Сулаймон Раҳмон (1946-2019)

Сулаймон Раҳмон 1946 йилда туғилган. «Илдиз нима дейди?» (1973), «Хаёл» (1975), «Ҳилол» (1977), «Биллур қўнғироқлар» (1979), «Учинчи қиз» (1984), «Ойдин диёр» (1985), «Яйнаған ўлке» (1986, қорақалпоқ тилида), «Дарахтларни уйғотади шаббода» (1987) номли китоблари чоп этилган. Бир қатор шеърлари рус, испан, болгар, турк, туркман, тожик, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган. Москвада, Ашхабодда, Исфарада бўлиб ўтган адабий анжуманларда (семинарлар, фестивалларда) иштирок этиб, ўша даврнинг машҳур шоирлари Қайсин Қулиев ва Давид Қуғултинов назарига тушган.
Сулаймон Раҳмон таржимасида шеърият мухлислари А. Пушкин, Ҳ. Ҳайне, А.Блок, Ю. Марцинкявичюс, А.Вознесенский, Қ.Қулиев, Ў. Сулаймонов, Г. Эмин, А.Софронов, Н.Грибачев, Ю.Воронов, Т.Қобулов ва жуда кўплаб бошқа рус, Оврупо ҳамда Африка шоирлари ижодидан баҳраманд бўлдилар. У Ж.Байроннинг «Дон Жуан» шеърий рўмонини, П. Неруданинг «Муштарак қўшиқ» шеърий эпопеясини ва Ж.Румийнинг «Маънавий маснавий» асарининг биринчи дафтарини она тилимизга ўгирди.
Наср ишқибозлари япон адиби К.Абэнинг «Яшик одам», рус ёзувчиси В.Шукшиннинг «Хўроз уч қичқиргунча», туркман Ў. Эминовнинг «Шиддат», болалар ёзувчиси Э.Успенскийнинг «Фёдор амаки кучук ва мушук», «Кафолат одамчалари» каби рўмон ва қиссаларини унинг таржимасида ўқидилар.

* * *

Кут, етиб боргайман бир кун ҳансираб,
йўлимни тўсса-да агар қонсираб
ҳасадлар,
аламлар,
таъналар,
тошлар…
Менга бас келолмас адоват, ҳасрат,
енголмас нолалар,
ғамлар,
кўзёшлар…
Кут, сенга етгайман, эй буюк МАҚСАД!

1964

* * *

Бу севгими, оташми, ғусса?
Ё Рабб, дилни тилиб ташлади!
Тасодифий ўша бир бўса
мени телба қилиб ташлади!

Кейин эса… начора, сенсиз
ёғиб ўтди далаларга қор;
кейин эса … бечора, сенсиз
келиб кетди неча бор баҳор;

кейин эса… менга овуниб
изларингни ахтарди йўллар;
кейин эса… сени соғиниб,
адо бўлди ҳажрингда гуллар;

кейин эса… кўзим хобини
тилаб олди уйқучи тоғлар;
кейин… қалбим изтиробини
кўтаролмай сарғайди боғлар…

Қайт, бу боғлар тамом сўлмасин,
қайт, вафодан ҳикоялар айт.
Майли, менга раҳминг келмасин,
табиатга шафқат қил фақат…

1965

* * *

Узоқларда чирқиллар бир қуш,
ким у бузган ҳаловатини?
Босриқдими кўриб ёмон туш
ё газанда юлди патини?

Узоқларда чирқиллар бир қуш,
ёлғизлик ё жондан ўтдими?
Куйдирдими юрагини ишқ,
ишонгани ташлаб кетдими?

Узоқларда чирқиллар бир қуш,
тунни йиртар аччиқ ноласи.
Ё қилдими нобопроқ бир иш
эркаланиб тантиқ боласи?

Узоқларда чирқиллар бир қуш,
митти жонда нечун шунча дод?
Юз бурдими ундан элу хеш,
қолмадими дўстда эътиқод?

Узоқларда чирқиллар бир қуш,
қушим, сўйла, ўртаган қай дард?
Балки хушдир, балки у нохуш,
раҳмат, қола билмабсан лоқайд.

Узоқларда чирқиллар бир қуш,
бир дам кечинг роҳатингиздан,
мадад сўрар балки бояқиш,
мадад сўрар, одамлар, биздан…

1965

* * *

Дардларин унутдилар
йиғлаб бўлган булутлар,
сўнгра гуллар, бургутлар
узра учиб ўтдилар…

Очилиб борар осмон,
кўнглим борар очилиб.
Қоқигул боқар ҳайрон
кичкина қуёш бўлиб.

Тож кийиб алангадан
чарақлар гулисафсар:
кетмоқда баландларда
йиғлаб бўлган булутлар.

Сенинг эса кўнглингдан
қачон кетар шубҳалар?
Мен ишондим. Сен ишон:
шубҳа ўтар, ишқ қолар!..

1965

* * *

Нечун яна тушимга кирдинг,
ёдимни тарк этмадинг нечун,
дом-дараксиз йитмадинг нечун,
нечун яна тушимга кирдинг?

Ёдимни тарк этмадинг нечун,
ҳаётимдан кетдинг-ку ахир,
ўзгага қўл тутдинг-ку ахир,
ёдимни тарк этмадинг нечун?

Дом-дараксиз йитмадинг нечун,
наҳотки сен, наҳот, бедардим,
бўлиб қолдинг то абад дардим,
дом-дараксиз йитмадинг нечун?

Нечун яна тушимга кирдинг,
ёруғ эди сен-ла тунларим,
қаро бўлди сенсиз кунларим,
нечун яна тушимга кирдинг?

Қисматимдан кетсанг ҳам, нечун,
тушларимдан кетмайсан, санам,
ёдимни тарк этмайсан, санам,
қисматимдан кетсанг ҳам, нечун?

1965

* * *

Кел, мунисам, ёнма-ён ўтир,
сир тутмасман сиримни сандан.
Суюнчига юзингдан ўптир,
мактуб олдим ҳозир онамдан.

Кел, мунисам, ёнма-ён ўтир,
содда сўзин тинглаб куларсан
ё дилингда уйғониб меҳр,
бир меҳрибон келин бўларсан.

Кел, мунисам, ёнма-ён ўтир:
омон эмиш, мана, хеш-табар.
Бу йил серўт бўлган эмиш қир,
мендан эса йўқ эмиш хабар.

Кел, мунисам, ёнма-ён ўтир:
бўй етганмиш қўшнимиз қизи,
шундай сулув эмишки қурғур,
тўлин эмиш ойдан ҳам юзи.

Кел, мунисам, ёнма-ён ўтир:
онам дебди: «Суйганинг борми?
Кокиллари қорами, қўнғир,
кўзи қора ва ё зангорми?»

Кел, мунисам, ёнма-ён ўтир:
келармикан, дебди, қишлоққа?
Ёполарми тандирда патир,
эви борми сузма, пишлоққа?

Кел, мунисам, ёнма-ён ўтир:
бахт тилабди бизга ул мушфиқ.
Не деб ёзай, мунисам, гапир,
онажоним хат кутар интиқ…

1965

* * *

Ит кўзига кўзгу тут,
танимайди ўзин ит.

Ўзин ўзга кўрар у,
бегона деб ҳурар у.

Сувда ўзин кўрса ой,
таний олмас, хойнаҳой.

Ҳуркиб қочар йироққа,
танимай ўзин, ёҳу,

агар зилол булоқда
аксини кўрса оҳу.

