Хайриддин Салоҳ (Салоҳиддинов Хайриддин) (1934.15.1 — Тошкент — 1969.5.6) — шоир. Низомий номидаги Тошкент педагогика институтининг тарих-филология факултетини тугатган (1957).
«Ўзбекистон маданияти» (1963—66) газетаси ва «Гулхан» журналида (1968—69) адабий ходим бўлиб ишлаган.
«Чашма» (1959), «Иккинчи имтиҳон» (1961), «Ишқим ва рашким» (1965), «Туғён», «Наъматак» (1969), «Излар ва ҳислар» (1974), «Шуълалар қўшиғи» (1975), «Лирика» (1985) шеърий китоблари ва «Лайло», шоир Султан Жўра ҳақидаги «Янгроқ ҳаёт» (1969), Тошкент зилзиласига бағишланган «Тошкент билан суҳбат» (1966) каби достонлар муаллифи. Вафотидан сўнг эса, «Излар ва ҳислар» (1974), «Лирика» (1985) каби шеър ва достонлардан таркиб топган китоблари босилган.
У. Г. Гейне, Байрон, М. Лермонтов, Т. Шевченко, Р. Ҳамзатов ва б.нинг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
КИПРИГИМДА ТУТИБ…
Киндик қоним томган Она ер,
Билмам, бурчинг қандай ўтадим.
Озми-кўпми тўкиб манглай тер,
Илк шеъримни сенга атадим.
Хаёлингдан олис кетмадим,
Куйдирсанг ҳам товоним ёзда,
Жунжитсанг ҳам таним аёзда,
Сирим сендан дариғ тутмадинг.
Узилса ҳам сендан оёғим
Узилмагай юрагим мутлақ.
Отам,
Онам,
Уруғ-аймоғим
Макон тутган муқаддас тупроқ,
Ҳар бир сиқим, ҳар бир қатрангни
Алишмасман зар, қаҳрабога.
Кипригимда тутиб меҳрингни,
Оширмоқ-чун яна қадрингни
Келганман-ку ёруғ дунёга.
ЙИЛЛАР
Йиллар ўтаркану бир-бирин қувиб,
Сира ҳам тутқизмас экан баридан,
Қишда жилва қилар дарчадан туриб,
Баҳорда қулф урган чаман бағридан.
Сувлар тўлқинида қилиб оқизоқ
Олиб кетар экан ёшлигингни ҳам.
Бироқ сен ўртанма, чекмагин фироқ
Ҳуда-беҳудага азиз дўстгинам.
Гар қолдирган бўлсанг ҳаётда бир из
Шон-шарафли бўлса ўтган йўлларинг
Ҳеч вақт ёшлик сендан ўгирмайди юз,
Ҳеч вақт хазон кўрмас экан гулларинг.
Йўқ! Ўтди дейилмас ундай йилларинг!
УМР
Умрни ўхшатар ким тошқин сойга,
Биров дер, у чопқир бир дарёсимон.
Унинг ҳам, бунинг ҳам тўғрилигига
Сира-сира қолмайди гумон.
Сув тинчиб турмайди, тезоб тўлқинлар
Хас-чўпни ирғитиб чопар манзилга.
Умр ҳам ўтади ўтганча кунлар
Сезилмасдан кўзга, на қўлга.
Сув оқиб ўтади, унинг изидан
Барпо бўлар боғ-бўстон, ҳаёт…
Умр оқиб ўтар, у ҳам ўзидан
Қолдиради эзгу хотирот.
ҲАЁТ МАЗМУНИ
Ҳаётингда очиб янги манзиллар,
Йиллар ўтаверар, тўхтамас йиллар.
Ўтганни ҳам эсда тутгину бироқ —
Келажак йилларга боққин яхшироқ.
Йиллар ҳам йўллардек пасти-баланддир,
Йил мазмуни инсон дасти биландир.
Йилларнинг тўлқини, гирдоблари бор,
Лаззати, қувончи, азоблари бор.
Майли, йиллар билан юргин сарбасар,
Майли, ёшинг бўлсин саксонми, тўқсон…
Аммо уни умр демагин, агар —
Ўтган бўлсанг кутиб йиллардан эҳсон.
Йиллар ялқов учун бешафқат. Зеро —
Йиллардан асрлар яратиш пайти.
Заррадан қуёшу томчидан дарё,
Энг олий қасрлар яратиш пайти!
АТЛАС КИЙГАН ҚИЗЛАРГА
О, шаҳрим қизлари, о, сулув қизлар,
Тим қора қошлари нақ зулук қизлар.
Қойилман дидингиз, ўйларингизга,
Рост айтсам, беш кетдим кўйлагингизга.
Атлас кўп қадимий нафис матодир,
У сиздек сулувлар учун атодир.
Сизлар кийганингиз шўх қизил атлас
Атласлар ичида нақ асл атлас.
Хосиятхон атлас, кўркам хонатлас,
Таърифи-тавсифи бир жаҳон атлас.
Кўзларни олади унинг яллиғи,
Товусдек товланиб кийинг хиромон.
Фарғона боғларин бор гўзаллиги
Унда намоён.
Келинлар уйида зар палаги ҳам,
Тошкент фавворасин камалаги ҳам,
Пиллакаш жувоннинг кўк ипаги ҳам,
Йигитлар эгнида йўл-йўл беқасам,
Ҳатто оналарнинг асл сарпоси
Чиройда енголмас атлас либосин.
Уни кийиб чиқинг анҳор бўйига,
Чирчиқ соҳилига, Салор бўйига,
Уни кийиб чиқинг илк учрашувга.
Асло бузилмасин аҳд ила паймон,
Ушалсин дилларнинг орзу-ҳаваси.
Эгнингизда кулсин гўзал Марғилон
Ял-ял атласи,
Ҳатто юлдузлар ҳам ёқасин тутсин
Тан бериб бу зийнат, бу кўрк, илмга.
Марғилон атласин довруғи кетсин
Етти иқлимга.
ЙЎЛ ҚЎШИҚЛАРИ
I
Мен умримда қанча йўлу
Ошдим қанча бекатлар.
Пойим ўпди қанча гулу
Қанча майса, кўкатлар.
Саҳро,
ўрмон,
кўприк усти,
Ёлғизоёқ тор сўқмоқ.
Кўрганларим ҳаммасини
Мушкулдир санаб ўтмоқ.
Завқ бағишлаб кўнгилларга
Яшил йўллар қоларкан,
Янги-янги манзилларга
Сени йўллаб қоларкан.
II
Ҳа, шу йўллар борки, инсон юради,
Ўзини ҳис этиб ўйноқ оҳудай.
Агар йўл юрмаса, тўхтаб туради
Ва аста қурийди тинч ҳалқоб сувдай.
Шундай экан, қирми, адирми ошиб
Дала кезмоқ керак,
Йўл юрмоқ керак.
Бахтиёр келажак наслларга деб
Лола узмоқ керак,
Гул термоқ керак!