Улуғбек Ҳамдам (1968)

Улуғбек Ҳамдам 1968 йил, 24 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тугаттан (1993). «Тангрига элтгувчи исён» (2002), «Атиргул» (2006), «Сени кутдим» (2007) шеърий ҳамда «Ёлғизлик» (2000), «Мувозанат» (2003), «Исён ва итоат» (2004) каби насрий асарлари нашр этилган. Илмий асарлар тўплами ҳам бор («Бадиий тафаккур тадрижи», 2003; «Янгиланиш эҳтиёжи», 2007). Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» (2001) номли асарини ўзбек тилига таржима қилган.


ГУЛ ЭКАРДИМ…

Сув остида димиқиб толган
Одам каби бўғилдим ёмон…
Бир силтаниб чиқсайдим сувдан,
Бу ўлимдан қолсайдим омон,
Қўшиқ айтиб берардим Сизга!..

Қўшиқ айтиб ўтардим Сизга,
Топганимни бағрига жойлаб.
Борлиғимни ишониб сўзга,
Гул экардим Ватаним бўйлаб,
Бўстон бўлиб кетарди сўнгра…

МЕН ТИККАН БАЙРОҚ

Яна шеър келади юракка оқиб,
Яна керагингни англайман, дилбар!
Яна мен олтинсоч дарахтга боқиб,
Мангу қўшиқ ҳақда сураман ўйлар…

Яна сен ўзингдан бермайсан дарак,
Яна мен урушман тип-тинч дунёда!
Бўгзига тиғ келган жондек жонсарак
Тешилар йўлингда кўзим беҳуда…

Яна сен бордайсан, лекин топмайман,
Яна мен излайман, йўкдайсан бироқ!
Мангу иккиликнинг ўртаси – ВАТАН,
Мангу ИЗТИРОБдир мен тиккан БАЙРОҚ!

ХУДОЙИМНИНГ ҚЎШИҒИ

Кўзларингни кўзимга тикиб,
Юрагимдан ҳикматлар сўргил.
Жон илдизинг жонимга экиб,
Нафасимдан титраблар тургил.

Аросатда тўлғанмагил, бас,
Оловларнинг баридан воз кеч:
Юрагингнинг сиридан эмас,
Дунёларнинг киридан воз кеч!

Умр ахир келмайди қайтиб,
Армонларни парчалаб кетгил.
Худойимнинг қўшиғин айтиб,
Худойимнинг қошига етгил…

КАПАЛАК

Гул лабида ўлтирар нуқул,
Йўқ, адашдим, рақс тушади ул.
Умри оздир гулдан-да, бироқ
Парво қилмас ҳам кулади ул…

МАНГУ ИШҚ ОРЗУСИ

Сени кутиб умрим ўтсайди…
Висолингта етмасам, майли.
Ўлим қучган аснода ҳам сен
Юрагимда бўлсайдинг, Лайли…

Сени кутиб умрим ўтсайди.

Мен ишқимни қўярдим
У Кун Худойимнинг тарозусига
Ва ҳукмини кутардим тағин
Умид этиб ишқ орзусига,
Эй юзлари ҳамиша гулгун!..

Сени севиб умрим ўтсайди…

СЕНГА ҚАЙТГУВЧИ…

Ҳар куни куйингда минг бора ўлиб,
Минг бора тирилган афтода менман.
Бахту бахтсизлигинг беланчагида
Адоқсиз тебранган овора менман.
Ич-ичимга ботган бадкор тиғингдан
Хаёли ғалвирдек садпора менман,
Бир куни бари бир ёриб қафасинг,
Бот Сенга қайтгувчи ҳур ёра менман…

ДИЛ, БОШЛА!..

Руҳим денгиз янглиғ мавжланур, мавжланур…
Жисмим соҳил каби йўл тўсар, йўл тўсар…
Лаҳзалар вабодек чанг солур, чанг солур…
Дил, бошла! Кечиксак: сен қусур, мен қусур!
Бағрим олам бўлиб чайқалур, чайқалур!..

Кимсан сен? Кўйингда бегона – девона,
Тонгларни кутадир тўлғона – тўлғона?
Қуёшим? Ва менми бечора – парвона?!
Яшарман демакки, кўп ёна, хўп ёна…
Ишқим осмон қадар юксалур – авжланур,
Борлиқ нақ кўксимда мавжланур, мавжланур!..

ИНСОН

Икки ғордир – икки кўзим,
Қалбим унда газли хазина.
Вужуд – отим, ақлим – жиловим,
Минг асрдир йўлдаман, мана…

Манзил эса… манзил кўп йироқ,
Хаёлнинг ҳам қўллари етмас.
Зафар – менинг ўзимман, бироқ
Мағлубият ёнимдан кетмас!..

ИЛТИЖО

Яна Сенга тушмоқда ишим,
Яна Сенсиз ҳеч кимман, ахир!
Ҳузурингта юкуниб келдим,
Ҳаёт бўлди аччиқ ва тахир…

Юрагамга окди-ку яна
Қисматимнинг заҳар-заққуми.
Яна ҳасрат қилди тантана,
Яна Сенсиз ўтмади куним!..

Қўлларингни узат, ниҳоят,
Йўлларимни очгил, Худойим!
Қани менга аталган оят?
Қани менинг нажотбахш дорим?!..