Кўзгуда кўриб ўзин
танимас гул ҳам, ҳайҳот.

Кўзгуга боқиб фақат
ўзин танир одамзод.

Дўст, ниятинг эзгу қил,
кўзгу бўлай, кўзгу бўл…

1965

ШАМОЛ

Шамол, бир эртак ўқи…
Ойбек

Шивирлайди шамол, руҳимга
афсоналар сўйлайди шамол.
Мен ботаман ногаҳон мунгга,
мен қотаман ногаҳон савол:

«Сўйла, шамол, сўйла, эй шамол,
билганингни айтгил бериё,
унутдими мени ойжамол,
ўзгани ёр айладими ё?

Ё шифтдаги хушчақчақ, сулув
қалдирғочни илон бўғдими,
қишдан омон чиқдими сурув,
серпушт тарғил яна туғдими?

Тонгда кўриб чўнтагини қоқ,
отам боши бўлдими ё хам,
қуртга тутбарг кўтариб ногоҳ,
боши оғриб қолдими онам?

Сўйла, наҳот ҳеч етиб бўлмас
севгилимнинг васлисан, шамол,
сўйла, ахир, унутиб бўлмас
шамолларнинг наслисан, шамол.

Ёдингдадир, ҳар хору зорга
сув келтирган ул бобошамол?
Сўйла, қачон, эрксиз диёрга
эрк келтиргай дилрабо шамол?»

Шивирлайди шамол, руҳимга
афсоналар сўйлайди шамол.
Мен ботаман ногаҳон мунгга
ва қотаман кетма-кет савол…

1967

* * *

Шовуллайди пойимда дарё,
тентирайди чимзорда шамол,
кимдир йиғлар қайдадир гирён –
лоқайд сузар самода ҳилол.

Бир қуш қилар бетиним чаҳ-чаҳ,
сувга сўйлар сирларини тол,
кимдир хушнуд уради қаҳқаҳ –
лоқайд сузар самода ҳилол.

Йигит қизнинг қўлин ушлайди,
видо айтар кампирига чол,
қирда тойчоқ ёниб кишнайди –
лоқайд сузар самода ҳилол.

Қай бир тоғда отилар вулқон,
қай бир юртда гўдаклар увол,
кулар, йиғлар, хўрсинар инсон –
лоқайд сузар самода ҳилол.

Сингиб кетар денгизга дарё,
кўз очади бир булоқ – зилол,
дунё ўлар, тирилар дунё –
лоқайд сузар самода ҳилол.

Ҳилол, ҳилол, дўстинг бўламан,
ҳеч бўлмаса савол бўл, савол:
– Нега келдим, нега ўламан? –
лоқайд сузар самода ҳилол…

1969

ШОИР

Бу дунёда шоир бир оҳанг,
тингланг уни, азиз одамлар,
шодлик берар қалбида жаранг,
жаранглайди руҳида ғамлар.

Булбул дерлар шоирни, бироқ
у куйламас булбулдай такрор.
Бир гул эмас, шоирни кўпроқ
куйлатади ватан ва баҳор.

У бир буюк севги билан маст,
қаҳри қаттиқ унинг ағёрга,
ҳусни учун ватанни севмас,
баҳорни ҳам севмас бекорга.

Юлдузларга қўйса гар кўнгил,
йўқ эмасдир бунинг боиси.
Унга толе тимсолидир – гул,
маст қиладир уни эрк иси.

У бир буюк нафрат билан маст,
номусини қўймас гаровга.
Нафси учун ватанни сотмас,
шон-шуҳрат деб ялинмас ёвга.

Ўйламангким, булар барчаси
шунчаки ишқ, нафрат эмас, йўқ,
севса, қалби – қуёш парчаси,
нафратланса – сатрлари ўқ.

Мунис илҳом ошино дамлар,
кечар унинг юрагида жанг.
У куйлайди сизни, одамлар,
бу дунёда шоир – бир оҳанг…

1969

ТАБИАТНИНГ ДАФТАРИ

Бир дафтарга ўхшайди дунё,
турфа ёзувларга тўла бир дафтар:
сўнгсиз бир жумладир осмон,
юлдузлари – оташин сўзлар…

Бир жумла оқ,
бир жумла қора,
«кеча-кундуз» сўзларидир бу.
Сўзлардир ўрмонлар,
боғлар сўзлардир…

Кимларга хитобдир бўйчан дарахтлар?
Майсалар кимларга аталган шивир?
Кимга «Тўхта!» деган нидодир тоғлар,
ўтлоқлар ким учун зангори пичир?

Нима деб нолалар қилади,
кузакда ўзбегим боғлари?
Не маъно яширин пахтазорларда
ёз чоғи,
куз чоғи,
баҳор чоғлари?

Кимнинг ижоди бу ранго-ранг гуллар,
юлдузлар,
булоқда қайнаган сувлар,
қоялар устида турган оҳулар,
не маъно англатар, оҳ, улар?
Кимнинг ижодимиз бизлар, одамлар?

Эйй, ўқиб яшайлик,
ёнғоқ каби чақиб яшайлик
ёзувларнинг мағизларини:
гуллар – шу тупроқнинг кулгиларидир;
сувлар – ариқларда милдир-милдир,
дарёларда шилдир-шилдир,
денгизларда гулдир-гулдир
табиатнинг туйғуларидир;
дашту чўллар эса – уйқуларидир;
йигит чоғимиздир бизнинг – ўрмонлар,
гўдак кезларимиз майсалар бизнинг;
тоғлар – ғуруримиз,
шууримиз – қуёш;
ранглари ўзгармас арчалар –
ватанга,
тупроққа муҳаббатимиз;
Одамлар, биз кимнинг хатимиз,
кимга хатимиз?

Мен – ўтмишнинг орзуидирман,
орзуи бўлсайдим келажакнинг ҳам,
кошки мени ўқий олса навқирон насл
Муҳаббат, Садоқат сўзидай ул дам.
Оҳ, шундай бир маъно бермасанг агар,
нега келдинг дунёга, одам?

Бу узун,
бу қисқа жумлалар аро,
айтинг, дўстлар, мен қайси сўзман?
Кошки Бахт сўзидай ўқий олсайди
она халқим,
она ватаним.
Кошки мени жаҳон халқлари
Ўзбекистон фарзанди дея
ҳижжаламай, эркин ўқий олсайди
табиатнинг ўчмас ёзуви каби
табиатнинг шу дафтарида…

1970

НАВЖУВОН ОНА

Ўзбекистон халқ рассоми Раҳим Аҳмедовга

Ойдин бир кечада,
ойнинг остида
мажнунтолнинг чипор-чипор соялари ичида,
яшил далаларнинг қоқ ўртасида,
чорпоя устида,
паришон соч,
ярим яланғоч
тебраниб ўтирар бир жувон,
бош устида оқарган осмон,
қучоғида маъсума гўдак….

