Усмон Азим (1950)

Усмон Азим 1950 йил 13 августда Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида таваллуд топган. Ўзбекистон халқ шоири (2000). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1972). Илк китоби — «Инсонни тушуниш» (1979). «Ҳолат» (1979), «Оқибат» (1980), «Кўзгу» (1983), «Сурат парчалари» (1985), «Дарс» (1985), «Иккинчи апрель» (1987), «Бахшиёна» (1989), «Ғаройиб аждарҳо» (1990), «Уйғониш азоби» (1991), «Ғусса» (1994), «Узун тун» (1994), «Сайланма» (1995), «Куз» (2001) каби шеърий ва «Жоду» (2003) насрий тўпламлари нашр этилган. Драмалар ҳам ёзган («Бир қадам йўл». 1997; «Алпомишнинг кайтиши», 1998 ва бошқа). «Алишер Навоий» киноқиссаси (1990), «Алпомиш» кинодостони (1997), «Севги» (1998, шу номли ҳикоя асосида) ва 2 серияли «Алпомиш» (2000) фильмларининг сценарийсига муаллифлик қилган. Поль Элюар, В. Вациетис, К. Доғларжа, А. Вознесенский, Ю. Марцинкявичюс ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Грузиянинг Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган (1982). «Дўстлик» ордени соҳиби (1998).

* * *

Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,
Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ.
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…
Замин – тилсим, осмон – тилсим… шеър – бешафқат!

Мен қийналдим. Хаёлимнинг қанотида
Денгизларни кўтарганча толиб учдим.
Юлдузларни кўп кўрганман ҳаётимда,
Денгиздаги юлдузларни келди қучгим.

Кўкка бокдим, ўт туташди жоним аро…
Қат-қат булут қатларида не сир-асрор!
Ҳайрат ичра ўлдиргуси мени само,
Она замин, уча қолай, қўйиб юбор!

Мен ёр дедим… Лайлими ё, Ширинми ё!
Ёки энди туғилажак бирор малак?
Мана мен, деб кўз олдимда бўлди пайдо,
Мана мен, деб шеърдан бокди якто юрак.

Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ,
Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида.
Шеър ёзилар… Қийноқ, сенға бўлсин шараф,
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…

Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак.
Фақат бекор билиб ором қучоғини –
Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак,
Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!

* * *

Рашк, ғийбатнинг тўлқинларида
Кема мисол чайқалди хонам.
Энди бизлар ҳеч учрашмаймиз…
Хайр!

Тонг отади,
Сен йўқ.
Кун ботади,
Сен йўқ.

Столимда сен ёзган хатлар,
Девордаги суратдан ҳам сен
Меҳр билан боқиб турибсан.
Деразадан кўринган осмон

Парчасига шодмон боқардик,
Юлдузлари кулганида ҳам,
Ол шафаққа тўлганида ҳам…
Хонам, ўзим, бу улкан олам
Сендан қолган ғамгин хотира.

Тонг отади,
Сен йўқ.
Кун ботади,
Сен йўқ.

Узоқларда бепоён йўлда
Йиғлаб кетиб бормоқдасан сен,
Оёқларинг тагидаги ер
Тўлқин отар монанди денгиз.
Оқ чорлоғим, учиб чарчадинг –
Йиқиласан дақиқадан сўнг,
Йиқиласан, тўлқинлар ютар…

Тонг отади,
Сен йўқ.
Кун ботади,
Сен йўқ.

Чидаб бўлмайди.
Энди мендан кетди ихтиёр!
Юрагимни қўйиб кафтимга
Шивирлайман бесабр, такрор:
Қибланамом, йўл кўрсат менга!

* * *

Ёлғизлик ортимдан ҳувиллаб қувди,
Токи йиқилгунча югурдим бетин…
Бир аёл туфлимнинг лойини ювди –
Унга севаман деб айтмаган эдим.

Қисмат масхаралаб бизни отганди
Танҳолик кечасин тор қучоғига.
Билмадим, қай маҳал аёл уйғонди
Туфли ювмоқликнинг иштиёқида.

Асли масхаралаш қисмат матлаби,
Аммо ҳайрат ичра гангиди хиёл:
Қувониб (масалан, гул терган каби),
Туфли ювар экан тунда бир аёл.

Менга кўзи тушиб аёл қизарди,
Уялди – қўллари тушди шалвираб.
Энди у қаршимда йиғлаб турарди,
Ёмғир қўйнидаги баргдай қалтираб.

