Турсунбой Адашбоев 1939 йил 1 январда Ўш вилояти, Олабуқа туманидаги Сафед Булон қишлоғида туғилган. ТошДУни ҳамда Москвадаги Жаҳон адабиёти институтини битирган (1962). Илк шеърлар тўплами — «Камолнинг олмаси» (1964). «Биз саёҳатчилар» (1966), «Олатовлик бўламан», «Арслонбоб шаршараси» (1969), «Сурнай» (1970), «Нур дарё» (1975), «Гулдаста» (1968), «Олатоғ-лолатоғ» (1978), «Оқбўра тўлқинлари», «Совға», «Арслонбоб афсонаси» (1988), «Сичқоннинг орзуси», «Уч бўталоқ ва сирли қовоқ» (1990), «Орзуларим — қўш қанотим» (2003), «Олтин ёлли тулпор қиссаси» (2003, эртаклар) каби тўпламлари нашр этилган. Уолтер Дэ Ламер, К. Чуковский, С. Маршак, Л. Бриедис каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 2017 йил 12 майда Тошкент шаҳрида вафот этган.
ТОНГДА
Тонгда ҳуштак чалгандим,
Чиқиб шувоқ бошига,
Маъқул бўпти овулнинг
Каттасига, ёшига.
Бу қилиғим Хўрознинг
Теккан эмиш ғашига…
Мени кўрса Даканбой,
Миниб жаҳл отига,
Кўча-кўйни тўзғитиб,
Зўр берар қанотига.
Шайтон кирди орага,
Сизга айтсам дангалин,
Ерни узиб олгудай
Унинг тирноқ-чангали.
Чигирткани эгарлаб,
Қува кетдим Хўрозни.
Адабини берай деб,
Шумтакани, дарозни.
Лекин отим йиқилиб,
Оёғим синиб кетди.
Чигирткани жиловлаб,
Даканбой миниб кетди.
…Томошанинг қизиғи
Сўқмоқли йўлда бўпти.
Хўроз билан Чигиртка
Тулкига ўлжа бўпти…
КАПАДА
Санжар бобоси билан
Қовун пойлар капада.
Кўкда юлдуз маржони,
Ғир-ғир эсар шабада.
Набираси бидиллаб,
Чолни тутар сўроққа.
Ярми кемтик ой чиқди
Ўхшаб олтин ўроққа. –
Бобо, қаранг, тунов куни
Бутунгина ой эди.
Биров уни синдириб
Қўйганми, деб койиди…
ОЛТИ ХУРЖУН
Ёдимда йўқ, баҳормиди
Ё хуфтонми, наҳормиди?
Шерикларим Муталмиди,
Балки Абдуқаҳҳормиди?
Хуллас Ўнғор тоққа чиқиб,
Капалакнинг сутин ичиб
Кезиб тоғнинг уёғидан,
Кунгайидан, буёғидан
Терскайини – кесганидан,
Чилвиркўли пайдо бўлган,
Тойчоғимнинг туёғидан.
Олтмиш олти кўк бақани
Тутиб олиб қайирмоқда
Биз олти кун сарсон бўлдик
Терисини айирмоққа.
Довулғидан керги ясаб,
Туёқпарин кериб қўйдик.
Ҳар бирини тонгдан бошлаб
Рўян билан бўяб-ошлаб,
Олти хуржун тикиб бердик,
Чўпон тоғам Холиқулга.
Шундай гаплар, бўш юрмадик,
Дўстим, ёзги каникулда.
ОСМОН ҚАЙДАН БОШЛАНАДИ?
Токқа бошин қўйса қуёш,
Уфқ ортин чўғ қиларкан.
Бургут учун осмон асли
Бошланади чўкқилардан.
Чумолининг вақти зиқроқ,
Гапи қисқа, қалби қайноқ.
Унинг учун кўк гардиши
Олтин рангли момақаймоқ.
Мирзачўллик деҳқон бобо
Гурунг бошлар олисдан:
– Ўтар осмон чегараси,
Бизнинг қовун полиздан.
Мурунтовлик мерган айтар:
– Куни-кеча қайтдим овдан.
Ўзим кўрдим, осмон асли,
Бошланаркан Тангритоғдан.
ТУПРОҚ
Аждодлардан мерос бўлиб
Қолган тупроқ.
Боболарнинг қон ва тери
Томган тупроқ.
Қизғалдоқлар очилганда
Қилмай канда,
Қир-адирлар гулхан бўлиб
Ёнган тупроқ.
Тўкин-сочин дастурхонни
Солган тупроқ.
Дори-дармон, синовлардан
Толган тупроқ.
Қотилни ҳам, ботирни ҳам
Сукут сақлаб,
Эҳтиётлаб, ўз бағрига
Олган тупроқ.
Боболарнинг қон ва тери
Томган тупроқ.
ЧУМЧУҚЛАРГА УЯДИР
Ашраф ака АНОР сўйди,
Анормисан-анор дейсиз.
Ҳар донаси гавҳар мисол,
Ялт-юлт этар ФАНОР дейсиз.
“А” ҳарфини олган эдик,
Йўқ нарсадан “бор” бўлди.
Барчамизга таниш ҳайвон,
Қўш ўркачли НОР бўлди.
Болакайлар, билиб қўйинг,
Нор дегани ТУЯдир.
“Т” ҳарфини қисқартирсак,
Чумчуқпарга УЯдир.