Воҳид Луқмон (1974)

Воҳид Луқмон 1974 йили Самарқанд вилоятининг Паяриқ туманида туғилган. Илк шеърлари 1992 йили “Маърифат” газетасида чоп этилган. Шундан буён марказий газета ва журналларда шеърлари босилиб келади. “Мужда” номли тўплами чоп этилган. Қуйидаги шеърларнинг аксарияти ана шу тўпламдан олинган.
Воҳид Луқмон 1998 йили Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг журналистика бўлимини битирган. Айни пайтда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида хизмат қилади.

ҲАР НАФАСДА САМАРҚАНДНИ СОҒИНАМАН!

Юрагимга тушунмайман, нима истар,
Кўкайимга ботган дарддан оғринаман.
Кўзларимга қаролмайман – боқар музтар,
Ҳар нафасда Самарқандни соғинаман.

Кеча келиб, бугун яна кетгим келар,
Мошинларда илдам-илдам етгим келар,
Дадамга деб Сиёбдан нон элтгим келар,
Ҳар нафасда Самарқандни соғинаман.

Онамдайин йўл қарайди эски дарча,
Занглаб кетган зулпаклари гўё зарча,
Янги шодлик бўлолмаскан эски дардча,
Ҳар нафасда Самарақандни соғинаман.

Қалдирғочнинг боласидан чирқирар дил,
Оғизлари каппа-каппа – зирқирар дил,
Ариқ бўйи, қалампир ўт, уватли йўл –
Ҳар нафасда Самарқандни соғинаман.

Ишкомларда чуғурчуқлар ҳакалаклар,
Ҳандалари бирам ҳушбўй ҳандалаклар,
Камалакдек товланади гулпалаклар –
Ҳар нафасда Самарқандни соғинаман.

Димоғимимдан кетмайди тандир тутуни,
Тушларимга кирар ҳар хаси, ўтини,
Кўргим келар баъзан бувим шотутини,
Ҳар нафасда Самарқандни соғинаман.

Кўксаройнинг кўксин тешган янтоқларин,
Қовжираган Афросиёб яйдоқларин,
Шоҳи Зинда бағридаги қадоқларин,
Ҳар нафасда Самарқандни соғинаман.

Айтай десам, она, кўнглим тўлиб кетди,
Айтаверсам – ёмғир бўлиб ёғинаман.
Сизни жуда кўргиларим келиб кетди –
Ҳар нафасда Самарқандни соғинаман.

***

Кўйлаклари хазон эди, хазон эди,
Бир қўлида ақраб, бирда мезон эди,
Кулгулари қиммат, ашки арзон эди,
Унга қандай севмайман, деб айтолардим.

Узуклари бармоғидан узилганди,
Суман сочи тароғидан узилганди,
Бу дунёдан узук кўнгли бузилганди,
Унга қандай севмайман, деб айтолардим.

Кўзларини кўзларимга ботирганди,
Қошларига ёшдан ўсма торттирганди,
Ўттиз йилда битта дардкаш орттирганди,
Унга қандай севмайман, деб айтолардим.

Кўриб қолса, кўзларига қочар жой йўқ,
Боладайин беркинади, кетар рой йўқ,
Бу дунёда ундан кўра гўзал ой йўқ,
Унга қандай севмайман, деб айтолардим.

Кетар бўлсам хайр демай кетинг, дерди
Билмайдики, кетсам бошқа қайтолмасдим.
Севмасангиз севмайман деб айтинг, дерди,
Лекин сени севмайман, деб айтолмасдим.

***

Йиғла сочлари лайли,
Йиғла зулфи чилторим.
Ўткинчи дунё сайли,
Ўтгувчимиз, дилдорим.

Йиғла қошлари қилич,
Йиғла қоши камоним.
Ичсанг фақат кўзёш ич,
Кечсанг мендан кеч, жоним.

Йиғла киприги ханжар,
Йиғла ашки шўри об.
Бугун йиғламасанг гар,
Эртага ҳолинг хароб.

Йиғла ҳар томчи ёшинг,
Нафс ўтини сўндирсин.
Тупроқ тўлмасдан бурун,
Кўзингни ёш тўлдирсин.

Йиғла лаблари олу,
Йиғла дудоғи анбар.
Ҳар кулгунг заққум – оғу,
Ҳар ёшинг оби кавсар.

Йиғла шаффоф оламда
Ҳар не абас, Умутлоқ.
Ҳар жаранги жолангда
Такрорлансин: Ё АЛЛОҲ!

***

Ким кимга хиёнат қилгани гумон,
Ахир иккимиз ҳам Аллоҳга қулмиз.
Шеърман деб мағрурсан, мен эса – инсон,
Аслида бир чақа, асли бир пулмиз.

Истаган пайтингда кириб келасан,
Юрак деган сабил бедарвозами?
Нола чекиб, фарёд уриб келасан,
Осмон сукунатда, бепарво замин.

Кир-чир қ лларингни кўнглимга солиб,
Титкилай бошлайсан эгасиз уйдек.
Ҳаловатим олиб, хаёлим олиб,
Алдайсан, аврайсан сеҳрли куйдек.

Истаган пайтингда кетасан чиқиб,
Кўз ёшу ноламга қулоқ осмайсан.
Еттинчи осмондан қулатиб, йиқиб,
Минг йил остонамга қадам босмайсан.

Юрагимни итдек кўчага қувиб,
Дунё ишвасига учаман сенсиз.
Кўнглимни кўсакдек эзғилаб – чувиб,
Дунё деб ўзимдан кечаман сенсиз.

