Зуҳриддин Исмоил (1962)

Зуҳриддин Исмоил 1962 йилда туғилган. Днепропетровск Медицина институтини тугатган. “Кўзмунчоқ”, “Кўклам қўшиғи”, “Муҳаррир”, “Эй, гул…” шеърий тўпламлари чоп этилган.

БИНАФША ОЛАМИ

Шафтоли гулини суяман-да, мен,
Бинафшани ёдга солади доим.
Гулзорларга бормай қўяман-да, мен,
Хаёлим эгаси ўша гулойим.

Индамай тураман тилимни ютиб,
Кутганим – кўкламнинг висолларида.
Бундан қиш қутурар тутқаноқ тутиб,
Аёзлар қийнашнинг хаёлларида.

Юзлар қизаради, юзлар хижолат,
Чимчилланган қўллар минг битта тилим.
Фақат юрагимда фидолик – сабот,
Қор тагида ухлаб ётганда гулим.

Элак тўн йиртилиб, тешикларидан
Бошин кўтаради титраганча гул.
Ўзининг оҳорлик кўшкларидан
Кўкка талпингандек бўлади дулдул.

Эрта-индин гуллаб қолар шафтоли,
Бинафша рангига чўмилар олам.
Шунда гаплашармиз ғамлардан холи,
Шу кунга етказсин бизларни ҳар дам.

БОЛАЛИККА ҚАЙТИШ

Бугун чақирмоқда деворга миниб,
Болалик, кўзлари чақнаган тулпор.
Думи юлинган қуш теракка қўниб,
Жуфтидан хижолат, турар хокисор.

Кўчалар кенгайди кўнгиллар каби,
Босган изларимиз устида тошлар.
Мунғайиб турибди севги мактаби,
Бир-бирин изласин деб синфдошлар.

Чинободсой кўрсин қулочларимиз,
Замбаркўл бўйида гурласин олов.
Кўзалардан тошсин айрону қимиз,
Кулдиргичлар суртиб, юрайлик яёв.

Фақат бир илтимос, телефонни қўй,
Қамчиқ довонида адаштир уни.
Манфаат ўйларин бирдам унут, қўй,
Агар қайтсин десанг ёшликка мени.