Ситора Шамсиддин (1987)

Ситора Шамсиддин (Тожиддинова) 1987 йил Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида туғилган. Ўзбекистон миллий университети журналистика факультетини тамомлаган. “Кўнгилдан сўз” номли китоби нашр этилган. Айни пайтда “Бобур ва дунё” журнали бош муҳаррир ўринбосари.

* * *

Дўсти жон, келинг, ул-булдан гапиринг.
Рост сўзу, тоза кўнгулдан гапиринг.

Қўғирчоқ, ўйинчоқ, эрмакларданмас,
Тошни ёриб ўсган гулдан гапиринг.

Кеча шовуллаган девқомат дарахт,
Бугун ўчоқдаги кулдан гапиринг.

Арслонга бас келган Алпнинг малаги
Соябони синган тулдан гапиринг.

Қўйинг, дунё сўраб турган киборни,
Ўзини таниган қулдан гапиринг.

Бу шошқин дарёлар қай томон кетар,
Шоир бўлсангиз гар шулдан гапиринг.

СЎЗМУНЧОҚ

Бир ҳовуч сўз топиб ҳаёт дарёсидан,
Шу сўзлардан мунчоқ тизган девонаман.
Сўзмунчоқни тақиб қўйиб кўксингизга
Кўнглингиздан жой сўраган ҳайронаман.

Сиз бир тоғсиз, юрагида бургут яшар,
Бу виқорлар олдида мен тошчаликман.
Тошку минг йил туриб берар ёнингизда,
Киприк қоқманг, кўзингизда ёшчаликман.

Кўзингизда ёшчаликман, оқиб кетдим,
Оқиб кетдим, лабингизга сизиб кирдим.
Занжирлари бор экан дил қулфингизни,
На иложки, эшигини бузиб кирдим.

Кирдим охир, кўнглингизнинг кўнглигача
Лоқайдлику нафратларни янчиб келдим.
Юрагимга муҳаббатдан оғу солиб,
Шу маконда ўлиш учун ичиб келдим.

Бир ҳовуч сўз топиб ҳаёт дарёсидан,
Шу сўзлардан мунчоқ тизган девонаман…

ТУШУНМОВЧИЛИК

Хазонни тепкилаб ўйнар бир бола,
Менинг кўзларимга қулайди тоғлар?
Умр борса келмас йўл экан, она,
Ҳаёт юрагимда ёғини доғлар.

Ўлим қўрқинч эмас, ўлим нажоткор,
Тириклик мардларнинг кураш майдони.
Ёлғон дунёсининг ҳақ сўзи каби,
Япроқлар юзида қуёшнинг жони.

Йиғламоқ — ожизлик, йиғламоқ — гуноҳ,
Қувонч яшар экан қайғуда, ғамда.
Жонимни бўғзимга келтирди мани,
Нима истар мендан, мен каби банда?

УНДА НЕГА КЎЗЛАРИНГДА ЁШ?

“Сен ҳаммадан хунуксан”, дединг,
Қаршимда ғоз турар экансан.
Яна айтдинг: “Кетганинг яхши!”
Мени ёмон кўрар экансан…

Ёнимдаги сени танимай
Ҳайрон бўлдим, сўз тополмадим.
Эшигингни шартта очдиму,
Ёполмадим, терс ёполмадим.

Ўгирилдим охирги марта
Юрагимда туйғулар талош.
Мени севмас экансан, билдим,
Унда нега кўзларингда ёш?

ВАҚТГА ҚАРШИ

Ҳаёт — қучоғимга сиғмаган туман,
Бир яшаш бир ўлим кўрмоқмикан ё?
Келдингми, кетдингми, кўрдингми, йўқми,
Одамми, чумоли, фарқламас дунё…

Тобутлар пойида гирён лолазор,
Лоларанг шафақни таниганим йўқ.
Юрак кўзгусида ёмғирлар изи,
Изларнинг сўзини тинглаганим йўқ.

Тўхта, вақт! Мен ҳали яшаганим йўқ,
Яшасам шабнамдай яшайман бир кун.
Майда ташвишларни сидириб ташлаб,
Яшашни юракдан бошлайман бир кун!

Тўхта, вақт, яшашни бошлаганим йўқ…

* * *

Она, ҳайданг хавотирни дилингиздан,
Қизингизнинг йиғлаш учун вақти йўқдир.
Қиш-қировдан омон ўтган қўлларимга
Гуллаётган орзуларни тутди тақдир.

Она, ҳайданг хавотирни дилингиздан,
Худо умр берса, юз йил яшажакман.
Бир дард борки юрагимда, (йўқ, йўқ, қўрқманг!)
Бу дард билан минг йиллардан ошажакман.

Она, ҳайданг хавотирни дилингиздан!