Сочларида майин-майин ғивирлайди
кеча шамоли,
қулоғига сирларини шивирлайди
кеча шамоли…

Жувоннинг сочлари – муаттар,
жувоннинг сочлари – райҳон,
ҳидлаб-ҳидлаб тўймайди шамол,
эмиб-эмиб гўдак тўймайди
жувоннинг кўксини.
Этагига тўкилар ҳилол
парча-парча тангалар мисол,
баргларга урилиб,
баргларда синиб…

Шамолга рашк қилмай,
рашк қилмай ойга,
Шундай,
момиқ кўрпа ичида,
жувоннинг ёнида
пиш-пиш ухлаб ётар бир одам,
жувонга ҳамумр,
ҳамсевги,
ҳамтақдир одам…

Ойдин бир кечада,
ойнинг остида,
мажнунтолнинг чипор-чипор соялари ичида,
яшил далаларнинг қоқ ўртасида,
чорпоя устида
паришон соч,
ярим яланғоч
тебраниб ўтирар бир жувон,
сочлари райҳон жувон,
қучоғида маъсума гўдак…

Кўкда ой,
ерда шамол,
узоқ-узоқларда тоғлар,
ёнида мажнунтол
ошифта-ошифта боқади…
Улар ўртасида жувон
Ватанимга ўхшаб кетади…

Оппоқ сийнасини дуркун бир гўдак,
кўзи қора,
қоши камалак –
ютоқиб-ютоқиб эмар КЕЛАЖАК….

1972

* * *

Бешикка кирдиму бир опа-сингил
бешигим тебратди басма-бас, енгил.

Опаси аллалаб деса: «Бўл мағрур!»
синглиси жўр бўлди: «Камтар бўлиб юр!»

Хоҳ кечу хоҳ саҳар, хоҳ ёз, хоҳ қишда
руҳимга шивирлар икки фаришта:

– Қаддинг ғоз тутиб юр, – деса Орият,
– Бошинг эгиброқ юр, – деб туртар Уят…

1974

КУЗ ЭРТАГИ

Шамолларнинг ҳарир қанотларида
уча-уча толган капалак каби
бир нимжон япроққа
бориб тушди куз.

Кейин…
ариқларда сувни,
чаноқларда пахтани қайнатиб
сут каби тоширган
ёз ила жангда,
ўтли нафасида янтоқларни ёқиб,
қийратиб,
гилосларни пиширган
ёз ила жангда,
олиша-олиша,
кучдан қолиб ютқазган
паҳлавондай беилож,
зил кетиб,
измини топширган
ёз ила жангда
бир қартайган дарахт узра
ҳориб тушди куз.

Сўнг ялина-ялина
бир томоша кўргилик,
бир музқаймоқ егилик
танга топиб олган боладай хушҳол
ён-верига боқиб олди жим;
сўнг олис ҳарбдан
қутулиб қайтган
ўғлин кўриб,
севинганидан,
йиғлаган онадай қисқа ва беҳол
уч-тўрт томчи тўкиб олди жим;
Кейин…
беш миллион пахтани териб,
беқасам тўн устидан
шоҳи қийиқни сириб,
бироз камтар,
бироз… кўкракни кериб
қурултой минбарига чиққан бободеҳқондай
сўнгсиз пахтазорлар узра
ғолиб тушди куз.

Шамолларнинг ҳарир қанотларида
олмалар,
узумлар,
беҳилар учун
етилган қизларни малол қилгулик
бир чирой,
бир ҳусн ато этгали
қуёшнинг беомон сахий кафтидан
Прометей каби,
оловни эмас,
тилланинг рангини
олиб тушди куз.

Кейин шамолларнинг ҳарир қанотларида
«оқ олтин» юклаган зўр карвонларнинг
Шарқу Ғарб йўллари қадарли узун;
уммон оша жаҳон инсонларининг
Анжела Девисга – эркталаб қизга
узатган қўллари қадарли узун;
диёрларни туташтирган оташин бир ишқ –
Газли-Урал қувурлари қадарли йироқ;
ХХ аср фазо кемаларининг
иқбол сари очган йўллари қадар порлоқ
ва қутлуғ мезонлардан
сон-саноқсиз йўллар
солиб тушди куз.
Кейин шамолларнинг ҳарир қанотларида
меваси ғарқ пишган боғлар устига,
водийлар,
зирвалар,
тоғлар устига
чўғланган қушлардай
ёниб тушди куз.

Сўнг кўкда булутга айланиб,
далалар,
бўғотлар ва гуллар узра,
сумбула сувида кўзгудай
ўз ҳуснига маҳлиё боқиб,
ўйга чўмиб турган соҳиллар узра;
деҳқоннинг бошига,
кафтига,
кўнглига
ва ўзининг заъфар рангига,
ёмғир бўлиб
ёғиб тушди куз.

Кейин… декабрнинг кўр ойдинида,
гужум дарахтининг қай бир шохида,
сўнгги умид янглиғ ожиз чўғланиб,
илинжсиз осилиб турган
бир заъфарон япроқ шаклида
бир томчи кўзёшдай
қишнинг музли,
оқ сийнасига
оқиб тушди КУЗ…

1974

* * *

Битиклар бор занжирларда, кишанларда,
жаллодларнинг кундасида, деворларда,
зиндонларда, тангаларда, нишонларда,
битиклар бор қиличларда ва дорларда…

Боболарим ёзиб кетмиш эътиқодин,
ор-номусин, бу дунёга қарашларин,
ёзиб кетмиш қаҳқаҳаси ҳам фарёдин,
ёзиб кетмиш майдон ичра курашларин.

Боболарим қони олов – ор олови,
боболарим қони исён – эрк исёни.
Боболарим қони ялов – эрк ялови,
томирларим ичра борми улар қони?

Мен турибман чорраҳада оёқяланг,
бу чорраҳа менга синов чорраҳаси.
Кўзим боқар чор тарафга аланг-жаланг,
менга ҳайрон бу дунёнинг чор даҳаси:

«Болам, сен шу боболарга боламисан?
Унда нечун қонинг совуқ, қайнамайсан?
Ўз ичингга қамалган бир ноламисан,
нечун катта майдонларда ўйнамайсан?..»

1975

Ухла, ухла хотиржам…
Файёд Хамис

Ухла, жоним, ухла, гўзалим, ухла.
Ер ухлар, кўк ухлар, ухлар бор жаҳон.
Оппоғим, тантиғим, асалим, ухла.
Шамоллар ухлади, ухлади бўрон.

Нечук безовтасан, нечун кулмайсан,
салгина айтишдик, шунга шунчами?
Ухла, тушларингда зора жилмайсанг,
зора унутолсанг тилла ғунчани…

Қўй, очма аразлар тугунчасини,
ухла, тушларингга кириб борайин.
Олиб берай гулнинг энг инжасини,
айтган зирагингни олиб берайин.

Қўш-қўш узукларни бармоқларингга,
зебигардонларни кўксингга тақай.
Тиллағунча қадай турмакларингга,
сен бахтли бўлсанг, бас, жонимни қоқай.

Ухла, жоним, ухла, хўрсинма ортиқ,
начора, эмасман мен тожу тахтли.
Тушингда албатта қиларман тортиқ,
тушингда албатта қиларман бахтли.

Бу дунё кенг эрур, жонгинам, кенгга,
уйқу – бир салтанат, кўп сахий даргоҳ.
Балки насиб этар тушингда сенга,
бир умр армонинг бўлган у матоҳ.

Ухла, жоним, ухла, тинч бўлсин тушинг,
инс ухлар, жин ухлар, ухлар пари, дев.
Ҳеч бўлмаса мени тушингда тушун,
ҳеч бўлмаса мени тушларингда сев…

1975

* * *

Ташриф. Дунёга келмоқдек муҳим.
Чиннигул. Трамвай. Хушнаво ёмғир.
Кўк эшик. Мис тутқич. Қўнғироқ: «Келдим»
Паркет. Қадамлар. «Сенми? Қани кир».

