Ўктамой (1960)

Ўктамой (Ўктамхон Холдорова) – 1960 йили Наманган тумани, Шўрқўрғон қишлоғида туғилган. Наманган Дав­лат университетининг филология факультетини тамомлаган. “Соғинч қушлари”, “Сабрга суяниб”, “Оққуш излари” шеърий китоб­лари нашр этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Ҳозирда “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журналида бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлайди.

КЎКЛАМ

Ўнгу сўлим гул-чечакларга,
Ифорларга кетди қорилиб.
Энди юрак қайғуларданмас,
Ҳайратлардан кетар ёрилиб.

Солланади нозанин гуллар
Бошим қўйсам елкаларига.
Ташриф этмиш бу гўшамизга
Қай гўзаллик ўлкаларидан.

Бир сесканиб тушади сабо
Майсаларнинг қийқириғидан.
Томаётган яшил томчилар
Куннинг яшил туйғуларидир.

Кўз-кўзлайди хиноларини
Кафтларини очиб ғунчалар.
Шовуллаган терак шохида
Рақсга тушар япроқ – қушчалар.

Ол гулларнинг яноқларида
Базм қурар бир тўп фаришта.
Уч ой ишлаб ҳориган кўклам
Дам олгани кетар хорижга.

* * *

Кўзларингда чайқалар денгиз
Ором олсам салқинларида.
Чорлар мени эшкакли қайиқ
Ола кетар оқинларида.

Соҳилларни кузатмоқ гаштли,
Лек тўлқинлар кўнглим ғашлайди.
Билолмасман бу сирли қайиқ
Қай соҳилга элтиб ташлайди.

Кўзларингда чайқалар денгиз.

* * *

Чулдирайди уйғоқ жилғалар
Тинмай чопар ботганча терга.
Ифорлардан маст-аласт бу тун
Ётиб олар чалқанча ерга.
Жамбил сиқимида мушкларин
Димоғларга юборар сочиб.
Бетакаллуф киради еллар
Даричалар кўнгилдай очиқ.
Чумолилар учишар яйраб
Мажнунтолнинг арғимчоғида.
Кўкдан тушган олифта нурлар
Чўмилишар анҳор бағрида.
Тун кўксини ёрган чақмоқнинг
Араваси келар қалдираб.
Ҳозиргина кўз очган гулни
Қўрқитади момоқалдироқ.

* * *

Ишонч, сени қўйдим йўқотиб
Тун бағрига сингдинг найсондай.
Пайпаслайман, бармоқларим қон
Топаманми сени қайтадан?
Қай бекатда сени йўқотдим,
Дунёимдан кетдингми бадар?
Излаяпман олчоқ дунёнинг
Заррасидан кўнглимга қадар.

* * *

Жимирлайди сувлар сайҳонда,
Топилмайди кўнгилга овунч.
Виқорингиз мени пайҳонлар,
Юрагимни чўқийди соғинч.
Сочим шамол арғимчоқ қилар,
Сувга ташлар ой кўзгусини.
Ой-кўзгуга қарайман беҳол
Сездирмасман дил сезгисини.
Дардларимни оқизиб кетар
Анҳор – менинг эски танишим.
Қай гўшада бўзлаб чиқаркан
Дардкаши йўқ ёлғиз болишлар.

* * *

Ем бўлдим заминнинг қиёқларига
Вақт-дулдул янчиди туёқларида.
Осилиб турнанинг оёқларига
Мен келдим, эй осмон, эшигингни оч.
Кўк тоқидан келар беҳиштнинг иси
Кўзимда айланар булутлар тўзиб.
Юракда босилган оёқлар изи,
Мен келдим, эй осмон, эшигингни оч.
Сочларим гуллайди бодомдай оппоқ,
Кўнглим қийқим-қийқим , орзулар ямоқ,
Мискин хаёлларнинг танида титроқ,
Мен келдим, эй осмон, эшигингни оч.

* * *

Деворда осиғлиқ
гуллар суврати,
Деразам очаман,
ҳаво димиққан.
Югурар хонамга
кузак шамоли,
Гуллар чайқалади,
гуллар зериккан.
Ифордан хонамнинг
айланар боши,
Шамол тортиб узар
гуллар япроғин.
Майсалар остидан
мўралаб ғунча
Ёввойи ҳисларга
очар қучоғин.
Пайҳонланар гулзор,
cувратда гул йўқ.
Хона деворларин
қадди букилган.
Муаттар гулларни
олиб кетмиш ел,
Узилган гуллар-чи
полга сочилган.

* * *

Мен сизсиз ҳеч кимман,
Ёпишдим маҳкам
Совуқ нигоҳингиз
Этакларига.
Азоблар улғайтди
Тушиб қолдим сўнг,
Сиғмасдан соғинчнинг
Чўнтакларига.

* * *

Уйғониб кетади
намозшомгуллар
Тун кавшининг ғирч -ғирч
товушларидан.
Ой нурин ютоқиб
ичади улар
Туннинг қора
ҳовучларидан.