна йигирма бир кунда аждар чинорга ёпишади. Уни ўлдирсанг, эҳтимол, болаларини ўлимдан сақлаганинг эвазига семурғ сен излаган ҳаёт дарахтини топиб берар, — деб кўздан ғойиб бўлибди. Йигит чол кўрсатган томонга борибди. Йигирма бир кун пойлаб, ниҳоят, чинорга аждар ёпишган пайтида камонидан ўқ узиб, уни йиқитибди, сўнгра қиличи билан чопиб ташлабди. Бу аҳволдан шодланган қуш болалари ғазаб билан учиб келган онасига, одам боласининг қилган яхшилигини сўзлабди. Шунда семурғ ҳам йигитга яхшилик қилмоқчи бўлибди. Айиқполвон:
— Мени ер юзига чиқариб, ҳаёт дарахти қаерда эканлигини кўрсатиб қўй, — дебди.
Семурғ йигитни қанотлари ўртасига миндириб, парвоз қилибди. Узоқ учиб бориб бир манзилга етибди, бир тоғ устига тушиб:
— Энди кўзингни оч, ер юзига чиқдинг. Сен истаган ҳаёт дарахти ер юзида. Шу тоғнинг кун чиқишига қараб юрсанг, боши кўкларга етгундай бир дарахт бор. Шу дарахт атрофида одамлар деҳқончилик қилади. Ўша деҳқонлардан сўрасанг, муродингга етасан. Менинг бошқа сўзим қолмади, — деб учиб кетибди.
Йигит тоғнинг кун чиқиш томонидаги бир жойга бориб қараса, бир деҳқон қўш ҳайдамоқда экан. Йигит деҳқонга салом бериб “Ҳорманг, ота”, деганда у:
— Болам, секин товуш чиқар, бу ерлар жуда хатарли. Бирор шарпа эшитилгудай бўлса, девлар чиқиб, ҳаммамизни ҳам еб кетади, — дебди. Йигит:
— Ота, мен очман, овқат топиб беринг, мен қўшингизни ҳайдаб турай, — дебди. Деҳқон овқат келтиришга кетибди. Йигит баланд овоз билан “Хўш, хўш!” — деб ҳўкизларни ҳайдаётганда икки дев югуриб келиб, йигитга ҳужум қила бошлабди. Йигит эпчиллик билан икки девнинг қулоқларидан маҳкам ушлаб, ҳўкизлар ўрнига омочга қўшиб, деҳқоннинг ерларини ҳайдаб тамомлаб, бўш ётган қўриқ, адир ва қирларни ҳайдай бошлабди. Деҳқон бу ишни кўриб, севинибди. Йигит, девларнинг бурнидан занжирбанд қилиб, бир дарахтга боғлаб, бироз овқатланибди-да, деҳқонга:
— Мана энди бемалол экин эка берасизлар! — дебди. Деҳқон севинганидан йигитни нима билан хурсанд қилишни билмай қолибди.
Шунда йигит:
— Ота, менга ҳаёт дарахтини кўрсатинг, унинг илдиз ва япроқларидан олай, тезроқ олиб бориб, онамнинг касалини даволай, — дебди.
Шунда деҳқон:
— Болам, ана шу кўриниб турган улкан дарахт ҳаёт дарахтидир. Унинг соясида доим девлар ётганидан ҳозиргача ҳеч ким ундан баҳраманд бўлолмаган. Мана энди сен девларни бандга солдинг, бизни ҳам хавф-хатардан қутқардинг, бироқ уни узоқ йўлга кўтариб бора олармикинсан? — дебди. Шунда йигит дарахтни илдиз-пилдизи билан девларга ортиб, устига ўзи ўтириб, она юртига равона бўлибди.
Бир неча манзил йўл юриб, бир жойга келса, икки киши ўртага бир нарсани қўйиб, ўзаро муштлашмоқда экан. Улар томонга яқин борса, бояги ўзининг шериклари Тошчи полвон билан Тоғчи полвон муштлашмоқда. Улар чоҳдан чиқарилган олтин сандиқни талашиб, бир неча кунлардан бери урушмоқда эканлар. Бу ҳолни кўрган Айиқполвон вафосиз дўстларини шу жойдаги чоҳга ташлаб юборибди. Сандиқни ҳаёт дарахти устига юклаб, дастлаб уч кун тунаган чолнинг уйига келибди. Унга бўлган воқеаларни айтибди. Чол ҳам энди тинч яшаётганларини айтиб, йигитга миннатдорчилик билдирибди.
Йигит хайрлашиб, ўз юртига жўнабди. Айиқполвоннинг келаётганини эшитган сарой аҳллари саросимага тушибди. Неча кун, неча вақт йўл юриб, Айиқполвон Канъон шаҳрига кириб келибди.
Тумонат одам кўчага чиқиб қараса, бир катта дарахтни девларга судратган, тепасига олтин сандиқ ортган Айиқполвон эсон-омон келаётган эмиш.
Дарахт тор кўчалардан зўрға сиғиб, ҳамма ёқни теп-текис қилиб, Канъон вилояти шоҳининг саройига етиб келибди. Бола уйга кириб онаси билан кўришибди. Ҳаёт дарахтини келтирганини сўзлабди.
Айиқполвон девларни отхоналарга боғлаб ташлабди. Бундай аҳволни кўрган сарой аҳллари яна Айиқполвонни йўқотиш чорасини қидирибдилар. Аммо Айиқполвон бундан хабардор бўлиб, уларга қарши курашибди. Орада уруш бошланибди. Айиқполвон подшоҳнинг бутун аскар-лашкарини қириб ташлабди. Онасининг илтимоси билан Маҳлиё ва Муҳаббат номли холаларини ҳам не-не машаққатлар билан топиб келибди.
Уларни ўз юртига келтириб турмушга чиқарибди. Айиқполвон эса асир тушириб келтирган девларини қўшга қўшиб, бутун қишлоқнинг ерларини ҳайдаб, юкларини ташиб, олтин сандиқда келтирилган маликага уйланиб, жуда тинч ҳаёт кечира бошлабди. Бутун мамлакат халқи Айиқполвонни севиб қолибди.