Дарёдек кўпириб оқар одамлар,
Ким ўзарга ўлчар басту бўйини.
Хирсу ҳавасини ёқар одамлар,
Бошланади тирикчилик ўйини.

Учқур юрагимни қўшга қўшаман,
Қамчи зарбасидан зирқирар руҳим.
Кўнгил шудгоридан бир дам бўшамам,
Шудгор – шодлигимдир, шудгор – андуҳим.

Ким кимга хиёнат қилгани аён,
Иккимиз ҳам қулмиз ахир Аллоҳга.
Шеърим сен юксаксан, мен тубан – инсон,
Сенсиз ботаяпман яна гуноҳга.

***

Чироқлар – зулматга санчилган камон,
Бу ердан кўринмас кўкнинг ҳилоли.
Чинор япроғида куз титрар, ҳамон –
Мени тарк этмайди гулнинг хаёли.

Сукунат тўрида шаҳар шовқини –
Балиқдек сапчийди кўнглим юзига.
Юракка сиғмаган соғинч шавқини
Дарбон куз ўтказмас – қайтар изига.

Эсламаслик маҳол, эсламоқ малол,
Ҳайрат бандидаги митти япроқни.
Қандай унутайин, қийнар шу савол,
Кўксимга камондек ботган чироқни?!

***

Дераза рахида тирган қушдек
томоша қиляпман дунёни
тўртинчи қаватда.
Қайдадир таккиллар ноғона
шамолдек гувуллаб ўтар мошинлар
сўнг тинчир – муваққат.
Чарчоқ кўзларимни кўкка тикяпман –
Шомни кутяпман.

***

Ошиққа уйқу борми – ҳаловат висолдадир,
Дард борми, қайғу борми – ҳарорат висолдадир.
Ҳижрон ҳалокатидан туғёнга тушмамиш дил,
Эй, Гул билсанг аслида ҳалокат висолдадир.

***

Тангрим танлаб сени менга раво кўрган,
Хасталигин билмас дилга даво кўрган.
Нелар кўрдинг мен ўн тўрт йил англамадим –
Мен кўрмадим, аммо, жоним, Худо кўрган.

Пешонамга кинлар чизиқ тортиб қўйди,
Юрагимни кўрпа каби ёпиб юрдим.
Қовоғимга йиллар юкин ортиб қўйди,
Билмам нима излаб, нима топиб юрдим.

Ўн гапирсанг биттагина сўз демадим,
Неки бўлса ич-ичимга қамалганди.
Йил демадим, ой демадим, рўз демадим.
Кўнгил қурғур минг жойидан ямалганди.

Тупроқ кечдим – қолётган изимга маст,
Асли мақсад-муддао не англамадим.
Камалакка дўндим – ўғил-қизимга маст,
Бироқ сенга бирор бир ранг танламадим.

Мен севгини китоблардан ўргангандим,
Ишқ дегани уч нуқта-ю, хитоб экан.
Китобларда ўргангандек ўртангандим –
Асли, аввал ҳаёт, кейин китоб экан.

Қирқ кокилинг бир рўмолга ишонгансан,
Бир кунингда бешта мазмун – бешта қувонч.
Юрагингни мен ҳаммолга ишонгансан.
Ҳаётингда битта севги, битта ишонч.

Бир сўз демай костюмимни узатасан,
Мен не махлуқ, бу дунё не дайр дейман?
Қўлларингдан пгим келар, кузатасан –
Ҳаддим сиғмас, совуққина “хайр”, дейман.

Деразадан қўл силтайсан, ирғайман бош,
Дилимдагин тилга чиқ деб ўргатмасман.
Қаролмайман ортга, сизар кўнглимдан ёш
Балки сенга бу шеърни ҳам кўрсатмасман.

Кўнглинг нотинч, хавотиринг кетмас ҳаргиз,
Ўн тўрт йиллик висол сенга ҳажр бўлди.
Қай гуноҳинг учун жазо бўлдим, Наргиз,
Айтгин, қайси савобимга ажр бўлдинг?!

ОТА

Мен кимман, қўнимсиз бир қушман, ота,
Баъзан тунд, баъзида сархушман, ота.
Не даъволар билан учиб қўнмадим,
Пастдаман, аммо ҳеч паст тушмам, ота.

Чўққига тирмашдим, то шудроқ чиқдим,
Чиқдим, лек забонсиз, бот мудроқ чиқдим.
Учта ўғлингиз бор эртакдагидек –
Тўнғичи мен эсам – ношудроқ чиқдим.

Бекорман, бекорчи рўз тополмайман,
Бўзчиману бироқ бўз тополмайман.
Ойда олдингизга бир келаман-у,
Саломдан бошқа бир сўз тополмайман.

Сиз мудом тўғрисиз, гўё сўл йўқдай,
Офтобсиз – гўё қор, ёмғир, дўл йўқдай.
Эликка эликиб нима кўрдингиз –
Мактабу даладан ўзга йўл йўқдай.

Ой тинар, кун тинар, бу қишлоқ тинмас,
Эли эгилади, букилар, синмас.
Мен не шоир бўлдим, рост деёлмайман,
Ота, шеър деганим бир пулга қиммат.

Менинг на қарорим, қоидам бўлмади,
Хаёлларим – хўржин, қайдам, бўлмади.
Экинига тушган товуқни қувган –
Болачалик сизга фойдам бўлмади.

Ота, ўйга ботдим, бошим хам бўлди,
Не дам яшаганим хато дам бўлди.
Девдингиз: олиммас, одам бўл, ўғлим,
Ота, мен на олим на одам бўлдим.