Кўзларда туйғулар чақини. Узр.
Киприкларга қалққан инжу – бахт.
Тошойна. Суҳбатлар. Қандиллар. Биллур.
Қария. Оқ гулдон. Телеэкран. «Вақт».

Альбом. Хотиралар. Димиққан. Маҳтал.
Кўзлар. Орқасида муқаддас ёзув.
Қора тамал тошда оқ мармар ҳайкал –
болалик ёдини ёритган орзу.

Беқарор фикрлар бўрони. Ундан
ажратиб олинди ниҳоят ҳислар.
Сўнгги қучиш. Зина. Сўнгги трамвай.
Ёмғирнинг симига осиқ фонуслар…

Қайтиш. Дунёдан кетмоқдек оғир…

1977

* * *

Қорайиб, ўртаниб яланғоч дарахт,
мунғайиб туради ҳайрон ва карахт.

Сўнгра…ёмғирларда кўпчиб пўстлоғи,
баҳорга отланар, аммо оёғи…

Оёғини қуршаб ётар барглари –
яшноқ кунларининг хотиралари…

1977

* * *

Ой думалаб юрган чоғларда
боғлар – сокин, ойдин бир ғазал –
шунинг учун доим боғларга
очиқ турар менинг деразам.

Ҳайдаб хонам сукутин, ҳар дам
ҳисларимга солади ларза –
шунинг учун ёмғирларга ҳам
очиқ турар менинг деразам.

Шаддод қиздай уриб қаҳқаҳа
кириб келар мастона тарзда –
шунинг учун тонгга ҳам ҳар гал
очиқ турар менинг деразам.

Янги-янги хушбўй ҳидларга
хонам ва кўнглимни тўлғазар –
шунинг учун шаббодаларга
очиқ турар менинг деразам.

1978

* * *
– Ада, нега ухламаяпсиз?
Нозимнинг саволи

Ўғлим, мен ухламайман, юлдузлар ухлаганда,
дарахтлар ухлаганда, илдизлар ухлаганда…

Қандоқ ухлай мен ахир, гуллар уйғоқ турсалар,
қандоқ ухлай олмалар боғда кезиб юрсалар?

Ҳилол олис самода уйғоқ турса ярқираб,
сувлар ҳам оқиб ётса умр каби шарқираб?

Қандоқ ухлай, жон болам, бузғунлар уйғоқ бўлса,
тоғда бургут, саҳрода қузғунлар уйғоқ бўлса?

Алпомиш, гўрўғлилар эртакда тин олсалар,
оқиллар мис, нодонлар ёмби олтин олсалар?

Ўғлим, ухлаб бўларми, уйғоқ бўлса хиёнат,
ухлаб ётса адолат, ухлаб ётса диёнат?

Юмуқ бўлса бу она сайёрада эрк кўзи,
чиқиб турса ёвузлик оғзидан уруш сўзи?

Қандоқ ухлай, жон ўғлим, мен – одамлар дилиман,
эзгулик, ҳақиқатнинг кесилмаган тилиман!..

Ахир ухлаб бўларми, ухласа инсон агар,
ухласа инсоф агар, ухласа виждон агар?!

Ухламайман, фақат шу – менинг учун танҳо йўл,
агар мен ухлаб қолсам, сен албатта уйғоқ бўл!

1979

ЎЗБЕКИСТОНИМ
Фахрия

Эй, сен, жаннатсифат диёрим маним,
Оллоҳ калимаси шиорим маним,
кофирга йўймасин аҳли дин, магар,
сени Байтуллоҳ деб атасам агар,
Маккадан зиёдат билиб мен сени,
десам: саждагоҳим, қиблам, имоним,
Маккаю Мадинам – Ўзбекистоним!

Агар мен, агар мен бир ошиқ бўлсам,
ишқдан юрак-бағри минг яшиқ бўлсам,
эл аро олсам ё Мажнун деган от,
ё берса менга ўз исмини Фарҳод,
Ғарибдай ишқ аро куя олсам ё,
Тоҳирдай ўртаниб суя олсам ё,
мен сени суярдим, суюклим, жоним,
Лайлию Шириним – Ўзбекистоним!

Агар мен, агар мен гадо бўлсайдим,
маконда ломакон – адо бўлсайдим,
тилаган маконим сен бўлар эдинг,
тилаган жаҳоним сен бўлар эдинг,
фақат сен бўлардинг тилаган жоҳим,
фақат сен бўлардинг пуштим, паноҳим,
Очилдастурхоним, танти мезбоним,
ризқ-рўзим, давлатим – Ўзбекистоним!

Агар мен, агар мен жаҳонгир бўлсам,
Темурдай бир қодир баҳодир бўлсам,
айлаб ёвларингни буткул ложарам,
қилар эдим сени ўзимга қарам,
маним олтин юртим, нурафшон юртим,
маним заргар юртим, зарафшон юртим,
Бухоро, Самарқанд ҳам Андижоним,
Сайҳуним, Жайҳуним – Ўзбекистоним!

На чора, мен оддий шоир ўғлингман
кўнглингман, кўзингман, ўлмас тилингман,
сенинг дил торингдан садоман, юртим,
ошиқи адоман, гадоман, юртим,
жаҳонгир жангчиман, қуролим – қалам,
диндорман, сен – жаннат, сенсан – мусаллам,
ёрим, эътиқодим, бойлигим, ноним,
онам, онажоним – Ўзбекистоним!

1980

МАДИНАНИНГ ҚОФИЯЛИ
САВОЛЛАРИГА ЖАВОБ

– Ада, нима бўлади одам
йўлини йўқотса?
– Фожиа.
– Ада, нима бўлади одам
тилини йўқотса?
–Фожиа.
– Дилини йўқотса-чи?
– Фожиа.
– Элини йўқотса-чи?
– Фожиа.
– Вой, ҳаммаси фожиа!
Фожиангиз у нима ўзи?
– Оламдаги ҳамма йўқолган
нарсаларнинг ўрни у, қизим.

1981

УЧИНЧИ ҚИЗ

Қирол Лир, отахон, нима жин урди,
ишончинг қолмабди одам зотига!
Ким Шодлик аршидан сени туширди,
ким сени миндирди ғазаб отига?

Сен уни оқ қилдинг! Нега оқ қилдинг?
Разолат чоҳига тушдинг юз тубан!
Қабоҳат қаърига тойдинг, йиқилдинг,
наҳот телбалик ҳам қисматинг экан?!

Ёлворма, бас, фалак чақмоқларига,
сиғинма тупроққа, кўкка, юлдузга.
Ишонма бу дунё алдоқларига,
сен ишон, сен сиғин учинчи қизга!

Дилинг тўнғичингга ортиқ ишонди,
ҳолбуки, у сени алдаган эди!
Ўртанчанг ҳам бисот дардида ёнди,
У ҳам сени авраб «Севаман!» деди.

Аммо учинчи қиз, сени, отахон,
чиндан севар эди, унинг севгиси
риё эмас эди, эмасди ёлғон,
йўқ эди сўзида сохталик иси…

Гаплари пойма-пой, содда, бепардоз,
лаблари куюниб титрарди фақат,
фақат рост сўзларни сўзларди холос,
ҳақиқат эди у – тирик ҳақиқат!

Лекин у ҳавойи мақтовлар аро
ўзда йўқ талтайиб учиб юрган дил –
ёғдусиз тун эди, юлдузсиз само!
Сен унга сиғмадинг, сиғмадинг, сингил!

