Хосият Рустамова 1971 йил 19 мартда Наманган вилояти, Чуст туманидаги Олмос қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1993). «Осмондаги уй» (1997), «Нажот» (2003), «Ридо» (2004), «Девор» (2006) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. М. Цветаева, А. Ахматованинг айрим шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (2004).
ЁЗ
Далаларни қуёш айланар,
Тобланади салқин чайлалар.
Чумоли дон ташиб тўкар тер,
Оғир-оғир ҳансирайди ер.
Кун ярмида чилла олар тин,
Ўзин сойга тутади яқин.
Ит қушларга қарар ўксиниб —
Ерга бериб ётар кўксини.
Ҳайратланар сайёҳ теварак,
Илкис ерга отланар фалак.
Сезиб қолар тоғлар шу замон —
Гўзалликни яширар оқшом.
* * *
Ҳар қандай шамолга ишонасан cен,
Сочларинг тўздими — ҳар ён тарадинг?
Худди cенинг тоза бағрингдайин кенг —
Очилиб туради деразаларинг.
Ишқилиб бахтимга омон бўл, омон,
Тўзғиган сочингни турайин кўриб.
Менинг хаёлларим кетар cен томон —
Очиқ деразангдан кирмоқчи бўлиб.
МАНЗАРА
Юлдузлар жойидан кетади қалқиб,
Бахтиёр тебраниб тун ёзар қулоч.
Қатор симёғочлар ичидан балқиб,
Оқбадан ой чиқиб келар яланғоч.
Мафтунман. Зўрба-зўр нафас оламан,
Эсимдан чиқариб кечаги кунни.
Шу ҳолда қаерга олиб бораман,
Кўйлаги сўтилган келинчак тунни…
* * *
Бўлди қайтармайман саволларимни
Биламан, барига жавоб берасан.
Боши очиқмикан хаёлларимнинг,
Нега қўрқмай кириб келаверасан?
* * *
Боряпман…
Нишонга тегмаган ўқдай,
Кафтимда дунё бор – гўё бир сиқим.
Шунча оломоннинг ичидан қўрқмай,
Юрагимни баланд кўтариб чиқдим.
Нима ҳам кўрибман қирқ йил ичида,
Яшаб ҳам бўлдимми? О, нақадар оз
Онт ичишим мумкин. Бари беҳуда —
Фақат муҳаббатим муҳаббат, холос!
* * *
Ўзимни пиширдим оловларингда,
Жуда узоқ йиллар… Секин… Шошмадим.
Музаффар руҳимнинг бежон танимдан
Куйган жойларини олиб ташладим.
Бир кун келиб қолсам cенинг ёдингга,
Кечир, танимасанг, кўриб чиройим,
Шунча кутиб-кутиб cенинг олдингга —
Тирик боролмасам, Худойим.
ШАМОЛ
Сувдан кирган ўтданми,
Тирнар ўзини отиб.
Уйдан чиқиб кетганми
Эс-ҳушини йўқотиб.
Ёмон кўрмасдим рости,
Бу шамолнинг зарбларин.
Ерга тушган гилоснинг
Пўст ташлади лаблари…
* * *
Келиб қолар қайдандир шошиб,
Остин-устун қилиб қорларни.
Шамол ёмон ҳаддидан ошиб—
Уйқусини бузар боғларнинг.
Босар нозик ниҳолларни ғам,
Ёқмас ғарблик қушларнинг хулқи.
Баҳор эшик қоқиши билан
Еру кўкнинг очилар қулфи.
* * *
Дунё улкан кемадай сузар,
Тоғ ёнбошда товланар ял-ял.
Жой талашиб қолар юлдузлар –
Ой осмонда тўлишган маҳал.
Йўл измига тушар йўлларнинг,
Юлдузларга тўлар ер шари,
Қўрқиб кетган ўйчан гулларнинг,
Учиб кетар капалаклари.
ЁМҒИР
Булутлар ёйилди кўкни тўлдириб,
Шамол қувиб кетди совуқ қишларни.
Яна дарахтларни ўйга чўмдириб,
Қораси кўринди оппоқ қушларни…
Бугун ҳам отгиси келмай отди тонг,
Бугун ҳам дардини ичига ютди.
Кексайган ҳолига қарамай осмон,
Сузғичдан ўтказиб олар булутни.
* * *
Вақт орқада қолар кимдан —
Қайда, нима ўлчанар?
Ўтиб борар эшигимдан
Чанг кўтарган кўчалар.
Англаб бўлмас бирор сўзин,
Йўллар йиғлаб чекса ғам.
