Зулфия (Исроилова) 1915 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1965). Меҳнат Қаҳрамони (1984). Шоир Ҳамид Олимжоннинг рафиқаси. Хотин-қизлар педагогика билим юртини тутатган (1931-34). Дастлабки шеърий тўплами – «Ҳаёт варақалари» (1932). «Темирой» (1934), «Шеърлар», «Қизлар қўшиғи» (1939), «Уни Фарҳод дер эдилар» (1943), «Ҳижрон кунларида» (1944), «Ҳулкар» (1947), «Ўйлар» (1965), «Висол» (1972), «Йиллар… йиллар» (1975) каби шеърий тўпламлар муалли-фи. Болаларга бағишлаб туркум шеърлар хдм ёзган («Лолакизғалдок», 1975). Н. А. Некрасов, М. Ю. Лермонтов, В. Инбер, Л. Украинка, М. Дилбозий, А. Притам асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Халкаро Жавохарлаъл Неру (1968), «Нилуфар» (1971) мукофотлари ҳамда Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1970) лауреати. Шунингдек, у Болгариянинг «Кирилл ва Мефодий» (1972) орденига сазовор бўлган. 1996 йил 1 августда Тошкент шаҳрида вафот этган.
БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ
Салқин саҳарларда, бодом гулида
Бинафша лабида, ерларда баҳор,
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор…
Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.
Мана, қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
У ҳам ёш тўқдию, чекилди нари.
Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чикди.
Ёзиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.
Топмай, сабри тугаб бўрон бўлдию,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.
Қирларга илк чиққан қўйчивонлардан
Қайда шоир, дея айлади сўроқ.
Барида сукунат, маъюслик кўриб,
Ҳориб-чарчаб келди, тоқатлари тоқ…
Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан,
Сингиб ёш куйдирган заъфар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.
Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлдию, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб:
«Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан
«Бахтим борми дея, яккаш сўроқлаб».
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?
Ўрик гулларига тўнмайди нега,
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх нашидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?
Қандай ишкқа тўлиб боқарди тонгта,
Камол топтирарди кенг хаёлимни.
Унинг рангдор, жозиб қўшиғида
Мудом кўрар эдим ўз жамолимни.
Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол?
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонҳол?»
Қандай жавоб айтай лолдир тилларим,
Баридан тутдиму, келдим қошингта.
У ҳам ғаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.
Аламдан тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этдилар чок-чок.
Гулу райҳонларнинг таралди атри
Самони қоплади майин бир қўшиқ
Бу қўшиқ нақадар ошино, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.
Баҳорга бурканган, сен севган элда
Овозинг янгради жўшқин, забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.
Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!
МЕН ЎТГАН УМРГА
Ҳаёт китобимни бехос варақлаб,
Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.
Табассум ўрнида кулдим чарақлаб.
Суйиш керак бўлса – телбача суйдим.
Кийганим ипакми, читми ё кимхоб,
Юрак бойлигидан қилмабман парво.
Мени оғушлаган ҳаёт нақ офтоб,
Янги қўшиқ талаб унда ҳар сабоқ.
Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим,
Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:
Суйдим,
Эркаландим,
Айрилдим,
Куйдим,
Иззат нима – билдим.
Шу-да бир яшаш!..
СОҒИНИБ
Шу кунларда баҳорга зорман,
Навжувонлик ўти танда йўқ.
Куз сингари заъфар рухсорман,
Мевалар ҳам шохлардан узуқ.
Шу кунларда баҳорга зорман,
Танхасталик эзади руҳим.
Танҳо эмас, қаторда борман,
Яна нени излайди суқим?
Шу кунларда баҳорга зорман,
Шаффоф, ёрқин куй тилар кўнгул.
Яхшиямки, қаламга ёрман,
Сўзлаб турар бор дилимни ул.
Шу кунларда баҳорга зорман,
Ўз баҳорим каби бемисол.
Баҳор қайтмас, ёнувчи қорман,
Ё нўноқ қўл бутаган ниҳол.
Шу кунларда баҳорга зорман…
БАЛКИ
Кўзингда чақмоққа ўхшаш ўтли нам,
Рангинг синиқиши, лаб титраши сир.
Балки, ҳисни бўғиб, иродангга жим
Ёлворасан, куч бер, бўлмай деб асир?
Кўмиб юбормоқчи сен тул ёшлигинг,
У – фақат яшнашга қодир табиат.
Балки, бахт бекаси атаган кишинг –
Руҳи ҳам истамас хазонинг бевақт?