Кечирдинг бир дунё кўргуликларни:
ҳар ишинг адолат тимсоли бўлди.
(Шу сабаб мен барча эзгуликларни
«Учинчи қиз» дея атагим келди.)

Оҳ, сени танимай ўтди бир умр
риёлар қўйнида алданган ул руҳ.
Учинчи қиз – чақмоқ, учинчи қиз – нур,
учинчи қиз, сенсиз бу ҳаёт мажруҳ!

Учинчи қиз, нечун у зулмат дунё
ҳақиқат нуридан сени қисмади?
Наҳотки ҳамиша ғолибдир риё,
қувғиндир – учинчи қизлар қисмати?

Учинчи қиз – ёғду! Руҳимиз – нурдан,
маҳрум бўлганида меҳрдан кўзлар! –
Кошкийди шундай пайт туғилса бирдан
ҳақиқат шуъласи – учинчи қизлар!

Учинчи қиз – мардлик! Дил ожиз қолса,
бир ноҳақ ҳукмдан қийналса ҳислар, –
шундай пайт кошкийди мададга келса,
ҳақиқат сўзлари – учинчи қизлар!

Учинчи қиз – севги! Бизни разолат
ҳалок этмоқ бўлган тангу тор кезлар,
халос эта олгай бериб кафолат,
адолат ҳислари учинчи қизлар!

Учинчи қиз – журъат, жасорат, ёлқин!
Чалғитган чоқларда бизларни ёлғон,
ҳақиқатни рўй-рост айтмоқлик учун
учинчи қизимиз бўлсин ҳар қачон!

1982

ЁЛҒИЗЛИК

Ёлғиз эдим, тутдим шундай садони:
«Ёлғизлик ўртамас ёлғиз Худони…»

Эй аҳли жаҳолат, эй аҳли ғино,
сизнинг орангизда тоқ ўтди Сино.

Не ажаб, адоват зулмати аро
Навоий шаъм эди ёлғиз, ғамсаро.

Ёлғизлар, боқмангиз оламга тушкун,
ёлғиз эди ҳасад, кин ичра Пушкин.

Тирикликда ҳеч ким қўшмади сафга,
ичди ёлғизликнинг оғусин Кафка.

Туҳмат ҳам, ғараз ҳам кўп эди, илло,
ёлғиз эди, дўстлар, Ҳабиб Абдулло.

Не ҳолки, Чўлпон ҳам тоқ юлдуз эди,
ёлғиз Қодирийни ёлғизлик еди!

Эътибордан холи чақнаган умр –
ёлғиз ёниб, ёлғиз ўчди Миртемир.

Бегуноҳ, бешараф, бешон, бенасим,
беэътибор кетди Миркарим Осим.

Оҳ, менинг кўксимни куйдирар алам,
Шукур Бурҳонни ҳам еди ёлғиз ғам…

Бас, бу кун тузмишлар барча бегуруҳ,
беназир, беқадр зотлар бир гуруҳ.

Боиским, уларни тириклик чоғи,
беомон ўртамиш ёлғизлик доғи.

Улардан олдим мен ушбу нидони:
«Ёлғизлик ўртамас ёлғиз Худони…»

1983

САРБАДОРЛАР ҚЎШИҒИ

Самарқанд сойида тошлар йўқ,
ой йиғлар, кўзида ёшлар йўқ,
дорлар бор, муносиб бошлар йўқ…

Бу зулмат замонда нур эдик,
Ҳуррият, удумга кир, дедик,
ҳур келдик, кетайлик ҳур, дедик…

Силқ, десак, ойдан нур силқмади,
балқ, десак, қуёш ҳам балқмади,
қалқ, десак, халойиқ қалқмади…

Босмадик, бизларни босдилар,
эзмадик, бизларни эздилар,
осмадик, бизларни осдилар.

Жаҳонда ҳар ёрнинг ёри бор,
ёри бор ҳар жоннинг ори бор,
ори бор ҳар жоннинг дори бор…

Бирубор ишонган ёр бўлди,
эътиқод биз учун дор бўлди,
дор бизга Эрк бўлди, Ор бўлди!..

Шу боис кексаю ёшимиз,
бахш этдик дорга ўз бошимиз.
Қандай ҳур солланар лошимиз!..

Ай, наслим, еганинг ош бўлсин,
ёш бошинг тик бўлсин, тош бўлсин,
бош дорга муносиб бош бўлсин!..

1984

* * *

Оҳимни ич, воҳимни ич, воламни ич,
юракларни вайрон қилган жоламни ич,
фиғонларни фиғон этган ноламни ич,
жоним замон, ичиб-ичиб тўй энди,
менга ортиқ ситамингни қўй энди.

Оми кўпми оламингда, олим кўпми?
Шод ҳолатим ёхуд ношод ҳолим кўпми?
От устида ҳалим кўпми, золим кўпми?
Золимларинг кўзларини ўй энди,
замон, менга ситамингни қўй энди.

Ҳурлик истаб, хўр бўлдим-у, ҳур бўлмадим,
терга ботиб дурлар тердим, дур олмадим,
шуурларга нурлар бердим, нур олмадим,
шудир менга теккан феълу хўй энди,
замон, менга ситамингни қўй энди.

Ҳақни айтиб, дучор бўлдим тиғингга мен,
қаҳратонда исинмадим чўғингга мен,
гуноҳимми, сиғинмасам туғингга мен,
гуноҳларим савобларга йўй энди,
замон, менга ситамингни қўй энди.

Тазйиқларинг тоқатимни кемирди-ку,
таҳсилларинг тоатимни емирди-ку,
қайғуларим қаҳрингни еб семирди-ку,
семирган шу қайғумни ол, сўй энди,
замон, менга ситамингни қўй энди.

Узлату ғам зиндонидан чиқай мен ҳам,
эл қалбида эзгу ўтлар ёқай мен ҳам,
дунё кўриб, бу дунёни уқай мен ҳам,
бўлсин бизнинг кулбада ҳам тўй энди,
замон, менга ситамингни қўй энди…

1986

АСҚАР ҚОСИМ:

«Оламни уйғотар аста тонг нури,
руҳимда уйғонар қушлар чуғури;
кўнглим ҳасратларин шабнамга чаяр,
шабнамли гулбарглар аста жилмаяр.

Мен бу дунёсини кўшк деб келувдим.

Самода юлдузлар ўчар бирма-бир,
менинг шууримда ўчмаслар бироқ.
Томирларим ичра кезиб юрадир
ўн тўрт кунлик ҳилол – илоҳий чироқ.

Мен бу дунёсига ишқ деб келувдим.

Ҳур-ҳур эсиб юрар унда шамоллар,
бунда-чи, оҳ, бунда қисар нафаслар.
Қузғунлар учадир кўкда бемалол,
булбулни банд этмиш ерда қафаслар.

Мен бу дунёсини ҳур деб келувдим.

Ортимдан ўтмишлар эргашар: вайрон,
теграмда ўрмалар туманлар – кулфат.
Осмондан тикилар осмон ҳам ҳайрон,
олдинда бир зулмат, ортда бир зулмат.

Мен бу дунёсига нур деб келувдим.

Тафаккур майини ичдиму ногоҳ
вужудим ўртанди соҳир гулханда,
қисматим айлади ақлимни огоҳ,
дунёга келибман тутқун ватанда.

Мен бу дунёсига эрк деб келувдим.

Эрк излаб, топмадим, энди нетаман,
ишқ излаб, ишқимни кимга айтаман,
нур излаб, наҳотки нурсиз ўтаман?
Мен энди кетаман, қайтиб кетаман.