Қўймоғим шарт эди бир жасур қадам, –
Қулаб танҳоликнинг ғариб аршидан.
Чўчидим мен – меҳр кўрмаган одам –
Севги туфли ювиб чиқса қаршимдан.

Кетдим…
Ёмғирдайин ўтдиму кетдим,
Минг аср танҳолик кечди бошимдан.
Минг аср оралаб қайтадан етдим,
Ўша ёлғиз қолган аёл қошига.

У менга бахт берди осмондай улкан,
Мен-чи?..
Мен қоврилдим бахтнинг доғида…
Бедорману нечун уйғонолмайман
Туфли ювмоқликнинг иштиёқида.

* * *

Қурбон қушнинг патлари каби
Руҳим – тўзғин, юрагим – тўзғин.
Қонли базм қурмоқда, раббим,
Вужудимда уйғонган қузғун.

Дардларимнинг соҳили йўкдир,
Шамоли йўқ, шакли йўқ – туман.
Юрагимнинг булбули – сурур
Ухламоқда ғофил уйқуда.

Қурбон қушнинг патлари каби
Йўқ бўламан учиб, тўзғиниб…
Қалб туғилар йўқликдан, раббим,
Най қилади қонли бўғзини…

* * *

Осмонга ҳам отгум тош.
Гуноҳкор бўлса қуёш.
Гуноҳкор бўлса қуёш,
Қайтиб тушмагайдир тош.

Осмон ҳам бўлиб ғаним,
Қайтиб тушса – не ғамим!
Бир тош тушса тушибди
Тоғдай бошимга маним.

БАХШИЁНА

Элбек бахши бир камбағалнинг тўйини гуриллатиб, неча кампир-қизларнинг  юрагини дириллатиб, овулига қайтиб кетаётган эди, бир карвонга дуч келди. Карвоннинг атрофида неча отлиқлар чопишиб келишяпти, туяларни етаклаган шотирлар қоқилиб келишяпти. Осмонга мушаклар отилган, туяларга атлас кимхоблар ёпилган, ёш-яланглар бўза ичиб бўкиришган, бир-бирига дўқ уришган, туя устидаги қизлар уларга лаб буришган, карвонбошининг пешонаси  тиришган – олдинда келяпти.
Элбек бахши: «Ҳув, карвонбоши, йўл бўлсин?» – деб сўради, карвонбошининг олдини ўради.
«Йўлдан қоч, баччағар, келин олиб кетаяпмиз», – деди карвонбоши.
Элбек бахшининг қулоғига йиғи товуши урилди. Сезди – уйи куйган. Бу – Ойтуманнинг товуши. Шунда: «Эй, камбағаллик қурсин! Орзум очилмай сўладиган бўлди, ўзим ҳасратда ўладиган бўлдим», деб бир сўз айтиб турган экан:

Карвон кўрдим, туялари бўзлаб борар,
Нортуяда менинг ёрим музлаб борар.
Менга берган ваъдалари эсдан чиқиб,
Остонаси тилло юртни излаб борар.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар – қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!

Ойтуман ёр кетиб борар карвон билан,
Оғринма, дил, мард қолади армон билан.
Мол-дунёнинг измин тутиб кетаверсин,
Мен қолайин юрак деган сарбон билан.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар – қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!

Ойтуман ёр, тумандайин сузиб кетдинг,
Юрагимнинг қалъасини бузиб кетдинг.
Парчалансам – мени қўшиқ йиғиштирар,
Сен қўшиқсиз қоkдинг, гулим – тўзиб кетдинг.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар – қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!

Карвон йўли кетгунича қизғалдоқзор,
Йиғламагин, йиғлагандан дунё безор.
Кулиб-кулиб, қувнаб-қувнаб кетавергин,
Ғамга ўзим харидорман, ўзим бозор.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар – қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!

Қорли тоғдан наридадир ўзга диёр,
Ўзга юртда келин бўлиб қолишинг бор.
Ўзга юртда ўз юртингни эслаб тургин,
Менга эмас, тупроғингга бўл интизор.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар – қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!

Мен-чи? Менга гоҳ шодлик, гоҳ алам тўлар,
Ҳар сатримга кулгум тўлар, нолам тўлар.
Бу олам-ку, маним кўнглим ярим этди,
Ярми билан куйласам ҳам, олам тўлар.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,
Жоним чиқар – қўшиқ айтсам қайрилма, ёр!