Сирожиддин Саййид (1958)

Сирожиддин Саййид 1958 йил, 30 октябрда Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидаги Кундажувоз қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (2006). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1979). Илк шеърлар тўплами — «Руҳим харитаси» (1985). Шундан кейин унинг «Салқин харсанглар кафтида» (1987), «Севги мамлакати» (1989), «Асрагил», «Меҳр қолур, муҳаббат қолур» (1990), «Куйдим» (1994), «Ватанни ўрганиш» (1996), «Ватан абадий» (2001), «Устимиздан ўтган ойлар» (2003) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. А. Вознесенскийнинг «Мангу ризқ» (1990) асарини ўзбек тилига таржима қилган. «Дўстлик» ордени билан тақдирланган (1999).

* * *

Яшинлар ёритган, эй олис уйим!
Шунча йиллар куйиб,
Қанча қисмат кечиб,
қанча ўю фироқ,
Ҳикмат кўрмадим мен сендан буюкроқ!

* * *

Сен маъсуд дунёнинг борини
Ўйладинг. Яшадинг. Ўткардинг.
Бердинг қорачиқлар умрини,
Тунларни киприкда кўтардинг.
Фарзандлар кетдилар ҳар тараф,
Сокин қолди уйинг – англадинг.
Соғиндинг.
Соғинч-ла йўл қараб
Бир вужуд соғинчга айландинг.
У кунлар ёди ҳам сенга шон!
Тунлар хотираси боқийдир.
Саломлар абаддир, онажон,
Видолар фонийдир!
Фонийдир!

ИЛИНЖ

Юртим, менга зар керакмас зарларингдан,
Киприкларим ўпсалар бас гардларингдан.
Мен бир насим бўлиб келдим, мен бир насим,
Айтиб ўтсам дейман кўҳна дардларингдан.

Алмашдилар сени ному рутбаларга,
Мунглуғ бўлиб қолдинг ботиб шубҳаларга.
Ҳилолларинг қайтар яна қуббаларга,
Мозийларга сўйлаб-сўйлаб зорларингдан.

Менга қадим минорлардан бир сас етар,
Шул сас менинг кўнглим охир серфайз этар.
Менга дунё керак эмас, бир хас етар
Яссавийлар ётган азиз ерларингдан.

Оқсаройга қай кунки юз бургандим мен,
Сўнмиш шону шавкатинг деб куйгандим мен.
Шеър айтишни сал-палгина ўргандим мен
Чинорларда йиғлаб ётган баргларингдан.

Бу дунёда кўнгилларга чироғ ёқсам,
Мозорларинг сукутидан сабоқ олсам,
Тиниққина булоқ бўлиб оқиб қолсам
Оллоёрлар назар қилган жарларингдан.

АЛАМЛИ ДУНЁДА

Қўлларим шохлардай зор қолган кунлар,
Дил кетиб, валекин ор қолган кунлар
Сен кетдинг, музлади ўнг ила сўлим,
Аламли дунёда аламли гулим.

Сувларда садосиз синдилар ойлар,
Афсундай жим, сокин окдилар сойлар.
Тугунларин очиб йиллар ва ойлар
Ўтдилар, сен ҳамон тили тугуним,
Аламли дунёда аламли гулим.

Сендан сўнг кўнглимни беомон янчиб,
Не сулувлар ўтди ўзича ранжиб,
Баланд пошналарин кўксимга санчиб,
Бевақт сўлдирдилар сеҳру жунуним,
Аламли дунёда аламли гулим.

Мунғайиб қолдилар умид боғлари,
Мангу зирқирайди бағир доғлари,
Боғларнинг дудлари ҳамда зоғлари
Менинг фиғонимдир ҳам менинг кулим,
Аламли дунёда аламли гулим.

Бу ҳолим кўрганлар тақдир, дейдилар,
Тақдир азал-азал ҳакдир, дейдилар,
Чин қалблар ҳамиша тоқдир, дейдилар,
Қандай санъатдир бу, қандайин илм?
Аламли дунёда аламли гулим.

Сенга шамим шомлар мунглар келтириб,
Менга тирикликдан айтиб, билдириб,
Куйган кўкламларнинг ўрнин тўлдириб,
Кўксимда яшайди энг гўзал ўлим,
Аламли дунёда аламли гулим.

