Содиқжон Иноятов (1960)

1960 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган. 1983 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Омон бўлса дўстларим”, “Ёруғ кунлар” ва “Онамни соғиниб” номли китоблар муаллифи.

КЕКСА ОТНИНГ ҲИКОЯСИ

Ёш эдим бир маҳаллар
Ўтлар чақнаб туёқдан.
Ғолиб бўлиб келганман
Неча пойга, улоқдан.

Нурафшон кунлар эди
Силашганда бошимни.
Меҳрдан энтикиб гоҳ
Тўкканман кўз ёшимни.

Умр – нурдай югурик
Қолдим афсус, кексайиб.
Яшаяпман оғилнинг
Чеккасида мунғайиб.

Маҳзун ўтади кунлар
Энди пойгага йўл йўқ.
Емиш мўл-у, бошимни
Силагани бир қўл йўқ.


ҚУЁННИНГ ҲИКОЯСИ

– Сен яша,
Мен ўлайин,
Деган мардни кўрмадим.
Шу боис нодонларнинг
Йўлларидан юрмадим.
Биламан, бизни мазах
Қилишарлар “қўрқоқ” деб,
Умр бўйи Бўридан
Қочиб юрган қочоқ деб.
Ҳаёт ширин,
Умр оз.
Ким яшашни истамас,
Ночорларни мазаммат
Қилишни тўхтатинг, бас.
Ерга урдингиз бунча,
Ғарибларнинг отини.
Зўр бўлсангиз Бўрининг
Бериб қўйинг додини.
Тунлари уйқум қочиб
Шуни ўйлайман фақат.
…Шукр, болаларимнинг
Оёқлари бақувват.

ҚАШҚИРНИНГ ҲИКОЯСИ

Бизда қабр бўлмас, йўқ
Мозор деган тушунча.
Яшаймиз то овчининг
Ўқига дуч келгунча.
Қонимизга қонхўрлик
Руҳи синган, биламиз.
Қашқир – сўнгги дамгача
Қашқир бўлиб қоламиз.
Туғилишдан ўққача
Бўлган масофа – умр.
Нафс йўлида кечар
Чопа-чоп, югур-югур.
Кунлар ўтар, қорин тўқ.
Тап тортмаймиз ҳеч кимдан.
Лекин кўнгилда ғашлик,
Алам ўртайди зимдан.
Билдим, бу тахлит яшаш
Юз йил этса ҳам давом.
Ёмонлардан ҳеч қачон
Қолмас экан яхши ном.

ОШИҚ БОЛА

Хаёлларим бетизгин
Учаверар сен томон.
Бир кун кўрмаган куним
Ёмон кунимдир, ёмон.
Боқайин деб йироқдан
Маъюсгина юзингга,
Келаётсам йўлакдан
Тушганимча изингга.
Бирдан учта синфдошинг
Тўсганича олдимни
Дўқ қилишди:
Қалайсан?
Қўлга тушиб қолдингми?
“Қарс”, муштлашув бошланди,
Хомлик қилдим-да, андак.
Бас келолмасдан ёлғиз
Едим озгина калтак…
Майли,
Қошим ёрилиб,
Кўкартирдим кўзимни.
Хайрият, кўрдим ўйчан,
Маъюсгина юзингни.

МЕҲР

Таъриф этиб бўлмайди
Оддийгина сўз билан.
Улашади яхшилар
Ширин калом,
Кўз билан.
Отамнинг юзларида,
Онамнинг кўзларида,
– Ака, – деб эркаланган
Синглимнинг сўзларида.
Дунёларга сиғмаган
Дунёларча меҳр бор.
…Шунча сероб нарсага
Нега кўнгил бунча зор?

КИТОБ ДЎКОНИДА

У китобни варақлаб,
Бу китобни варақлаб,
Танлайверди тинимсиз
Кўзида нур чарақлаб.

Саралаб сайлагани
Салкам бир қоп, эмас кам.
Болакай мамнун, яна
Жилмаяр дўкондор ҳам.

Қийин бўлди озгина
Гал етганда тўловга.
…Янгигина телпагин
Қўйиб кетди гаровга.

“ОҚ КЕМА”НИ ЎҚИБ

Оқ кема – оқ орзуга
Сузиб кетди болакай.
Қўлин силкиб дунёдан
Ўтиб кетди болакай.
Манзилига етолмас
Кўнглим йиғлар, нетай мен.
Ўзинг билан олиб кет,
Сен-ла бирга кетай мен.
Кириб бориб хаёлан
Ғамгин қисса қаърига.
Армонларим қўшилар
Мўмин чолнинг зорига.
Мўмин бобо, нега сен,
Мўмин бўлдинг бунчалар?
Қандай чидар юрагинг
Қабоҳатга шунчалар?
Қара, бошинг устида
Бедодликнинг ялови
Куйдиради елкангни
Мутеликнинг олови.
Қўзингни оч,
Қўлда тут,
Адолатнинг қиличин.
Ғаддор Ўрозқулдан ол
Мазлумларнинг ҳақ-ўчин.
Шунда…
Оқ кема нурдай
Елиб қирғоққа томон,
Она Буғу бешикни
Келтиради бегумон.

СЕҲРЛИ КАЛОМ

Бир юз бешга кирди ёлғиз
Ойша момо кузакда.
Хасталаниб анча фурсат
Ётиб қолди тўшакда.
Хабарини олиб турди
Қўни-қўшни бетўхтов.
Шунданмикан момомизнинг
Кўнгли тўлиб кетди-ёв.
– Сиздан ўзга ҳеч кимим йўқ,
Мендан рози бўлинглар.
Кетар бўлсам номим тутиб,
Дуо қилиб туринглар.
Носир тоға кўп ҳазилкаш,
Гапга ёмон чечан-да.
– Момо, – деди, – қўшничилик,
Шундай бўлар экан-да…
Нега энди кетаркансиз
Ғалати-я сўзингиз.
Шундай яхши қўшниларни
Қиядими кўзингиз?
Шу бир калом сеҳримикин
Момо дили чоғ бўлиб,
Соғайиб ҳам кетди, яшар
Мамнун, кўнгли тоғ бўлиб.