Дунёга ҳайю ҳайт айтиб кетаман…»

1986

КУБРО:

«Юлдузлар сонини фақат У билар,
оламлар сонини У билар ёлғиз.
Биз унга юз бурсак, У бизга келар,
Ундан юз бурсак ҳам, бурмагай У юз.

Дунёни идора қилгувчи Ўзи,
Ўзи – ризқ бергувчи, ҳаёт бергувчи.
Тоғлар оғирлигин билгувчи Ўзи,
Ўзи – жон бергувчи, мамот бергувчи.

Дунёдан улуғ У, борлиқдан катта,
заволдан холидир, куфрдан покдир.
Фозилдир, мутлақдир илму ҳикматда,
вужудга жондир У, жонга – идрокдир.

Ёлғиздир, ўхшаши, шериги йўқдир,
отаси йўқ Унинг, йўқдир онаси.
Инсон ибодати – унга озиқдир,
бу дунё – Унинг бир имтиҳонаси.

Оламни яратди йўқдан, гувоҳсиз,
тупроққа жон берди – жонни қарз қилди.
Дунёдан дил узиб мамнун, эвоҳсиз,
кўз юмиб кетмоқни бизга фарз қилди.

Бизлар шаккоклармиз, гуноҳкорлармиз,
ким мол деб, ким ишқу рашкда ёнадир.
Биз – нафсга сиғинган хорузорлармиз,
бу дунё – биз учун синовхонадир.

Оқил – охиратга, жоҳил – дунёга,
майхўрлар сафога талпинар фақат.
Ким имон келтирса ёлғиз Оллоҳга,
у бўлгай мукаррам соҳиби жаннат.

Оллоҳга итоат ризқ бергай бизга,
қўшгай умримизга умру баракат.
Рўз бергай, ботиний кўз бергай бизга,
Унинг дийдори деб қилсак ҳаракат…

Унинг фазли – жаннат, адли – дўзахдир,
солиҳ бандасига раҳмати – укпар.
У куфру гуноҳдан беҳад юксакдир,
Оллоҳу акбардир, Оллоҳу акбар!..»

1987

* * *

Дарё шаффоф эди, уфқ соф эди.
Дунё жаннат эди. Жаннат лоф эди.
Қуёш сахий эди, ноинсоф эди,
мени ташлаб, неча ботиблар кетди,

райҳон ҳиди мени ташлаб кетмади.

Қушлар дилим овлаб сайровчи бўлди,
кўнглим чаҳ-чаҳлардан яйровчи бўлди,
аммо бу чаҳ-чаҳлар чайқовчи бўлди,
оламни сукутга сотиблар кетди,

райҳон ҳиди мени ташлаб кетмади.

Дарё асов экан, кўп отқин экан,
ўзин қирғоғига у тутқун экан,
баҳор жилвалари, оҳ, сотқин экан,
билдирмай куз томон ўтиблар кетди,

райҳон ҳиди мени ташлаб кетмади.

Гоҳо унутилдим, гоҳо унутдим,
кимнидир кутдирдим, кимнидир кутдим,
дунё мендан ўтди, мен ундан ўтдим,
дийдаларим тошдай қотиблар кетди,

райҳон ҳиди мени ташлаб кетмади.

Гоҳ қочиб жавобдан, гоҳи саволдан,
умр тулпори ҳам тоймоқда ҳолдан,
ўзинг асра, Тангрим, бевақт заволдан,
онам қулоғига қистирган бир тўп

райҳон ҳиди мени ташлаб кетмади…

1988

АДАБИЁТ НИМА?

Адабиёт нима? Жуда жўн савол.
Ким билмас, ахир у одобиётдир.
Бас, сўраб қолдингми, энди қулоқ сол,
у руҳдир, ақлдир, ҳисдир, ҳаётдир…

Қай кўнгил агарда байтулаҳзандир,
билки, у – шу кўнгил шифтидаги шаъм.
У – башар яратмиш мулки маҳзандир,
сиғинсанг – Каъба у, симирсанг – Замзам.

У шундай ҳаммомки, чўмилган кўнгил
минг қора бўлмасин оқ бўлиб чиқар.
Ғам эзган юраклар қуш каби енгил,
кўнгил – тоғ, димоғлар чоғ бўлиб чиқар.

У шундай дарёки, муқаддас, нодир,
энг нопок дилни ҳам пок қилиб ювгай.
У шундай шифобахш қутлуғ оловдир,
руҳдаги бор зулму зулматни қувгай.

У шундай бир боғки, семурғлари бор,
балодан қутқазар ёзганча қанот.
Мушкулинг ҳал этар унда Бойчибор,
унда муродингга етказар Ғирот.

Сен ҳали билмайсан, болам, ҳаётнинг
Абул Ҳавл ечолмас сўроқлари бор.
Юртни ёв босганда, адабиётнинг
сенга йўл кўрсатар Широқлари бор.

У шундай бир йўлки, номи – Диёнат,
у шундай бир уйки, Виждондир оти.
Бир қўлки, бергани – элга ионат,
бир болки, тилингни тилкалар тоти…

У буюк ошиқдир, ишқдан дарс берар,
енгилмас ботир у – бошлайди жангга.
Устоздир, халқ ичра етаклаб кирар,
у Ватан нелигин ўргатар санга…

1989 йил 13 сентябр

* * *

Ай, Сулаймон, Худо берса, Худо дегил,
ғашлик қилиб, итлар ҳурса, Худо дегил,
тушларингга Худо кирса, Худо дегил,
Худосизни Худо урса, Худо дегил.

Худо берса, ҳовлиқма ҳеч, гупурма ҳеч,
золимларга золимларча гапирма ҳеч,
ватан бўлмиш бу тупроққа тупурма ҳеч,
кўрлик қилсанг, Худо дегил, Худо дегил.

Ватан бизга Худо берган эҳсон ахир,
ёвга бериб бўлмас уни – бизга маҳр,
қиёматда бунинг ажри беҳад тахир,
зорлик кўрсанг, Худо дегил, Худо дегил.

Бир юракда ишқ яшолмас зиллат билан,
поклик турмас бир кўнгилда иллат билан,
миллатингда йўлдан озган миллат билан
бирлик кўрсанг, Худо дегил, Худо дегил.

Эзгуликка чорла доим бўлиб сурчи,
наслинг пок эт, ўз-ўзингдан кўпай, урчи,
Худо – одил, жазо бермоқ унинг бурчи,
хўрлик кўрсанг, Худо дегил, Худо дегил.

Худо дегил, сўзинг ёвга ханжар бўлгай,
Худо дегил, ичингдаги аждар ўлгай,
Худо дегил, инсоф ўзи тождор бўлгай,
ҳурлик кўрсанг, Худо дегил, Худо дегил.

Лафзинг ҳалол, луқмангни ҳам ҳалол егил,
муштга мушт бўл, тикилганга сен ҳам тикил,
ноҳаққа ҳеч бўйин эгма, ҳаққа эгил,
зўрлик кўрсанг, Худо дегил, Худо дегил.

Қачон йиқиб нафс аталмиш кошонангни,
ҳақиқатга айлантириб афсонангни,
гуноҳ тегиб, қаро бўлган пешонангни
нурлик кўрсанг, Худо дегил, Худо дегил.

Худосизни Худо урса, Худо дегил,
ай, Сулаймон, Худо берса, Худо дегил…

1990

БАҲОВУДДИН НАҚШБАНД:

«Худога дил беринг. Худони севинг.
Худони севганлар одамни севар.
Худони севганлар оламни севар.
Худога дил беринг. Худони севинг.

