Умид Али 1978 йили Самарқанд вилояти Самарқанд туманида туғилган. 2001 йили Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тугатган.
2001-2003 йилларда тумандаги 23-ўрта мактабда она тили ва адабиёт ўқитувчиси, 2003-2012 йиллар мобайнида «Бекажон» газетасида мусаҳҳиҳ, мухбир, бўлим мудири, «Аъло кайфият» журнали бош муҳаррири лавозимларида ишлаган. Ҳозирда «Афросиёб» газетасида фаолият юритмоқда.
«Дилмоҳим», «Кўкка йўл», «Салом, ширин туйғулар» шеърий ва насрий китоблар муаллифи. 2009 йилда элликдан зиёд ўзбек ижодкорлари билан уюштирган суҳбатлари «Кўнгилга сайр» номи билан чоп этилди.
РАНГЛАР ФАЛСАФАСИ
1
ОППОҚ –
Тонгнинг қўлларида эритилган тош.
ҚОРА –
Тун кўзида балқиб, томиб тушган ёш.
САРИҚ –
Куннинг юрагини ўпаётган нур.
ҚИЗИЛ –
Қуёш ботар чоғи чертилган танбур.
ЯШИЛ –
Бу сачраниб кетган майсанинг қони.
КЎК –
У – сўнгги манзил (руҳлар қабристони).
2
Бегард кулги – ОҚ,
Йиғилар – ҚОРА.
Табассум – ОППОҚ,
Кўз ёш – ҚОП-ҚОРА.
Туйғулар – ЯШИЛ,
Ҳислар – ҚИРМИЗИ.
Севги – ЯМ-ЯШИЛ,
Кўнги – НУР (ўзи)
Ҳаёт – бу – МОВИЙ,
Умр – ТИЛЛА РАНГ.
Руҳчи – САМОВИЙ,
Жон эса… БEРАНГ.
***
Мен соғиндим
Ишқ йўлагида
Куз тўшаган хазон баргларни.
Сен-ла кезган мунглуғ дунёда
Суйган эдим азон-дардларни.
Ҳар битта барг-
Кузнинг сураси,
Муҳаббатдай қўнар юракка.
Мен ҳур ошиқ-ишқнинг сараси-
Маҳкум эдим жонни бермакка.
Тийрамоҳниг ялдоларида
Тану жоним қиларди тоат.
Сайд-руҳимнинг садоларида
Янграр эди: «Севги-ибодат».
Мен соғиндим ишқ йўлагида
Куз тўшаган хазонбаргларни…
***
Сафга қўшилмайман,
Мудом яккаман,
Умрим ниҳоясиз-
Ёлғизликка тенг.
Шундай ёлғизманки…
Шамолдай танҳо,
Танҳолик ичра зув
Шимараман енг.
Деманг сиз ҳеч қачон:
«Мен ҳам ягона»,
«Бу қисмат муаллақ
Тангриники», денг.
Мен эса ҳақлиман
«Ёлғиз» дейишга,
Чунки ёлғизлигим
Ҳақиқатга тенг.
***
Бетховенга
Сен куйингда масту аластсан,
Оҳанглардан таралар талъат.
Юрагингга буров солган не-
Оҳангларнинг тортиғи- санъат.
Куй. Мусиқа- ҳаётнинг кони,
Жон риштаси наводир асли.
Наволардан таралган хушбўй-
Баҳорми-йўқ. Бу… ҳур- куй фасли.
Жозибаки… гуллаётир куй,
Осмонлардан баландсан бу пайт.
Мен тушунмай ҳалакман ҳануз,
Бахт қучдингми ё бахт сени, ат?..
ДУО
Бирлашган ҳур кафтлар – ҳавода қайиқ.
Мен унда ўзимни авайлаб туриб,
Сизни ҳам авайлаш илмин ўргандим.
***
Соат…
Ингроқларга тўлади хона.
Лаҳзалар бўйсунмас, девона.
Тўрт девор ичида мунғаяр
Ҳаёт – ўз-ўзига бегона.
Сукунат шифт узра ўрмалар-
Ҳавога қоришар тану жон.
«Оҳ»ларга лиммо-лим бу дайр
Ёрилар,
Ёрилар,
Лек қачон?
Юрак…
Ингроқлари лиммо-лим.
***
Идишмас, идишнинг ичидаги сув бўл
Брюс Ли.