***

Севмайди, деб ким айтди,
Кимга ишондинг, жоним?
Кўнгил ҳам мисли байтдир –
Гоҳ сокин, гоҳ туғёнли.

Келмайди деб, ким айтди,
Жоним, ишондинг кимга?
Йўлар ҳам мисли дайди –
Бўйсинмас гоҳ измимга.

Билмайди, деб ким айтди.
Кимга, жоним, ишондинг?
Ҳоҳ шом, ҳоҳ саҳар пайти,
Ёдинг дилда нишондир.

Кулмайди деб, ким айтди,
Айтган қайдан билади?
Биз сайёдмиз, бахт сайддир,
Бир кун албат кулади.

Севмайди деб, ким айтди…

ВАТАН

Шундай яшаб, шундай ўлсам бас,
Чўнг хаёллар топтамас ҳушни.
Шундадир эрк, шундадир қафас –
Макони бир қишламас қушнинг.

Фаслларга эмасман қарам,
Ой-юлдузлар олмас хаёлим.
Тангрим, ўзинг карам қил, карам,
Ишқдан ўзга эмас аъмолим.

Қадаҳларни синдирдим чил-чил,
Одамликнинг остонасида.
Руҳим, энди узлатга чекил,
Ватан дегич хилхонасига.

Энди қизлар кокилин эмас,
Сила қадим деворларини.
Қучоғингга олу бўл сармаст
Самарқанднинг минорларини.

Бўза ҳидли ашъорлардан кеч,
Ўйинқароқ ўйларингни кўм.
Элнинг тахир кўзёшларин ич,
Ота юртнинг тмишига чўм.

Тангри солган жойнамоз – тупроқ
Лаб бос оёқ босмасдан аввал.
Аждодингдир ҳар битта гиёҳ,
Тупроқ – одам азалдан-азал.

Кафтингни оч, шукур қил, руҳим,
Эл иймонда, миллат иймонда.
Туғилмоқ бахт, ўлмоқ бахт, илло
Фақатгина ЎЗБЕКИСТОНДА!

***

Уқувсиз бир меъморман, ҳануз –
На-да руҳим, на тан битадир.
Вайрон бўлам, тиклайди бир сўз:
Худо барҳақ, Ватан биттадир!

Юрдим дарё, ўтирдим бўйро,
Бул дайрда бул не сайр, о,
Ўзни топдим ўзимдан айро,
Худо барҳақ, Ватан биттадир!

Майсазорда қулундай чопдим,
Одам Ато, улингдай чопдим,
Ишқ – пок мато, эгнима ёпдим,
Худо барҳақ, Ватан биттадир!

Бир юрт берди тупроғи тилло,
Бир эл берди юраги дарё,
Бир сўз берди: Алҳамдулиллоҳ,
Худо барҳақ, Ватан биттадир!

Туғросин ўп, баланд тут туғин,
Беш вақт бешта бармоқдай йиғин,
Аллоҳдан сўнг миллатга сиғин,
Худо барҳақ, Ватан биттадир!

АРЗИМАДИК

Ўсиб-ўсиб қайга етдик, ўксима, дил,
Икки эдик қарс қимадик – арз қимадик.
Сўз санчилар сўниб қолган кўксима, дил,
Бизлар унинг сўроғина арзимадик.

Эрк бўлмади экиб-экиб экканимиз,
Бир бўлмади букиб-букиб букканимиз,
Эл бўлмади пойида тиз чўкканимиз,
Аммо унинг байроғина арзимадик.

Кўкни кўзлаб, кўкдан кечиб, кўп бўлмадик,
Кўкардигу кўпайдигу тўп бўлмадик,
Кўк измига хўп дедигу хўб бўлмадик,
Бизлар унинг оёғина арзимадик.

Кунни тепиб, кўчаларда вақтни чақдик,
Олис-олис хаёлни деб нақдни чақдик,
Онамизнинг кўзларини йўлга тақдик,
Бизлар унинг қароғина арзимадик.

Узоқдамиз, саёқмизми, сайёҳмизми,
Тузоқдамиз, сайдмизми ё сайёдмизми,
Самарқанднинг соғинчидан озодмизми,
Бизлар унинг тупроғина арзимадик.

Ел елпинар капалакнинг кафтларида,
Ишқ уфирар булбулларнинг гапларидан,
Тер титрайди атиргулнинг лабларида,
Бизлар унинг титроғина арзимадик.

Тун суйини қошларина сурар санам,
Хаёлимда хаёл суриб турар санам,
Сочларини бармоғи-ла ўрар санам,
Бизлар унинг тароғина арзимадик.

Ота юртдан отда кетиб, пиёдамиз,
Бирида оқ, бирда қора дунёдамиз,
Дўстларимиз дуоси-ла зиёдамиз,
Лек уларнинг тирноғина арзимадик.

ДЎСТЛАРИМ Ғ.Н.О. ЛАРГА

Йиғлайман деганга ёш берар Тангри,
Қорним оч деганга ош берар Тангри,
О..! Бизга ҳеч нарса, ҳеч ким керакмас,
Биздай осийга ҳам дош берар Тангри.

Д стларим, қайғуни кўз сузиб ичдик,
Лаънатлаб сўз очдик наҳсу ғарлардан.
Хоин жимликни ҳар рўз бузиб ичдик,
Ҳушёр тортиб қайтдик пивобарлардан.