* * *

Тескарига оққан дарёлар қайтди,
Тоғларда йўқолган садолар қайтди,
Мени излаб кетган нидолар қайтди,
Болалик қайтмади. Қайтмади.

Сомонлар янчилмай қолган куз пайти
Адирлар заъфарон алвидо айтди.
Мени олиб кетган подалар қайтди,
Болалик қайтмади. Қайтмади.

Бу кўча, бу ҳовли, бу уй, бу тандир
Бир кун сесканади, сассиз сиқтайдир:
Ўн йил ғойиб бўлган олапар қайтди!
Болалик қайтмади. Қайтмади.

Қолдириб кетдимми уни даштларга?
Ёки топширдимми шиддат, шаштларга?
Бўзлаб чорласам-да, битиб хатларга
Болалик қайтмади. Қайтмади.

Қалдирғочлар қайтди. Тойлар от бўлди.
Юртнинг тоғу тоши менга ёд бўлди,
«Уҳ» деганим менинг хотирот бўлди,
Болалик қайтмади. Қайтмади…

ПАҲЛАВОН МАҲМУД

Сенинг ҳасратларинг узун,
Шеърларинг қисқа.
Не-не гадо кўрдинг,
не султон кўрдинг.
Нуҳ минг йил яшади –
Кўрди бир тўфон.
Сен
Нуҳ бўлмасанг ҳам,
минг тўфон кўрдинг.
Бировдан тахт қолди,
Бировдан – дарахт.
Сендан мерос қолмиш байтлар –
туғёнинг.
…Гар кўйлак тиксалар армонларингдан,
Эгни бут бўларди юпун дунёнинг.

* * *

Биродар!
Қўлда жом, кўзда ёш надир?
Савдолар ичинда ёлғиз бош надир?
Насиҳат нимадир?
Баҳс-талош надир?
Фано дарвозаси абад ёпилмайди.
Дунё топилади,
Одам топилмаиди.

Биродар!
Ошиқлик баҳордир – ўтгай.
Бу тошқин туйғулар дарёдир – ўтгай,
Гоҳ кўнгил берганинг хатодир – ўтгай,
Умид ғунчалари доим очилмайди,
Дунё топилади,
Одам топилмайди.

Биродар!
Умрни фарзона этгил.
Неки дардмандлиқдир дармона этгил,
Неки армонлиқдир тарона этгил,
Ҳар дил ҳам шеър бўлиб нур сочолмайди,
Дунё топилади…
Одам топилмайди.

Биродар!
Дунёдан нечун шикоят?
Нечун бу туганмас маҳзун ҳикоят?
Тирикликнинг ўзи буюк иноят.
Шудир ўтганларнинг энг комил байти:
Дунё топилади,
Одам топилмайди.

* * *

Мен ишқ элининг нолаю афғонида куйдим,
Кўнгил уйининг оташи армонида куйдим.

Меҳрин тилабон ўтса агар ошиқи зорлар,
Меҳримни бериб мен эса товонида куйдим.

Мушкул эди йўл, ранж ила изҳорига етдим,
Сизлар кўйида, мен эса домонида куйдим.

Дўст ким, рақиб ким, ҳақ бирла ҳаким ким, –
Билмай аслин лол ила ҳайронида куйдим.

Ҳар ён садо берди манинг зори дилимга,
Интилдиму лекин дағи ҳар ёнида куйдим.

Дунёйи азалнинг ғазалий матлаъи булдур:
Бошлаб ҳама ишни ани поёнида куйдим.

Ҳам максаду, ҳам матлабу, ҳам дарду ва ҳам ишқ,
Ҳам ишқ элининг нолаю афғонида куйдим.

* * *

Э, Худойим, душманим мард бўлса бас,
Кўксим ичра оташин дард бўлса бас.
Кипригимга Мавлавийдан бир ғубор,
Яссавийдан зарра бир гард бўлса бас.

* * *

Умр десанг, обу гил куяр, эй дўст,
Бир онда не ою йил куяр, эй дўст.
Кўкдан юлдуз учса, елканг куйгайдир,
Ерга бағир берсанг, дил куяр, эй дўст.

Умр ва айём фардлари

Умр недир? Кеча – ўтди. Эртани қўй, кул бугун,
Бахт недир? Ул – бугундир, ул бугундир, ул бугун.

