Тўра Мирзо (Тўрамирза Жабборали Дадамирзо ўғли) 1956 йили Наманган вилояти, Чортоқ туманидаги Пешкўрғон қишлоғида туғилган. Маннон Уйғур номидаги Тошкент санъат институтининг театршунослик бўлимини тугатган (1979). Биринчи шеърлар тўплами — «Майсалар хайқириғи» (1983). «Гўрўғлининг беланчаги», «Тонгги мактублар», «Кулгихона», «Амир Темур васияти», «Муҳаббатга ўқ теккан кун», «Тўхтамишхон» (1994) каби шеърий ва драматик асарлари нашр этилган. 3 драмадан иборат «Амир Темур» трилогияси учун халқаро Фузулий мукофотига сазовор бўлган. А. Кристининг «Қопқон», А. Несиннинг «Яшасин, сарғиш пушти ранг» каби драматик асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
* * *
Гуллар келар иликлик излаб,
Пойқадамин қутланг, одамлар.
Оёқ-бошин беҳис бўғизлаб,
Совға дея тутманг, одамлар.
Табассумдир гулнинг кўйлаги,
Йўқдир унинг бошқа либоси.
Ўчаёзган кийимнинг ранги,
Юпун гул жилмаяр қиш-ёзин.
Гулнинг сўзин уқсак қанийди,
Орзулардан йиқилсак, қўллар.
Гуллар кулиб туриб қарийди,
Онамизга ўхшайди гуллар.
* * *
Қуриётган дарахт, кўз ёшимни ич,
Пишган меваларинг олиб кетдилар,
Мечкай қопларига солиб кетдилар,
Қуриётган дарахт, кўз ёшимни ич.
Ўзангта етгунча қурийди тинкам,
Сувни бошқа йўлга боғлаб қўйишган.
Тупроқдаги қонни қоқпаб қўйишган,
Ўшанга етгунча қурийди тинкам.
Қуриётган дарахт, кўз ёшимни ич,
Мевангни еса-да фақат ўзгалар,
Менинг юрагимда шафқат қўзғалар,
Қуриётган дарахт, кўз ёшимни ич.
* * *
Ёвуз ёвдан яраланса юрт тинчи,
Жамоат кўксидан жонин суғуриб.
Жаллоднинг қўлидан учар қиличи,
Бешик қучоқлаган онани кўриб.
Гўзаллар оҳидан оқар азоб – қон,
Тажовуз тўшаги ютиб иқболни.
Ҳайвоний ҳирс зўрлай олмас ҳеч қачон,
Эрга дўппи тикаётган аёлни.
Ўт-сув ёқасида йиқилса аскар,
Ҳеч бир муболаға беролмас дармон.
Туғилган уйига келтирган маҳал
Онасин сўзидан соғаяр ўғлон.
Остин-устун бўлиб ер-осмон агар,
Тоғ-тошга кўмилса инсон Ватани.
Қайтадан қоматин тиклайди тоғлар,
Кўриб дуога қўл очган онани.
ОНА АЛЛАСИ
Япроқлар тебранар бир орзуга маст,
Не учун очади дарахт қулочин?
Оир чайқалганча тебраниб бир пас,
Хаёлчан дарахтни босади ажин?
Мўйсафид чўққилар сақлайди сукут,
Денгизнинг мавжида бир интиқ оҳанг.
Ҳаёл суриб қўяр бир парча булут,
Тутиб томчи ёшни кифтида аранг.
Борлиққа таралар Она алласи,
Аллага бош қўйиб ухлайди олам.
Нурларга урилар Она нафаси,
Зулумат ваҳмадан қалтирар бирам.
Бир қучоқ нур бўлиб, дунё нур бўлиб,
Сувдай сингиб кетар булок сувига.
Она нафасининг сеҳрига тўлиб,
Юлдузлар мудрашиб кетар уйқуга.
БУВИМ ТЎХТАБУ ХОТИРАСИГА
Қирқ учинчи йил… фасли кузак,
Уқубатдан етишган ҳосил.
Анғизларда бошоқлар сийрак,
Шамол, аёл кезар муттасил.
Билагида «қорни» оч халта,
Тўрт томонга отилар кўзи.
Шамол тинар, ўлар ҳолатда
Буғдойзорни уйғотар ўзи.
Бошоқларга муҳтождир ўроқ,
Анғиз бўйлаб чўзилган осмон.
Заъфар замон, заъфарон тўрт ёқ,
Аёлнинг ҳам ранги заъфарон.
Етти фарзанд ухлайди бу чоқ,
Ухламайди бошоқсиз похол.
Чопиб борар буғдойзор яйдоқ,
Қулар сомон, қулайди аёл.
Кипригидан узилган кўз ёш.
Уйғотади тирнаб тупроқни.
Қоматини тиклайди бардош, –
Қидиради аёл ўроқни.
Унинг қўли похолдай озгин,
Озғин юзга тўкилди чирой.
Аёл боқди осмонга шу зум,
Булутларни кесди ўроқ – ой.
* * *
Девор ошиб қочар ҳовлиси томон
Болакай ишкомдан ўгирлаб узум.
Бироқ оёғидан сирғалар дармон,
Унинг қўл-оёғин боғлайди кўзим.
Далда берган булиб кузим шу нафас,
Болага қучогин очар беозор.
Болакай узумни олиб кетолмас,
Шу бир бош узумда тоғнинг вазни бор…