Зокир Худойшукур (1971)

Зокир Худойшукур 1971 йилда Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани, Кофрун қишлоғида туғилган. 1989-1994 йилларда Тошкент давлат университети Журналистика факультетида таҳсил олган.
“Ўзбекистон футболи” газетаси, Ўзбекистон радиоси “Машъал”, “Ёшлик” муҳарририятларида муҳаррир, катта муҳаррир, шарҳловчи, бош муҳаррир ўринбосари, “Ёшлар” радиоканалида бош муҳаррир вазифасида хизмат қилган.
Шу пайтгача унинг бешта назмий ва насрий тўплами — “Дил асрори” (1997 йил), “Суюкли маъво” (2002 йил), “Вафодор” (2005 йил). “Сўнгги ов” (2011 йил), “Тузоқ” (2019 йил) нашр этилди.
Ҳозирда у “Халқ сўзи” ижтимоий-сиёсий газетасида ишлайди.

* * *

Умидим бордир жоҳимдан,
Нетиб Лайлоя билдирсам?!
Бир “оҳ” этсам-у оҳимдан
Дунни “Олло”я тўлдирсам!
Ҳама томонда Ул бўлса,
Ҳар қаён боқсам — шул ранглар.
Фақат шул бўлса, шул бўлса —
Ёр исмин айтса харсанглар.
Тўлғона турса дарёлар,
Манам Лайлоям, деб айтса.
Бир бўлиб бори дунёлар,
Манам Оллоям, деб айтса.
Ўшал оҳангда оқсам ман,
Тамом унутсам ўзими.
Фақат Маҳвашга боқсам ман,
Ётидан йиғсам кўзими.

* * *

Боқдим Санам гулбоғига,
Жоним қуши “ҳу” айлади.
Қайдин тушдим тузоғига,
Кел, кўр, мани ишқ найлади!*
Билмам, қачон уйғонаман,
Ўлик ов деб Ул тайлади.
Хасратинда тўлғонаман,
Кел, кўр, мани ишқ найлади!
Азал дўстлик аҳди бордур,
Ошноларни Дўст сийлади.
Ошно бору кўнгил хордур,
Кел, кўр, мани ишқ найлади!
Ўт қўюрман бозорима —
Дилдор бизни ҳам сайлади.
Етишгайман хуморима,
Кел, кўр, мани ишқ найлади!
Кел, кўр, мани ишқ найлади!

* Юнус Эмра мисраси.

ДЎРМОН МАРСИЯСИ

Устоз Абдулла Ориф хотирасига

Дўрмонда қор ёғди, бўралаб ёғди,
Бу боғ дуркун эди, эндичи ғариб.
Олам посангиси бир ёнга оғди,
Бундан кўчар бўлди Абдулла Ориф.
Муножот куйлари бадтар мунғайди,
Юзма-юз сўзлашмак имкони битди.
Йиллар армони ҳам тағин улғайди,
Тилла балиқчани шум кўлмак ютди.
Колумбдан олинмай қолди-да алам,
Яна ғолиб келди “сеҳрли диёр”.
Онажон уч кунки йўл пойлар: “Болам!”,
Қайдан чиқиб қолди ҳаким ва ажал…
Юртим шамоллари тиндими, дейсан,
Мангу музликлардан оша келдими?!
Бир йўла қалам ҳам синдими, дейсан,
Шоирга қўшилиб шеър ҳам ўлдими?!
Нечун тарк этяпсиз назмий бўстонни,
Сизни топган эдик юз йил ахтариб.
Қайғуда қолдириб Ўзбекистонни,
Қайга кетаяпсиз Абдулла Ориф?!