* * *
Қанча армон бўлмасин кечмиш замондошу замон,
Чин замонинг шу замондир, шу замондир, шу замон.

* * *
Айтмангизким, неча бир яхши-ёмонлар ўтдилар,
Асли гулдурос солиб давру замонлар ўтдилар.

* * *
Маърифат осмонида мангу ёнар қандилларим –
Нақшбандийлар, Бухорийлар, Самарқандийларим.

* * *
Сен Ватанга Термизийлар кўзи-ла солиб назар,
Таълим олсанг, бўлгунг охир бир куни соҳибназар.

* * *
Кетмасин бошингдан асло Ҳақ таоло кўлкаси,
Эй, валийлар маскани, соҳибқиронлар ўлкаси.

* * *
Шаҳрисабз десам, жимирлар жону кўнглим ҳар сафар,
Эй, Амир Темур қулоғига азон айтган шаҳар.

* * *
Амир Темур демишларки: Менга токи зафар ёрдир –
Яратганнинг менинг бирлан улуғвор ишлари бордир.

* * *
Икки олам — иккиси ҳам гарчи бўлак, тоқ сарой,
Қурмиш оламда Амир Темур бобо илк Оқсарой.

* * *
Сен бугун қайларда қолдинг, эй асрлар оҳи, нур,
Ҳазрати Бобурни кўрган Коҳинур, эй Коҳинур?

* * *
Қанчалар юксак ва озод бўлсалар юлдузларим,
Шунчалар теран таралмиш ер аро илдизларим.

* * *
Замона қасрдирким, ўз-ўзидин бўлмагай обод,
Ани Меъморию меҳру бутун халқ айлагай бунёд.

* * *
Жило бер юрт тупроғига токи сайқалинг қолгай,
Агарчи ҳайкалинг қолмас, яратган пайкалинг қолгай.

* * *
Боғни боғ этгунча бағринг қанчалар доғ бўлгуси,
Чекма ғам, кетсанг – изингдан доғ эмас, боғ қолгуси.

* * *
Бунда офтоб шаклига андоза бўлгай ҳар чаноқ,
Чирмашиб чиққай қуёш нурига ҳар гул, ҳар бошоқ.

* * *
Замона боласига мен нечун бул кун ҳавас қилмай,
Ул озод қуш мисоли айлагай парвоз қафас билмай?

* * *
Ҳар кишиким покдилу покрўю поктийнат бўлур,
Авваламбор ўз туғилган юртига зийнат бўлур.

* * *
Кўча-кўйлар, бу равон йўллар муҳаббат пайтидек,
Ҳар бири ҳазрат Навоий шеърининг бир байтидек.

* * *
Ҳар биноким, тикламишсан мисли дилбанддир сенга,
Бу умрнинг ўтиши ҳикмат ила панддир сенга.

* * *
Айтди юз ёшлардан ошган мўйсафид айлаб шукур:
Кўз юмиб очгунча сувдек ўтдию кетди умр.

* * *
Йигитликда қариларнинг ризосидин ғизо олгил,
Қариликнинг асосидин асосингга асо олгил.

* * *
Бу дунёда фанойинг гар бинойингдир,
Фикр қилғил – бинойинг ҳам фанойингдир.

* * *
Умрдин ою йиллар сарф бўлгай,
Анинг ҳар они долу зарб бўлгай.

* * *
Ҳар кишига ҳар кеча ер ичра айвони билан,
Чарх гўё чоҳ қазгай ойни кетмони билан.

* * *
Ёшлигу ишқ фаслию васлу фироғим ортибон,
Қалдироқлар сингари ўтмоқдадир давру замон.

* * *
Ишқ, дастурхонинг армондин тузай,
Ошу нонин дил била жондин тузай.

* * *
Узоринг истаб, эй, ёр, хўб оҳ-зор қилибман,
Бу боғзор кўнгулни мен доғзор қилибман.

* * *
Қачонким, ишқ сенинг урфинг бўлибдир,
Дилимнинг қулфи қўш зулфинг бўлибдир.

* * *
Икки ноошно кўзинг айлар мени бегонароқ,
Холинг узра ағнаган зулфинг қилур девонароқ.

* * *
Йиллар бўйи бошимга не зеру забарлар келмади,
Сендин хабарлар келмади, сендин хабарлар келмади.

