Абулғозийхон (1605-1664)

Абулғозий. Н.Қўзибоев асари

Абулғозийхон “Шажарайи турк” ва “Шажарайи тарокима” номли катта илмий аҳамиятга эга бўлган тарихий асарларни ижод этган ўзбек тарихнавис олим, узоқ вақт Хива хонлигини бошқарган йирик давлат арбобидир. Абулғозийхон адабиётдан ҳам хабардор бўлган. Тиб илмини яхши ўрганган бўлиб, бу борада “Манофеъ ул-инсон” номли махсус тиббий асар ҳам ёзган.

Абулғозийхон Хива хони Араб Муҳаммадхоннинг ўғлидир. Абулғозийхон ўз асарларида таржимаи ҳолига оид анча маълумотларни келтирган.

Муаррих таваллуд санасини қуйидагича баён этади: “Урганч вилоятида тарих ҳижрий минг тақи ўн тўртда (1605—1606) асад буржи ва рабиъ ал-аввал ойининг ўн бешида душанба куни офтоб бирлан баробар тулуъ қилибмиз”[1].

У ота ва бобоси ҳақида гапирар экан, бундай деб ёзади: “Отамизнинг оти Араб Муҳаммадхон, анинг отаси Оқатойхон, анинг отаси Амнакхон, анинг отаси Ёдгорхон… Онасининг исми Меҳрибону хоним бўлиб, Жонғози султоннинг қизи бўлган”.

Абулғозий 6 ёшга кирганда онаси вафот этади. У 16 ёшгача Урганчда отаси қўлида тарбияланади. “Андан сўнг отамиз Кадхудой қилди. Тақи Урганчнинг ярмини улуғ оқамиз Ҳабаш султонга ва ярмйни бизга берди. Бир йилдан сўнг Ҳабаш ва Элбарс отли акаларимиз бирлан орамизда низоъ бўлди. Ул сабабдин турабилмай Хевақға отамиз қатиға келдук. Улар Катни инъом қилдилар”[2].

“Араб Муҳаммадхоннинг етти ўғли бор эди: аввал Асфандиёрхон, иккинчи Ҳабаш султон, учинчи Элбарс султон, тўртинчи Абулғозийхон, бешинчи Шариф Муҳаммад султон, олтинчи Хоразмшоҳ султон, еттинчи Авғон султон Асфандиёрхоннинг онаси ўз жамоатимиздан эрди. Ҳабаш султон бирлан Элбарс султоннинг онаси найман қизи, иккиси бир онадан эрди. Онамнинг оти Меҳрибону хоним. Отаси Жонғози султон…”[3]

Араб Муҳаммадхон, Абулғозийхон, Асфандиёр ва Шариф Муҳаммадлар билан Ҳабаш ва Элбарс ўртасида низо кучайиб, икки орада уруш воқеъ бўлади. Бу урушда енгилган Араб Муҳаммадхон қўлга тушади ва кўзи кўр қилинади. Минг машаққатлар билан сувдан кечиб ўтган Абулғозийхон аввало Катга ва у ердан Имомқулихон саройига келади. Ҳабаш ва Элбарсга қарши кураш бошлаган Асфандиёр Абулғозийхонни ёрдамга чақиради. Аммо Имомқулихон унинг боришига рухсат бермайди. У Имомқулихон саройида икки йил туради.

Ҳабаш ва Элбарс устидан ғалаба қилган Асфандиёрхон Имомқулихон саройига ўз инилари Абулғозийхон ва Шариф Муҳаммадни тилатиб киши юборади. Шундан кейингина Имомқулихон уларга Хоразмга қайтишга рухсат беради. Абулғозийхон Хивага қайтади ва Асфандиёр уни Урганчга ҳоким қилиб тайинлайди. Энди Асфандиёрхон билан Абулғозийхон ўртасида келишмовчиликлар майдонга келади.

Урганчда туришнинг иложини топаолмаган Абулғозийхон Туркистонда, Тошкентда бўлади. Кейинчалик Хивага қайтади. Асфандиёрхон Абулғозийхонни Эронга жўнатади. Шундай қилиб, Абдулғозийхон 10 йил Исфаҳон шаҳрида туради. Харажат учун йилига 10.000 танга ажратилади. Бир қанча тадбирлар ишлатиб, Абдулғозийхон Бастом, Маҳин орқали Манқишлоққа келади. У ерда бир йил туриб, 1642—1643 йили Урганчга келади. У Хоразмга қайтганидан олти ойдан сўнг Асфандиёрхон вафот этади.

1644—1645 йили Абулғозийхон Хива тахтини эгаллайди ва деярли йигирма йил давомида Хивада хон бўлиб туради. Унинг хонлик даврида ўзаро урушлар нисбатан тинчиди, ташқи мамлакатлар билан алоқалар яхшиланди, ободончилик, ички вазиятни тузатишга эътибор кучайди, ҳокимият мустаҳкамланди. 1663—1664 йили хонликни ўғли Анушахонга топширади ва 1664 йили вафот этади. Абулғозийхон ўзи ҳақида қуйидаги қизиқ маълумотларни ёзиб қолдирган. “Бу фақирға Худойи таоло иноят қилиб, кўб намарса берган турур. Хусусан уч ҳунар берган турур. Аввал, сипоҳийгарликнинг қонуни ва йўсиниким, нечук отланмоқ ва юрумак ва ёвға ясоқ ясамоқ, кўп бирлан юруганда нечук қилмоқ, оз бирлан юруганда нечук қилмоқ. Иккинчи, маснавиёт ва қасойид ва ғазалиёт ва муқаттаот ва рубоиёт ва барча ашъорни фаҳмламаклик, арабий, форсий ва туркий луғатларнинг маъносини билмаклик. Учинчи, Одам аҳлиндин то бу дамгача Арабистонда, Эрон ва Туронда ва Мўғулистонда ўтган подшоҳларнинг отлари ва умрларининг ва салтанатларининг кам ва зиёдин билмаклик”[4].