* * *

Ҳар иш этдим — хато кўрдим,
Бу оламни мато кўрдим,
Ҳақ деянни дуто кўрдим,
Манам шундай бўларманми?!
Боқдим, бир мард келаётир,
Бундан Они билаётир,
Етдим, дейди, кулаётир,
Манам шундай куларманми?!
Дунё надир — анга арзан,
Тириклик не — дағи ҳайрон,
Бир “Ҳақ”, деюб, берди-да жон,
Манам шундай ўларманми?!
Билдим ани — ошиқ билдим,
Ҳақ ҳукмина содиқ билдим,
Ани Онга лойиқ билдим,
Манам шундай тўларманми?!

КЎНГИЛ ШАРҲИ
(туркумидан)

I

Бу дунёда дардкаш гўё ман,
Кўнглим жуда осон йиғлайди.
Ташқаридан сокин дарёман,
Ичимда зўр арслон йиғлайди.
Ўкиради оламни бузиб,
Ундан менга зарра йўқ омон.
Ҳаловатим борадир тўзиб,
Ҳа, мен ёмон, фақат мен ёмон…
Ҳар тун йиғлаб чиқар юрагим,
Шундай яшаб ўтяпман — оғир.
Бу оламга борми керагим,
Борми бунга ниҳоя, охир?!
Арслон эса бас қилай демас,
Қутургани-қутурган мудом.
Бу қандай шер — ўлжасин емас,
Мен одамми, хўш, қандай одам?!
Ўз ҳолимни ўзим билмайман,
На таърифга, на сўзга сиғар.
Мен бошқалар каби ўлмайман,
Дил қонидан сипқориб соғар.
Жисмим яйраб юргани билан,
Руҳда сўлғин хазон занги бор.
Юзим кулиб тургани билан,
Ичимда зўр арслон жанги бор.

II

Кўнгил, бунда аямайди бизни ҳеч ким,
Бир ўзимиз уришамиз жаҳон билан.
Қилмишлари ошкорамас, пинҳона — жим,
Юракка тиғ санчадилар забон билан.

Ёлғон айтиб, барчалари ҳузур олган,
Ёқа йиртиб, бир-бировга бақирамиз.
Бундан безиб, Тангри узоқ кетиб қолган,
Тоққа бориб, юр, Худони чақирамиз.

Агар кўниб, эниб келса орамизга,
Арз этамиз ҳалойиқнинг ҳолларини.
Малҳам берар шундан қолган ярамизга,
Кўрсатамиз қаддимизнинг долларини.

Бормайман, деб оёқ тираб, туриб олса,
Ёлворамиз, бир амаллаб кўндирамиз.
Биз, ғарибга ичи ачиб, келиб қолса,
Бу жойлардан ҳақсизликни сўндирамиз.

… Ялинманглар, сўраманглар энди омон,
Сиз ҳам чопиб бораверинг дўстингизга.
Бир кўрайин ҳолингизни — бўлар ёмон,
Худойимни бошлаб келгум устингизга.

ОДАМ ФАЛСАФАСИ

Ўзгармоқда олам муттасил,
Яхшиликка бураверамиз.
Қандай бўлар эндиги фасл,
Омон бўлсак кўраверамиз.

Югуради, елар оломон,
Ҳайратда лол тураверамиз.
Қай йўсинда турланар замон,
Омон бўлсак кўраверамиз.

Ҳикматларга тўлса ҳам олам,
Давру даврон сураверамиз.
Ўзгармасми ҳеч қачон одам,
Омон бўлсак кўраверамиз.

Фириб бериб, йиқитса очун,
Қайтиб-қайтиб тураверамиз.
Орзуйимиз бунчалар узун:
Омон бўлсак кўраверамиз.

Тўхта, нафас ростлаб ол инсон —
Қалбга ханжар ураверамиз.
Қиёматни, дерлар, ҳар бир он…
Омон бўлсак кўраверамиз.

БАХШИ СОҒИНЧИ

Қия-қия қирқда қирни тўлдириб,
Ўтов тиккан жойларимни соғиндим.
Бия-бия уюрларни толдириб,
Ўйноқлаган тойларимни соғиндим.

