Шукур Саъдулла 1912 йилнинг 15 январида Жиззах шаҳрининг Тошкентлик маҳалласида хизматчи оиласида туғилди. У 7 ёшга тўлганда маҳалладаги эски мактабга боради ва у ерда тез савод чиқаради, сўнгра янги ташкил этилган Наримонов номли мактабда ўқишни давом эттиради. 12 ёшида мактабни битиргач, билимини янада ошириш мақсадида 1924 йилда Самарқанд шаҳрига келиб, Педагогика билим юртига киради. Худди шу масканда адабиётга бир умр боғланади, шеър машқига жиддий берилади.
Ш. Саъдулланинг дастлабки шеърлари, асосан, катталарга мўлжалланган. Улар шоирнинг ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий ҳодисалардан олган таассуротларининг ифодаси тарзида бунёдга келган. Шоирнинг ана шу мавзудаги шеърлари 1932 йилда „Ҳайқириқ“ номи остида махсус тўплам шаклида Тошкентда чоп этилган. Ўн бир шеър ва бир кичик поэмани ўз ичига олган бу биринчи китобнинг номланиши ҳам рамзий характерда эди. Бу даврда Самарқандда (1929 йилнинг бошида) болалар адабиёти тўғрисида кенгаш бўлиб ўтади. Кенгаш Ш. Саъдуллага кучли таъсир кўрсатади. Унда қувноқ болажонламинг бахтиёр ҳаётини ифодалаш туйғуси кучаяди.
Тошкент ва Бухоро ўқув юртларида таиим олаётган Зафар Диёр, Илёс Муслим, Султон Жўралар болалар учун ёзиш анъанасини бошлаб берган эдилар. Ш. Саъдулла улар билан бир сафда туриб, ижод қила бошлади. 1931 йилда Ўзбекистон Давлат нашриётининг болалар ва ёшлар адабиёти бўлимига муҳаррирликка ишга таклиф этилади.
1950-йилда Ш. Саъдулла И. Муслим билан ҳамкорликда болалар шоири С. Маршакнинг „Шеър ва эртаклар“ асарини ўзбек китобхонларига тортиқ этишди. Шунингдек, Ш. Саъдулла даниялик машҳур эртакчи Г. Х. Андерсен, рус ёзувчиси Н. А. Некрасовнинг асарларини, Л. Толстой ва Б. Житковнинг ҳикояларини, болалар шоирлари М. Квитко, А. Барто, М. Миршакар, О. Бедёров, М. Файзулина шеърлами, В. Лебедов-Кумечнинг ёшлик тароналарини, Б. Горбатовнинг „Бўйсунмаганлар“ (1953), В. Осееванинг „Васёк Трубачев ва унинг ўртоқлари“ (1954) повестларини, Корней Чуковскийнинг „Доктор Войжоним“ (1966) асарини она тилимизга таржима қилган.
АЙИҚ
Ўрмонда бўлганмисиз?
Айиқни кўрганмисиз?
Устида пўстини бор,
Писанд эмас унга қор.
Мен унинг наслиданман,
Айиқнинг аслиданман.
Отамдан қолди пўстин,
Ўша пўстин менга тўн.
Фарқим шу: мен қўғирчоқ,
Болаларга ўйинчоқ!
БУЗОҚ
Мен бузоқман, бузоқман,
Шохим чиққан — сузоқман.
Лекин юмдалаб тортманг,
У ён-бу ёнга отманг.
Ифлос ерга йўлатманг,
Ўйинчоқман, қулатманг.
Буксангиз қайриламан,
Оёқдан айриламан.
Сигир болмайман унда,
Қаймоқ бермайман кунда.
Майли, ўйнанг эрта-кеч,
Лекин озор берманг ҳеч!
ТОЙЧОҚ
Тойчоғим бор — учқур от,
Қуралай кўз —тулпор зот.
Эгар-жабдуқ ураман,
Миниб, олға сураман.
Ўзи ёғоч, ёли қил,
Овунчоғим, олға ел!
УЛОҚЧАМ
Кичкина қора — улоқ,
Ўйнар ошиб умбалоқ,
Мен билан иноқ, ўртоқ.
Кўкат берсам ямлайди,
Орқамдан ҳеч қолмайди.
Каппалайди ўт берсам,
Ўйнайди қулоч керсам,
Сузади мушт ўқталсам.
Бошчасида шохи бор,
Думчасида оқи бор.
МИТТИ
Митти деган мушугим,
Ўтакетган олғир, шум.
Митти пойлаб туради.
Сичқонвойни кўради.
Сичқон мушукни кўриб,
Қочар тешикка уриб.
Сичқон қочиб қутулар,
Мушук эса тутилар.