Сўнгги чақаларни санадик обдон,
Бир бошга татимас маошни сўкдик.
Аччиқ тамакининг қолдиқларини
Тош санам кулдоннинг кафтига тўкдик.

Баъзан шеър қидик чўчитиб тунни,
Сергей Есениндан, Анжей Бурсадан.
Қашқа қилдик баъзан бахтнинг бурнини,
Омадни алқадик, юзин бурса ҳам.

Ким суйиб, ким суймай, ким куймай суйди,
Аммо муҳаббатни топтамадик ҳеч.
Шаҳилар соғинди, ҳулкарлар куйди,
Дилилар ноз қилди, гуллар кулди кеч.

Бекор тушдик шеърнинг аравасига,
Ёлғон ёзиб қ йсак – қўллар қақшайди.
Қишлоқда, отамиз ёнида қолиб,
Кетмон чопганимиз минг бад яхшийди.

Ахир бу дунёнинг шоирлари кўп,
Кўпу кўпларининг кўкда хаёли.
Шоирлик шуҳратми?! Ахир шоир-ку
Ўзбекнинг боласи, эру аёли.

…Отаман деганга тош берар Тангри,
Қалқон б лганга бардош берар Тангри.
Дўстларим, Ватанга тикаман деган –
Шоирлари бўлса, бош берар Тангри!

ҚИШЛОҚ

Қишлоқ деганлари мана шу, жўра,
Бизнинг тор кўнгилга кенглик қилади.
Шаҳарда ўзингдан ўзга бегона,
Бунда эл бир ёқа-энглик қилади.

Орзиқиб кетар дил осудаликдан,
Симобдай тиниқ тонг жунжитар этни.
Кўзингни очмасдан очилар кўнглинг,
Қуёшқиз нурчўп-ла қитиқлар бетни.

Иссиқ оғуш борми, ўзинг айт, ахир,
Гулпахта солинган кўрпадан кўра.
Ҳидсиз хаёллар йўқ, ўйлар йўқ тахир,
Қишлоқ деганлари мана шу, жўра.

Сену менга хшаш шоирваччалар,
Шаҳар ҳавосига тўлгач димоғи,
Ташбеҳлар ахтариб қишлоққа келар,
Қишлоқ ташбеҳларсиз яланғоч чоғи.

Қишлоқ деганлари мана шу, жўра
Одамлари сўзлар дилда борини.
Қорани оқ демас бизларга ўхшаб,
Сўнг бизларга ўхшаб юрмас оғриниб.

Бунда ҳаловат кам, кўпроқдир ташвиш,
Бунда тўрт фаслнинг номи биттадир.
Бунда орзулар ҳам, армонлар ҳам иш,
Бунда кун ботгандан сўнг иш битадир.

Қайга, деб сўрасанг далага дерлар,
Қайдан, деб сўрасанг дерлар даладан.
Уларнинг бори – ер, ори – ер, жўра,
Ризқ терар аёллар, эрлар даладан.

Шукур қайнаб турса қора қозони,
Қора нонига ҳам шукур қилади.
Меҳмон келиб қолса, борини бериб,
“Узр, йўқчилик” деб синиқ кулади.

Ҳеч кимдан ҳеч нарса тиламас қишлоқ,
Одамлар не кутса, кутар Худодан.
Аммо сену мендек шоирлар к проқ
Ёруғлик кутишар мадҳу санодан.

СУВРАТ

Мусаввир дўстим Обидга

Менга бахтнинг сувратини чизиб бер,
Осиб қўяй энг тўрига хонамнинг.
Менга бахтнинг сувратини чизиб бер,
Ўхшасин у сувратига онамнинг.

Менга ҳақнинг сувратини чизиб бер,
Тўртта мучам тўрт бурчакда қақшасин.
Менга ҳақнинг сувратини чизиб бер,
У отамнинг сувратига ўхшасин.

Чизиб бергин сувратини гуноҳнинг,
Михлаб қўяй уни икки кўзимга.
Ғазабидан қўрқаману Аллоҳнинг,
Лек у суврат ўхшай қолсин ўзимга.

ДЎСТИМ НОДИРГА

Тўғри, ҳиссизликдан безганимиз рост,
Тўғри, ишқсизликдан ўйга ботганмиз.
Сўзларга аямай хиёнат қилдик –
Сотганмиз.

Югурик кунларга етмай доғдамиз,
Асирмиз асрнинг ёлғонларига.
Қ лимиз етмайди, гарчи тоғдамиз –
Осмонларга.

Қара, бенишондек, бешондек оқар
Қирғоқсиз, тўлқинсиз силлиқ ирмоқлар.
Кўнгил илинж билан кўкками боқар –
Дарё сўроқлар.

Гоҳ кечмоқ бўламиз бу даҳри дундан,
Гоҳ кечмоқ бўламиз ўздан-да баъзан.
Ўргимчак тўридан кечмайди бироқ –
Тан.

Хазонлар шитирлар, ингранар оғир,
Қовжираб сарғайган гуллар пояси.
Баҳор б либ чорлар, чорлайверади
Олис табассумнинг сояси.

Илинж ипларида чигал, эшилган
Кулгу сувратлари солинган кўзга.
Зарра хшамаймиз, кўзгу қийшайган –
Ўзга.

Тўғри, дардсизликдир дардимиз, дўстим,
Бу не ҳол – ўзингга ўзинг сиғмасанг?
Кўзларда кўниккан, кўзиккан, аммо –
Йиғласанг.

Юрагинг кўзингдан оқиб чиқсаю
Кафтингда айланса бир шаффоф кўлга.
У кўлни ҳеч кимга бермасанг, ҳатто –
НИЛУФАР гулга.

