Тоҳир Қаҳҳор 1953 йил 9 майда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1991). ТошДУнинг журналистика факультетини битирган (1975). «Оқўрик» (1980), «Оқаётган дарё» (1982), «Осмон кимники» (1982), «Эшик тақиллаётир» (1984), «Кун кўзи» (1987), «Юлдузлар менинг боғим» (1988), «Тоғнинг парвози» (1990) каби шеърий китоблари нашр этилган. «Ҳур Туркистон» (1994) мақолалар тўплами ҳам бор. Туркияда нашр этилган «Замонавий ўзбек шеърияти» антологияси (1995, 3 жилдли) тузувчиларидан бири. Г. Г. Маркеснинг «Ошкора қотиллик қиссаси», Н. Отсизнинг «Кўкбўриларнинг ўлими» (2001) романи ҳамда бир қанча турк шоир ва ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
УМИДСИЗ ОШИҚ
неча кундир кўзим кўрмайдир
кўз ўнгимда бир қоронғулиқ
борлиқсиз бир кир қоронғулиқ
кимса билмас ҳолим сўрмайдир
кўз ўнгимда товушсиз олам
яшамидан хабарсиз яшам
неча кундир кўнглим юрмайдир
хаёлан боқурмен юлдузга
у ўхшар мен йўқотган кўзга
ТАНГРИНИНГ ИПИ
тўғрилар оғир кунда
тўғрига кўмак этар
ҳар ерда ва ҳар ишда
тангри ипидан тутар
кимсага сиғинганлар
борар уни кетидан
талаб зуғум қилишда
қолмас унинг итидан
ҒИР-ҒИР
(ёки «Қараб ўтайин», қўшиқ)
Тонгда эшигингда кўча супурсанг,
Йўл устида бир-бир қараб ўтайин.
Қўшнинг билан яйраб сўзлашиб турсанг,
Сўзлай олмай, зир-зир, қараб ўтайин.
Кўнглим олтин эди, тилаб олдилар,
Талаб бўлмас не бор, талаб олдилар,
Ой юзини итлар ялаб олдилар,
Қарамасам оғир, қараб ўтайин.
Қарғалар тўпида қағ этайинми?
Ўтар кунда вақтим чоғ этайинми?
Икки дунёлигим доғ этайинми?
Четда қушдай, чир-чир, қараб ўтайин.
Кел, гўзал! Шу кўклам боғларин кўтар,
Юрагим босган муз тоғларин кўтар.
Ҳеч не истамасман, шу бори етар,
Шамол бўлиб, ғир-ғир, қараб ўтайин.
ЭСКИ ДЎСТ
(Ҳиротлик ўзбек қўшиғи)
Қайғурурман кўзда ёшим бир булоқ, кел, эски дўст!
Йиғлаганлар товшига солгин қулоқ, кел, эски дўст!
Айрилиб кетди неча жон дўстлару қондош-уруғ,
Қайрилиб боқмас булар, ёвлар иноқ, кел, эски дўст!
Олмайин тўғри сўзим, бир четга сурмишлар ўзим,
Қолмади инсоф, кўпайди кек, нифоқ, кел, эски дўст!
Қайда бахт деб йўлга чиққанлар қайирда ботдилар:
Кўрдилар – кўприк бузуқ, туз, йўл йироқ, кел, эски дўст!
Кўрдилар – шул ҳам одам деб ҳеч бирин сўргувчи йўқ,
Кўқда бўлсанг, ин-да, ҳолим қил сўроқ, кел, эски дўст!
Тушдилар эски қайиққа; эшкаги йўқ ҳам тешик…
Воҳ, қайиқчи чикди қўлсиз! Не синоқ? Кел, эски дўст!
Икки қирғоққа тўлибдир икки дунё ўғриси,
Ҳар қароқчи, мен қўриқчи, дер бироқ, кел, эски дўст!
Эски кунга қайтайин, қил қайтариқ, дер неча кўр,
Не топарлар кундузи ушлаб чироқ?!. Кел, эски дўст!
Шермуҳаммад, Бойқаро, Бобур, Темурлар келмаса,
Кел, Ўғузхон! Тўнюқуқ, кел! Кел, Широқ! Кел, эски дўст!..
ҚИРҒИЯК*
(1918 йил; қўқонлик қўрбошининг қўшиғи)
Қирғиякда, қирғоқларда қирғовуллар қирилдилар,
Қўтонларда қорасондан қорамоллар қирилдилар,
Қораланган қишлоқларда қирқўғиллар қирилдилар,
Қоракўзлар қолди қаттол қорақўлга қарай-қарай.
Қўғайлиқда, қирда қувнар қўш қулунчоқ, қўш қуралай…
Қўй-қўзини қўрқитадир қўшотарлар, қурай-қурай!
Қирғияқда қирғий – қоғон! Қўшинидир қўғай-қўғай,
Қояларда қанот қоқар қўмондони – қўтир қумай.
Қари, қирриқ қурбақалар! Қуриллама! Қуринг қурсин!
Қўри қум-қум қароқчилар! Қўринг қўрсин! Қуринг қурсин!
Қардошинг-ла қурганларинг қон қасридир – қуринг қурсин!
Қутулингиз, қаровчисиз қолган қушлар, қурай-қурай!
Қумтошларни қайнатолмас қоронғуда қора қумғон,
Қорабудун қайғусини қовуради қора қозон,
Қирқ қароқчи! Қозонганинг қора қулдан қорамсиқ қон!
Қирқ қароқчи! Қора қулнинг қонларидай қорай! Қорай!..
Қопқасиз, қоқ қишлоқларда қўйилмишдир қопқонларинг,
Қоп-қоп қонни қоплатгунча қочиб қолар қоплонларинг,
Қашшоқликда қақшатдилар қашқирларинг, қабонпаринг,
Қора қишда қутқарарми қора қулни қора буғдай!..
Қирғиякда қўллаб қўяй қўлсизланган қурдошимни,
Қирқ қароқчи қирмадими қирлардаги қирдошимни?
Қирғинлардан қўрийолсам қанийди қон-қардошимни,
Қўримасам, қирипурман қирқимдаёқ қарий-қарий!..
Қорақурум, Қорақумдан, Қизилқумдан қирқ қаҳрамон,
Қўлларида, қалбларида қирқмингтадан қилич-қалқон!
Қора қуюн қўзғолганда, қутулолмас қора қоғон!
Қавм-қардошим қирганларни қутурай-да қирай-қирай!!!
____________
* Қирғияк – куз боши; қорасон – қорамолларга қирғин келтирадиган касаллик; қулунчоқ – тойчоқ; қумай – ўлаксахўр йиртқич куш.