Тўп-тўп қизлар эчки соғар лорсиллаб,
Қорин тўла мойларимни соғиндим.
“Берман кел”, дер бир-бирига мирсиллаб,
Қирқинқиздек ойларимни соғиндим.

Потирлатиб жала қуйган маҳалда,
Иси роҳат лойларимни соғиндим.
Бутун овул қолиб кетдик қамалда —
Селга тўлган сойларимни соғиндим.

Шумлик қилсак, қулоқ чўзиб, хўп айтиб,
Улгу берган шойларимни соғиндим.
Ҳотам Тойдек улашади, сўнг қайтиб,
Миннат қилган бойларимни соғиндим.

БАХШИНИНГ ПОЛВОНГА ДЕГАНИ

Қўштўбадай бир-бирингни суядинг,
Норчамисан, ё нормисан, полвоним?!
Қараб турсам, “ўлигинг”ни аядинг,
Озодмисан, ё хормисан, полвоним?!

Не бирдайин алп ўтмаган зотингда,
Тўра элнинг зўри шундай бўлама?!
Ғужуринг йўқ баданингда — этингда,
Полвонларнинг ўри шундай бўлама?!

Қўл чўзасан, лаллаясан, шаштинг йўқ,
Бўладиган кўкка қараб отмайми!
Йиққанига ишонч қилиб — кўнгил тўқ,
Тушишини бир кун пойлаб ётмайми.

Чиранмасдан, бизга бергин навбатти,
Зўрларингам эмгаклайди пойимда.
Эмди биздан кўрасан зўр ғайратти,
Бир сўзимман қулатаман жойимда.

БАХШИ ВА ЙЎЛОВЧИ

— Сурувни сувлоқга эндирган,
Отини йўлларда тиндирган,
Улини ортига миндирган,
Йўл тортган йўловчим, йўл бўсин?

— Ҳар турли юртларни кездим мен,
Барининг ётлигин сездим мен,
Йиғладим, кўнглимни буздим мен,
Хасрати юз йилда кетмайди.

— Оҳ дединг — оламга ўт тушди,
Нолангдан ич-этим увушди.
Бошингга не бало иш тушди,
Дилингни очиблар сўзлайбер?!

— Сўрама, ҳолимни сўрама,
Тақдирнинг йўллари ўрама,
Дардларим, хасратим — қурама.
Аҳволим сўрадинг, бой бўгин!

— Олдингда ўн сурув молинг бор,
Бекларга келишган ҳолинг бор,
Келгуси истиқбол фолинг бор,
Нимага қаддингни дол қилдинг?

— Ёт элда гадо ҳам зўр келди,
Бошимга бу дунё тор келди,
Йиғидан икки кўз кўр келди,
Доллигим шундандир, сўровчим.

— Яна бир аламинг бор дейман,
Синингни синдирган — мор дейман,
Бўйнингда сиртмоқ — шу дор дейман,
Яна не кўргулик бошингда?

— У ёқда қолди-да бувушим,
Йиғласам, чиқмайди довушим,
Бир ёндим, қийиндир совушим,
Ўлгунча ўт бўлиб ўтаман.

— Куйинма, ғам-андуҳ кетади,
Бир куни бариси йитади,
Пешвоз чиқ, дала-дашт кутади,
Ҳовуринг босади, элдошим.

— Сўровчим, равишинг хушладим,
Андуҳни ортимга ташладим,
Етганим сезиблар бошладим,
Тилингдан айланай, тилингдан.

— Минг йиллар омон бўл, ўлмагин,
Кўнглингни ҳар ёнга бўлмагин,
Ғарибда сиғинди бўлмагин,
Одамга ўз эли яхшидир…

БАХШИ ВА ЧЎПОН

— Узоқлардан эшитилар “қурув…”лар,
Кўринишинг минг қўйли бой сиёғи.
Қирқда қирда чувалашар сурувлар,
Санай десам, туман-туман туёғи.

Жилғаларда турнақатор тузилган,
Йилқиларнинг адоғию боши йўқ.
Буни кўриб олам иши бузилган,
Бойваччалар калласида ҳуши йўқ.

