Зулфия Мўминова 1959 йил 15 июлда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1985). Дастлабки шеърий тўплами — «Ватан ташлаб кетмайди» (1888). Шундан сўнг шоиранинг «Бешикларни асрагин, дунё» (1988), «Ёнаётган аёл» (1993), «Азизим, бахтиёрман» (1997) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Дўстлик» ордени билан тақдирланган (2000).
* * *
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб.
Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,
Дунёни олиши мумкин жилмайиб.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Гар кўзлари кулиб турса-да,
Бўғзининг остида неча минг ҳасрат,
Ой юзлари кулиб турса-да…
Кўнглини кўтаринг ҳеч бўлмаганда,
Қўлини силашга шафоат топинг.
Йиғлаб турганида ҳеч бўлмаганда,
Ёшини артишга мурувват топинг.
Ногоҳ ерга тушса оппок рўмоли,
Босиб ўтмасликка шафоат топинг.
Чақалоқ ялаган этакларини
Тоза деб айтишга адолат топинг.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб.
Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,
Дунёни олиши мумкин жилмайиб.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Иллоҳи нур топинг, ҳидоят топинг.
Иллоҳи бахт берган аёл ёнидан
Бахтиёр ўтмокқа иноят топинг.
Иллоҳи қалқонсиз, иллоҳ қўрғонсиз
Ғийбатлар йиртмасин кўйлаккинасин.
Иллоҳи ҳушёрсиз, иллоҳ бедорсиз,
Итлар тишламасин юраккинасин.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Тоғ қимирлаб, тошлар сўзга кирса-да,
Аёлга бахт беринг, саодат беринг, –
Олтмишга кирса-да, юзга кирса-да.
* * *
Мана турна қайтди, қайтди қумрилар,
Қай дарахт йиқилди, қай тош сурилди,
Бошга тушганини кўз-ла кўрилар,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.
Қай кун турна қайтди, онам қайтмади,
Кўнгли ярим-ку, деб ҳеч ким айтмади.
Дунё васлу, видо учрар байтмиди,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.
Умр – маҳзунгида матал, кутайлик,
Эшиклар ёнида маҳтал, кутайлик,
Турналарни тўрткўз тугал кутайлик,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.
Мен кўнглимнинг қули, ўзинг ҳушёр бўл,
Менга тош отсалар, тани девор бўл.
Дўстим, сен ўлмагин, ёнимда бор бўл,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.
Изласак – анқо не, анқо топилар,
Ҳар кимга бир жони фидо топилар,
«Одам топилмайди, дунё топилар»,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.
Гоҳ билиб-билдирмай ўтар одамлар,
Сувга кетган каби кетар одамлар,
Дунё барчамизга етар, одамлар…
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.
ВАТАН
Шу Ватанни севаман жондан,
Севдим – яна гўзал бўлди у.
Оққуш бўлди ҳар тушган қори,
Ҳар ёмғири асал бўлди у.
Қўлимга сув қуйди булоғи,
Шамоллари тугдилар сочиқ.
У қўлини очгани сайин,
Йўли бўлди шунчалар очиқ.
Шу Ватанни севаман жондан,
Севдим – яна дилбар бўлди у.
Оқ каптарлар – опам, синглиму
Жайронлари жигар бўлди у.
Гулзор ичра хонқизчалари
Лабин қўйди бармоқларимга.
Мусичаси тунлари юввош,
Юриб чиқди қабоқларимда.
Шу Ватанни севаман жондан,
Севдим – бахти бекам бўлди у.
Бўричалар эмишганларим,
Қоплонлари акам бўлди у.
Шу Ватанни севаман жондан,
Севдим – қатра қоним бўлди у.
Кўзим, сўзим, умри баёним,
Жоним бўлди, жоним бўлди у.
ФОЗИЛ ЭЛ ТАРАФДАМАН
Қайдасан, деб сўрмагин,
Мен кўнгил тарафдаман,
Сен менинг жонимдасан деган
Ширин тил тарафдаман.
Қирмизи қабокдаман,
Қизил гул тарафдаман,
Баргида дурри шабаррўз
Атиргул тарафдаман.
Чучмомалар чироқ ёққан
Нурли йўл тарафдаман.
Ўзбекистон, деб куйлаган
Шод булбул тарафдаман.
Ойдин оқшом ғазал айтган,
Ойдин дил тарафдаман.
Паришталар олма отган
Ойнакўл тарафдаман.
Девонаи далли эмас,
Соф ақл тарафдаман,
Навоийда, Яссавийда,
Мен Бедил тарафдаман.
Байрамдаман, хуррамдаман,
Тўй, сайил тарафдаман.
Юртни ғафлатдан уйғотган
Фозил эл тарафдаман.
Қайдасан, деб сўрмагин,
Мен кўнгил тарафдаман,
Сен менинг жонимдасан деган
Ширин тил тарафдаман.
Қирмизи қабоқдаман,
Қизил гул тарафдаман,
Баргида дурри шабаррўз
Атиргул тарафдаман.
АЛИШМАСМАН
Жоним Ватан, жон томиринг
Тиллоларга алишмасман.
Широқ ўтган саҳроларинг
Дарёларга алишмасман.
Кўзим Ватан, қаро кўзинг
Қиёларга алишмасман.
Қаҳратонда қорларининг
Жавзоларга алишмасман.
Навоийнинг ҳасратларин
Ҳаволарга алишмасман.
Шоҳ Бобурнинг фурқатларин
Рўёларга алишмасман.
Қадрим Ватан, дил дафтаринг
Иншоларга алишмасман.
Занги отам дуоларин
Шифоларга алишмасман.
Жоним Ватан, жон томиринг
Тиллоларга алишмасман.
Широқ ўтган саҳроларинг
Дарёларга алишмасман.