Зилолабону (1987)

Зилолабону 1987 йили туғилган. Жиззах санъат коллежини тамомлаган. «Гавҳарим бор» «Кўнгилга йўл» «Сукунат маликаси» шеърий тўпламлари чоп этилган.

Янги кун

Булут кўкда сузар оҳиста,
Азон янграр, соат урар бонг.
Ибодатга шошилар ана –
Оппоқ рўмол ўраганча тонг.

Томчилади раҳмат ёмғири,
Ер тафтидан олганча баҳра.
Булут таслим бўлиб охири,
Қуёшда ҳам очилди чеҳра.

Кўнгил ичра порлади умид,
Маъсуд кунга етдим, ё Оллоҳ.
Уйғонди дил, сен ўзинг шоҳид,
Гўдак каби бу тонг бегуноҳ….

* * *

Узун йўлак,
Тўкилгандек ун,
Тўкилгандек бокира ҳислар.
Арчазорлар ичра юз хилда
Қолиб кетган оёқдан излар.
Қор ёғмоқда, чиқмайсан пешвоз,
Боғ аро мен сарсонман гўё.
Мийиғида кулгандек бўлар
Рўпарамда ястанган дунё!
Арчаларни кафтимда сиқиб,
Қорлар билан диллашсам ҳар гал.
Шомга етмай кўзёшга чўкиб
Кетгандайин туйилар шаҳар.
Юрагимга кириб борар нур,
Бир номсиз ҳис бермоқда белги.
Воҳ, ўн беш йил айрилиқ ичра
Мағрур боқиб келдингми, Севги?

* * *

Бола йиғлаганда…
Ўртанар дилим,
Гўё саодатим кетгандек қочиб.
Юпатиб дегайман: “Йиғлама, ўғлим,
Турар фаришталар қучоғин очиб”.

Бола йиғлаганда…
Кўзёшим селоб,
Қучгим… қучгим келар уни эркалаб.
Тушимда ўйнайман гўдаклар билан,
Ўнгимда олисда бўлар эрталаб.

Бола йиғлаганда…
Уйғонар жаҳон,
Тутар бу борлиқни
“Инга” овози.
Тингласайдим уни энтикиб бироз,
Шугина қувончга бўлардим рози.

Бола йиғлаганда…
Қилманг эътироз!
Йиғлаб олгин, болам,
Кўзлари мунчоқ.
Улғайиб дунёни ўрганарсан боз,
Йиғининг қадрига етасан шу чоғ…

Бола йиғлаганда…
Оталар шодмон,
Доянинг қўлидан олар гўдакни.
Ҳаяжон кўксида айлайди хиром,
Тинчита олмайди бир дам юракни.

Бола йиғлаганда…
Улғаяр замин,
Тунда аллалайди, Ой меҳри – сероб.
Тонгда шу гўдакнинг тўлдириб камин,
Оқ нуридан оқ сут келтирар офтоб.
Йиғлаб ол, болажон,
Арисин ғамлар.
Сенинг йиғиларинг кимгадир сабоқ.
Зеро, тош юраклар уйғонса агар,
Саодат келдим деб чалар қўнғироқ.

Бола йиғлаганда…
Қочар ҳаловат,
Бедорликда кўкрак тутар оналар.
Бешиклар тебрансин бўш қолмай ҳар вақт.
Дунёда кўпайсин шодон болалар!

Йиғлаб ол, болажон,
Арисин ғамлар…

Кўнгил саҳифасида

* * *
Хаёлимда ойга чиқишни орзу қилардим.
Унга яқин қолганимни
англатаяпти юрагимдаги музликлар…

* * *
Кўп хаёл сураман,
Кўп ухлайман баъзида,
Тонгда яна такрорлайман.
Тушдаги хатоларни…

* * *
Сенинг исмингни ўн беш йил такрорлайвердим.
Бугун ўз исмимни эслай олмаяпман.
Нима эди?
– А, бедил…?