Зоҳиджон Обидов (1923-1996)

Зоҳиджон Обидов 1923 йили Тошкентда туғилган. Тошкент Давлат дорилфунунини тамомлаган. Наманган педагогика институтида, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида, Ғафур Ғулом ва “Ёш гвардия” нашриётларида, “Муштум” ойномасида фаолият кўрсатган.
У шоир сифатида 50-йиллардан бери ижод қилиб келади. Унинг “Яхши ният” (1957), “Янги ойнинг ўроғи” (1961), “Ошиқ кўнгил билан” (1963), “Хитойдан совға” (1963), “Тонг юлдузлари” (1965), «Кўнгил навоси» (1968), “Хандаларим” (1969), «Умид тўлқинлари» (1972), “Юракдаги мавжлар” (1973), «Куйган куёв» (1973), Танланган асарлар (1974), «Талпинур дил» (1977), “Ўғлингни бер” (1979), «Кўнгил таронаси» (1983), “Куйла дилкаш дуторим” (1984), «Дилрабосан» (1984), “Баҳшида” (1985), «Сенга талпинаман» (1990), “Қанотли қўшиқлар” (1991), каби китоблари чоп этилган.
Зоҳиджон Обидов М. Лермонтов, Т. Шевченко. М. Бажан, Р. Ҳамзатов, С. Михалков каби машҳур шонрлар асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.


КУЙЛА, ДИЛКАШ ДУТОРИМ

Куйла, дилкаш, садоқатли дуторим.
Ёзиб дилдан ёр ишқида хуморим.
Қалб садоси бўлиб янгра қўлимда,
Зарра қўймай бу кўнгилнинг ғуборин.

Ҳамдамим бўл, уйқу қочган кечалар,
Интизорлик дафтар очган кечалар.
Ҳар пардада висол шомин эт яқин,
Қўмсатур ёр бирга юрган кўчалар.

Дардлашурмап бошинг босиб кўксима,
Ёр келганда четда қолиб ўксима.
Ёр кетганда қўлга олсам ўртаниб,
Дилкашим бўл, нозланиб сен йўқ дема.


ОШКОРАЛИК

Дуч келсанг хавф кўрдилар,
Чурқ этсанг, чўрт бўлдилар
Сўнг телба деб кулдилар,
Шўринг қуриб қолганди
Бечора, ошкоралик.

Тик боқсанг бошга сўқиб,
Айёрлар зоғдай чўқиб,
Шаънингга бўҳтон тўқиб.
Тинкангни қуритдилар,
Эй, шўрлик ошкоралик.

Маст туядек бўкириб,
Чақмоқ чақиб, ўкириб
Минбарларга мушт уриб,
Туҳматчи ҳам дедилар,
Сени, эй, ошкоралик.

Иллатларга ўт қўйиб,
Сўзлолмай, тилинг куйиб,
Димиқиб, дилинг куйиб,
Дардинг ютиб юракка,
Ўртандинг ошкоралик.

Қайдан келсанг, шарт тўсиб,
Ўтар йўлларинг бузиб,
Умид риштасин уз деб,
Абгор этмоқ бўлдилар
Сени, эй, ошкоралик.

Қўл синиғи енг ичра,
Сир очакўрманг сира,
Даркор деб юз-хотира,
Дакки, дашном бердилар
Жим бўл деб, ошкоралик.

Неча бор доғда қолдинг,
Тору танг чоғда қолдинг.
Қувғин, авлоқда қолдинг
Лол бўлиб, ҳайрон бўлиб,
Уй суриб, ошкоралик.

Тисландинг, чекинмадинг,
Шумларга букилмадинг.
Қўрқиб дув тўкилмадинг,
Бердинг барига бардош,
Жафокаш, ошкоралик

Авроқларга юрмадинг,
Иккилана кўрмадинг,
Отни ортга бурмадинг
Синовларда синалган
Эй, танти ошкоралик.

Одиллик замин эди,
Пок виждон ғаминг еди.
Тантананг таъмин эди,
На ўт, на сувда йитмас
Барҳаёт, ошкоралик.

Бор экан-ку, рўшнолик,
Адолатга ошнолик,
Бор бўл ҳаққа ташналик,
Бор бўл ҳамиша ҳамрўз
Қадирдон, ошкоралик.

Ёлғон тўкилгай тўс-тўс,
Қинғирлик қўрғонин буз,
Ҳақлик — доим ёруғ юз.
Яшайвер ёруғ юз-ла
Эй, ростгўй, ошкоралик!