Олтинга дил берманг, пулга дил берманг.
Дил берманг тупроққа. Дил берманг тошга.
Дил берманг ғунча лаб ҳар қалам қошга.
Қасру сарой, боғу гулга дил берманг.

Дил берманг шайтоний рақсу навога.
Дил берманг ҳасаду кибру ҳавога.
Дил берманг ҳар жоду, ҳар норавога.
Худога дил беринг, Худони севинг.

Худони севганлар борини севар.
Ота-она, фарзанд, ёрини севар.

Мансабу мартаба – ишга дил берманг.
Дил берманг нафсгаю иззат-икромга.
Дил берманг ишрату қимору жомга.
Отгаю итгаю қушга дил берманг.

Маъюслик, шўхлик ҳам Худоникидир.
Очлик ҳам, тўқлик ҳам Худоникидир.
Борлиқ ҳам, йўқлиқ ҳам Худоникидир.
Худога дил беринг. Худони севинг.

Худога дил беринг. Худони севинг.
Худони севганлар чаманни севар.
Тупроқни, миллатни, ватанни севар.
Худога дил беринг. Худони севинг… »

1992

БОЯЗИД БАСТОМИЙ:

1

«Ўзим ўз феълимга таъмирчи бўлдим,
ўн икки нафсимга темирчи бўлдим.

Нафсим темирини сабру риёзат
кўрасига солдим, сўнг эса ҳаёт

ўтида қиздирдим, сўнгра аломат
хорлик сандонига қўйиб, маломат

болғасида урдим, то ундан силлиқ
бир ойна яралиб, сочгунча яллиғ.

Амри илоҳийни билдиму мен фарз,
ўзимдан бир кўзгу ясадим шу тарз.

Баҳридан ўтдим-да май ила хумнинг,
кўзгуси бўлдим мен ўз вужудимнинг.

Неча турли тоат-ибодат ила,
фармони олийга итоат ила,

бердим ул ойнага сайқалу пардоз,
барибир гард қолди кўзгуда бир оз.

Шунда бор кучимни йиғиб кўзимга,
эътибор нигоҳин бурдим ўзимга.

Кўрдимки, қаъримда сирли сурур бор,
тоат, эътиқоддан кибру ғурур бор.

Қисқаси, ўзимдан кўп хурсанд эдим,
ибодатда ғоят худписанд эдим.

Манманлик ва кибр мени то маҳшар
чирмаган бир чилвир – зуннорга ўхшар…

Яна беш йил қаттиқ жидду жаҳд ила,
ички бир интизом, ички аҳд ила

зуннорни ҳам уздим, пок имон бўлдим,
эл аро ёлғиз мен тирик жон бўлдим.

Халқ ўлди, бош уриб дарвозасига,
мен бордим ҳар бирин жанозасига.

Ҳар бирин руҳига тиловат қилдим,
тиловат қилмоқни ҳаловат билдим…»

2

«Ё мени Худодан тилаб ол, она,
ё мени Худога берақол, она…

Гарчи қўш кўзим бор – бир ҳолни кўрдим,
гарчи оёғим жуфт – бир йўлда юрдим.

Бир ишни қиладир ҳар икки қўлим,
бир зотни тилайдир биргина тилим.

Бир сўзни эшитар икки қулоғим,
Оллоҳим бир менинг, бирдир илоҳим.

Дилим – бир, иккига бўла олмасман,
икки зот хизматин қила олмасман.

Ҳам сенинг, ҳам Унинг измида бўлмоқ –
Еру Осмон аро муаллақ қолмоқ…

Ё мени Худодан тилаб ол, она,
ё мени Худога берақол, она…»

1992

* * *

Истакларим доим баландпарвоз бўлди,
жанглар қилдим, орзуларим сарбоз бўлди,
жанг майдони фақат оппоқ қоғоз бўлди,
мен бу оппоқ қоғозларни тарқатмадим,
олам мени пайқамади, пайқатмадим…

Бир шаъм бўлиб эзгу эзгин нурлар сочдим,
шуҳрат деган касофатдан нари қочдим,
мўминликка, хоксорликка бағрим очдим,
Оллоҳимга имонимни йўқотмадим,
олам мени пайқамади, пайқатмадим.

Жаҳолатнинг жабридан кўп жафо туйдим,
разолатнинг макридан ҳам роса тўйдим,
адолатни бир қиз каби жондан суйдим,
сув ичган ўз булоғимни лойқатмадим,
олам мени пайқамади, пайқатмадим.

Ёвғон ичдим, умр бўйи ёлғон ичдим,
катта-кичик мансаблардан шеър деб кечдим,
ёвузликни янчаман деб ўзни янчдим,
лекин дину диёнатга ўқ отмадим,
олам мени пайқамади, пайқатмадим.

Сен маломат гулханини ёқма, болам,
йўқ ердаги гуноҳларни тақма, болам,
бир хоинга боққан каби боқма, болам,
виждонимга хилоф бирор байт айтмадим,
олам мени пайқамади, пайқатмадим.

Оч бўлсам-да, сир бермадим, тўқдай ўтдим,
бор бўлсам-да, кўринмадим, йўқдай ўтдим,
балки ношуд мерган отган ўқдай ўтдим?
Сокин замон денгизини чайқатмадим,
олам мени пайқамади, пайқатмадим…

1993

* * *

Сайрашлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
қарашлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
курашлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
мен – ўша ғамгинман, мен ўша – ғамгин.

Танишлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
хонишлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
ёнишлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
мен – ўша ёнғинман, мен – ўша ёнғин.

Султонлар ўзгарди, ўзгармадим мен,
замонлар ўзгарди, ўзгармадим мен,
жаҳонлар ўзгарди, ўзгармадим мен,
мен – ўша жаҳонман, мен – ўша жаҳон.

Шамоллар ўзгарди, мен ўзгармадим,
аъмоллар ўзгарди, мен ўзгармадим,
саволлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
мен – ўша саволман, мен – ўша савол.

Тавоблар ўзгарди, мен ўзгармадим,
савоблар ўзгарди, мен ўзгармадим,
жавоблар ўзгарди, мен ўзгармадим,
мен – ўша жавобман, мен – ўша жавоб.

1995

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ:

«Етдим деганимда дунё мағзига,
бошимдан мағзава ағдарди риё.
Тиқди аждаҳонинг қонли оғзига,
мени мен ишонган ул аҳли зиё…

Нон излаб изғир эл дўконма-дўкон,
дон излаб изғир эл бозорма-бозор.
Оқибат ахтариб сарсондир инсон,
мен эса сарсонман тополмай мозор.

Замона итқитган ташландиқ виждон,
пашшага таланар ахлатхонада.
Диёнат – пажмурда, мажруҳ, чалажон,
ҳибсда сақланар махсус зонада…

Ялтоқлар зол, қаттол назар остида
золимга шукрона айтдилар, кўрдим.
Тазйиқлар, қийноқлар, озор остида
одамлар Худодан қайтдилар, кўрдим…

Мен олқиш айтмадим золим замонга,
қайтмадим Тангрим ҳақ қилган йўлимдан.
Хиёнат қилмадим дину имонга,
қўрқдилар, қўрқмадим зулму ўлимдан…

Неки жафо кўрдим, не иллат кўрдим,
қаҳрим асрамадим темир сандиқда.
Мен ўз тимсолимда бир миллат кўрдим,
қон кўрдим қамчидан қолган чандиқда.

