Хуршида Нишонова 1988 йили Наманган вилояти Уйчи туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. Шеърлари вилоят, республика наширларида эълон қилиниб борилади.
* * *
Тош шаҳар,
Тор хона,
Эски анжомлар.
Хира фонус ёритар тошли йўлакни.
Тун яримлаб қолган,
Гуноҳкорлигим,
Сим-сим оғритади хаста юракни.
Совуб қолган қаҳва,
Суви қочган нон.
Қоғознинг устида туради қўқиб.
Шу лаҳза Худойим
ўариб бошимга,
Юлдузли осмонни юборар тўкиб.
* * *
Оёғости қилдим ўзимни,
Тентак дилнинг сўзига кириб.
Тундек қора этдим юзимни,
Манманликнинг измига кириб.
Сокин дилга бағрини бериб,
Ўкраб-ўкраб йиғлайди орим.
Мен дўстимга хор бўлдим букун,
Душманимга бир дунё зорим.
Ўз қадримнинг оёқ остида,
Топталишин қилдим томоша.
Тўмарисга айланмай қолдим,
Ҳислар оша, туйғулар оша.
Мен на қадар ночорман рости,
Мажнунликни ўргандим гулдан.
Ҳисларимни калтаклаб осдим,
Сўнг айрилдим,
Айрилдим дилдан.
Оёқости қилдим ўзимни,
Тентак дилни изига кириб.
Осмон қилиб қўйдим ўзимни,
Бевафонинг сўзига кириб.
* * *
Дунё –даллол,
Ёнидан ўтар бозорчи йиллар,
Қариндошинг уқубат,
Бегона омад тилар
Бахт дегани ўзини,
Бозорга солар бунча.
Муҳаббат — сўқир кампир,
Ҳавас — танноз хонимча.
Умр — девона сабо,
Дайдиб-дайдиб боради.
Воз кечади баридан,
Яна қайтиб боради.
Қўлимга юзин босиб,
Лола жон таслим этар.
Мени само сирғаси,
Ўлимга ҳукм этар.
Дунё — сархуш бир дайди,
Оҳуни атайди бол.
Орзу — улғаймас бола,
Армон — ажал етмас чол.
Тақдир зулфимдек чигал,
Бу ҳам Ҳақ иродаси.
Танимдаги телба руҳ —
У дунёнинг пардаси.
Замон — саҳро, мен унда,
Қўрғошин тупроқ — қумман.
Сўз бодасин симириб,
Маст бўлмоққа маҳкумман
* * *
Бўлди.
Келма.
Керакмас энди.
Тасаллига эмасман муҳтож.
Йўлингда ишқ ёмғири тинди,
Яна кулди мен кутган сирож.
Қўй.
Эланма
Кетгин бутунлай.
Шафқат нима унутиб бўлдим
Аввалги маъшуқа эмасман, чиндан,
Ҳилол янгиғ нурадим,
Тўлдим.
Сен ҳам кутма
Мен ҳам бормайман.
Нима қолди муҳаббатга хос
Сенда қолди хўрланган ишқ-у,
Мендагиси куюк дил, холос.