***

Душанба.
Ҳали тонг турмаган уйқудан.
Эснаб-эснаб келар автобус.
Беш-т ртта оғриниш,
Ўн, ўн беш ташвиш,
Ва яна қандайдир иш.
Миннат қилган каби силтаниб,
Автобус жўнайди шаҳарга.
Сешанба,
Чоршанба,
Пайшанба,
Жума – ўқиш, иш.
Шанба.
Қуёш ботмоқ учун ботмонлаб босар,
Автобус қарайди соатга.
Беш-тўртта соғиниш,
Ўн, ўн беш ташвиш,
Ва яна қандайдир иш.
Чўнтаги қаппайган ҳаммолдай
Автобус жўнайди қишлоққа…
Димоғланар шаҳарлик сўмка,
Якшанба чўмилар ҳаммомда.
Ҳилпирайди дордаги кўйлак,
Шаҳар ҳиди ювилган обдон.
Якшанбада ягона тилак –
Палов ҳиди анқиган қозон.
Шимни қайрар қиличдек дазмол,
Ярқирайди туфли – ёғланган.
Шайланади бўйинбоқ – аъмол,
Шаҳарнинг бўйнига бойланган…
Буралади соат қулоғи –
Турмоқ керак тонгдан эртароқ.

ЗИЛЗИЛА

Ўйларим титрайди, хаёлим титрар,
Ҳаётим титрайди, юрагим заҳа.
Онгу шууримга бир қ рқув кирар –
“Иза зулзилатил арзу зилзалаҳаа”.

Жоним, ширин жоним, сабилсан бунча,
Бир бошга бир ўлим – унутдингми ё?
Сенинг қимматинг йўқ асли чивинча,
Писта пўчоғидек омонат дунё.

Каптар галасидек потирлар улус –
Гўдаклар кўзида мудҳиш бир савол.
Туннинг юзларида мубҳам лик тус,
Оломонга боқар келгандек малол.

Чўк тушар худони унутган каслар,
Кўзлар косасида милтиллайди сув.
Шунча разолатни кўтариб турган
Ер бир титраб қўйса, шунчалар қўрқув.

ҚАНИЙДИ БИЛСАНГИЗ…

Қаэрдасиз ҳозир, билмам, шу тобда
Фаришталар қўрир оромингизни.
Ширин қимтингандир лабингиз хобда,
Бир хуррак бузганда маромингизни.

Қаэрдасиз ҳозир, билмам, шу асно
Менинг ўйларимдек олиссиз жуда.
О, билсангиз эди, қандай бемаъно
Бизнинг ҳаётимиз, ўтар беҳуда.

Қанийди билсангиз, билмайсиз, афсус,
Соғинчнинг беҳижоб – очиқлигини.
Билмайсиз, лаб солиб кўрмадингиз сиз,
Ишқ майин қуйқаси аччиқлигини.

Бойқушдек б ғилиб поэздлар тар,
Уйқу бекатида чироқлар уйғоқ.
Кўксимда соч ҳидин излар – ртар,
Бўлиниб кетади иккига уй қоқ.

Биламан, сўзларим телба-тескари,
Билмайсиз осмонга қараб турганим.
Илинж – ёниб тугаётган сигарет,
Тутунга кўмилиб тирик юрганим

Қанийди билсангиз, билмайсиз, афсус…

***

Дераза рахини чертади ёмғир,
Тунни тилим-тилим этар чироқлар.
Қаршимда ўтирар бир хаёл – оғир,
Кимнидир соғиниб, кимни сўроқлаб.

Ёмғир шивалайди, шивирлар секин,
Недир йўқотгандек юрагим дилгир.
Кўзимни юмаман, хонада неки
Бор – рақсга тушар, айланар гир-гир.

Пиёла лабида лаб изи қолган,
Кўзгу юзларида кулади кулгич.
Оғир курси оғир хаёлга толган,
Титроқ елкаларин силайди илгич.

Дераза рахини чертади ёмғир,
Кўнглимда тизгинсиз туйғу елади.
Олисга термулиб кўзларим оғрир,
Хонамдан атиргул иси келади.

***

Кутдим, кириб келдинг кутилмаганда,
Қумрол сочларингга тақиб баҳорни.
Юлқинди хотирам (тутилмагандек),
Унутдим аёзни, қировни, қорни.

Мен қишни севардим, қорбола эдим,
Чилла йўргагида чиллам чиққанди.
Баҳорда ҳам қишга зор бола эдим,
Ахир онам мени қишда туққанди.

Муҳаббат нелигин билмасдим – тайин,
Кўксимда бир парча музни асрардим.
Ва яна, ва яна ўзим билмайин,
Қандайдир илоҳий сўзни асрардим.

Хос эдим, сен эса бехосдан келдинг,
Бошим айлантирди сочинг ифори.
Лабларимга босдим (қиқирлаб кулдинг)
Юзингда очилган ғунча – баҳорни.

Исмимни унутдим, унутдим тамом,
Менинг мавжудлигим дўнди рўёга.
Жадий лавҳларидан ўчди битта ном,
Ҳуту ҳамал бўлиб келдим дунёга.

***

Шаҳар кўчасидай чароғондир дил,
Ёнимда баҳордай ифорли бир гул.
Салом, болалигим, салом, янги йил,
Мен сени ҳаммадан кўпроқ севаман!