Билсанг, дарахтни синдирар бўрон,
Ниҳол бўлса, яна ўсар гуркираб.
Балки, йўқ таъналар, андиша, гумон,
Бахтга ҳаққинг ютар, дилинг зирқираб?
Ярим тақдир гўё синиқ кўзгумиш,
Ҳаёт тақозоси бахт бекамликдир.
Балки, тўкқиз гулинг билмасдан сўлиш,
Пок ҳиснинг амрига кирмак керакдир?
ҚАЙДА ЎЗ СЕВИНЧИМ…
Ўқилмаган мактуб,
Тақилмаган зийнат
Нодаркорлар ичра ётар кесакдай,
Узоқроқ,
Хилватроқ кунжакка иргит
Нақ жарроҳ пичоғи – кайфинг кесардай!
Шундай ҳам нобутун кўксинг қўйсин тинч!
Туҳфалардан баланд,
Синчковликка ёт,
Севинч!
Қайда ўша қайтмовчи севинч?
Қўлга тутолмагум бебаҳо бисот!
ҚАТРА
Кўздан, сўздан, қўллардан узоқ
Букун сенга тўлар эллик ёш.
Гўё майса эллик ёшлик нақ —
Эллик ёшдай боқади қуёш.
Қалам, қоғоз ёзув ҳам гўё
Эллик ёшли етук ва яқин.
Ҳамма реал, хаёл ва рўё,
Ҳижрон, севги, ёғин ва чақин.
(О, араблар! Тасанно сизга,
Ҳикматингиз келди менга қўл.
Дебсиз. «Энг чўнг, узоқ масофа
Дил билан дил аро ётган йўл».
Шу чўнг, узоқ йўл бошидан ман,
Интиламан қалб билан қалбга.
Мен шеърдан кўприк ташлайман
Узр айтиб доно арабга).
Понамисол ёриб тақдиринг
Мен кирмайман уйингга зинҳор,
Зеро, ҳеч он бахтинг ва меҳринг,
Фикринг чулғаб бермадим озор.
Лекин букун дўсту рақиб жам,
Хо, дўст деб сев, хо рақиб деб қув,
Эртакларда бўлгандай мен ҳам
Келдим, бўлиб дилингга ғулув.
Даркор эмас на пойгаҳ, на тўр,
Қатрага барг ҳам, коса ҳам жой…
Энди сени азоб ва ҳузур
Гирдобига олар ҳойнаҳой.
Бўш қадаҳни қўясан секин,
Шуҳрат-ҳурмат ва шаробдан маст.
Недур сенга етмайин лекин.
Бир нуқтага боқасан лоқайд,
Гўё ҳамма ғойиб бўлгандай
Бирдан ўзинг сезасан ёлғиз.
Қўл чўзасан сипқормак-чун май,
Май тутайди ўтсиз, оловсиз.
Тутамоғи этар бетоқат
Ва кайфингдан қолмайди асар.
Чунки қадаҳ тубида томчи
Бир булбулнинг кўз ёши қадар —
Шаффоф, қуруқ, оташга тўлиқ
Алангасиз туради ёниб,
Унда шодлик, кайфу сафо йўқ.
Ичолмайсан бу майни қониб.
Ким билар, у не? Жигар қони,
Йиғланмаган кўзинг ёшими?
Ё бўсадан ёт лаб фиғонин
Ўт жисмига яширинган нами?
Ё қўрқоқ ишқ заиф журъатнинг
Икки бошга солган қамчиси.
Ё аёлнинг қалби ҳовурининг
Музга тегиб синган томчиси.
Нима бўлсин, шу етим қатра,
Менман, менман, мен ўзим фақат,
Сен бу тутоқ оловдан сақлан,
Ичма, бу май на кайф, на-да бахт!
1962
МУШОИРА
Гўзал тупроқ узра қуйилди оқшом,
Кундуз олар дам,
Жўшқин мушоира этади давом,
Дўстим, кел сен ҳам!
Бунда узоқдаги дўст бўлар яқин,
Санъат, маҳоратнинг байрами бунда.
Қофия, сўз, мисра баҳслари қизғин,
Юраклар даврага киради бунда.
Қай дил чамани бой, жозиб нафаси,
Кимнинг фикри ўткир, теран, бокира?
Бу гурунг – шоирлар мусобақаси –
Шарқ шеърий чамани, бу мушоира!
Ҳинд тупроғи узра қуйилиб оқшом,
Кундуз олгач дам,
Жўшқин мушоира этади давом,
Дўстлар бўлиб жам.
