Йўлдош Сулаймон 1935 йили Қўқон яқинидаги Ойдинбулоқ қишлоғида туғилди. Ўрта мактабни битиргач, ўқитувчилик ва мураббийлик қилди. 1960 йили Мирзо Улуғбек номидаги Фарғона давлат педагогика институтини битиргач, ўрта мактабларда ўқитувчи, Фарғона вилоят газетасида адабий ходим ва бўлим мудири бўлиб ишлади. Кўп йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг масъул котиби сифатида хизмат қилди. 1996 — 2001 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатди.
Йўлдош Сулаймоннинг болаларга аталган “Биз саёҳатчилармиз” номли илк шеърий тўплами 1966 йилда босилиб чиққан эди. Шундан сўнг ўтган қарийб қирқ йиллик қизғин ва серқирра ижодий фаолияти мобайнида ёзувчининг “Даъватингни эшитяпман, ҳаёт”, “Ҳамма ҳавас қилади”, “Катта йўлга чиққунча”, “Боқий умр”, “Сен менинг қуёшимсан”, “Болалар қалби”, “Дардим сиғмас дунёга”, “Шаҳризод бўл бир кеча” каби йигирмадан ортиқ шеърий ва насрий китоблари нашр этилди.
Йўлдош Сулаймоннинг, айниқса, ўсмир китобхонларга мўлжаллаб ёзилган “Авлодлар”, “Муҳаббат”, “Жалада қолган гул” қиссалари, халқимиз тарихининг муҳим даврлари қаламга олинган “Субҳидам”, “Вафо” ва “Армон” романлари, шунингдек, бир қатор қўшиқлари мухлислар қалбидан мустаҳкам жой олди.
Йўлдош Сулаймон адабиётимизни ривожлантиришдаги хизматлари учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
ЖОЗИБА
Юзидан рўмолин кўтарган чоғда
Ҳамма қушлар сайраб юборса боғда,
Қора булут бехос сўкилиб кетса,
Қуёш нури эриб тўкилиб кетса —
Бу қандай жозиба, бу қандай чирой,
Бу янги қуёшми ёки янги ой?!
Фаришталар суйиб ё уни жондан,
Олиб келганмикин ё Шабистондан?!
Ё «Боғи эрам»нинг парисимикин,
Манзили ундан ё нарисимикин?!
Қўл етмас юлдузим ўшамикин, деб,
Чақирсам ёнимга тушармикин, деб —
Безовта бўлмас ҳеч ўю хаёлим,
Сендан рашк қилмайди севган аёлим,
Бутун эриб битди ғубору ғамим,
Эй, менинг соғинчим, дилбар кўкламим!
КУРАШ
Изма-из пойлайди ўлим шарпаси,
Ҳайратдан ушлайман баъзан ёқани:
Кимлар ҳадикдану кимлар қўрқувдан
Макон этяптилар дорил бақони!
Фитнаю фасодлар зуғмида қолиб,
Таҳлика ичида умрим ўтса-да —
Тун нурдан қочгандай қочяпти ўлим,
Боисин сўрсалар янграр бир садо:
Курашганинг сари яшагинг келар,
Муҳаббат йўлида ташланар қадам.
Бекор келиб, бекор кетмоқ фожеа,
Икки марта келмас дунёга одам!
ДАРДИМ СИҒМАС ДУНЁГА
Дардим сигмас дунёга,
Сиғвлай қолдим ўзим ҳ.ам.
Хаёлимда бир-бирин
Алдар икки кўзим ҳам.
Ким дўстиму ким душман
Била олмай мен ҳалак.
Иккиси ҳам ширин сўз,
Тушинтир ўзинг, фалак.
Онанинг оқ сутини
Кимдир ўлчар пул билан,
Кимдир кимга чоҳ қазир
Қўлидаги гул билан.
Саломдан ҳам наф излар,
Гап тагидан гап излар.
Ёрни ёрдан айирди
Ниқоб тутган шу юзлар.
Улар бири-бирини
Тез топади ҳамиша.
Қаерда сиз яхшилар,
Манзилингиз қай гўша?!
Кўзингни оч, эй Йўлдош,
Юрак ўтсиз бўлмасин.
Куйга тўлдир дунёни,
Одамийлик ўлмасин!
УМИД
Бу дунёнинг поёни йўқ,
Аниқ-равшан баёни йўқ,
Номардларнинг имони йўқ,
Дўстингман деб келганларнинг
Нигоҳида аёни йўқ,
Ширин лутфим очиқ бўлди,
Тинглаганим аччиқ бўлди.
Умрим бўйи сочган меҳрим
Юрагимга санчиқ бўлди,
Кўнгил куйиб бир чўғ бўлди!
Саволларим «нетайин»ми,
Ё бош олиб кетайинми?
Вафо десанг жафо келар,
Ё бу ҳукм атайинми,
Дунё шундай бетайинми?
Ишламаган эзилмаган,
Олам одил тузилмаган,
Ҳали тугал бузилмаган!
«Ё ҳақ» деган садо келди,
Умидларим узилмаган!
Иззат талаб топмас иззат,
Қани, Йўлдош, дилдан кузат»,
Ўз йўлингни ўзинг тузат.
Зулматдан ҳам нур қидиргин,
Умидворга қўлинг узат!
ҚАНИ ЎТЛИ НИГОҲЛАР
Ёлғон-яшиқ сўзлардан,
Ниқоб тутган юзлардан,
Ҳаёси йўқ кўзлардан
Юракларим безиллар,
Қачонгача эзилар?!
Кўнгилларим бузилган,
Нималардир узилган,
Сўзларим ҳам чўзилган.
Учганмикин ё чўғлар,
Муҳаббатни ким йўқлар?!
Соғинганман ёнишни,
Ширин-ширин хонишни,
Йўлдош, йиғиб ол ҳушни,
Қани қуёшу моҳлар,
Қани ўтли нигоҳлар?!
ОЙДИН КЕЧА
Ойдин кеча, ой кеча,
Малоҳатга бой кеча.
Осмонда ой, ерда ой,
Ой тун бўйи сой кечар.
Тоғларимиз лол унга,
Боғларимиз дол унга.
Кўзлар боқар пориллаб,
Шундай ширин хол унга!
Ой кўринган кўчада
Кўнгил қушдай учади.
Оқбадан тун нозланиб
Майингина қучади.
Бошим узра сузади,
Қўлларини чўзади.
Йўлларимга нур тўкиб,
Хаёлимни бузади.
Бир маъюслик ичида
Ишқ шаробин ичади.
Айтолмаган сўзлари
Тилларининг учида.
Ой, шаънингга шеър ўқий,
Энди мени холи қўй.
Ёрим сендан ҳам хушрўй,
Кела қол, эй, ширин ўй:
Содиқман ўз рохимга,
Эргашаман моҳимга!
Йиқиламан пойига,
Етар бўлса оҳимга!
Шаънинг учун шеър ўқий,
Ойжон, мени холи қўй.
Ёрим сендан ҳам хушрўй,
Кела қол, эй, ширин ўй!