Ёқубжон Аҳмаджонов (1947-2016)

Ёқубжон Аҳмаджонов 1947 йилда Наманган шаҳрида туғилган. «Кредо», «Ахсикентдан топилган беш ривоят», «Алданган қуш», «Тегирмон ёнидаги уй», «Лайли ва Мажнун»нинг ХХ аср варианти», «Болалик капалаклари», «Мусаввир», «Хаёл сайёрасидаги фожеа», «Сардоба шотутлари», «Бузилган мақбара деворидаги битиклар» сингари асарлар муаллифи. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Оилали. Икки ўғил ва етти набираси бор.


СУРАТДАГИ ДАРАХТ ЯПРОҒИ

1
Ой тиниқ.
Сой тиниқ.
Титраб-титраб чўмилар юлдуз.

2
Сен тоғларни ёмон кўрма
Сендан улканлиги учун,
Юксаклиги учун журъатингдан.

3
Ўткан кунлар хотираси дилни ёқар,
Энди қачон ариқларда тўлиб оқар
Ялпиз бўйи келган сувлар?

4
Бу ерларга қадам қўйганим замон
Япроққа айланар вужудим –
Илк бор сени шунда учратган эдим.

5
Қаерларда юрар бепарво эри?
Тонггача мижжа қоқмайди сирень
Тунги капалаклар дастидан.

6
Учиб кетган болалигимни
Тушларимда томингда кўрдим,
Оқ тегирмон, оппоқ тегирмон.

7
Ҳассани неча марта йўқотиш мумкин,
Дарёдан қуруқ қайтиш мумкин неча бор,
Наҳот бир умр?!

8
Хонадаги Умидсизликни
Қувиб солди Аёл кулгуси.
Сон-саноқсиз яшил япроқлар.

9
Лойқа, кўлмак сувда асабий сузар
(Овозсиз фарёди оламни бузар)
Аждоди дарёда яшаган балиқ.

10
Сенга ҳам қойил қолиш керак
Ҳеч бўлмаса парвоз қилганинг учун,
Варракнинг думи.

11
Дунёга пок келдинг ва шундоқ кетдинг.
Иккинчи Сайҳундек сен оқиб ўтдинг.
Қандоқ яшаяпман мен?!

12
Дала-даштда совқотган Шамол
Эшикларни қоқар тун бўйи.
Бечоранинг рангида ранг йўқ.

13
О, тошларим менинг, музларим менинг,
Ёғийлардан баттар ўзларим менинг.
Ким айтади бизни битта дарахт деб?!

* * *

Сойнинг сайроқ тўлқинлари жим,
Лоқайдгина мудрар қирғоқлар.

Бир тўп қарға қурмоқда базм,
Дарахтларда қора япроқлар.

Хазон бўлиб куйдирар кўзим
Мен ўкситган ғамгин нигоҳлар.

УЙҒОНИШ

Кўзим кетди рангларга тўлиб
Ва кўксим аро оққушлар.
Энди қора сочларинг бўлиб,
Менга уйқу бермайди тушлар.

* * *

1
Муз остида сув пинҳон оқар,
Оқ чинорлар улкан қорбобо.
Сенга ҳожат йўқ бул кун, соғар,
Менга майдир мусаффо ҳаво.
Кўкдан оппоқ юлдузлар ёғар,
Юрагимдан ёғади наво…

2
Юртим, юртим, сенга ошиқман,
Сенда шоир бўлмаслик гуноҳ.
Дўст оғзидан номинг эшитсам,
Вужудимга ҳаловат ҳамроҳ.
Сен – ёшлигим кечган бешиксан,
Сен – кўз юмсам мангу оромгоҳ…

3
Кўкда учсам, сузсам денгизда,
Хаёлимда Сардоба порлар.
Оқ узумлар ёниб юлдуздай
Боғ кўчалар бағрига чорлар.
Тушларимга кирар олисда
Уста Латиф эккан чинорлар…

ЭТЮДЛАР

Мен баҳорни қачон кўрдим? Сўнгги қор
оқ қуёшдай уфқларга сингганда.
Баланд ёнғоқ дарахтлари қарғасиз
ёлғиз қолиб, қағиллашдан тинганда…

Мен баҳорни қачон кўрдим? Сўрига
ерда ётган токлар панжа чўзган пайт.
Ўрик, қишнинг муз бағридан қутулиб,
турналарнинг нафасини сезган пайт…