Мен энг сўзамолман, демам бирор сўз,
Жилмаяди лаблар, пирпирайди кўз,
Мен билан ёмғирда ўпишган қорқиз,
Мен сени ҳаммадан кўпроқ севаман!

Безанган – бошдан то оёққача зар,
(Фақат ярашармиш унга байрамлар),
Янги йил оқшоми чўмилган шаҳар,
Мен сени ҳаммадан кўпроқ севаман!

Учяпман, унутдир ташламоқ қадам,
Ҳеч нарсам кўп, аммо ҳамма нарсам кам,
О, менга бехосдан туртинган одам,
Мен сени ҳаммадан кўпроқ севаман!

Ёмғирда тизгинсиз оловдай ўсдим,
Кўнглимни бўш қўйдим, ақлимни тўсдим,
Шамоллаб қолма деб куйинган дўстим,
Мен сени ҳаммадан кўпроқ севаман!

***

Сиз мендан ҳеч нарса қилмайсиз талаб,
Мен сиздан ҳеч нарса сўрай олмайман.
Сиз кетма, демайсиз, мен эса… ё Раб,
Қолгим келса ҳамки, қолмайман.

Зотан сиз севгига, ишққа ташнасиз,
Зотан мен меҳрга муҳтожман, зорман.
Билмам кимга дўстсиз, кимга ошнасиз,
Билмам кимга ёрман, кимга даркорман.

Кун ора кўраман, салом берасиз,
Ҳатто жилмаясиз – қиласиз карам.
Мен сизни соғина бошлаган кундан
Буён сизникиман, сизгаман қарам.

Бир шуъла кўраман кўзларингизда,
“Ким ёққан олов бу!?” – хатарли сўроқ.
Бегона исм йўқ сўзларингизда,
Менинг исмимни ҳам айтмайсиз бироқ.

***

Қуёш қувди сўнгги қорайган қорни,
Еллар келтирдилар унут ифорни.
Лек кўнглим илимас, гулламас кўнглим,
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни!

Боғда бинафшалар таратади бўй,
Қушлар чуғурида илоҳий бир куй,
Аммо юрагимда муздай совуқ ўй,
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни!

Осмон ой пиширар юлдузга қориб,
Куртаклар қиқирлар новдани ёриб,
Айтгин, кимга борай, кимга ёлвориб,
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни!

Бир оқшомда бўйга етар бодомлар,
Оппоқ бўлиб тўйга етар бодомлар,
Минг ошиқни сархуш этар бодомлар,
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни!

Ариқ лабларида уйғонар ялпиз,
Бойчечак қитиқлар шаффоф саҳарни.
Нега индамайсан, гапиргин, ҳой қиз,
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни!

ГУЛРУҲ
(туркум)

1

Шамоллардай шовуллаб қучдим
Шамолбоғнинг шохчаларини.
Боғлаб қўйди боғлар кўзимнинг
Киприклари – боғчаларини.

Шаппатлади барглар юзимга,
Дарахтлар хўп қилишди ғийбат.
Қушлар ин қўйишди изимга,
Оёғимни қитиқлади пат.

Хасхаёлнинг хаёли нуқул
Ёнаргулнинг яноқларида.
Аммо сени излаб топдим, Гул,
Висолбоғнинг адоқларидан.

Лек журъат йўқ сени узмоққа,
Тоқат тасбеҳ ўгирар “Қайт, қайт!”
Шамолбоғни шамол бузмоқда,
Эй Гул, руҳим бўласанми, айт!?

2

Ай, кўнглимнинг кўкармас ранги,
Ай, жонимнинг жонсиз жаранги,
Бошим ёрар ишқсизлик санги,
Севдирмасанг ўлдиргин, Тангри!

Юрак – болиш, тошдек ботадир,
Қишки боғдек бўшаб ётадир,
Бўшлиқларда борлик – хатодир,
Севдирмасанг ўлдиргин, Тангри!

Хаёллар хазондек хокисор,
Бахт бир қўрғон – атрофи девор.
Ул қўрғонга фақат бир йўл бор –
Севдирмасанг ўлдиргин, Тангри!

Қишки боғлар уҳ тортадир, уҳ,
Ишқсиз боғда баҳор-да макруҳ,
Руҳсиз вужуд тилар бир гулруҳ,
Севдирмасанг ўлдиргин, Тангри!

3

Юрагимга яқин бир гул бор,
Гуллигини билмайди у гул.
Яқинлигин сезмас, юракнинг
Қуллигини билмайди у гул.

Кўнгилзорда кўкарар бир дард,
Япроқларин тили тишланган.
Ғунчалари – сўлғин, ранги – зард,
Томирларин тақдир муштлаган.

Гуллигини билмайди у гул,
Вақтнинг эса оқарар сочи.
Кўкармас кўксимга санчилган –
Сувсизликдан ишқнинг оғочи.

Бир майсадек яшайди у гул,
Бандларига боғлаб ҳаёни.
Юрагимга яқин, бироқ ул
Бир майсадек англар дунёни.

4

Менга тоқат тила, Гул,
Сочларимни сила, Гул.
Йиғлаганимда кулгин,
Кулганимда йиғла, Гул.

Қисматимни қовурдим,
Ор-номусни совурдим,
Ажаб, қандай соғ юрдим,
Тиконларинг тиғла, Гул.

Боғинг атрофи девор,
На тешик, на туйнук бор.
Сиғмаяпман зимга,
Сен боғингга сиғма, Гул.

Ҳидлай десам, етмас бўй,
Сен гулмассан, сен – бир ўй,
Ақл, мени боғлаб қўй,
Куляпсан, кул-а, Гул.