Ёвга сочдим заҳрим сатрлар аро,
тўкдим оқ қоғозга шикоятларни.
Сабоқ бўлсин учун элимга, «қаро»
мозийдан келтирдим ҳикоятларни.

Ўзбегим, қалбингга муқаддас уруғ –
миллат муҳаббати уруғин тикдим.
Жаллодлар елкамга қадаганда ўқ,
гўзал бир жаннатни кўриб, энтикдим…

Мен тиккан бу боғни сўлдиролмаслар,
кесиб олсалар ҳам агар тегимни.
Менинг Кумушимни ўлдиролмаслар,
ўлдира олмаслар Отабегимни…»

1995

* * *

Қайтар мени. Тўхтат мени. Совут мени.
Ҳайда мени. Алда мени. Овут мени.

Энтиктирма. Ҳансиратма.Тўлиқтирма.
Яқинлатма. Ёвуқтирма. Йўлиқтирма.

Эсингни йиғ. Ҳушингни йиғ. Ақлли бўл.
Бу қинғир йўл, қоронғи йўл, бу хато йўл.

Муз лабимга лабинг босиб музламагил,
мендаги йўқ ўтни мендан изламагил…

Ҳовлиқма кўп, ҳали шундай севги келар,
чақмоқлари юрагингга чизар гуллар.

Ер йўқолар, осмон жуда паст бўлади,
қийноғидан туйғуларинг маст бўлади.

Парво қилмай сенинг барча парвойингга,
ойни узиб ташлаб қўяр у пойингга.

Лаззатларга ўхшаб кетар ҳасратлари,
ҳасратларга ўхшаб кетар лаззатлари…

Қайтар мени, тўхтат мени, овут мени,
қўрқит мени, алда мени, совут мени…

Тўхтатолсанг, тўхтай олсам, жаврмикан?
Қизиб кетган темир энди совирмикан?

1999

ҚУРЪОНДАН ИҚТИБОС

Эргашма сен, ҳавас қилма, бўйин эгма
Бирубордан қўрқмай қасам ичганларга,
ёлғон тўқиб, туҳматдан тўн бичганларга;
иғво-ғийбат санамини қучганларга
эргашма сен, ҳавас қилма, бўйин эгма.

Эргашма сен, ҳавас қилма, бўйин эгма
яхшиликнинг йўлига ғов қўйганларга,
сўзи билан инсон дилин сўйганларга;
эл ҳаққин еб, эл кўзини ўйганларга
эргашма сен, ҳавас қилма, бўйин эгма.

Эргашма сен, ҳавас қилма, бўйин эгма
гуноҳларни гуноҳ билмай қилганларга,
чақимчилик иллатин касб билганларга;
зино билан бу дунёга келганларга
эргашма сен, ҳавас қилма, бўйин эгма.

Эргашма сен, ҳавас қилма, бўйин эгма
мазах қилиб дўст устидан кулганларга,
ўз қавмига зулму зуғум қилганларга;
оятларни афсона деб билганларга
эргашма сен, ҳавас қилма, бўйин эгма…

2000

* * *

Кимга читтак, кимга сорман,
мен ҳам борман.
Кимдан безор, кимга зорман,
мен ҳам борман.

Дўстга – дармон, ёвга – дорман,
мен ҳам борман.
Мададсизман, мададкорман,
мен ҳам борман.

Кенгга – кенгман, торга – торман,
мен ҳам борман.
Эзгуликка хизматкорман,
мен ҳам борман.

Кимдан зўрман, кимдан хорман,
мен ҳам борман.
Дунёдорман ҳам ночорман,
мен ҳам борман.

Тилим, толма. Дилим, ҳорма.
Мен ҳам борман.
Лафзимга чин вафодорман,
мен ҳам борман.

Қатордаги битта норман,
мен ҳам борман.
Мақсадимга мардикорман,
мен ҳам борман…

2000

* * *

Мени ташлаб кетди мен севган баҳор,
бўлди бу кенг олам кўзларимга тор,
Тангрим, ҳаётимга ёғдулар юбор,
қуёш ила ойга ошнолик бергин,
зимистон кўнглимга рўшнолик бергин.

Кўзларим ғарқ бўлиб хўрлик ёшига,
бош қўйиб ётибман сабр тошига,
ё келсин, ё ўзим борай қошига,
омад парисига ошнолик бергин,
сиқилган дилимга рўшнолик бергин.

Маломатим йўқдир чархи гардунга,
гоҳ кунга итқитар мени, гоҳ тунга,

саодат ато эт мендай маҳзунга,
яхши одамларга ошнолик бергин,
золимлар зулмидан рўшнолик бергин.

Дўстман деганлардан етди озорлар,
ўкситди қадримга етмаган ёрлар,
бадбин хаёлимга сепиб ифорлар,
эзгу умидларга ошнолик бергин,
хўрланган севгимга рўшнолик бергин.

Бевафо дунёнинг макридан тўйдим,
сенга қурбонлиққа кўнглимни сўйдим,
бошимни беш маҳал саждага қўйдим,
ё Тангрим, ўзингга ошнолик бергин,
сиғинган кўнглимга рўшнолик бергин.

2007

* * *

Бугун бор, вовайло, Эрта бўларми?
Бугун кулган гуллар эрта куларми?

Виждон тугадими, инсоф йитдими?
Биз ўтдикми, биздан дунё ўтдими?

Энди келмайдими Румий, розийлар?
Ҳақнинг чегарасин бузар осийлар!

Ғоялари бунча қўрқинчли, бужур,
давр қаҳрамони бўлди фисқ-фужур.

Кўпайди қуёшга тупургувчилар –
қорани оқ дея кўпиргувчилар.

Ноҳақлар йўлатмас ҳақни ёнига,
дунё кетди бойлар жиғилдонига.

Кофир мафкуранинг илмларидан,
даҳрийларнинг даҳшат филмларидан

Болалар руҳига сингар ваҳшийлик,
урчир фаҳш, йўқолар меҳру яхшилик.

Қайларда қолди ул гўзал оқибат?
Шафқатсиз фармонлар туғар уқубат.

Шуми, Замон, бизга насиб этгани,
ишқ қани, жўмардлик, мурувват қани?

Наҳотки яхшидан, о, ёвуз кўпдир,
куфр кўп, имонга тажовуз кўпдир?

Байроғингни кўтар эй дин, шариат,
Ҳақ ҳукмига бўйсун сен, башарият!

Одамзод қутурди, ҳаддидан ошди,
олам йўлдан озди, дунё адашди.

Ай Замон, наҳотки охирлаб қолдинг,
жон бериш олдидан хир-хирлаб қолдинг?

Ер, нечун сарғайтдинг эл боғларини,
одамзоднинг оғир гуноҳларини

кўтариб, балога йўлиқдингми ё,
қаридингми, сен ҳам толиқдингми ё?

Иллатдан покласа ҳар ким ўзини,
Асраб қолармидик, ай Дунё, сени?

Шу гул эртага ҳам кулсин десанг гар,
эртада ҳам Эрта бўлсин десанг гар,

Тавбалар қил буюк Парвардигорга,
саждалар қил ёлғиз ул Бируборга.

Худо номин тилдан қўймагил зинҳор,
Худонинг йўлидан тоймагил зинҳор!

Аҳд қилки, қилган ул аҳдинг ғанимат,
шошил, ай биродар, вақтинг ғанимат!

2014