Умида Хушвақтова 1952 йилда туғилган. Республика рус тили ва адабиёти институти (ҳозирги Жаҳон тиллари университети)ни тамомлаган.Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Бардош қояси” (2006), “Соғинч соҳиллари” (2010), “Мираки тонги” (2015), “Маликалар китоби ёхуд Темурий маликалар қандай тарбияланади” (2019), “Сайланма” (2022) китоблари чоп этилган.
ҲАЁТ УСТУНИ
Қалб тўла орзулар уммони,
Зафарларга йўллар бетиним.
Ечмоқ бўлсанг гар муаммони,
Танти бўлгин, мард бўлгин, иним.
Муҳаббатдир ҳаёт устуни,
Бир ҳад бўлар ҳар не амалда.
Жавоб бордир қайсидир куни,
Ўз ҳаддингдан ошсанг агарда.
Ақлинг ёндош этгин ўзингга,
Бўлма асло ўз нафсингга қул.
Собит тургин берган сўзингга,
Хоксорларга мурувватли бўл.
Меҳр сенга эргашиб юрсин,
Қаҳр сендан бўлсин йироқда.
Эзгуликлар нурланиб турсин,
Сен қалбларга ёққан чироқда.
ДИЛ ИЗҲОРИ
Суратимга боқиб, ўртаниб,
Висол айёмини ўйлайсан.
Муҳаббатнинг ўтида ёниб,
Ишқ азобин, дардин куйлайсан.
Кўнгил иши нозик, азизим,
Ишқсиз ҳаёт қоронғу бир тун.
Ёлғон эмас, астойдил сўзим,
Гар қалбимни этолсанг мафтун,
Насиб этар висол ҳам бир кун.
КУЗ
Япроқлар олтинранг, сокин ҳаммаёқ,
Эриниб нурларин сочади қуёш.
Мезонлар борлиққа тортилган сўроқ,
Майсаларда шудринг гўёки кўзёш.
Ғамгин бир навонинг сирли оғуши
Ичида ғарқ бўлар кўнгил ҳароси.
Парвоздан толиққан орзулар қушин
Қанотини суяр севги самоси.
Сирли шивирлайди бетакрор оқшом,
Узоқ-узоқларга етаклар хаёл.
Гўёки самодан кутади пайғом,
Ёлғизликдан қалби эзилган аёл.
ИЛК ТУЙҒУ
Ҳар куни йўлимдан чиқасан,
Тасодифми ёки атайлаб?
Кўз остидан сирли боқасан,
Нигоҳингга меҳрингни жойлаб.
Ул нигоҳга беролмайин тоб,
Киприкларим эгилар аста.
Қалбда эса чарақлаб офтоб,
Дил торини чертар оҳиста.
Ажиб ғавғо ортар кўнглимда,
Билолмайман, пинҳона сирин.
Учрамасанг гоҳо йўлимда,
Кўзим излар сени яширин.
АРМОН ДУНЁСИДА
Армон дунёсида яшайман ёлғиз,
сен менга армонсан,
мен сенга армон.
Сен борсан,
мен борман,
ахир, бормиз биз,
мен сенга юпанчман,
сен менга дармон.
Соғиниб яшайман, сени соғиниб,
сен менга кераксан,
мен сенга керак.
Соғиниб яшайсан, мени соғиниб,
соғинч гирдобида ўртанар юрак.
Кўникиб яшайман бир кам дунёда,
мен сени топганман,
сен топдинг мени.
Бахтимиз кулмаган бўлса, мабодо,
учрашмас эдик биз,
топмасдим сени…
СОҒИНЧ
Вужудимга сачратиб олов,
Ишқ офтоби чиқди йўлимдан.
Ихтиёрим олди қўлимдан,
Юрак қурғур ёнмоқда лов-лов.
Қандай қилай, соғинсам сизни,
Боролмайман, манзиллар йироқ?
Нелар кутар, билмайман, бизни,
Кундан-кунга қийнайди фироқ?
Титраб ишқнинг изғиринида
Тоқатимиз тугар охири.
Толе тонги отган кунида
Бизни кутар соғинч соҳили.