Юраклар жўр экан, овоз ҳамоҳанг.
Зарра эҳтиёж йўқ муҳташам залга.
Бу шеър боғига гўзал, ранг-баранг
Қўшиқ солиб келган ҳар шоир дилга.
Нил қудратин жўшиб куйлар бир шоир.
Ўзгаси Ганг мисол қилар замзама.
Фақат манго нусха ажойиб чодир
Бу гўзал даврага ажиб бошпана.
Бенгал кўрфазидай кўк эди оқшом,
Атрофда табиат оларди нафас,
Ранг-баранг чироқлар шуъласи бесон –
Осмон кўзларида этар эди акс.
Салқин соҳиллардан эсган шаббода
Гоҳ олиб келарди гуллар бўйини.
Гоҳ ҳинду қиз куйин, гоҳ яқин боғда –
Сайраган анвои қушлар куйини.
Лекин ҳоким эди даврада илҳом
Ва жасур қалам.
Жўшқин мушоира этарди давом,
Дўстлар бўлиб жам.
Ўзбек супасидай саҳнада гилам
Чироқда ёнарди гўё камалак,
Меҳру муҳаббатин кўрарди баҳам
Ҳақиқат ва нурга интилган юрак.
Саҳнага чиқарди сипо ва вазмин
Чинор ҳам, ниҳол ҳам шеър чаманидан.
Кекса-ёш отаю фарзанддай яқин
Ёнма-ён дўстликнинг бу байрамида!
Шарқнинг ҳам бузилмас одатлари бор,
Ҳиндлар удумига қиламиз амал.
Чордона қурамиз меҳмон ва мезбон
Камалакранг гилам узра бемалол.
Пойгакда ечилган хил-хил пойафзал,
Менинг назаримда ўзи бир дунё.
Ҳар бири ўзида меҳнат ва гўзал
Эли тупроғини келтирган гўё.
Ажиб Ҳиндистоннинг моҳир, миришкор
Косибин санъатин қилиб намойиш –
Ҳиндлар сандаллари тизилган қатор.
(Сандал дарахтидан ясалган эмиш.)
Жуда соз! Албатта кийиб бирини,
Сафарга дўстлар-ла мен ҳам чиқаман.
Ҳар қўлга тутқазиб халқим меҳрини,
Буюк Ҳиндистонни яёв кезаман!
Хитойнинг бежирим, Боғдоднинг пухта
Оёқ кийимлари турар ёнма-ён.
Қарайман, Цейлон бор ва бошқа жуфтда
Эрон косибининг санъати аён.
Мўғулча этиклар Панжоб кафшига
Эртак сўзлагандай эгилиб турар…
Кўзлар қувонади инсон ишига,
Шод этар тупроғу меҳнат ва ҳунар.
Сўнгра теваракка сездирмай секин
Мен ҳам ўз туфлимга ташладим кўзим.
Ёмон эмас, Аҳмад, моҳир, камтарин
Ватандош, ишингга олқиш ўқидим.
Биламан, сенинг ҳам бунда дўстинг бор,
Балки Бомбейда у, балки Кашмирда.
Қаерда бўлмасин худди сен мисол
Яшайди даврада янграган шеърда!
Чодир ичи гавжум, кўзлар мунтазир,
Микрофон олдида давра соҳиби:
Кумушдай сочида жилваланар нур,
Кўзида ёшликнинг сўнмас ёлқини.
Неларни кўрмади бу кўзлар? Юртда
Кўз ёши дарёдай оққанин эслар,
Ирода ва умид тобланиб ўтда,
Қари ҳақсизликни ёққанин эслар.
Энди Ҳиндистони устида офтоб,
Шунинг-чун ёш, дадил, мунаввар боқар,
Бизни шеър баҳсига қилади хитоб.
Қўшиқ юраклардан дарёдай оқар.
Гўзал таржимондир зангори оқшом,
Ҳар юрак ҳамдам.
Бизнинг мушоира этади давом,
Дўстим, кел сен ҳам!
Мана, мусиқадай, севгидай майин,
Даврага киради Панжоб булбули.
Нафис сатрлари ёниқ ўтдайин,
Жасур жаранглайди оналик дили.
Шеър ўқийди Непал, Вьетнам, Хитой,
Рус, тожик ўқийди шеърини сарбаст.
Қора алангадай соқолли сингхлар
Қордан оқ либосли бенгаллар, ҳиндлар,
Завқидан тебраниб нақ тўлқинли сой,
Тингларди ҳаяжон оғушида маст.