Бир ҳовуч сув…
Тўксанг гиёҳга айланар,
Ер бағри тўлар майсага.
Ичсанг…
Руҳингда унар гиёҳлар.
Шу асно хоҳлагандирсан
Бир ҳовуч сув бўлиб қолишни?!
***
Осмонда осмондай яшайсан,
Мен эса тупроқда тупроқдай.
Қоп-ора юлдузлар ташлайсан-
Дарахтдан узилган япроқдай.
Сен ойни қучоқлаб ухлайсан,
Мен ерга бераман бағримни.
Муз ҳаво таратиб, «уҳ»лайсан,
Чидайман- сочмайман қаримни.
Ўйлайсан: «осмонман-омонман»,
Шунинг-чун сенингми кўнглинг тўқ?
Лекин ҳеч билмайсан, тамоман
Осмон-эр, Ер эса чексиз кўк.
Эй менинг адашган «осмоним»,
Барибир бир куни қайтасан.
Фарёдинг тўзитар самони-
Ўша дам ерга не айтасан?!
***
«Сени худо суйсин, менинг суйганим…»
Эшқобил Шукур
Ҳисларингни авайла, бироқ
Юрагингга инмасин оғриқ.
Биласанки тақдирда фироқ
Битилгандир ҳар недан ортиқ.
Ҳали йўлинг олисдан-олис,
Кўз олдингда пасту баландлар…
Ўз-ўзингни айласанг холис,
Юрагингни гўзаллик бандлар.
Ўз-ўзингга ишон мукаммал,
Орзуларга эрк бергин бу пайт.
Ҳали ҳаёт бўлмаганку ҳал
(Қисматинга битилмаган байт).
Ишонавер, қалбга қулоқ тут:
Бахтдан сира этмагай жудо.
Фақат кутгин, кутгин, яна кут-
Сени суйиб олади Худо.
***
Сен учун тўқиб шеър, битсам ғазаллар,
Кўнглингни қитиқлаб, ифорлар сочсам.
Пойингга тўшасам гуллар, гулбарглар,
Шивирласам ишқдан, юрагим очсам…
Кулсанг, кўзларингда барқ урса ҳаёт,
Умидлар чўғ олса ол юзларингдан.
Нигоҳинг мен учун тузса дил баёт,
Нигоҳинг порласа юлдузларимдан.
Ўйларинг ёзса гар қанотларини,
Мендан ўзгасига бермасанг имкон—
Севги хайр этган мамотларини
Сенда кечирсам бас, бахтлиман жонон.
Шум ҳаётнинг хайрими ё
Кулдими маккор тақдир?!
Қув кўнгилнинг сайрини-ё
Азал деди — бу ҳақдир!
Юрак ботиб ишқ хунига,
Фироқда топди макон.
Муҳаббатнинг шўр кунига
Бўлмади нажот, имкон.
Дийдор насли қиёматдир,
Висол завол, ҳижрон шон.
Севилмоқ ҳам бир омаддир.
Севмоқ — кўнгилли армон.
***
Сени суймаганмидим…
Айтмаганмидим—
Сенга атаб қўйган сўзларни?!
Ишқ туймаганмидинг…
Айтмаганмидинг—
Фақат мен-чун кулсин кўзларинг?!
Қовуштириб кафтларимизни,
Сайр этмаганмидик—
Бахт туҳфа этган паллалар?!
Таратиб дил тафтларимизни,
Хайр этмаганмидик
Бир-биримизга ишқ—
Тиллалар?!
Ёниб йиғламасмидим—
Тўзғитолмай заранг дардларни,
Беун…
Соғиниб йиғламасмидинг…
Аламиингдан тишлаб лабларни,
Тун… кун…
Севгим тилламасмиди?!
Сен-чун яшаб бердим бир умр—
Ёлғиз…
Севгинг қўлламасмиди,
Кўнглим этмаганда илоҳий амр,
Ҳур қиз…
Мени суймаганмидинг?
Сен деб куймаганмидим?!
ТАҚДИР СЎҚМОҒИ
Менинг йўлларим кўп: тошли, адашли,
Товонларга тикан михдай қадашли.
Сўнгсиз йўллар аро кўзлар ҳам ёшли,
Бу тақдир сўкмоғи, тақдир сўқмоғи.
