Умида Абдусалом (1974)

Умида Абдусалом (Ғаффорова) 1974 йил Самарқанд вилояти, Булунғур туманида туғилган. ЎзМУнинг журналистика факултетини тамомлаган.

ВАҚТ

Ҳаёт дарахтида митти япроқдек,
Шохларда тизилиб турибмиз қатор.
Бирга яшамоқлик битта баҳорда,
Насиб этмагайдир ҳеч кимга такрор.
Ғанимат бу кунлар ўтиб бормоқда,
Сездингми, баҳорий насимлар тинди.
Азизим, қўлимни чўздим сен томон,
Умидбахш боғларда кезамиз энди.
Кел, кулиб яшаймиз қолган кунларда,
Боқий андуҳларга бермасдан тутқич.
Биз билан кетмоқда қадамдош ҳаёт,
Қўлида ялтирар вақт деган қилич.
Чархланган қиличу алмисоқ кунда,
Муҳаббат тонгида балки тингайдир.
Азизим, вақт деган бешафқат қилич,
Беҳишт эшигида балки сингайдир.

ОСМОНДАН РАНГ ОЛГАН…

Самога бўй чўзган осмонранг гуллар,
Бағрига бош қўйиб, кўзимни юмдим.
Азал ҳикматини куйлади улар,
Бошқа дунёларни буткул унутдим…

Бўй чўзиб осмонга тикилган гуллар,
Кўксим ёриб чиққан каби муборак.
Эркалаб силадим кокилларини,
Ҳақ сўзни такрорлаб урарди юрак…

Осмоний руҳ сизди томирларимдан,
Юрак эъзозида такрорий дуо,
Зангори қанотга айланди гуллар,
Мен само тоқида турибман гўё.

Осмондан ранг олган мовий санамлар,
Кўзлари толмайди кўкка интилиб.
Ҳавво онам босган бир-бир қадамлар.
Заррин нурлар каби қолган тўкилиб…

Эгамнинг раҳмати каби ёғилган,
Ҳақни куйлаб турган митти муҳрлар.
Ҳақ сўзни айтмоқда қадди букилмай,
Самовий, самимий, мовий меҳрлар.

ЁМҒИР

Ёмғир! Юрагимни олиб мўлжалга,
Аямай ёғяпсан жидду жаҳд билан.
Дардинг нима сенинг, не демоқчисан,
Ортга қайтмайдиган қатъий аҳд билан?

Зарб ила урилиб тошга, тупроққа,
Бутун вужудинг-ла эриб кетяпсан.
Айт, кимни қолдириб мангу фироққа,
Ҳижрон куйларини чалиб кетяпсан.

Куйларинг қуйилиб кирди дилимга,
Ҳатто йиғлаяпсан тушларимда ҳам.
Эҳ! Шу он келмайди бир сўз тилимга,
Сўзсиз термуламан ҳушларимда ҳам…

Биламан, шунчаки ёғмаяпсан сен,
Дунёда шунчаки биронта дард йўқ.
Сенинг руҳинг осмон!
Мавжудлигингда
Нина учичалик биронта гард йўқ.
Ёмғир! Мен пойингда турибман қара,
Қошу кўзларимни силаб ўтяпсан.
Мен сенга бошимни тутиб берганда,
Нечун оёғимга бошинг уряпсан?
Сен ота маконин тарк этиб ночор,
Тақдир пойларига хоксор чўккан тиз.
Кўкнинг ҳур, париваш маликасисан,
Муқаддас заминга узатилган қиз!