Йўлдош Эшбек 1950 йил 1 сентябрда Самарқанд вилояти, Иштихон туманида таваллуд топган. ТошДУнинг филология факультетини тугатган (1977). Дастлабки шеърлар тўплами — «Соғиниб яшайман» (1981). «Юксак дарахтлар» (1985), «Мовий турналар» (1987), «Яхшиликка қарайман» (1988), «Дарахтлар эртаги» (1989), «Ҳаёт чечаги» (1990), «Мангу масофа» (1991) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Имом Ғаззолийнинг «Эй фарзанд», Аҳмад Лутфийнинг «Ўгай она», «Ҳазрати Али», Фотима Темурнинг «Кўнгил дўстлари» («Тазкират ул-авлиё»), Амина Шанк ўғлининг «Виждон азоби»ни ҳамда Ўлжас Сулаймон («Сопол китоб») ва бошқа адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1998).
ҚАДИМ ОҲАНГЛАРДА
Остонангга дилимнинг
Торларини бойладим.
Мен бир дунё сулувдан
Сен сулувни сайладим.
Сайладиму кўзимда
Халқоб-ҳалқоб ёш бўлди.
Бу бевафо дунёнинг
Бағри менга тош бўлди.
Сен юлдузсан – қўл етмас,
Ошиқ бўлдим, сулувим.
Энди сенинг ўрнингга
Кўшиқ қолди, сулувим.
Бир қўшиқки, дилимнинг
Тубларига зил бўлар.
Айтсам охдир, айтмасам –
Сарғайтириб сил қилар.
Остонангта дилимнинг
Торларини бойладим.
Мен бир дунё сулувдан
Сен сулувни сайладим.
Эшигинг зулфаклари
Тилло экан, билдим-ку.
Қўлим калта эканин
Билиб, бағрим тилдим-ку.
Тилим бағрим ичинда
Дардинг сизиб ётади.
Кўшиқ қилиб қалбимни
Кўзларимга отади:
Кўзларимда айланган
Ҳалқоб-ҳалқоб ёш бўлди.
Бу бевафо дунёнинг
Бағри менга тош бўлди.
ЙИҒЛАЁТГАН ҚИЗ
Бу оғир боғ ичра оғир қадамлар
Ташлаб кетаётган оғиргина қиз,
Дунё кўзларингдан дунё аламлар
Томчилар, ҳар бири бир улкан юлдуз.
Томчилар кўзингдан норасидалик,
Сўзга айланмаган ёниш томчилар.
Бешафқат дийдорми оғир жудолик,
Йўқотиш томчилар, топиш томчилар.
Йўқ, сени алдаган, биров алдаган,
У сени севгандир, йўқ, йўқ, севмаган.
Кўксингга чиройли ўқлар қадаган,
Бировлар алдаган, биров алдаган.
Томчилар кўксингдан келаётган куз,
Оғулар томчилар, гуллар томчилар.
Яқин хотиралар… идрок фаромуш,
Виждонингни ўйиб урар томчилар.
Виждонсиз номусли ниқобин қўймас,
Виждоннинг ҳар дами руҳий изтироб.
Виждонсиз хатосиз кунлардан тўймас,
Виждон бу хатодан улғайган азоб.
Сени юпатмоққа журьат йўқ менда,
Сен менинг кечмишим, умрим бўлаги.
Фақат мен қайғулар тиларман сенга,
Каттакон қувончнинг унсиз ўланин!
Алданмоқ тиларман сенга кўп марта,
Алданмоқ – дунёга назар, англамоқ.
Алданмоқ – кўз ёши қилмоқ, йўқ, артмоқ,
Алданмоқ – курашга отланмоқ демак.
Йиғламоқ тиларман, қайнаб йиғлагин,
Тишларингаи секин қайраб йиғлагин!
Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!
Паймонанг тўлгунча, тўйгунча йиғла!
Улар лаззатхўрлар, қароқчилардир,
Умрлари узун, соб бўлмас, эсиз!
Бу дунё – аслида алдоқчилардир!
Бу дунё – аслида йиғлаётган қиз!
Мен сенга қўшилиб йиғлай олмасман,
Фақат бош эгаман қайгунгга сўзсиз.
Мен сенга талпиниб, асло толмасман,
Мен сени севаман, йиғлаётган қиз!
СЕНИНГ ҚЎШИҒИНГ
1.
Биз бахтиёр бўлгаймиз хўб,
Бизни зафар қучажак!
Тепамизда чарх уришиб
Қалдирғочлар учажак!
Шундай қўшиқ айтган эдинг сен,
Шундай қўшиқ… ҳаётдай азиз.
Ва дунёга қайтган эдим мен,
Дунё менга қайтди ўша кез.
Қўшиғингни булоқлар тинглаб,
Шамолларнинг тили тугилди.
Осмон юзи кўзинг нусхалаб,
Ўпмоқ бўлиб сенга эгилди.
Қалдирғочлар учди тепангда,
Қўшиқ айтиб шўхшан, дилрабо.
Ўн еттида эдинг ўшанда.
Ўн еттига тўлганди дунё.
* * *
Дунёлардан рашк қилдим сени,
Дунёларга ишонмас эдим.
2.
Қалдирғочлар келмоқда учиб,
Баҳор қувиб яшарлар доим.
Ушбу дамда сен ёдга тушиб,
Аламларда қоврилар ўйим.
Сен умрингаи бўлдинг иккига,
Энди менга икки хил ўйсан.
Тўлиб кетса дардпар кўксимга,
Ёлғизликнинг ҳукмидан тўйсам,
Мададга зор одамдай гоҳо,
Атрофга жавдирар нигоҳим.
Кўзларимда интиқ илтижо,
Кўзларимда тизилар оҳим.
Шунда излаб қоламан зор-зор,
Ўн етти ёш кўҳлигим қайда?
Ва қайтмоқ бўламан интизор
Ўн етти ёш дунёга қайта.
Мени чорлар илк умринг маъсум,
Мени чорлар ул покиза ишқ.
Қайғуларга чек қўйиб, бир зум –
Руҳимда тирилар ул қўшиқ:
«Биз бахтиёр бўлгаймиз хўб,
Бизни зафар қучажак!
Бошимизда чарх уришиб,
Қалдирғочлар учажак!»
* * *
Сен кетиб борасан дарахтлар аро,
Кичрайиб борасан, тораяди йўл.
Сенга оқ кўринган бу йўллар қаро,
Енгил тин оласан кенгаяр ўнг-сўл.
Шамолда сочларинг пастлар-баландлар,
Шамолда сочларинг – қушнинг қаноти.
Сен учиб борасан – пастлар баландлар,
Баландлар пастлайди, эркин ҳаётинг!
Ўзимга лаънатлар ўқийман бот-бот,
Мен сенга ҳаваслар қилурман, эркам.
Сенга қуролмадим гўзал бир ҳаёт,
Ўзимга зиндонлар қаздим… жуда кам!
Елкангни шамоллар силкитар нега,
Нега кўйлагингни ўйнар бешафқат?!
Шамолда михланиб қарайман сенга,
Шамолда қўлларинг силкинмас фақат.