Даво йўқ, дардим кўпдир,
Юрак най эмас, чўпдир,
Оёғингдан бир ўптир,
Сўнг майлига, ўлай, Гул.

5

Куз оқшоми. Эсипаст соат
“Чиқ-чиқ”, дея айтади ўлан.
Безиб чиқдим, дардлашмоқ бўлиб,
Шаҳарнинг оч итлари билан.

Эргашади орқамдан уйқу,
Эргашади ёлғизлик мудраб.
Тоқат эса бўлиб бетоқат
Оёғимни қайгадир судрар.

Мени мазах қилади бекат,
Ит юрмас ярим кечада, деб.
Умидворман, қолдимикан хат
Изларингдан шу к чада деб.

Куз оқшоми. Хазондек учар
Тамакининг қолдиқлари, кул.
Тонг отмоқда, бироқ бекатдан
Кетолмайман сени ўйлаб, Гул.

6

Бу хонанинг исми – ҳижрондир,
Девори -дард, эшиклари – доғ.
Бу хонанинг деразасидан
Кўринмайди бизга гулли боғ.

Кетмоқ – азоб, қолмоқ-да – азоб
Ёлғизликнинг ҳидлари унқир.
Аммо бунда Гулни соғиниб,
Ўзни сўнгсиз қийнамоқ мумкин.

7

Кўнгил, кўнгин! Кўнмайди,
Кечолмайман, кечир, Гул.
Ишқ – чанқоқ қуш, қўнмайди,
Кафтингда сув ичир, Гул.

Ғижимланган қоғоз – кун,
Ёзолмайман ғижимни.
Кечолмайман, не учун
Ит тирнайди ичимни?

Тоқат – тиланчи хотин,
Тортайверар қўлимдан.
Менда мендан асар йўқ –
Бўлак ўша гулимдан.

8

Руҳим, мендан юз бур, мендан кеч,
Буз кўксимнинг қафасларини.
Моғор босган кўйлакларинг еч,
Еч кўнглимнинг ҳавасларини.

Ялангоёқ, ялангбош жўна,
Руҳсиз танга боқма қайрилиб,
Бошларингга бахт қуши қўнар,
Бахтли бўлгунг мендан айрилиб.

Кетгин. Беш вақт лаънатла мени,
Кет, вужуд – бир қовжираган хас.
Эркинсан, қил истасанг нени,
Беш вақт мени эслаб турсанг бас.

9

Ўн саккизда ўзда эмасдим,
Ўн тўққизда юмуқ эди кўз.
Йигирмада жим яшадим, жим,
Йигирма бир… суюклигим – сўз…

Сўнг жуда кўп кунлар ўтказдим,
Йигирма уч – кеч кузга қадар.
Дил портлади, тил эса жим, жим,
Дил ва тилнинг оралиғи – жар.

Наҳот бир сўз, бир нигоҳ наҳот
Пўртанадек кўпиртар дилни.
Йигирма уч – хато кетган қ,
Яшабман-а ўйламай Гулни.

Уч йил ўтди учоқлардай тез,
Кўр эканми кўнгил ҳам, кўз ҳам?
Салом, уч йил мен кўрмаган қиз,
Салом сенга, бир умрлик ғам!

10

Барглар банди чирт-чирт узилди,
Хазонзорга айланди шаҳар.
Яланғочлик – баҳорга қадар,
Дарахтларнинг кўзи сузилди.

Шивир-шивир бошлар япроқлар,
Кўчаларнинг кўнгли орзиқар.
Лаҳзалардан висол сўроқлар
Кузга ошиқ бўп қолган шаҳар.

Ўйларимни олиб кетар ўй,
Дардларимни дардманд этар дард.
Куз, севгидан сўз очмагин, қўй,
Мен севгисиз яшамоғим шарт!

11

Хаёлимни қайтарди хаёл,
Ҳисларимни ҳайдаб келди ҳис.
Агар энди келмаса малол,
Ишқдан гапир, гапир ишқдан, куз.

Япроқларнинг шивири тинди,
К никиб ҳам қолди кўчалар.
Куз, тилларанг кўзгулар синди,
Оппоқ қишни алқайди шаҳар.

Куз, кетмагин, тирилдим-ку мен,
Тош йўллардан толе тераман.
Шаҳардан кеч, сенга Гул ҳақда
Ажиб эртак айтиб бераман.

12

Бинолар – бодроқдек сочилган,
Шаҳарнинг сершовқин бўлаги.
Лўли қиз, менга фол очилган,
Қоч, тошдир – толеим йўлаги.

Осмонга осилган уйларга,
Теккизиб оляпман тилимни.
Лўли қиз, фол кўрсанг кўрақол,
Қайси уй бераркан Гулимни?

Қўллари қўш симга қўшилган –
Тролейбус, тўлайман, бер патта.
Фақат айт, илинжим эшилган:
Тушарди у қайси бекатда?

Тик қотдим, туртади оломон,
Адашдим, йўқотдим йўлимни.
Ахир, бир қишлоқи боламан,
Қайси уй бераркан Гулимни!?

13

Тўшагимга тош т шайди тун,
Асабимни эговлар соат.
Тангрим, мени бир бора тушун,
Бир бор сенга қилмай итоат.

Чиқиб кетай бошимни ташлаб,
Эргаштириб хаёлларимни.
Борай ўша кўчага бошлаб
Кир-чир, қашшоқ саволларимни.

