Собир Абдулла (Абдуллаев Собир) 1905 йил 5 сентябрда Қўқон шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1965). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1944). Дастлаб эски мактаб, сўнг «усули жадид» мактабини тугатгач, Қўқондаги педагогика билим юрти (1922—24), Тошкентдаги маҳаллий кадрларни тайёрлаш курси (1924-26)да ўқиган. Илк шеърлар тўплами — «Эрк илҳомлари» (1931). Шундан кейин унинг «Навбаҳор» (1931), «Кўклам наъраси», «Завқ» (1932), «Гулшан» (1939), «Сўзвасоз» (1943), «Давр қўшиқлари» (1949), «Ҳаёт гулшани» (1959), «Ҳаёт қўшиқлари» (1962), «Девон» (1965) каби шеърий китоблари нашр этилган. Шеърий ижоди лирика, хажвиёт ва достонлардан иборат. 1940 йил саҳналаштирилган «Тоҳир ва Зуҳро»(1939) асари машҳур. Насрий асарлар ҳам ёзган («Мавлоно Муқимий» — 1965, роман ва бошқа). 1972 йил 24 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
КЕЛУР
Меҳрибон, жонпарварим, ёнимга жононим келур,
Севгилим ҳолим сўраб, ёри қадрдоним келур.
Айласам юз жонни қурбон оз эрур бир лутфига,
Хастадирманки гўиё дору дармоним келур.
Лаб очиб сўз бошлаганда бахш этиб жисмимга жон,
Бўсаи лаъли лабидан оби ҳайвоним келур.
Оҳким, гоҳ ваъда бергай, келмагай қон юттириб,
Йўл кутардан… кўзларимдан ёш билан қоним… келур.
Хасталик юзланди жонимга, табибим бехабар,
Келса гар ҳозиқ табибим: жисм аро жоним келур.
Андалибдирмен саҳарлар ғунчалаб ёди билан,
Раҳм этиб ёнимга гоҳ ҳусни гулистоним келур.
Толеим бўлгил мададкоримки, чиқмай ёдидан,
Собиро, ёринг эшикдан йўқлаган оним келур.
СЎРСАНГИЗ, АҲБОБЛАР
Сўрсангиз аҳбоблар, пайдо-ю нопайдолигим,
Сўрсангиз ҳолат боисидир ошиғи шайдолигим.
Бир кўриб шайдо бўлибдирмен кўзи шаҳлогаким,
Сеҳр ила сайд айлади кўнглим кўзи шаҳлолигим.
Базм аро тутди қадаҳ, юз ишва-ю ноз авжида,
Солди бу ҳолатга ёри шўху базморолигим.
Лаб очиб аҳвол сўрди ул масиҳои замон,
Жон бағишлаб суҳбатидан, сўзлари маънолигим.
Бўлдилар бебаҳралар май бирла маст, мен васл ила,
Қайси тил бирла қилай ифшо бу хил танҳолигим.
Васл базмида кўриб, эй муддаий, нодон дединг,
Вақт эмас, исбот учун нодонлигим, донолигим.
Шомдан то эрта, Собир, куйласам булбул каби,
Тонг эмас, кўргузса ораз қомати раънолигим.
МЕНГА ҚОЛДИРГАНЛАРИ…
Ёр кетди йироқ, аҳд ила паймонлари қолди,
Жонга қадалиб наштари мужгонлари қолди.
Умринг бўйи мен ёри вафодор бўламан деб,
Қолдим ўзиму ул сўзи ёлғонлари қолди.
Ёр ила кетиб базми висол тонглари бирга,
Мен ила фироқ тунлари, ҳижронлари қолди.
Ул сарви қадим кетди чамандан, изи қолди,
Андоқки, анинг боғда хиромонлари қолди.
Хуршидвашим ботди, жамолини ёшурди,
Мен ошиғига тийра шабистонлари қолди.
Армонсиз эдим ёр ила, эвоҳ, бу на ҳолким,
Кўнглимда тўла ҳасрату армонлари қолди.
Ишқимни қилиб ёр кетар вақтида ифшо,
Дилда ёшурун ваъдаи пинҳонлари қолди.
Ахдига вафо қилмади ул шўх дема, Собир,
Қайтиб келадир, давр ила давронлари қолди.
ЭРТА-КЕЧ
Юзу зулфингни хаёли бирла дилдор эрта-кеч,
Гоҳ ёруғдир, гоҳ қоронғидир фусункор эрта-кеч.
Гоҳи лутфингдан эрур субҳ, гоҳ қаҳрингдан бу шом,
Васл уммиди саломат, ҳажри бемор эрта-кеч.
Айланиб бошингда хуршид, бўлди садқанг кўкда ой,
Оҳ, йўл бермас менга бу икки ағёр эрта-кеч.
Бир кўриш шавқида ҳуснинг тунларим қилдим саҳар,
Кокилинг ўйлаб саҳарлар тун бўлур ёр эрта-кеч.
Эй суманбар, илтифот этгилки, ўтган йилларим
Мушки анбар ахтариб кезмоқца бозор эрта-кеч.
Кундузи – гул юз ғами, тун бўлса зулфинг қайғуси,
Ўтказиб, не чораким, такрор-такрор эрта-кеч.
Бўлмади кўрмоқ муяссар, Собиро, юзу зулф,
Ёшурурдан пардаи сир ичра маккор эрта-кеч.
ЁЙДИНГМИ, ЁР, ЗУЛФИНГ?
Тун бўлди анбарафшон, ёйдингми, ёр, зулфинг?
Силкинди қулфи райҳон, ёки, нигор, зулфинг.
Бўй тутди Хиндиқушни, маҳв этди эсу ҳушни,
Ё мушк баданли меҳмон, ё мушкбор зулфинг.
Орқангда икки соя, айлар қаддинг ҳимоя,
Бирга кезишда бўстон, бўйингча бор зулфинг.
Эсди насм чаманда, ишқ аҳли ухлаганда,
Ақлимми бу паришон, ё беқарор зулфинг.
Зулфинг ёзилди оқшом, жон сайдига бўлиб дом,
Сайёдми, шоми ҳижрон, ё бадхумор зулфинг.
Соч силкитиб, арозлаб, чал аста созни созлаб,
Жонлар ғизоси, жонон, ўйнашда тор зулфинг.
Ҳар ҳалқа-ҳалқа занжир, дафъи жунунга тадбир,
Собир дилида армон, Лайли узор зулфинг.