* * *
Нозанинлар ул замонким инжа кўйлак кийдилар,
Барча ошиқ аҳлининг қатлини бўлак кийдилар.

* * *
Қанча ўт бирлан олов қалбу нигоҳдин ўтдилар,
Икки ёнғин — икки ёр бул кеч никоҳдин ўтдилар.

* * *
Қанчалар бой бўлмасин кўрку ҳуснда нозанин,
Ишқ элига шунчалар меҳру вафоси оз анинг.

* * *
Гулни гул кўйлак қилибдур гул баданга ул бадан,
Гул баданга тегдиму ё гулга тегди гул бадан?

* * *
Нигоримким, камар бирлан белини банд-банд тақмиш,
Бу кеч оппоқ булутдин моҳтоб ҳам сийнабанд тақмиш.

* * *
Насиб этганда фасли навбаҳору лола дийдори,
Кишига яхшидир ёнида бўлса лоларуҳ ёри.

* * *
Шуъла сочгунг бу ҳаётга кечаси ҳам кундузи,
Сен – Сурайёдирсану кўзинг – Сурайё юлдузи.

* * *
Гоҳи лаб устиндаю гоҳида лаб остиндадир,
Бу санамнинг икки холин доғи қалб остиндадир.

* * *
Ҳар замонким кўзларим икки қошинг “ё”син ўқир,
Тишларингнинг сини қатлим истабон Ёсин ўқир.

* * *
Қилибман кўзёшимга жом томоғим ҳам қабоқлардин,
Ўшал бодом қабоқлардин, ўшал оппоқ томоқлардин.

* * *
Гул билан булбулнинг асрий баҳсидин айлай нақл:
Қанча гул бефаҳм эркан, қанча булбул беақл.

* * *
Лолалар ҳар ён очилмиш бағри доғу барги қон –
Лайли бирла Мажнун ўтмишлар бу ердин бағри қон.

* * *
Қанча доғлар қолдирибмиш ёру ағёру ҳабиб,
Чекмагил ғам, барчасига ҳазрати вақтдир табиб.

* * *
Бўл огоҳким, агар сенга етар бир айём ҳар дам –
Келар бир айём ҳар дам, кетар бир айём ҳар дам.

* * *
Бу ҳаёт базми агар сен бўлмасанг – кам бўлмагай,
Сен агар бу базм аро борсан – у бут ҳам бўлмагай.

* * *
Эл аро доим зиё бирлан маориф бўлгуси –
Битта фарзанди агар Абдулла Ориф бўлгуси.

* * *
Гар ўзингча бу ҳаётнинг қаср ила қўрғонисан,
Асли тан қўрғонининг беш кечалик меҳмонисан.

* * *
Кўнмади рафторинга чарх, кўнгил, эй кўнгил, дедим,
Чарх рафторига энди, эй, кўнгил, кўнгил, дедим.

* * *
Ўтмасин десанг умрнинг субҳу шоми бесамар –
Сен ўзингдан то ўзинг шому саҳар қилғил сафар.

* * *
Ул булутларким юзарлар кўкда олис, оқу оқ –
Эсдаликлардирки мендин анча тушмишлар йироқ.

* * *
Ўтди эллик чоғ умрдин, кузга етди энди иш,
Боғлар ортидан оғир-оғир яқинлашмоқда қиш.

* * *
Одамизотга баҳор фаслида булдир ҳасби ҳол:
Ул ҳам ўтгай бу ҳаётдин абри найсонлар мисол.

* * *
Кўрдик, эй, дўст, бир таноб ер-чун азобингни сенинг,
Ер ўзи тортиб қўяр бир кун танобингни сенинг.

* * *
Нурар умр биноси, йўқдир бунинг фаноси –
Турур то қиёмат Сўз ила Шеър биноси.

* * *
То бу оламнинг баланду пастин идрок айладик,
Олам аҳлидин ювиб қўл, дилни ҳам пок айладик.

* * *
Кўксинг ичра булбулу қумринг ўтар,
То улар бир сайраюр – умринг ўтар.

* * *
Айланур тун-кун фалакнинг кўҳна тақсимкосаси,
Кимга теккай косаси, кимларгадир нимкосаси.

* * *
Сен Ўзингсан оламу, оҳ, сен Ўзинг кавну макон,
Сен Ўзинг давру замонсан, сен Ўзинг давру замон.