Усмон Темур 1940 йил 30 январда Қирғизистоннинг Аравон туманига қарашли Чекобод қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирда Ўзбекистон Миллий университети) тамомлаган. “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги”, “Гулистон” журналларида ишлаган. “Шаркдан мактублар”, “Қорбобонинг истаги” номли тўплампари чоп этилган. Тўрт жилдли асарлари мажмуаси нашр қилинган (2013).
АЙТДИМ
Бугун ҳурмиз, олам эзгулик,
Мустақилмиз Худога шукур.
Кураш сўнгги – эрку эзгулик,
Енгиб чиқар эл бўлса бикир.
Таъзим қилгум элнинг сабрига,
Бераолди орзусига зеб…
…Бориб чўпон отам қабрига
Айтдим: “Энди мустақилмиз!” деб.
ЧУЧМОМАЛАР
Кўтарилар кўп нарса ёддан,
Лекин, бари унутилмайди…
…Бир иш бўлган экан ҳаётда,
Сўзламасам сира бўлмайди.
Мўғул босган чоғда Туронни,
Боққан элга боққандай итга.
Депалатган отга “Қуръон”ни,
Отда кириб Чингиз мачитга.
Шериклари халқни қилиб жам,
Йўл олинглар адирга деган.
Тўрт томонда яшиллик, кўклам,
Чучмомалар очилган экан.
Мўғул ундан тўрт-бешта олиб,
Ёй ўқига маҳкам боғлаган.
Не десин эл! Ёв эди ғолиб,
Ўзини мард, улуғ чоғлаган.
Ўй-хаёлга ёвуз ўй кўчган,
Сопол қилган ҳаммаси юзни.
Сўнг, гулли ўқ учган ва учган,
Учган чоғлаб юрак ва кўзни.
Жазиллатган у қари танни,
Не кўкракдан суту қон оққан.
Нобуд этган гулдай баданни,
Ёвузларга эса шу ёққан.
Қочолмаган бирон ёш, қарри,
Чучмомали ўқ тегар экан.
Гулга томган қайноқ ёшлари,
Чучмомадан ўлаяпмиз деган.
Бу қирғинга лоқайд тикилган,
Томошага анча ўч само.
Мағлубларда шундай ўй бўлган:
“Ўч олаяпти биздан чучмома…”
Ёқа тутган ботмай қолган ой,
Камонларнинг эгилган бели.
Тугамаган адирда оҳ-вой,
Тугасада қирларнинг гули…
…Ҳушёрликни унутма бир он,
Мустабидни кўп кўрган элим.
Яшар шунда суйганинг Турон,
Чучмомалар ташимас ўлим.
* * *
Ўй сураман, ўйлар сураман,
Юраккинам хоҳлаган пайти.
Етти эмас, етмиш бобомнинг
Келганимда қабридан қайтиб.
Ўй сурганда, хаёлим учиб,
Бир фикрни олиб елади.
Ўтган буюк, суюк боболар
Қабрларин кўргим келади.
Йўлга чиқиб, бошимни аста
Эгай десам, қабрида бир дам –
Ал-Фарғоний, ал-Хоразмийнинг
Қабрлари қаерда, билмам.
Борай десам, таъзим қилгани,
Ҳеч бўлмаса бир кўрай десам.
Минг афсуски, улуғ Форобий
Дамашқда ётар ҳали ҳам.
Кўриш, оят ўқимоқ учун,
Етарлидир камина азми.
Абу Райҳон Беруний бобом
Ғазнидадир – нотинчроқ Ғазни.
Гарчи, яшар биз билан бирга,
Гарчи, илми, исми жондадир.
Боролмайман – тенгсиз аллома
Ибн Сино Исфаҳондадир.
Суратини кунда кўрсам ҳам,
Ҳикматлари турса ҳам ёдда.
Боболари бобомга юртдош –
Мир Алишер ётар Ҳиротда.
Минг армон бўлса ҳам дилда,
Бир учқунин ғазалга тутган:
Бобур Мирзо ўзини не ҳол,
“Боғи Бобур” ичра беркитган.
Яна қанча бобом, момомни
Ўзга ерлар бағрига олган.
Аллакимлар этгач мосуво
Шоир Фурқат Ёркандда қолган.
Тоғам ўткач турмада билдим,
Ҳаммасидан қатағон ёмон.
Улуғларим – Қодирий, Фитрат,
Чўлпон қабрин топмадим ҳамон.
Кўрай десам, йўқроқ иложи,
Кўрмай десам, алам-армондир.
Саждагоҳим – Тошкент, Самарқанд,
Қўқону Ўш, Шоҳимардондир.
Саёҳатлар олса гар ҳушим,
Юриш насиб этса хорижда –
Баъзилардай гангиб юрмасдим:
Афина, Рим ёки Парижда.
Кўрар эдим уларни бир-бир,
Бу зоти турк шоирнинг сўзи.
Буюкларга – туғилган ер ҳам,
Ватан бўлган гарчи ер юзи.
Дейман, имкон топади авлод,
Қолмас биздай ўкинч, армонда.
Мен бир оддий одамман, аммо,
Кўз юмай Ўш ё Аравонда…
ДАЪВАТ
Кел, ўша ҳижрондан қасос олайлик,
Дод чиқсин унинг ҳам дили қаъридан.
Қилмишин юзига бир-бир солайлик,
Бизни кўрса ўтар бўлсин наридан.
Кўрдинг-ку, орадан жой олиб ҳижрон,
На бизни аяди, на қилди карам.
У кимлар буйруғини айлади ижро,
Севгимизни хўрлади айлабон карам.
Юрди-я керилиб, йўқ каби тўсиқ,
Ошуфта кўзларимиз кора айлади…
Ишк завқига ташна дилларни эзиб,
Орзулар куртагини яра айлади.
Висолда тобланар юраклар хаққи,
Ул шумни шу бугун тўрга солайлик.
Икки дил топишса йитар ул даққи,
Кел, бирлашиб ундан қасос олайлик!
СЕН ҚАЙДАСАН…
…Сен қайдасан?..
Ҳамон билмадим…
Ҳамон яшаяпман, ҳамон ўлмадим.
Мен толе изладим, топа олмадим,
Жилғаман, ҳалиям сойга келмадим…
Сен қайдасан?..
Хабар йўқ ҳамон,
Кунларим гоҳ яхши, кўпинча ёмон.
Айрилиқ заҳмидан юзимдир сомон,
Сени деб яшадим, яшайман тамом! …
Сен қайдасан?
Кўп бор бўзладим,
Оҳимни гоҳ елга, элга сўзладим.
Қадринг ўтганида исминг сизладим,
Бошқага заррача илинж сезмадим… …
Сен қайдасан?
Билолмай мен хун.
Сену мен туфайли кун кўрар очун,
Наҳотки кўрсатмас муҳаббат кучин,
Излабам қўймайсан бир бора нечун? …
Сен қайдасан:
Хабар бергин тик!
Ахир тезроқ ёнса тез тугар пилик…
Ҳаёт татир экан бўлсанг гap суюк,
Шуям яшаш бўлди, шуям тириклик!
Сен қайдасан?
Ёнингдами онанг –
Сени олиб кетиб, ҳолим қилган танг.
Шоир гадо, дея уюштирган жанг,
Шу сўз қулоғимда беради жаранг…
Сен қайдасан?
Кундуз ишдаман.
Хаёлда сен бўлсанг эсда-хушдаман.
Гарчи ёшлигимга хайр-хўшдаман:
Сен қайдасан? Ун бер, Ўшдаман!!