Тушларимни тишлайди тоқат,
Бир қўл ташлангандир бўйнимга.
Тангрим, сенга қилдим итоат,
Қулиф солиб қўйдим қўйнимга.

Чиқиб кетдим ўзимдан кечиб,
Кафтларимга сиқиб саҳарни.
Бир Гул ҳиди уйғотди тонгда
Диққинафас бўлган шаҳарни.

14

Кутганим – январнинг ўн тўрти,
Ёзиғим чиллада ёзилган.
Кўзёшлар музлаган лабимда,
Бўйнимга ях малак осилган.

Бешигим тебратган қаҳратон,
Юрагим йўнилган йўргакда.
Мен бўлдим совуқроқ қаҳрамон
Қизларга лиқ тўла йўлакда.

Январнинг ўн тўрти. Сирғалдим,
Қучоғинг – яхлаган ях, малак.
Қорбобо алдади бизларни,
Бермади, бермади бахт, малак.

Қор ёғар – шеърларим йиртиб соч,
Муз парча – суратим синдиргин.
Қор босган тўшагим остида
Гулимни бир куҳ деб сўлдиргин.

Ях малак, мен сендан тоняпман,
Юрагим чаккиллаб томмоқда.
Баҳорга эврилиб боряпман,
Қаҳратон ловуллаб ёнмоқда.

15

Гувоҳ Эгам, ишонинг, Гулим,
Умидсизлик ишқдан тондирди.
Лек лабимга қўниб бир исм,
Рубобий дард ўти ёндирди.
Унамайсиз. Доғли-да дилим?
Хоҳламайсиз босилган изни.
Гувоҳ Эгам, ишонинг, Гулим,
Ахир, яхши кўраман Сизни!

16

Тангримнинг табаррук ойида
Ўзимдан беркиниб яшайман.
ўттиз кун ўттизта жойимдан
Ўзимни суғириб ташлайман.

Саҳарлар сочилиб кетаман,
Тўпланиб оламан тунлари.
Пойингга қурбонлик элтаман,
Тангримнинг табаррук кунлари.

Аллоҳга қилмайман шаккоклик,
Ширк этмам ҳазрати Набийга.
Лек “оғзим очаман” шомлари
Лаб босиб Гулимнинг лабига.

17

Гулюзим, юзингиз – мулойим,
Гуллабим, лабингиз – аланга.
Гулшодим – шодонмен, Худойим,
Гулсўзим, сингингей танамга.

Гулнозим, нозингиз бўлакча,
Гулжоним, суғиринг жонимни.
Гулдардим, дил ётур йўлакда,
Гулхайрим, ҳидлайсиз қонимни.

Гулсоғинч, соғинчим сирғалар,
Гулхаёл, ҳайдаманг хаёлни.
Гулилинж, илинжим қўл солар,
Гулвисол, гуллаган висолми?

Гулрозим, розингиз тиладим,
Гулюрак, гул солинг дилимга.
Гулсевинч, сочингиз силадим,
Гулруҳим, руҳ бўлинг гулимга.

18

Кунлар куннадилар, лек кулмадилар,
Тунлар тунадилар, лек тинмаилар,
Ғуллар силадилар, лек синмадилар,
Жадийим, ё, Ҳақ! – де.

Теграмга тил билмас деворлар қурдим,
Дарвоза солмабман, тентираб юрдим.
Ўзимни тўрт томон қибла деб урдим,
Жадийим, ё, Ҳақ! – де.

Ёғланган тилимни ёғийлар тилди,
Сабрни савадим, шайтонлар кулди,
Илонлар авради, макрлар қилди,
Жадийим, ё Ҳақ! – де.

“Мен кимман!?”, с радим. “Қул”, деди Тангрим,
“Не қилай?” йиғладим. “Кул”, деди Тангрим,
“Юпанч борми?”, дедим. “ГУЛ!”, деди Тангрим,
Жадийим, Ё, ҲАҚ! – де.

19

Бекат, безмадингми бекорчиликдан,
Бекат, билганларинг бариси ростми?
Бекат, бермади-ку бизга ҳеч ким тан,
Бекат, ёзиғимиз кутиш холосми?

Тунни кечиб келдим, оёқларим – кир,
Йўлларга синдириб сочдим изимни.
Пиёда кетамиз, бўлди, бекат, юр,
Соғинчнинг қўллари қўймас бўғзимни.

Қ йнимда январнинг қалтироғи бор,
Совуқ савалаган бошим – ичимда.
Бекат, бу ҳолимга берма эътибор,
Фақат, билганларинг айтма ҳеч кимга!

20

Эй Гул, ўйчечакдан ўсма қўймайсиз,
Эй Гул, соғинчсувда чаймайсиз юзни.
Ҳайдаб ҳайдамайсиз, суюб суймайсиз,
Эй Гул, кулиб-кулиб куйдирманг бизни.

Яшаб-яшатмайсиз, қаҳрингиз – қаттиқ,
Ўлиб-ўлдирмайсиз, шафқатингиз – мўл.
Қошларингиз – қилич, кипригингиз – тиғ,
Кўзингиз – ой рақс тушаётган кўл.

Эй Гул, хаёлбоғдан ҳаё қиласиз,
Эй Гул, кўнгилзорга келмайсиз нега?
Нега индамайсиз, нега куласиз,
Эй Гул, нега, нега, билмайсиз нега!?

Биламан, кетмайсиз – жуда яқинмиз,
Биламан, келмайсиз – узоқмиз жуда.
Эй Гул, кунларимиз ўтмоқда кинсиз,
Эй Гул, кунларимиз ўтар беҳуда.