Тошпўлат Ўрхун (1964)

Тошпўлат Ўрхун  1964 йилда Ургут туманида туғилган. СамДУнинг филология факультетини битирган. “Мужда”, “Кечиккан жавзо” каби шърий тўламларнинг, “Қаламни қадрлаб”, “Бир куни мухбирлар” каби насрий-публицистик китоблар муаллифи.


ЎЗБЕКИСТОННИНГ

Борар йўли томирларимдек,
Дарёлари кўзим сингари.
Қаддим янглиғ дарахтлари тик,
Осмонлари бирам зангори.
Сўқмоқлари риштаси жоннинг –
Ўзбекистоннинг!

Қошимдек тим тийра тунида қамар,
Бунчалар сўлимдир юлдуз нигоҳи.
Кексасин лабидан эртаклар томар,
Иймону умиддан ёруғ даргоҳи.
Шафағида сийрати тонгнинг –
Ўзбекистоннинг!

Далалари феълим янглиғ кенг,
Жўяклари қизим сочидек.
Истагани эрк бўлган элнинг
Экканига энди ёлчидик.
Гали келди шавкату шоннинг –
Ўзбекистоннинг!


МУҲАББАТ БЕКАТИДА

Муҳаббат бекати – шаҳар боғлари,
Бу висол тонглари муштарак, дуркун.
Беибо оймомо кетмасдан нари –
Кузатар бизларни – каттакон дурбин.

Ўзингни кўзимда кўриб қолдингми,
Ҳайрона қарадинг ҳилолга бир қур.
Суюклим, табиат тилсимидир бу –
Қамар бизлар учун тўкаётир нур.

Бетизгин шаббода ўғирлаб туйғу,
Тўлдирар боғларга сочинг ҳидини.
Ошиқлар васлидан олам чароғон,
Муҳаббат, кўзларим кетяпти тиниб.

Оразинг тафтидан ёниб япроқлар –
Шитирлаб куйлашга тушар – ҳалинчак.
Бастингга ҳаяжон ё ҳадик инар,
Сен бунча оҳуваш, бунча куюнчак?

Муҳаббат бекати – шаҳар боғлари,
Баргларда бўсанинг, юракнинг изи.
Ўзингни кетишга нега чоғладинг,
Сокинлик. Жим бўлиб гаплашмоқ кези.


ҚОПЧИҚ

Шарти қаттиқ эди акамнинг,
Қололмасдим қишлоқда ортиқ.
Қалам билан аҳил, бақамти,
Ўқиб, ўсиб шаҳарда қолдик.

Ўн, ўн беш йил ўтди бир пасда
Пешонамда бор экан офтоб.
Ўғил-қизлар ўсди барваста
Бор дунёим – шеър, тўртта китоб!

Яшаяпман, ҳарна халқона,
Ўзим севган ишимга асир.
Икки балкон ва тўртта хона,
Тўққиз қават мен турган қаср!

Шарти қаттиқ  эди акамнинг:
“Илм изла, катта йўлга чиқ!”
Босиб олдим энди ўпкамни
Бугун шеърга лиқ тўла қопчиқ!