Ханифа Солиҳова (1939)

Ханифа Солиҳова 1939 йилда туғилган. Андижон Давлат институтининг филология факультетини тамомлаган. Филология фанлари доктори, профессор. Тўртта монография, адабиётшуносликка оид ўнлаб рисолалар ва юзга яқин мақолалар муаллифи. “Севги сирлари”, “Диёрга таъзим”, “Кўнгил пиёласи”, “Юлдузлар чақнаганда”, “Қуёш маликаси”, “Шайдойингман Ватан” шеърий китоблари чоп этилган. “Дўстлик ордени”соҳибаси. Олий таълим аълочиси.

ЎЗБЕКИСТОНИМ

Дунёда ягонам – Ўзбекистоним,
Тенги йўқ улуғим, гўзал бўстоним,
Қалбимга жо этгум, эй меҳрибоним –
Ўзбекистон – жоним, жаҳоним ўзинг!

Осмоннинг лабидан ранг олган маҳал,
Ойнинг нурларидан сен олган зарҳал,
Қуёшдан пешонанг ярақлар ҳар гал –
Ўзбекистон – жоним, жаҳоним ўзинг!

Бағринг шунча кенгдир, иссиқ онамдай,
Кумуш тоғлар каби ҳиммат отамдай,
Тоза – виждон янглиғ қалбинг оташдай –
Ўзбекистон – жоним, жаҳоним ўзинг!

Боғларда очилган гулларинг қийғос,
Зарингга кенг жаҳон қиларкан ҳавас,
Аҳлингдан наф кўрар эллар беқиёс –
Ўзбекистон – жоним, жаҳоним ўзинг!

Фарҳоддай тоғларни айладинг талқон,
Лочиндай йигитлар юртингга қалқон,
“Ҳеч кимдан кам эмас”, элига посбон –
Ўзбекистон – жоним, жаҳоним ўзинг!

Шундай яшамоқлик одатий ҳолдир,
Ўзбекистон тилингдан тўкилган болдир,
Жаҳон минбарига ярашган ҳолдир –
Ўзбекистон – жоним, жаҳоним ўзинг!

РАЙҲОННИНГ ҲИДИДАН МАСТ КЎНГИЛ

Руҳим эмаклайди, қанот қоқади,
Райҳоннинг ҳидидан маст бўлиб ҳайрон.
Руҳим дарё каби сувдай оқади,
Руҳим сенга ошно, мен ўзим бийрон.

Райҳон ҳидларига маст кўнгил қайда,
Райҳонга руҳ бўлиб қўшилганим рост.
Руҳим қўшиқ бўлиб айтилган жойда
Райҳоннинг ҳидидан карахтман ҳақрост.

Руҳим осмонларга тўхталиб бирдан,
Оллоҳим қўлласа, тоза руҳ райҳон.
Уйқашиб ҳамроҳ мен, мен ошиб қирлар,
Райҳоннинг атридан мен бўлиб ҳайрон.

Мен руҳни авайлаб бокира қилгум,
Энг нозик ҳисларга қалбимни бердим.
Қиблагоҳ томонга райҳонни илдим,
Ҳаётдан мисқоллаб бахтимни бердим.

Шундайдир яшамоқ имконим менинг,
Руҳимга хуш ёқар шундай райҳонгул.
Тоза руҳ халқим бор – асил меъморим,
Райҳоннинг ҳидидан чарақлар кўнгил.

ОҚ РЎМОЛ

Онамнинг бошида нурли оқ рўмол,
Зарҳалдай зеб берар ҳурли оқ рўмол.

Оқлиги оппоқ тоғ каби муаззам,
Оқ пахта тимсоли бошда мунтазам.

Қалби оқ оламдай ясанган диёр,
Бошида рўмоли онамдай эл ёр.

Оқ рўмол сайқали дилга оромдир,
Бойлиги, оқлиги, элга оламдир.

Оқ рўмол ёпинчиқ аёл рухсори,
Оқ рўмол қоқиндиқ кўнгил сарвари.

Дунёда янграган она овози,
Юлдуздир ёки ой, жарангдор сўзи.

Онамдай оқ рўмол бошда оқила,
Донолик рамзидир, дили бокира.

Онамнинг бошида ҳилпирар қуёш,
Нурларга чўмилар оқ рўмолли бош.

Онамдай бўлсам мен, неки буюрса,
Кокилли санамдек сочим ўраса.

Оқ рўмол иффатли, поклик рамзидир,
Онамнинг дардидай умр қарзидир.

Оқ рўмол бошида сўзлар онажон,
Фарзандлар камолин кўзлар онажон.

Оқ рўмол бошида яратган боғлар,
Осмонга интилиб оқ қорли тоғлар.

Онажон жаҳоним – Ватан оқ рўмол,
Оппоқ нур бошида яшнар истиқлол.

МАЙСАЛАР ЛАБ ОЧГАН КУНДА

Осмоннинг қовоғи осилган кунда
Майсалар лаб очган адир-қирларда,
Ҳавонинг ним салқин этакларида
Қушчалар чириллар жарангдор унда.

Ҳорғин тупроқ тафти эпчил қўлларда,
Майсанинг кўк рангин қилар дабдаба.
Майсалар севмайди қуруқ сафсата,
Лаб очган майсалар чопқир йўлларда.

Иймони бутунми ўша майсанинг,
Лаблари гулмиди ёки хон писта?
Майсадай ким нозик ҳар дақиқ эсда,
Ҳиммати ўзгача дардкаш майсанинг.

Осмондан тушганда еттита малак,
Майсанинг лабида нурли бир сеҳр.
Майсадан оламга ёғилган меҳр,
Майсадан ҳал бўлар энг олий тилак.

Наврўзи оламда лаб очган майса,
Ҳурларнинг юраги, тилаги бўлди.
Яхши ва ёмоннинг элаги бўлди,
Келиндай ясаниб, гул очган майса.

Майсалар лаб очган кунда, ўша дам
Очилди дилкашнинг бахт-саодати.
Майсадан шод кўнгил халқим одати,
Бу юртнинг сайқали, майсалари ҳам.