ГЎДАК ИШҚ

Бунча хушчақчақсиз, бунча виқорли,
Ҳар сўзингиздан бахт ҳиди келар.
Руҳингиз баланду сўзингиз ёруғ.
Менга эса…
бари сохта туюлар!
Ниманидир сир тутаётган каби суратингиз
Кўксингизда биров йиғлаётгандай…
Сиз уни ҳарчанд яширманг,
Беркитиб қўйишга уринманг ҳарчанд
мўралаб турибди кўзларингиздан.
Зоҳирда эса
боласини ташлаб тўйга келган онага ўхшайсиз
Кулишингиз ярашмайди, ўйнашингиз ҳам!
Ахир кўксингизда бир маъсум нола.
Эплай олмайсангиз овутмоқни гар,
Хўрозқанд бериб алданг яхшиси.
Ёки дўқ-пўписа қилинг қўрқитиб
Шунда ҳам овунмаса, бу саркаш бола,
Узатинг менга!!!
Ўзим уни қўшиб қўяй эгизагига!
Гўдак уволидан сақласин Худо,
Ўлим деганидир ишқни ўлдириш.
То қиёмат юрагимда кўтариб юрсам йиғлоқиларни
Шунда ярашармиди кулишларингиз…

ЁМҒИР

Деразангни очсангу ёмғир
Жўшиб ёғса, шариллаб ёғса…
Ёқилғидай юрак қўрингни
Гуриллатиб ёндирса, ёқса!

Ва жон қуши потирлаб чунон
Ёрмоқ бўлса вужуд — қафасни.
Шунда чопсанг очиқ осмонга
Олмоқ учун сўнгги нафасни.

Ва бошингдан сочилса ҳаёт
Ҳар томчиси Аллоҳга сано.
Юз-кўзингни тутсангу топсанг
Излаганинг илоҳий маъно.

Қўлингдаги ғижим соябон
Унутилган муҳаббат фасли.
Кулса кулсин дилбегоналар
Чин ошиқлик — телбалик асли!

Кўзларингдан тўкилса армон,
Ғуборларинг сув билан кетса.
Ювавериб ғуссаларингни
Пок томчилар қалбингга етса.

Ҳеч тинмаса бу шаррос қўшиқ,
Юраверсанг ҳолдан тойгунча
Сенку дардни кўтариб юрган
Осмон нега ёш тўкар бунча?!

Ёлғизликнинг хиёбонида,
Қандоқ яхши тўйиб йиғласанг.
Йиғлайверсанг ва шўр ёшларни
Топчиларга ипдек боғласанг.

Бола каби беармон қайтиб
Ёстиққа бош қўйсангу охир.
Деразадан мўралаб секин
Алла айта бошласа ёмғир…

* * *

Юракка дард тўлса, йиғламоқ даво,
Наъра тортмоқ асли шерларнинг иши.
Дунё кўз ёшингда оқса ҳам майли,
Овозинг борича бақирмоқ яхши.

Лекин… Уяламан йиғлоқиликдан,
Ва заиф кўринмоқ нақадар уят.
Ҳар бир томиримда саркаш номус бор,
Ҳар томчи қонимда яшар орият.

Фақат худо билан танҳо қолганда
Муножот кўзимдан кўккача етар.
Эй дўсту душманим, нарироқ туринг,
Қалбдаги гулханим гуриллаб кетар!

Шундай. Оҳимизни фақат У билар,
Банда бандасига кўрсатмас ёшин.
Энди тушуняпман нега оналар
Баъзан бемаҳалда пиёз тўғрашин.

КУЛИБ ТУРГАН АЁЛНИ КЎРДИМ!

Кулиб турган аёлни кўрдим!
Бор андуҳлар, бор ғамлар йиғланг,
Ортда қолган шум дамлар йиғланг,
Озори кўп одамлар йиғланг.
Кулиб турган аёлни кўрдим!

Кулиб турган аёлни кўрдим,
Шер ёнида шер каби масрур,
Гоҳ тупроқ, гоҳ тоғ каби мағрур,
Лойқа дарё остидаги дур,
Кулиб турган аёлни кўрдим.

Кулиб турган аёлни кўрдим,
Ота ҳамон эркалаб турар,
Ака орин елкалаб турар,
Қабрига ҳам кўтариб борар,
Кулиб турган аёлни кўрдим.

Кулиб турган аёлни кўрдим,
Билагидан тутгани ётмас,
Турмуш муштин писанда этмас,
Кет деса ҳам уйига кетмас
Кулиб турган аёлни кўрдим.

Кулиб турган аёлни кўрдим,
Боласи оч аёл кулмайди,
Минг тилла соч — аёл кулмайди,
Бу юртни мавҳ этиб бўлмайди
Кулиб турган аёлни кўрдим.

БИР ҚАДАМ

“Яхшимисан?” деди йигит,
“Яхшиман” деб хўрсинди қиз ҳам.
Бу яхшилар ёмон бўлмоқликни қилишар хаёл.
Ўртада иймоннинг рухсати йўқдир,
Ва ўртадан оқиб кетди йигирма беш йил.

Бир куни вақт судраб келганда
“Яхшимисан?” деди эркак яна,
“Яхшиман” деб қўйди аёл бемажол.
Ҳали ҳам орзу қилар эркак ёмон бўлишни,
Ҳамон ёмон бўлмоқликдан қўрқарди аёл…

ЧУМОЛИ

Боғда “бужи” кўриб Назифа
Кўзчалари тўлибди ёшга.
Эҳ, қизим-а, сен билмайсан-да,
Бу оламда “бужи”лар бошқа.

Бу ҳаётнинг “бужи” юракли,
Олабўжи одамлари бор.
Чумоли-ку беозор жонзот,
Сен улардан узоқроқда юр.

Қўрқма! Бизнинг томиримизда
Оқаётир Тўпалангдарё.
Бошинг баланд кўтаргин, эркам,
Енгилганни ёқтирмас дунё.

Бору йўқ бир эртакдир умр,
Кўз ёш билан қайтмас кетганлар.
Ҳаммадан ҳам бахтлироқ асли,
Чумолидай яшаб ўтганлар…