Зайниддин Нуғмонхон (1949)

Зайниддин Нуғмонхон 1949 йилда туғилган. Тошкент Темир йўл транспорти институтини тамомлаган. “Изҳор” номли шеърий тўплами чоп этилган.

КЕЧ КУЗ

Тўзону хазонлар ўйнаган йўлка,
Оппоқ бошларини мағрур тутган тоғ,
Қишнинг элчилари – эсган изғирин,
Маъюс боқиб қолган бийдек дала, боғ.

Тоғ бағри. Уйлардан ўрлайди тутун,
Ҳавода қарғалар чарх урар бетин,
Шип-шийдам оғочлар, чийиллар шамол,
Куз бунда фаслмас, у энди хаёл…

ИШОНЧ ИСТАГИ

Дарё сувин қумлик шимгани каби,
Етимнинг кўзлари ёш тўккан мисол.
Юлдузлар тонг олди пирпираб аста,
Осмоннинг қаърига кетгандек сингиб.

Куз дарахт баргларин узгандек бир-бир.
Уюрлар, отарлар солган каби из.
Сойга келган селлар тошларни очиб,
Тўзғиган қумларни йиққани каби.

Ёвузлик яхшилик устидан ҳукм
Чиқаргани каби гоҳи-гоҳида…
Булар бор гаплар-ку ишонмай бўлмас…
Аммо, мен ишонмоқ истардим яна,

Ҳув, анув, кўринган тоғнинг ортида
Мовий бир денгизни бор, деб ишонган
Бола тасаввури каби беғубор,
Сўзларга, азизим, такрор ва такрор.
Ишонгум мен яна биргина сўзга,
Сенинг юрагингда буюк севги бор…