Дарахт қушга уриб ўзин —
Пешонасин ёрса ҳам.
Шамол мендан кетар нари
Кўринмасдан кўзимга.
Кўйлагининг этаклари —
Урилади юзимга.
* * *
Ҳар кунгидан боғлар виқорли,
Қарғалар ҳам боқар беписанд.
Қара, жоним, кўча чиройли –
Сен ҳам ойна олдидамисан?!
Осмон оппоқ,
Ер жуда майин,
Балки қорқиз ясарсан қордан.
Сенга қандай етиб борайин,
Йўлларимни қор босиб қолган.
* * *
Машинанинг орқа ўриндиғида,
Бетартиб хонадай хаелим уйқаш.
Ойнага қадалган кўзим йиғида –
Юракни ўртайди аллақандай рашк.
Худога бораяпман ўзимни ортиб,
Бунча ҳам гўзалсан, ям-яшил чироқ!
Менинг диққатимни ўзига тортиб –
Ҳайдовчи кўзгудан ташлайди нигоҳ.
О, шу пайт…
Кимлардир кулди – киноя!
Қарадим…
Йўлларни супурар фаррош.
Қизил чирокларга қилмас риоя –
Менинг кўзларимдан оқаётган ёш.
СЕН ҚАДДИНГНИ КЎТАР, ТУПРОҚ
Мен онамни ерга эқдим,
Вужудимдан оқар титроқ.
Мен отамни ерга экдим, –
Сен қаддингни кўтар, тупроқ.
Йиғламадим юзим тирнаб,
0, баландлаб кетди бу ғам.
Оёғимдан чирмаб-чирмаб,
Мени ташлаб кетди оғам.
Тентирадим аро йўлда,
О, бу йўллар тентиради.
Мени бир кун Сизникига –
Буюк ғамлар келтиради…
Мен онамни ерга экдим,
Мени қўйиб юбор, титроқ.
Мен отамни ерга экдим, –
Сен қаддингаи кўтар, тупроқ.
* * *
Борай…
Ташқарида тўхтади шамол,
Кўқда қуюқлашиб бормоқда булут.
Нега индамайсан – турасан беҳол –
Бақиргинг келса ҳам сақлайсан сукут.
Азизим, ортимдан кузатгани чиқ,
Қара, мен кетишга босяпман қадам!
Бурилиб йиғлайман – кўзим қуп-қуруқ –
Дарахтдай эгилиб кетмоқца танам.
Сарғайган япроқлар тўкилар юрсам,
Бу ҳолга дунё ҳам кўниккан, кўнган.
Салгина шамолдан қўрқади жуссам,
Салгина шамол ҳам қўрқитиб қўйган.
* * *
Бир куни соғ, бир кун эса хастадирман,
Бир куни боғ, бир кун чўлу даштдадирман.
Мен Сизларни билмадим-у, аммо ўзим –
Бир куни тоғ, бир кун ердан пастдадирман.
* * *
Бошимдаги телпак юмшоқ юнг –
Ўлдирилган ўрмон қироли.
Менинг битта пўстиним учун
Йўқ қилганлар қанча қуённи?
Ҳаёт менга қилар қанча сарф,
Бўларди-ку тезроқ қарисам.
Бўйнимдаги қимматбаҳо шарф –
Эсдаликдир сув парисидан.
Жилоланар бургуткўз сумкам,
Юрагимга денгиз сочар дур.
Тимсоҳтери этигим билан
Мен атрофга боқаман мағрур.
Тўлдираман ҳар кун камини,
О, нақадар ўчман ҳашамга.
Ҳаёт бори жонзотларини
Дафн этар менинг жуссамга.
ТУҒИЛГАН КУНИМДА
Эшитилар юрак уришим,
Демак, ҳали айланмоқда қон.
Дўстлар, менинг тирик туришим –
Қанча гулга келтирар зиён.
О, бу не ҳол?
Бу қандай жазо?
Нега гуллар кўтармас сурон?
Менинг жонсиз вужудим, ҳатто
Кўп гулларга келтирар қирон.
* * *
Тун богларнинг ичида,
Озгина олган ичиб.
Қушлар оёқ учида –
Қайгадир кетар учиб.
Шамол кезар беҳуда,
Сувлар кўп оқар зилол.
Осмоннинг бир четида,
Копток ўйнайди ҳилол.
* * *
Қирдан подалар қайтди,
Ҳар ерга ёқилди шам.
Ўзича қўшиқ айтиб –
Ит ётади хотиржам.
Ҳамма ишлар бехато,
Солинади ўринлар.
Чўпонга ой ҳам, ҳатто –
Бўри бўлиб кўринар.