Зокиржон Мамажонов (1972)

Зокиржон Мамажонов 1972 йилда туғилган. Андижон Давлат университети филология факультетида ўқиган. 1999 йилда Шаҳрисабзда бўлиб ўтган ижодкор ўқитувчилар анжумани иштирокчиси. Шеърлари матбуот саҳифаларида ҳамда “Талаба таронаси”, “Инсон ва шам”, “Муборак дамлар” тўпламларида эълон қилинган. Илк шеърий тўплами “Соғинч” номи билан нашр этилган. Ҳозирда Андижон Давлат университети ўзбек адабиёти кафедраси катта илмий ходим-изланувчиси.

* * *

Дунёда дўстман деб лоф урган сероб,
Ёрнинг ишқидан ҳам кўнгил тўлмайди.
Дўстим азоб берди, ёр қилди хароб,
Ўзингдан ўзгаси чин дўст бўлмайди.

Ўғлим деб, қизим деб, яшар одамзод,
Бироқ ўғлимиз ҳам ўғлин ўйлайди.
Қизимиз қизим дер, бу кўҳна одат,
Ўзингдан ўзгаси чин дўст бўлмайди.

Буюк зот саналур – падарбузруквор,
Ўйлаймиз: “Отамиз ҳеч ҳам ўлмайди”.
Бир кун ташлаб кетар йиғлатиб зор-зор,
Ўзингдан ўзгаси чин дўст бўлмайди.

Онамнинг дуоси доим паноҳим,
Онанинг меҳридай меҳр бўлмайди.
Бироқ, Сен раҳмону раҳим – Оллоҳим,
Ўзингдан ўзгаси чин дўст бўлмайди.

Ўзингдан ўзгаси чин дўст бўлмайди.

* * *

Дилимни ўртайди ажиб бир соғинч,
Юрагим сиқилар, ҳаво етмайди.
Ҳижрон азоблари тинч қўймайди, тинч,
Сизни эсламасам, куним ўтмайди.

Бундан минг йил аввал учраган туйғу:
Ҳамон азоблайди, ҳамон кетмайди.
Кунимда ҳаловат, тунда йўқ уйқу,
Сизни эсламасам, куним ўтмайди.

Сиз жуда гўзалсиз, сиз – моҳитобсиз,
Дийдорингиз кўз олдимдан кетмайди.
Муштдай юрагимга – улкан азобсиз,
Сизни эсламасам, куним ўтмайди.

Дилимни ўртайди ажиб бир соғинч,
Юрагим сиқилар, ҳаво етмайди.
Ҳижрон азоблари тинч қўймайди, тинч,
Сизни эсламасам, куним ўтмайди.

* * *

Тушларимга ташриф буюрган чоғинг,
Васлингдан бошларим кўкка етади.
Субҳидам ўғирлаб ўтли нигоҳинг,
Шамоллар – шайтонлар олиб кетади.

Сендай парирўйдан айрилган оним,
Кўзимни кўзингмас, илонлар чақар.
Ҳижронга эргашиб кетади жоним,
Тушларимдан эса, қон сизиб чиқар.
Сен
гўзал эмассан,
барибир,
қуёш!

* * *

Муҳаббатнинг мақтовлари тўйдирди-я,
Тақдир мени ўзга ёрга суйдирди-я.
Шодлигимдан бошим кўкка етган куни
Бармоғимни тилло узук куйдирди-я.

Бу дунёда ишқнинг турфа хилин кўрдим,
Фаҳшнинг севги сўзин айтган тилин кўрдим.
Қайсар Қайсни саҳроларда адаштирган
Муҳаббатнинг доим вайрон дилин кўрдим.

Тилло узук куйдирди-ей бармоғимни,
Ғам-аламлар қуршаб олди ҳар ёғимни.
Хаёлимда ҳар лаҳзада ҳузурингга
Ҳали-ҳамон тарк этмадим бормоғимни.

* * *

Дун дунё дардлари дардимга дўнди,
Дунёнинг дардига дўнди дардларим.
Ададсиз армоним – юлдузим сўнди,
Энг сўнгги умидим узди бандларин.

Йилларга алданиб, йиғлар андалиб,
Мен каби кўзидан қонлар томади.
Бўм-бўш юрагимни ноғора қилиб,
Оламнинг оҳларин куйга солади.

Дун дунё дардлари дардимга дўнди.

ТЎРТЛИКЛАР

Дўст каби дўст бўлгин, дўст бўлсанг, эй дўст,
Мен эт, сен пўст бўлгин, дўст бўлсанг, эй дўст!
Қувонсам қувонгин, дард чексам йиғла,
Бекаму кўст бўлгин, дўст бўлсанг, эй дўст!

* * *

Бу дунё бозордур, чин харидор бўл,
Дийдор талаб бўлсанг, тунлар бедор бўл.
Дардни сотиб олгил, бедардликдан қўрқ,
Доим фақир, мискин, ғариб, бемор бўл.

* * *

Йўл олис, йўл яқин, йўл…   Ҳақ билгуси,
Умримиз озми ё мўл,  Ҳақ билгуси.
Ношукур, нокасмиз, билимсиз, нодон,
Фосиқмиз ё гумроҳ, ё гўл, Ҳақ билгуси.

* * *

Бадарға севгимнинг севгисин излаб,
Оҳу кўзларингга кўзим тушган он,
Нотавон кўнглимни янчиб, эзғилаб,
Юрагим от қўйиб, чопар сен томон.

ТУЮҚНАМО

Ҳамма дўстлар ўтар чин дўст, чин дўст ўзи,
Ҳамма дўстдан ўтар чин дўст, чин дўст ўзи.
Ҳамма дўстни дема чин дўст, чин дўст ўзи,
Ҳамма дўстдан ўзи чин дўст, чин дўст ўзи.

* * *

Лайли бирдур, Мажнун кўп, англамадим, қайси Қайссан,
Ҳар ким бўлсин суюкли Лайлисининг Қайси, Қайссан?
Нотавонмас, сохтамас, чин ошиқсан, биламан,
Сўрса, айтгум: “Ҳақиқийси қайси Қайс?” “Сан?”