Талант Бек (1985)

Талант Бек 1985 йил 7 июнда Самарқанд вилоятида туғилган. “Феруза осмон”, “Илоҳий қўшиқ”, “Мангу афсона” шеърий тўпламлари нашр этилган.

Юрганмисан…

Юрганмисан, айт, сув ёқалаб,
Ойнинг ойдин ёғдуларида?
Эгатларнинг бошини тараб,
Ётганмисан майса бағрида?

Билармисан юлдузлар – танга?
Тингладингми япроқ товушин.
Ботганида тупроққа, чангга,
Кийганмисан қоқиб ковушинг?

Ичганмисан намхуш ҳаводан,
Димоғингни тўлдириб, тўйиб?
Титраб-титраб енгил сабодан,
Кетганмисан дунёни суйиб?

Кетмон чертиб куйлаганмисан?
Ёпганмисан устингга беда?
Ширин-ширин ўйлаганмисан,
У ҳақида, ўша ҳақида?..

* * *

Бетховендан олар андаза
Супургининг синиқ оҳанги.
Юрагимдек очиқ дераза,
Дарпардада шамоллар жанги.

Оқаверар ариқ жимирлаб,
Толновдалар мастдир куйига.
Деразага босишади лаб
Тувакгуллар етиб бўйига.

Шеър ёзаман кечалар жўшиб,
Кўзларимда кечади тунлар.
Деразадан таралар қўшиқ –
“Сумбула”ю “Беқасам тўнлар”.

Деразада мангулик чирой,
Деразага урилар қушлар.
Деразадан мўралаган Ой –
Уй супурар сочини ушлаб…

Лифт

Чақирсанг дарров келади,
Бағрига олади сени ҳам,
Дўстларингни ҳам.
Хоҳла, бағрини ўй,
Хоҳла, тепкила,
Бажараверади хизматингни беминнат,
Қишлоқ боласидай содда,
Қишлоқ боласидай бағрикенг,
Шаҳарга қамалиб қолган бечора…

Сўз экан

Ёздим баёт – сўз экан,
Жами ҳаёт – сўз экан.
Гўзал пари – сўз экан,
Билдим бари – сўз экан.

Елвизак-ай бир майин,
Елпиб ўтар юзимни.
Юмганимча кўзимни,
Сенга шеърлар айтайин.

Муҳаббатга ким доир,
Юлдуз кўкда чегадир.
Ишқдан куйганки – шоир
Мақомига эгадир.

Ёниб турай, кул бўлмай,
Бандасига қул бўлмай.
Ҳар лаҳзасан, ҳар онсан,
Тангрим, ўзинг султонсан!

Қулоқ солгил ноламга,
Сўзлар қўшгил жоламга,
Сўзлар бергил боламга,
Сўзлар берсин оламга…

Талпинаман…

Талпинаман,
Адоғинг йўқ –
Кўкка туташган.

Бу дунёда тенгсизим,
О, кўзлари денгизим –
Соҳилда қолдим ёлғиз қамишдай…

Шамоллар увиллар.
Ишқ улғайган сари
Бораяпти ичим ҳувиллаб…

Боғ ичида…

Боғ ичида,
Дарахт тагида
Унутилган қандайдир китоб.
Очиқ ётар,
Ётар беҳуда.
Ҳарфларини эмади офтоб,
Варақларин варақлар шамол,
Ўз-ўзини ўқийди китоб…

Тонг. Аравада…

Тонг.
Аравада қуёшни судраб
келяпти ўтин ортган чол.

Қорнинг оҳангларини
куйлар қадами.

Қуёш чолнинг елкасига
мингашди.

Бўм-бўш ҳалинчак…

Бўм-бўш ҳалинчак
ёнғоқ дарахтининг бўйнига осилиб
тушгиси келмайди ерга.

Солланади шамол қўлларида
Бўм-бўш ҳалинчак.
Яқинлаштирар кўзларимга сени.

Бўм-бўш ҳалинчак.
Бизни олиб кетолмади осмонларга.

Жин чалган ёнғоқ дарахти қиқирлаяпти
бахтдан энтикиб…