Қўшиқ-чи?
Гоҳ кураш,
гоҳ қиз севгиси,
Гоҳ кўкдан нон кутиб кўр бўлган нигоҳ,
Гоҳ гўдак кулгиси, гоҳ банан иси,
Сурмали кўзларнинг нози бўлиб гоҳ;
Гоҳ бўғиқ ҳақиқат дод, ҳайқириғи,
Гоҳи юлдуз каби йироқ, ёрқин бахт.
Қулликка санчилган ғазабнинг тиғи,
Гоҳ эрк тантанаси берган адолат –
Осиё, Африка картаси бўлиб,
Ҳаёт аламига, бахтига тўлиб,
Кириб келар эди дилдан дилларга.
Еллар мисраларни диллардан юлиб –
Миллион йўллар билан бутун элларга.
Кетарди гўё бир самимий сайёҳ,
Ёлқин қанотида дўстлик ва меҳр,
Гўё шарқликларнинг бахтига гувоҳ,
Ғарбни чорлар эди даврага шеър.
Эй латиф, фусункор ҳинд оқшомлари,
Не сеҳр бор эди зангор қўйнингда?
Тингловчи ва шоир ҳаяжонлари
Бир улкан қалб бўлиб тепар тўлқинда.
Янги куй, янги ўй олиб шоирлар,
Даврага келарди, келарди ҳамон.
Дилларни пайвандлар эди сатрлар
Дўстлик, қардошликнинг кўпригисимон.
Ёру биродарнинг меҳрига сероб.
Юракдай даврамиз борар кенгайиб,
Жафокаш қонига солиб офтоб,
Кўзида қалбининг оқлиги ёниб –
Африка фарзанди ўқийди шеър,
Ирмоқдай қуйилар тинчлик сўзлари,
Ором оғушига кирган бўлар ер,
Ёрқинроқ чақнайди кўк юлдузлари.
Сен эрмак эмассан, сен – нон, сен – ором,
Орзу покиза.
Сен Ҳаёт! Ҳаётни куйла сен мудом,
Эй, мушоира!
Сен чорла, овозинг эшитсин жаҳон!
Шеърнинг уриб турган юраги бўлиб,
Ҳаётнинг энг ажиб куйига тўлиб
Даврамизга кирсин ишчи ва деҳқон,
Ҳаёт санъаткори энг оддий инсон.
Балки у шеър ёзиб, ўқимаган ҳам,
Ижоднинг лаззатли дарди бегона.
Кураши – қалбида қайнаган илҳом,
Китоби – эркка ишқ, орзу ва ғоя.
Майли, ўрин олсин, бу шонли сафдан,
Шоирлар куйига бўлсин ҳамовоз.
Меҳнат-ла яратган саодат, бахтдан
Нақл этган мисралар кенг қилсин парвоз.
Ҳаёт гўзаллиги шеъриятининг
Ёниқ нафасига тўлсин бу жаҳон.
Хавфдан халос бўлган башариятнинг
Қўшиғин тўқисин озод, тинч инсон.
Даврамиз меҳрга тўлиқ бир олам,
Дўстлар бари жам,
Буюк мушоира этади давом,
Келингиз сиз ҳам!
1958
ХОТИРАМ СИНИҚЛАРИ
Достон
Ҳуррият, келдингми – наҳотки келдинг,
Пинҳона соғиндим, пинҳона кутдим.
Ёмғирга бағрини тутган саҳродек –
Сенинг насимингга қалбимни тутдим.
Мана, қалб – бахту дард тўла денгизим,
Мавжлари шуҳратим, ҳижрон, ўкинчим.
Қўрқув калхатлари тегиб синдирган –
Ёдим синиқлари остда – чўкинди.
Ёдим синиқлари, қалқ, овоз берай,
Қалқди, юрагим, чида, бер бардош.
Қарагин титроқда – ҳаммаси жонли,
Қара, ҳаммасининг юзи қонталаш…
Бу онам – тангрининг бахтли онида
Айри ихлос билан яратгани чин.
Қароғида меҳр шаъмлари ёниқ –
Гуллаган ўрикдай ораста отин.
Кун тойиб, шуълалар кўчган уфққа,
Сайроқи қушларнинг тинганда базми,
Онам дилимизни чорлаб қўшиққа,
Ним-ним сочар эди мумтозлар назмин.
Сўфи Оллоёрми, девона Машраб
Баёзларин ўпиб қўлга оларди.