Мен баҳорни қачон кўрдим? Юлдузлар
қалдирғочдек қанот ёзиб учганда.
Чақмоқ чақиб – ўйнаб олов раққоса,
зил теракни ваҳималар қучганда…

Мен баҳорни қачон кўрдим? Бедовлар
ер тепганда, термилганча олисга.
Отилганда жонли фонтан – балиқлар
сиғмай қолиб дарёларга, ҳовузга…

Мен баҳорни қачон кўрдим? Хонадан
ташқарига рангпар гуллар кўчганда.
Бойчечаклар қаро сигир сутини –
қора булут сувларини ичганда…

Мен баҳорни қачон кўрдим? Беовоз
куйлаганда соҳилдаги оқ тошлар.
Чумолининг ёлғизоёқ йўлини
супурганда шаббодалар – фаррошлар…

Мен баҳорни қачон кўрдим? Чигиртка
чириллаши тун кўксини тилганда
ва кўз излаб суратингни альбомдан –
вужудимга баҳор қайтиб келганда…

* * *

Қуёш аллақачон уфққа ботган,
Юлдузлар совуқдан муз каби қотган,
Не боис, ҳар оқшом нигоҳим тортган
Боғлар четидаги ёлғизгина уй?

Ул уйда яшарди дилимнинг моҳи,
Кундузим хаёли, туним ҳамроҳи,
Сармаст кечаларнинг тилсиз гувоҳи
Боғлар четидаги ёлғизгина уй.

У пайт ўзга эди майса ва дарахт,
Барглар шивирида бир ажиб фараҳ,
Мен топиб, қадрига етолмаган бахт
Боғлар четидаги ёлғизгина уй.

Кўк япроқлар бугун саргардон хазон,
Менда гуноҳкорман, йўл йўқ сен томон,
Қанотсиз севгимга энди туш осмон
Боғлар четидаги ёлғизгина уй.

ТАНҲО АЁЛ

Кеч куз. Сариқ хазонлар учар
Сариқ капалаклар сингари.
Дил қаъридан армонлар учар
Қанотларин ёзиб сен сари.

Ёлбораман, яқиндир завол,
Чеки борми қийноқларимни?
Шамолларнинг чангалидан ол
Кузнинг рангпар япроқларини.

Куйган кўнгил элчиси хазон,
Тингласангчи, илтижо қилар.
Ўз уйингга қайтасан қачон,
Қачон ҳижрон мавсуми сўлар?

* * *

Хиёбонда ёлғиз юраман,
Ўша дарахт ва ўша ҳовуз.
Нега сени ўйлайвераман,
Ахир, ҳозир баҳор эмас – куз?

Ёдингдами гул байрамлари –
Мушак бўлиб ёнган тантана?
Ўша хушбахт онлардан бери
Ўн йил ўтиб кетибди, мана.

Атрофимда сокин кузги боғ,
Юрак кавоб, хаёллар чўғдир.
Дарахтларда заъфарон япроқ,
Бугун, эрта ёғгувчи ёмғир.

ҚАҚНУС

Армонга айланган зотлар вориси,
Камсуқум, мағрурроқ феълли ижодкор,
Сенинг бошинг узра гоҳ ой ёғдуси,
Гоҳ кузнинг ташвишли синовлари бор.

Таъма бандаларин назарида сен
Сўзни деб ақлдан озган савдойи.
Тушунмас – нимадир суянган тоғинг,
Тушунмас – не учун умринг фидойи.

Дунёнинг бор дарди – бу ўз дардингдир,
Оппоқ тонгга туташ сен кўрган тушлар.
Юрагинг кулбамас, заминга тенгдир,
Унга сиғар барча ярадор қушлар.

Руҳингга паноҳ йўқ, елкаси яғир,
Эзгулик куйида доим ёқанг чок.
Ўртаниб истайсан кўрмоқни охир,
Борлиқни болалик осмонидай пок.

Сен гарчи оламнинг ўгай боласи,
Меҳринг арзандалар меҳридан ортиқ.
Достонинг ярадор виждон ноласи,
Севгининг кўксида саноқсиз чандиқ.

Дарахт ажралади сўнгги япроқдан,
Бир куни ҳаётинг топади якун.
Бегуноҳ кўзларинг юмилган чоғда
Пасткаш кимсагина кулиши мумкин.