Тўра Сулаймон 1934 йил 15 февралда Бахмал туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1999). ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1964). Ижоди 50-йилларда бошланган. Илк шеърлар тўплами — «Истар кўнгил» (1962). «Мен қайга борар бўлсам» (1965), «Жаҳонгашта» (1970), «Ҳамқишлоқларим», «Интизор» (1973), «Сирдарё қўшиқлари» (1974), «Илтижо» (1976), «Алхазар» (1976), «Тўйбоши» (1977), «Сизни эслайман» (1980), «Қоракўзгинам» (1981), «Гулшан» (1988), «Сарвиноз» (1990), «Харсанг» (1994), «Жаҳоннома», «Гул бир ён, чаман бир ён» (1996), «Ёвқочди» (1998), «Сайхон» (2003) каби асарлар муаллифи. Кўплаб шеърлари қўшиқ қилинган. Публицистик мақолалар тўплами ҳам бор («Мамлакатнинг таянч нуқтаси», 2004). 2005 йил Гулистон шаҳрида вафот этган.
СОЗИМ
Сенинг тилакларинг бўлмас мустажоб,
Узилмас торларим, синмас созларим.
Нолам Биру Борга етса не ажаб,
Узилмас торларим, синмас созларим.
Сен айтгандай эрмак, касб-кор эмас бу,
Кўплар ета билмас орзу-ҳавас бу.
Бобомлардан қолган ёлғиз мерос бу,
Узилмас торларим, синмас созларим.
То она табиат менга ёр экан,
Ҳар дами ғанимат, бетакрор экан,
Диёнат бор экан, ялтоқ хор экан,
Узилмас торларим, синмас созларим.
Бирнинг тақдири – бу туман тақдири,
Сарбонга боғлиқдир карвон тақдири,
Созчининг қўлида камон тақдири,
Узилмас торларим, синмас созларим.
Тонг – талъат белгиси. Тун эса Танглик.
Ой – оқшом тангриси, Қуёш – Мангулик. Б
адномга бўлмаса Ерда юргулик,
Узилмас торларим, синмас созларим.
Хоҳи рози бўлгин, хоҳи норизо,
Хоҳи мотам тутиб, хоҳи оч аза,
Довруғлари бўлиб элга овоза,
Узилмас торларим, синмас созларим.
Сенга қолган куним, кунмас – қабоҳат.
Кошки сендан кутсам имдод, иноят!
Мени қўллай олур, қилур ҳимоят.
Узилмас торларим, синмас созларим!
ҚАЙТА КЕТМАС БЎЛИБ КЕЛДИНГМИ, БАҲОР?
Еру самовотда наврўз нафаси,
Боғу бўстонларда андалиб саси,
Бу нафас, бу саснинг йўқ муқояси.
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Дастлаб тонг чоғинда кўргандим сени,
Сўнг Тангри тоғинда кўргандим сени,
Қизлар ёноғинда кўргандим сени.
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Малак ҳолатинда кўргандим сени,
Қушлар қанотинда кўргандим сени,
Куйчи баётинда кўргандим сени.
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Ҳали айтилмаган таърифинг қанча,
Сен то ўру қирни айланмагунча
Боғлар гулга кирмас, очилмас ғунча.
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Қошлари ўсмалим, кўзи сурмалим,
Этак-этак гулли, бари бурмалим,
Сени дунёда ҳеч кима бермалим!
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Сен қайта яралиш, ёшлик тимсоли,
Ҳаёт бахш этгувчи Масеҳ мисоли.
Сенсиз одамзоднинг не жечар ҳоли?
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Тўрт фаслнинг танҳо маликаси сен,
Тугал гўзалликнинг ниҳояси сен,
Ошиқ-маъшуқларнинг таманноси сен!
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
Ер бирла осмоннинг тиллақоши сен,
Айтар қўшиғимнинг аввал-боши сен,
Олтин бешигимнинг сафардоши сен!
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?
ТАВАЛЛО
Нелардандир кўнгил бўлиб ғаш,
Ҳам эгилиб бу эгилмас бош,
Кўзларимда қалқиб турса ёш,
Бу ҳолимга беролмай бардош,
Муштипар бир Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Қайтар бўлсам қуруқ қўл овдан,
Қора қозон қолса қайновдан,
Ҳам айрилиб ўлжа, уловдан,
Қарзга ботар бўлсам бировдан,
Таскин бериб Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Бирда ҳакдин, бирда ноҳақдин,
Жабр кўрсам бир бетавфиқдин.
Ортда турсам қалби қуроқдин,
Қадрим хароб бўлса тупроқдин,
Оҳлар уриб Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Оға-ини ўртасида гап…
Алҳол келиб чиқмиш ихтилоф:
Бири иззат, бири мулк талаб.
– Бу оқ сутим, меҳримга хилоф, –
Дея шўрлик Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиглайдир.
Синалмоқнинг гали келганда,
Ноҳақ мағлуб бўлсам майдонда,
Номим қолмас бўлса жаҳонда,
Ким дўст-душман билинар онда,
Аҳволимга Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Ғаним бир ён, мен бир ён бўлсам,
У устувор, мен урён бўлсам,
Бу ҳам камдай ногирон бўлсам –
Оғоч отга ёнма-ён бўлсам,
Ой тутилиб, Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Бўлсам гумроҳ, бўлса гуноҳим,
Вужудимга солмасдин ваҳим,
Қабул айлаб тавалло-оҳим,
Дариғ тутмай меҳринг, илоҳим,
Йиғлатмагил мушфиқ Онамни,
Волидаи Муҳтарамамни.
СОХТА
“Эргаш Жуманбулбул ўғли эл кезади” туркумидан
Не учундирким бу элда
саодат сохтадин сохта,
Хиёнат авжида, ёраб,
диёнат сохтадин сохта.
Иззат-икром, ҳаё, меҳру
оқибат сохтадин сохта.
Илтижолар ижобатсиз
ибодат сохтадин сохта.
Сўфийлари сўғон ерлар
тариқат сохтадин сохта.
Табиб риё, ҳаким баднафс
табобат сохтадин сохта.
Ўзин билмас хотин-қизда
назокат сохтадин сохта.
Ҳалол – афкор, ҳаром – ғолиб
тароват сохтадин сохта.
Онанг пулдир, отанг пулдир
тижорат сохтадин сохта.
Фозил ҳам таъмагир банда
китобат сохтадин сохта.
Қалам ахли риёзатда
ҳикоят сохтадин сохта.
Жафокаш деҳқондин ўзга
тумонат сохтадин сохта.
Қози фатвоси, шоҳ ҳукми
ниҳоят сохтадин сохта.
Тахтию тожи, туғроси,
салтанат сохтадин сохта.