Юмушми, ўйинми – барини ташлаб,
Сеҳрли оламга кириб борардик.
Рангу оҳангларни жонга қуйганда,
Шуълага тўларди бутун коинот.
Ўзимни сеҳрга асир туйганда,
Юракда ёзарди қўшиқ ўт қанот.
Янгамга эш бўлиб тикдим палагим,
Қоғоздан сир тутган сатримни тепчиб,
Гулларди палакда ширин тилагим –
Кўзимдан ёшликнинг нурларин ичиб.
Ҳовлимиз зийнати жамбил, райҳондай,
Отам таъбирича эдим бойчечак.
Ҳали биз сезмаган қора қиш аро
Наҳот, жонланмоқда ишқ отлиғ чечак…
Ва ҳадемай сездик бу қаҳрамонни,
Тиғдай тилларида ялай бошлади.
Қадами етганда ҳар хонадоннинг –
Қувончи бужмайиб, сўлий бошлади…
… Ака кўзингизда оташ бор эди,
Ака, жонингизда қуёш бор эди,
Султонликка лойиқ келбат, лаёқат,
Сардорники янглиғ бардош бор эди.
Сизни-да қора тун олдилармикин,
Қўлингизга кишан солдилармикин,
Юкиниш, ялинчмас – ғурурни кўриб,
Ваҳший ғазабларда ёндилармикин?!
Ака, жоним акам – жондошим акам,
Олтмиш йил изимга қайтиб йиғлайин,
Бўғзимда тош бўлган йўқловларимни
“Оҳ”ларим эритар – айтиб йиғлайин.
Сингилни “меҳрдан бино” дейдилар,
Кўз ёшга етдими меҳримнинг кучи!
Гуноҳсиз, жонимнинг қотилларига
Ўқ қилиб отдими нафратим, ўчим?
… Бунча чидам қайдан – пўлат, оловдан,
Метиндан яралган жонмиди отам…
Оташ оғушидан топиб бизга нон,
Ғамга ҳам чидамли бўларкан одам.
Онам қўлларида муштдек тугунчак,
Тош шаҳарни кезар авахта излаб,
Авахта нечадир, зор она неча,
Нечалар яшарди замонни “сиз”лаб.
Кекса кўзларида мўлдир ва мўлдир
Қотган кўз ёшларга боқардим ҳайрон.
Бу сокин жуссани кемирар не сир,
Не боис муттасил диллари вайрон…
Куни бўйи кезиб, букчайиб, толиб,
Кекса бағрин ерга бериб ётарди.
Биз ночор бир-бирига эзилиб боқиб,
Сукут денгизига оғир ботардик.
Онам, “сув бошидан лойқа” дердингиз,
Билмасдик бу гапда ҳақиқат зуҳур,
Муҳташам бинода сирли, яширин
Асл йигитларга қазиларди гўр.
Қолганда азоблар исканжасида,
Ота, бир кўрмадик кўзингизда ёш.
Яшаб умидларнинг пок саждасида,
Ҳатто ёвингизга отмадингиз тош.
Ва фақат дедингиз: “Солдим худога”,
Бу қирғин дояси худосизлар-ку.
… Сабр, қаноатдан яралган элим,
Сўқир ҳам ўзига сўқмоқ излар-ку!
Норғул ўғилларинг қирилди қушдай
Сибирнинг нур тушмас ўрмонларида.
Сен эса яшардинг мисоли тушда
Туртиниб ғофиллик туманларида.
Менми? Мен шу қадар ёш эдим ҳали.
Ёшлик – ғам – бегона бири-бирига.
Қутулмоққа андуҳ ботқоқларидан
Осилдим муҳаббат шодликларига.
Менми? Мен ишқ отлиғ бир жаҳон аро
Шеър тинглаб, шеър тизиб – шеърларда қолдим…
Бехиштий жаранглар – жонимга оро –
Ўзимнинг бахтимда ўзим йўқолдим.
Бахт қасримга кириб мени топди дард,
Уруш, ёзда ёққан қор каби ўлим.
Ўттизга етмаёқ сочим қор ялаб,
Кўз ёшим сойига тўкилди гулим.
Онам, доноликда ягона онам,
Исён кўтаришдан бермабсиз сабоқ,
Устимга кетма-кет тоғ қулаган дам
Қолдим яшин урган полопон сиёқ.
Бўлди, бас! Жангдан сўнг ҳорғин саркарда
Тирик аскарларин тизгандай қатор –
Мен тирик ҳисларим бир жойга йиғдим
Ва кучли яшашга айладим қарор.