Қия бетда бургутдай бўп ўтирган,
Ў-ў, чўпоним, бунча сарват кимники?
Ким экан у — бойлик йиғиб қутурган,
Ҳисоби йўқ чексиз давлат кимники?

— Ҳаммасининг эгаси бор, билмайсан,
Саройлари жавоҳирдан, маржондан.
Юз йил юрсанг, эшигига келмайсан,
Йўл бошланар даргоҳига жаҳондан.

Ҳамма мулклар уникидир, унингдир,
Сендан бошқа ҳеч ким буни сўрган йўқ.
Унга тобин кундузию тунингдир,
Ҳали кўзинг мингдан бирин кўрган йўқ.

— Шунча шонли, шавкатли бой ким экан,
Бирон белги, ё тусидан бер хабар!
Унинг жойи қандай улуғ жой экан,
Тавоф қилай, агар бўлса мўътабар.

Таърифини эшитдим-у ҳушим йўқ,
Ҳам макони, ҳам зотидан бер хабар.
Бошқасиман менинг сира ишим йўқ,
Ҳам наслию, ҳам отидан бер хабар.

— Ў-ў, йўловчим, ҳолинг кўриб, куюндим,
Сиғинмоққа энг муносиб зот ўзи.
Равишини ёдга олиб суюндим —
Дўстга дўстдир, бегонага ёт ўзи.

Даргоҳида ўтирмайсан, юрмайсан,
Йироқдадир қошу кўзу қовоқдан.
Ҳузурига молинг билан бормайсан,
Ҳисобини юритади ўшоқдан.

Якто ўзи — кўпликдан ҳам зиёда,
Ҳар нарсага қодир, яна танҳодир.
Ҳузурида шоҳлар юрар пиёда,
Бу мулкларнинг эгаси Ул — Оллодир!

ТЎРТЛИКЛАР

Азалда дон эдим — қароғиндаман,
Ерга индим сўнгра тупроғиндаман.
Бир қишни, бир баҳор, бир ёзни кўрдим,
Муддати етишгач ўроғиндаман!

* * *

Дунё ҳисобида хато кетдик биз,
Аввалда тик келиб, дуто кетдик биз.
Жамики молини равон йиғдик-да,
Кетарда ҳасратда якто кетдик биз.

* * *

Тириклик маъниси кўзёшдур, қондур,
Ҳар ҳовуч турпоқда минг Ўғузхондур.
Андадир ҳақиқат, андадир маъно,
Бунда кўринмишлар бори ёлондур!

* * *

Карвон ўтиб кетди — орзу парвози,
Жаранглаган ўзга карвон овози.
“Қўнғироқ сасидан огоҳ ўл кўнгил!” —
Сарбоннинг қолдириб кетган қоғози.

* * *

Ул Жамшид базмидин асар қолмади,
Не-не улуғлардан хабар қолмади.
Эврилиб бул афлок, етушса муддат —
Азал ҳам йўқ эдик, такрор қолмади…

* * *

Умрим ўқи шайдир — таранг камондадир,
Умидимиз нигоҳ етмас нишондадир.
Кўнгил муддаоси бир улуғ комронлик,
Муддаода учган ҳар ўқ омондадир!

* * *

Неча гирён жонлар йўллардадирлар,
Гулшан ошиқлари гуллардадирлар.
Фалак тегирмони бир юриб ўтгач,
Зарра омон йўқдур — гиллардадирлар.

* * *

Ҳикмат дедим — қол-а етдим,
Ишқни дедим — ҳол-а етдим.
Дунё сиррин билолмайин
Алиф дедим — дол-а етдим.

* * *

Не улуғ қуёшлар ботмиш — ботгаймиз,
Не лаблар бу майдин тотмиш — тотгаймиз.
Ибрат олмаға кел, ибрат ола кел —
Нечалар хок ичра ётмиш — ётгаймиз.