Усмон Носир 1912 йил 13 ноябрда Наманган вилоятида туғилган. Москвадаги Кинематография институтининг сценарий факультетида (1929— 30) ва Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг тил ва адабиёт факультетида бир мунча муддат тахсил олган (1933—34). «Қуёш билан суҳбат», «Сафарбар сатрлар» (1932), «Тракторобод» (1934), «Юрак» (1935), «Меҳрим» (1936) каби шеърий тўпламлари, «Норбўта» ва «Нахшон» (1934) достонлари нашр этилган. «Атлас» (1935) пьесаси ўз вақтида хаваскорлар театри саҳнасида кўйилган. А. С. Пушкиннинг «Бокчасарой фонтани», М. Ю. Лермонтовнинг «Демон» («Иблис») достонларини ўзбек тилига таржима қилган. 1937 йил 13 июлда «халқ душмани» сифатида ҳибсга олиниб, дастлаб Магадан, сўнгра Кемерово вилоятларидаги қамоқхоналарга юборилган ва 1944 йил 9 мартда ўша ерда вафот этган.
ЮРАК
Юрак, сенсан менинг созим,
Тилимни найга жўр этдинг.
Кўзимга ойни беркитдинг,
Юрак, сенсан ишқибозим.
Сенга тор келди бу кўкрак,
Севинчинг тошди қирғокдан.
Тилим чарчар, ажаб, гоҳи
Сени таржима қилмоқдан.
Сен эй, сен – ўйноқи дилбар,
Зафардан изла ёрингни.
Тўлиб қайна, тошиб ўйна,
Тирикман, куйла борингни!
Итоат эт!
Агар сендан
Ватан рози эмас бўлса,
Ёрил, чақмоққа айлан сен,
Ёрил! Майли, тамом ўлсам!..
ЯНА ШЕЪРИМГА
(Сонет)
Шеърим! Яна ўзинг яхшисан,
Боққа кирсанг, гуллар шарманда.
Бир мен эмас, ҳаёт шахсисан,
Жоним каби яшайсан манда.
Юрагимнинг дарди – нақшисан,
Қилолмайман сени ҳеч канда!
Ўт бўлурми ишқи йўқ танда?
Дардимсанки, шеърим яхшисан.
Сен орада кўприк бўлдинг-да,
Гейне билан ўртоқ тутиндим.
Лермонтовдан кўмак ўтиндим.
Бутун умрим сенинг бўйнингда.
Саҳарда қон тупурсам, майли.
Мен – Мажнунман, шеърим, сен –
Лайли!
ДЕНГИЗГА
Оқ денгиз, яхши қол! Яхши қол, Шимол!
Кўнглимда ишқингни олиб қайтаман.
Сочимни ўйнайди муздек шўх шамол,
Мен унга дардимни қандай айтаман?
Кечқурун қирғоқда айланиб танҳо
Севдим, севиб қолдим тўлқинларингни.
Ойни чўмилтирган тинч тунларингни
Тушимда кўрганда не қиларман, о?
Ўйнагил сўнг марта, чайқал, эркалан!
Армоним қолмасин кетар олдимда.
Бағрингда балиқдай юзган оқ елкан
Бир умр сайр этгай менинг ёдимда…
Яхши қол, эркин сув! Яхши қол, денгиз!
Тўлқинлар, қўйнимга қиздай кирдингиз…
МОНОЛОГ
Севги! Сенинг ширин тилингдан
Ким ўпмаган, ким тишламаган?
Дардинг ёйдай тилиб кўксидан,
Ким қалбидан қонлар тўкмаган?
Сени яхши биламан, гўзал,
Петраркани ўқиганим бор.
Буюк Римнинг Сапфоси азал
Хаёлимни ошиқдай тортар.
Биламанки, Тассо бечора
Роҳат кўрмай ўтган бир умр.
Эй маккора қиз, Леанора,
Номи қора билан ёзилгур!..
Балки, гулдан яралган пари
Тош кўнгилли Биатриче
Гадосан,— деб қочмаса нари
Данте бахтли бўларди пича!
Балки, Гамлет ойдин тунларда
Офелияни эркалатарди,
Балки узун сочини силаб
Азонгача эртак айтарди.
Агар хиёнатни билмаса,
Эзмаса фожиа юрагин!
Йўқ. Йўқ, шоир! Гар шундай бўлса,
Шекспирнинг йўқди кераги!
Дездемона, гуноҳсиз дилбар,
Жигар қонларингни ичган ким?
Биламан, Отелло, биламан,
Отелло ҳақлими?.. Шоир жим!..