Юртни бўрон бўлиб кездим бош-оёқ,
Қабристонлар аро қуюндай юрдим,
Энг кичик гиёҳ ҳам наздимда уйғоқ,
Фақат эл-элатни сукутда кўрдим.
Тушларимда топиб акам жасадин,
Отамнинг ёнига қазитдим қабр.
Ўзим ёнганимда руҳлар ёнди деб
Хокига сув сепиб, тиладим сабр.
Тақдир, тақдир дедим, яшадим узоқ,
Тақдир пешонага ёзиқ дейишди.
Ёзиқни деворга урдим-у бироқ
Мен синдим, қонимдан ғиштлари пишди.
Алам. Ёмон алам кўзинг кўр бўлса,
Лекин сўқир диллик ундан-да даҳшат.
Халқ ганжин юлмоққа чўзилган қўлга
Биз алвон гулдаста тутибмиз фақат.
“Янги ҳаёт” дебмиз ўша кунларни,
Беталаб, бенолиш яшабмиз кўп йил.
Бир ўйлаб кўрмабмиз бу юрт ҳокимин
Лаби кулиб, нечун ранг-рўйи заҳил?!
Тожи йўқ подшодай сездими ўзин,
Шуъла ёйилмади букик дилида?
Қўлида зарра йўқ ихтиёр, изн,
Билдими йитарди ғурур элида?!
“Ватанпарвар” дебмиз ўз-ўзимизни,
Денгизлар қурибди, чирибди балиқ,
“Инсонсан, бошингни кўтар” демабди,
Кўнглинг қолганмиди бизлардан, холиқ?
Ўзинг бергандинг-ку, поклик, ҳалоллик,
Иймону ишончлар – бутун, беиллат,
Қилолмас эди-ку шайтон даллоллик,
Илму ҳикматларга ёр эди миллат.
… Эй гумбази гардун, қолдимми ғофил,
Ишонч, эътиқодлар чиқди пучларга?!
Суяниб нажотлар кутгандик, наҳот,
Бизга чоҳ қазиган қора кучларга?!
Ким билсин, савоб деб уринишлар ҳам,
Замона созига ўйинми бари.
Дейдилар: яратган энг улуғ ҳакам,
Ҳеч қачон адашмас тарозулари.
Қай бири вазминроқ: савобми – гуноҳ?
Яшадим-ку риё, ҳаромдан нари.
Куйганман. Бош-оёқ куюк жисмимнинг –
Нимасин ёқарди дўзах ўтлари…
Бу дунёда кўрган азоб, кўз ёшлар
Савоб посангисин хиёл босарми?
Гумроҳлик палласин тўлдирса тошлар,
Энг баланд дорига мени осарми?
Ёшиб кетиб-кетиб, тордай тарангман,
Капалак шарпаси тегса, узилур
Чидай-чидай юпқа тортган парангман,
Чўян бўлса ҳам дил – қулфи бузилур.
Лекин яшаяпман, отам ва онам
Чайир арқоқлардан тўқишган чоғи.
Айтилмаган алам, ёзилмаган шеър,
Олинмаган қасос – юрак титроғим.
Бошим – портловчи дуд тўлдирилган хум,
Портлашин кутардим сония сари.
Сабрлар тўкилди нақ кафтдаги қум –
Юзим руҳларида қонли излари…
Билмайман, савобми ё кони гуноҳ,
Зинҳор шаккокликка йўйманг тилагим.
Жасадим дарёга ташланг, руҳим пок,
Оби раҳматларда совусин таним…
… Яллиғланиб ётар кекса хотирам
Ичида шу дардлар, тиғли синиқлар…
… Ҳолбуки, нур ичра далаю дарам,
Ҳолбуки, боғимда булбул чаҳ-чаҳлар…
Ҳуррият, келдингми, наҳотки келдинг!
Келар йўлларингда пинҳона толдим.
Менинг ота-онам, жон Ватанимда,
Элим тақдирида абадий қолдинг…
Келдинг-ей, Истиқлол, истиқбол бўлиб,
Қалбимга насиминг билан йўл солдинг.
Сен шу ҳур назмга ихтиёр бериб,
Мен оғир булутдек бир ёғиб олдим…
Ҳуррият, келдинг-ей, ал-омон келдинг,
Сени қалбим, кўзим, сўзларим қучар.
Вақт етса шу халққа қолар дафтарим,
Вақт етса, бу ёқда қолар дардларим…
Руҳим у ёқларда қуш бўлиб учар…
1995