Зиёвиддин Мансуров 1954 йилда Наманган вилояти Уйчи тумани Машад қишлоғида тавваллуд топган. 1975 йилда Наманган Давлат педагогика институти(ҳозирги НамДУ) филология факулътетини имтиёзли диплом билан тугаллаб, дастлаб ўрта мактабда ўқитувчи, кейинчалик Уйчи туманидаги Машад қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, Беруний номли жамоа хўжалиги бошқаруви раиси, Уйчи тумани ҳокимининг ўринбосари, ЎзХДП Уйчи туман кенгашининг биринчи котиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими масъул котиби, Наманган вилоят Маънавият ва Маърифат Кенгаши масъул котиби – Республика Маънавият тарғибот маркази Наманган вилоят бўлим раҳбари лавозимларида ишлади. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Унинг “Қалбим парчалари”, “Ҳайра салтанати”, “Дилраболар диёри”, “Муҳаббат боғи”, “Ноёб кашфиёт”, “Хўрозқанд” (болалар учун), ”Тўтиё” сингари шеърий китоблари, “Шахмат қаъридаги ҳикматлар”, “Истиқлолнома”, “Онагинам, онажонгинам” номли бостонлари чоп этилган.
МАШРАБ АҚИДАСИ
Уйқуда ҳам кўксим уйғоқдир,
Мени Худо бедор яратган.
Дийдорига кўзим муштоқдир,
Васлига интизор яратган.
Ором қани — ҳаловат қани,
Роҳат қани — фароғат қани,
Эвоҳ нетай, мендай хастани
Яратганда бемор яратган.
Қувонсам ё бағрим эзса ғам,
Юзларимда акс этар шу дам.
Меҳримни ҳам, нафратимни ҳам
Пинҳон эмас, ошкор яратган.
Ҳамдамим йўқ Ўзидан ортиқ,
Ҳеч бир гўзал бахт этмас тортиқ,
Бир Ўзига барқарор ошиқ —
Бир Ўзига дўст-ёр яратган.
Фикру ёдим висол, дилрабо,
Нуқул ҳажринг кўргайсан раво,
Наҳот висол аҳлин жонфидо,
Ҳижрон аҳлин хунхор яратган?!
Дунё деган мулк бозорига,
Кирган олар қўлда борига,
Дилда борни Ҳақ дийдорига
Зор яратган, абгор яратган.
Эй, мол-дунё! — дўст-ёр тутганим,
Ўзингсан энг манфур душманим,
Асли сени мен учун ғаним,
Мени сенга ағёр яратган.
Роҳи ростни ҳақ англаб доим,
Бўлмади ҳеч ўзга даъвойим,
Охиратим обод, Худойим
Бахтимни барқарор яратган.
САДОҚАТ
Арчалар бир тусли
Тўрт фаслда ҳам,
Азалий либосда — ям-яшил, бахмал.
Гуллар-чи?
Улар ҳам ўзгача олам,
Лекин нигоҳ ташланг
Қаҳратон маҳал…
Бу чоғ дилга солиб хушнуд туйғулар,
Ям-яшил арчалар турса-да яшнаб,
Йил бўйи яшнаган гуллар-чи,
Улар
Қиш фасли боғларни кетурлар ташлаб.
Дўстларим!
Айб этманг
Гуллардан бу дам
Тилайман арчалар истиқболини.
Уларда кўрарман ўзгача олам —
Иссиқ-совуғингни тенг кўрган баҳам
Ҳақиқий содиқ дўст-ёр тимсолини.
ТИРИКЛИК ФАЛСАФАСИ
Заминга боқ, осмонга боқ
Ҳайрат кўзинг оч,
Замин қолар, осмон қолар
Бизлар кетармиз.
Даврга боқ, давронга боқ
Ибрат кўзинг оч,
Давр қолар, даврон қолар,
Бизлар кетармиз.
Эркин қушсан, озод қушсан
Асл бахтинг шул,
Этгил ўзни юксакларга
Парвоз-ла машғул,
Бенаф орзу армонларга
Бўлма асло қул
Орзу қолар, армон қолар,
Бизлар кетармиз.
Умр деган неъмат Ҳақнинг
Бизга инъоми,
Бу неъматнинг тонги борки,
Бор унинг шоми,
Ҳақ ўзи сарҳисоб сўрар
Маҳшар айёми
Ҳаёт деган ҳоқон қолар,
Бизлар кетармиз.
Бу — тириклик фалсафаси:
Эгиз завқ-кадар
Сарҳисобдир бу очунда
Ҳар меҳнат, самар,
Яъни ўзни эзгуликка
Қилсак сафарбар,
Ишларимиз омон қолар,
Бизлар кетармиз.
ҚАТРАЛАР
* * *
Бундан-да бўлиб ширин,
Равнақ топарди ҳаёт,
Гар оламда бир-бирин
Алдамаса одамзот.
* * *
Шу туйғуни яхши билгин,
Англагинда инсон:
Раҳмон яшамаган дилда
Яшайди шайтон.
* * *
Доим кўнглин этгач баҳор,
Барча-барчани,
Дунё куйлар йилда бир бор
Безаб арчани.
* * *
Ирмоқлар дарёсиз ҳам эрур ирмоқ,
Дарёлар ирмоқсиз яшолмас, бироқ.
* * *
Бировга айтилган сир сир эмасдир,
Биров ҳам бировга айтар-ку ахир!
* * *
Мингта юлдуз ёлғиз офтоб
бўла олмайди,
Юз минг фосиқ битта арбоб
бўла олмайди.
* * *
Бозорда бор қанча мулки бебаҳо
Лекин ҳеч қаерда сотилмас ҳаё.
* * *
Фарзанд онасини сийлаб даъфатан
Бўйи баравар зар берса мабодо,
Бешигин устида бедор кечирган
Бир кеча ҳаққин ҳам этолмас адо.
* * *
Дўст қанча кўп бўлса қилмагай зарар,
Бир дона бўлса ҳам душман — алҳазар!
* * *
Ақлим етганича англаб оламни,
Не англадим? Тингланг унсиз ноламни:
Дономан деганни кўп кўрдим, аммо
Кўрмадим нодонман деган одамни.