Унинг томонидан келтирилган бу маълумотларга қараганда, Абулғозийхон шеъриятни яхши билиш билан бир қаторда, араб, форс ва туркий тилларни пухта ўрганган. Тарих илмидан яхши хабардор бўлган Абулғозийхон ўзининг тарихий асарларини тасниф этган.

Абулғозийхон юқорида зикр этилган сиёсий фаолияти билан бир қаторда замонасининг атоқли тарихчиси ва олими сифатида “Шажарайи турк” номли машҳур асарини ёзган.

Абулғозийхон ўз асарини ёзишда тарафкашлик қилмай, воқеаларни қандай содир бўлган бўлса, шундай келтирганлигини уқдириб ўтган. У бундай деб ёзади: “Эмди кўнглингига келмасунким, фақир тараф тутиб ёлғон айтган бўлғайман ва ё ўзимни ғалат таъриф этган бўлғайман”[5].

Абулғозийхон “Шажарайи турк” номли асарини қайси вақтда ёзилганлигини ва бобларини кўрсатиб ўтади. “Тарих ҳижрий минг тақи етмиш тўрт (1663—1664) эрдиким, биз (Абулғозийхон) бу китобни ибтидо қилдуқ ва тақи “Шажарайи турк” теб от қўйдиқ. Тақи тўққиз боб қилдуқ”.

Бу асарни Абулғозийхон “Шажарайи турк”нинг ўзида келтирилган баъзи маълумотларга қараганда охиригача ёзиб тамомлашга улгурмаган. Унинг маълум қисми Абулғозийхон вафотидан сўнг Маҳмудий ибн Муҳаммад Замон Урганжий томонидан ёзиб тамомланган.

Бу асардан ҳозир Тошкентда Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзма асарлари хазинасида тўрт нусха сақланмоқда. Улардан энг қадимийси 851 рақамли нусха бўлиб, XVII аср охири ёки XVIII аср бошларида кўчирилган. Шунингдек, Абулғозийхоннинг “Шажарайи тарокима” ва “Манофеъ ул-инсон” асарларининг қўлёзма нусхалари ҳам мазкур институт қўлёзма асарлар хазинасида сақланмоқда.

Абулғозийхоннинг маданий-илмий меросини тадқиқ этиш анча илгари бошланган. Абдулғозийхоннинг ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар қомуслар, журналлар ва тўпламларда келтирилган. “Шажарайи турк” асарининг матни 1824 йили Қозон шаҳрида академик Френь томонидан нашр этилган. Сўнгра бу асарнинг матни (1871) ва француз тилига қилинган таржимаси 1874 йили Санкт-Петербургда профессор Барон Демезон томонидан нашр этилган. Кейинчалик Г. С. Саблуков бу асарни рус тилига таржима қилиб, Қозонда нашр этдирган. Абулғозийхоннинг туркманлар тарихига оид “Шажарайи тарокима” асарининг матни ва таржимаси тадқиқотлар билан академик А. Н. Кононов томонидан (Москва, Санкт-Петербург) 1958 йили нашр этидци.

“Шажарайи турк” асарининг матни ҳозирги жорий алифбода 1992 йили Тошкентда академик Б. Аҳмедов сўзбошиси билан нашр этилди. Шундай қилиб, Абулғозийхон қатор тарихий асарлар ижод этган ўз даврининг етук тарихнавис олими, давлат арбоби ва лашкарбошиси эди. Абулғозийхоннинг турли маълумотларга бой тарихий асарлари Хоразм тарихини ва умуман айтганда, туркий халқлар тарихини ўрганишда муҳим манбадир.

Абулғозийхоннинг Хоразм тарихи бўйича ўзбек тилида асарлар ёзиши анъанаси Хивада кейинги даврларда атоқли тарихнавис олимлар, айни вақтда ажойиб шоирлар Шермуҳаммад Мунис, Муҳаммад Ризо Огаҳий ва Муҳаммад Юсуф Баёнийлар томонидан давом эттирилди.

Абулғозийхон Хива хонлигида вужудга келган ана шу тарихнавислик мактабига асос солган олимдир.

т.ф.н. Қ. Муниров

_______________

[1] Абулғозийхон. “Шажарайи турк”. ЎзР Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, қўлёзма инв. № 851, в: 168б—169а қуйида қисқача, шу асар, инв. № 851.

[2] Шу асар, инв. № 851. в: 170.

[3] Шу асар, инв. № 851, в: 160.

[4] Шу асар, инв. № 851, в: 1а—26.

[5] Шу асар, инв. № 851, в: 2б.