Жим!.. Уфқдан ботар қуёшни
Шарт кесилган бошга ўхшатдим.
Парча-парча куйган шафақлар
Тирқираган қонни эслатди!
Қандай қўрқинч! Қандай қабоҳат!
Мумкин эмас ҳеч қийналмасдан!
Ақлидан озганми муҳаббат?
Мумкин эмас, қарши турмасдан!
Мумкин эмас, эй, олий жаноб,
Неча юракни айлаб хароб.
Шоҳона тож кийган муҳаббат,
Мумкин эмас! Қандай қабоҳат.
Ки одамнинг ўзинигинамас,
Ҳиссини ҳам хароб қилса давр!
Қийналаман!… Ю рагимда ҳовур.,.
Бу — қаршилик! йўқ! Гина эмас.
Бу — қаршилик! Кўринг тарихни.
Парвонадек қаноти куйган,
Бу — қаршилик! Кўринг тарихни.
Умр тепасида мушт туйган…
Қийналаман виждон билан мен,
Мумкин эмас, қарши турмасдан!
Ўз зиммамга катта иш олдим:
Эҳтимолки, тамом қилмасдан —
Умрим тугар. Аммо, бўлмайди
(Кўнглим ўрнига ҳеч тушмайди.)
Сенга қарши бош кўтармасдан
Асрларни йиғлатган севги!!!
1933
НИЛ ВА РИМ
(Тарих китобидан)
I
Лампам ёнур… Яраланган қанотдек оғир
Ўй босади. Юрагимда гўё сел ёғир.
Қийналаман. Тиришаманю Ҳушим паришон,
Ўтмиш, ҳозир ва келажак кўринур — ҳар он.
Тиришаман, бутун кучим кўзимга келар;
Чироғимга парвонадек уринар йиллар,—
Тўрт атрофим тўлиб кетар куйган қанотга…
Хаёлимда: катта саҳро, мен миниб отга —
Шамолдан тез, булутлардан енгил чопаман;
Куйиб тушган ҳар қанотдан бир жон топаман.
Термиламан ўлик кўзга (нега қўрқайин?).
Барчасидан ўйиб олиб кўзининг ойин —
Термиламан: қичқиради йиллар, одамлар.
Эшитилар менга улар босган қадамлар…
II
Сариқ қумлар орасидан қон рангли қуёш —
Кўтарилар. Нил оқадир — қуллар тўккан ёш.
Фарёдларга чидолмайди ер билан осмон.
Ро қаерда? Азириса? Қийнайди Тифон!
Кимга йиғлаб, кимдан мадад кутсин бемор қул?
Эрки қулфдир, ҳаёти қулф; бор худолар қулф!
Косасида сув йўқ, қуруқ халтаси: нон йўқ!
Ботаётган қуёш каби рангида қон йўқ.
Кўзида кўз йўқ, белида бели йўқ, ҳайҳот!
Фиръавн уни чумолидай эзади: войдод!..
Фиръавннинг ҳукми қаттиқ, фиръавн хўжайин,
Худоларга у манзурдир, ҳаёти тайин.
Неки қилса, ўзи билур, ўзи ҳукмрон,
Миср бўйлаб Нил оқадур «қуллар тўккан қон!»
III
То Минисдан Рамзесгача, Рамзесдан нари
«Малика қиз» Клеопатра ҳукмрон даври.
Ундан тортиб… яна узоқ, яна кўп йиллар
Харсанг билан ётқизилган неча минг диллар.
Кўз ёшидан, дил тошидан қурилган ҳайкал
Мағрур турар, мағрур боқар; ҳеч бирон маҳал
На одамдан, на замондан қўрқмас асти у.
Ғазабини ютиб ўлган қуллар дасти бy!
Қуллар… (Менман у қулларнинг ўлмас авлоди,
Мана менман, у қулларнинг ҳеч сўнмас ёди.
Мана менман, ф алакларга лов-лов ўт қўйиб.
Оталаримнинг бошидан пойдевор ўйиб,
Озодлигим обидасин қурган инсонман!
Ўша жонман, ўша қонман ва ўша шонман!)
IV
Отим учар (хаёлимда) олдинга доим,
Аввал баҳор осмонидек йиғлар гадо Рим.
Эмчагида бир томизим сути йўқ она
Гўдагини тош остига бостирди ана!
Ўлим яхши, одам агар, шундай хор бўлса!
Бир парча нон нима ўзи? Шунга зор бўлса!
Наҳот, чақмоқ ёндирмайди бутун очунни?
Кул фардидай умр — тоғдай кулфат учунми?