Кўнгил алданса гар ёлғонлари бор,
Қалбга гина, кудрат солғонлари бор.
Ярим йўлда сендан толғонлари бор,
Бу тақдир сўқмоғи, тақдир сўқмоғи.
Меҳр гадосиман. Гадо кўкда моҳ,
Умринг сўнгги қадар бўғзигда минг оҳ,
Ўпкангни тўлдирар пайдо бўлган доғ-
Бу тақдир сўқмоғи, такдир сукмоғи.
Юрагинг қийнама, қўл силта йўлдош,
Иккимизга етар Ҳақ берган бардош.
Бу йўлнинг боши ҳам, охири ҳам тош-
Бу тақдир сўқмоғи, тақдир сўқмоғи
***
Мендан кетган ёр, ҳей!
Мендан кетган ёр!
Айирмасин сизни бахтдан ихтиёр.
Сизни унутмоққа йўқ менда сабот,
Унутмай яшамоқ-энг гўзал ҳаёт.
Тўзимингиз берсин, йиғламайсиз ҳам,
Наҳот сизда бари бекўсту бекам?
Омад пойингизга тўшаляптими,
Орзулар нур сочиб ушаляптими?
Ҳамон баҳордайсиз, ифорли, гулли,
Йўлингизни берсин зафарли, нурли.
Фақат сиздан тилов-менга ачинманг,
Мен бахтга гадомас, бахтга йўлчиман.
Бузса ёв-хаёллар оромингизни,
Асранг қизғанмас дўст-қароғингизни.
Майли нур бўлинг сиз, майли зўр бўлинг,
Кўнгилга бошловчи оппоқ йўл бўлинг.
Фақат унутманг сиз бу шўриш-бошни,
Севиб… севмай қолган ғўргина ёшни.
Мендан кетган ёр, ҳей!
Мендан кетган ёр!
Айирмасин сизни бахтдан ихтиёр!
***
ЭНГ БАХТЛИ АЁЛ
Бу аёлнинг кўзлари ўзга,
Бу аёлнинг дунёлари мўл.
Бу аёлнинг ҳоримас гашти,
Бу аёлнинг қалби-кўкак йўл.
Бу аёлдан ҳорғинлик холи,
Баҳорлари гуллар беомон.
Бу аёлнинг шавқу шонида
Кўринмайди ҳеч қандай армон.
Бунчалар ҳам масрур бу аёл,
Улғаяди бахту иқболи.
Вужудининг тароватидан
Сўниб қолар кузнинг заволи.
Ўйлари ҳам балки шонга лиқ,
Кезар шодон баорий хаёл.
Сиз билмайсиз, айни шу тобда
У ҳаммадан энг бахтли аёл.
***
Сизни унутмоққа уриндим минг бор,
Ўзни чалғитмоққа нелар қилмадим.
Аслида мен кимман-бир кўнгилга зор,
Айтинг, кўнглингизга нечун сиғмадим?
Тонглар отаверди бесабрликда,
Ишқнинг тутқунига айландим бот-бот.
Куним ўтаверди беқадрликда,
Юракка тушмасди гуллаган ҳаёт.
Сиздан туҳфа блди ёнаётган дард-
Ҳажрнинг куйлари ўртанмай қўймас.
Мен мардман, ишқ дея жон бергувчи мард,
Севгидан қонмаган бир кўнгил-тўймас.
Ёрижон, кетяпсиз кўзда ёш билан,
Мен эса тош қотгум ҳур изингиздан.
Дилга тортиқ қилиб ғам, ситам, алам,
Кечиб бормоқдасиз умидингиздан…
***
Ёр бўлди,
ёр-ёр бўлди,
Келинчак тайёр блди.
Менинг телба юрагим
Бир қалбга сайёр бўлди.
Вужуд ўртар, қалб хаста,
Қотиб қолган кўзларим.
Мен ҳамон гул ишида
Гул ғойиб-айёр бўлди.
Ёр бўлди,
ёр-ёр бўлди,
Келинчак тайёр бўлди.
Менинг ўз узар гулим
Бошқага дилдор бўлди.
Эй малагим, эшитгин,
Қалб пора-порасини.
Менга энди ер эмас,
Осмо-он
Диёр булди.
Ёр бўлди
ёр-ёр бўлди,
Келинчак тайёр бўлди.
Келинчак тайёр бўлди-
Эссиз,
У айёр бўлди.