Жавоб бергин менга закки қадимги Хомер,
Кўз ёши-ю, қонга ростдан ташнами бу ер?
Қўй, яхши чол! Кўнглим тўлди, гаплашамиз сўнг,
Бу нимаси? Эшитасанми, оғир, ҳазин мунг?
Ҳамон йиғлар яланғоч Рим, ҳамон дил эзар,
Ҳамон тилла қадаҳда қон ичар Цезар!
V
Рим устида шамсиядек туманли осмон,
Катта циркка сиғишмасдан қайнар оломон:
«Одам билан ҳайвон ўйин кўрсатар эмиш…»
(Бундай қилиқ бизнинг учун қандайин эриш!..)
Тишларини иржайтириб бўкирган йўлбарс
Тўрт тарафга ташланади, талпиниб ларс-ларс.
Оч кўзлари қонга тўлган, сакраб ўйнайди…
О, бечора, қон! У сени тирик қўймайди!
Ана! Ана, тирноғини нишлаб келар у.
Чангал солди! Халқ ўрнидан бирдан турди дув…
Чапак чалди. «Эй, аҳмоқ Рим, севинма қонга!
Бундан бошқа хўрлик борми ахир инсонга?»—
Деди, парча-парча бўлган гладиатор.
Рим — ўйиндан ўлим кутган жинни театр!
VI
Иссиқ излар… ҳамон у исёндан ис бордак,
Булутларнинг орасинда юрар Спартак,
Осмон — қалқон, камон ёйи — чақмоқ, ёнар ўт,
Зулм учун йиғи, фиғон ва эрксизлик суд.
Жавоб берсин. Афлотунми, Вергилийми, ё —
Бошқа бири, кани ким? Ким мард? Ким гувоҳ?
Ки — тун қанча қора бўлса, ой шунча ёруғ?
Спартакнинг лашкарлари ҳали ҳам борур.
Мана менман, у исённинг ўлмас авлоди.
Мана менман, у қулларнинг ҳеч сўнмас ёди.
Мана менман, фалакларга лов-лов ўт қўйиб,
Оталаримнинг бошидан пойдевор ўйиб,
Келажагим обидасин қурган инсонман!
Ўша жонман, ўша қонман ва ўша шонман!!!
1935 йил.
* * *
Денгиз ойна каби ялтирар,
Тўлқинларга суқим оқади,
Оққуш мунгли-мунгли оҳ уриб,
Ҳазин куйи дилга ёқади,
Ўтираман, кўнглим осуда,
Бошим узра барглар шитрайди.
Соялари лиммо-лим сувда
Танга-танга бўлиб титрайди.
Қандай яхши, кечқурун ёлғиз
Юрсанг, кўнгил асти тўймаса.
Ой — гўёки паришонҳол қиз,
Сочларини ёзиб ўйнаса…
Болтиқ денгизи, 1935 йил.
БАҒИШЛОВ
(«Нахшон» достонидан)
Боғларга намозгар
Салқини тушди,
Гуллар нам баргини
Қайирди аста.
Офтоб ҳам сув ичар
Тоғлардан пастда,
Лоладек қип-қизил
Ўт шафақ ўчди.
Кўз тутдим
Кўзларим нигарон бўлди;
О, дилбар,
Симбарим, юзлари қирмиз.
Киприги кўксига
Соя солган қиз,
Кўз тутдим,
Юрагим тўла қон бўлди.
Шаббода боларидай
Гулзор узра шўх Ой фонарини
Ёкди – қиз оқшом, Яша!
Сен келдинг,
Севгилим, Нахшон,
Сув қизи – сувсарим,
Киприклари ўқ.
Сен келдинг,
Кўнглимга сув каби окдинг.
Сен келдинг –
Руҳимда яшаш бошланди,
Севинчдан кўзларим
Беҳол ёшланди.
Сен келдинг,
Шеъримга чечаклар такдинг.
Сен келдинг,
Ваъдага вафодор малак,
Оппоқ қўлингними
Сийпалаб ўпай?
Қора сочингними
Сийпалаб ўрай?
Ваъда этайинми,
Сенга деб фалак?
Арзирди
Фалакни этсам ҳадя,
Афсус…
Фазо менга ҳали қул эмас,
Майли… боримни
Айлай армуғон.
Гарчи у
Ажойиб, асл гул эмас,
Нахшон, эй ёшлигам,
Севгалим, ма, ол!
Ишқимнинг энг олий
Туҳфаси шеърим.
Ўқи!
Лабларингдан тўйиб эмгани,
Шеъримга беркинди
Атайлаб меҳрим.